Ишораи саббоба


Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди.
Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига далил-ҳужжатлар борми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм «Ишораи саббоба» деб ташаҳҳуддаги «ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу» жумласининг «лаа илааҳа» деган жойида ўнг қўлнинг кўрсаткич бармоғини юқорига кўтаришга айтилади.
Кўрсаткич бармоқ араб тилида «саббоба» дейилади. Мазкур ишора ушбу бармоқ билан бажарилгани учун «ишораи саббоба» деб номланган.
Ишораи саббоба кўпчилик уламоларнинг наздида суннат ҳисобланади. Чунки, буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганлар.
Ҳанафий уламолардан кўзга кўринганлари – Ибн Ҳумом, Мулла Али Қорий каби алломалар ҳам ишораи саббобани қилиш зарурлиги тўғрисида ҳужжат-далилларни келтирганлар. Лекин баъзи бир ҳанафий олимлар: «Ишораи саббоба қилинмайди», деганлар ва буни китобларда ёзиб қолдирганлар.
Баъзи уламолар «ишораи саббоба қилинмайди» деганларни қаттиқ танқид ҳам қилишган.
Ишораи саббобанинг суннатлигига Расулуллоъ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бир неча саҳиҳ ҳадислар далил бўлади.
Жумладан, имом Муслим, имом Термизий, Абу Довуд ва Насаий қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ташаҳҳудда ишораи саббоба қилишлари очиқ-ойдин келган. Бу маънода бир қанча ҳадислар бор.
Бизнинг диёримизда ҳозирги берилган саволдаги каби икки хил муносабат ўрнашиб қолган.
Баъзи бир кишилар ишораи саббобани қилишга, баъзилар эса қилмасликка одатланишган. Ораларида тушунмовчилик, бир-бирлари билан тортишув, жанжал, кимники тўғри, кимники нотўғри эканлигини баҳс қилиш кўпайган. Мана шу савол ҳам фикримизнинг далилидир. Бу саволни деярли ҳар жамоада, ҳар сафар сўроқ-савол бўлганда берилаверади.
Биз бу масалага алоҳида ёндошиб, кишиларимизнинг далил-ҳужжат суриштириш имконлари ёки бошқа ҳолатлари чегаралангани эътиборидан, қуйидаги тавсияни қиламиз:
Кимга намоз ўқишни таълим берган устози ишораи саббобани ўргатган бўлса, ўргангандек қилсин ва ишораи саббоба қилмаётганлар билан талашиб тортишмасин, уриш-жанжал қилмасин.
Ким намозни ўрганаётган пайтида устози унга ишораи саббобани таълим бермаган бўлса, у қилмасин, аммо ўша ишорани қилаётганлар билан талашиб-тортишмасин, жанжал қилмасин.
Лекин, ҳужжат-далилга келганда, аввал айтиб ўтганимиздек, ишораи саббоба қилиш бир неча ҳадисларда келган, бошқа мазҳаб аҳлларида бу нарса машҳур. Валлоҳу аълам.

Қуйида бу масалага янада ойдинлик киритамиз...

Ишораи саббоба ҳақида ҳақиқат

Таъриф: “Ишорати саббоба” кўрсаткич бармоқ ишораси, деган маънода. Уни “ишораи саббоба”, “саббоба ишораси”, “аттаҳийётда бармоқ кўтариш” каби номлар билан ҳам аталади.
У қаъдада ўтириб ташаҳҳуд ўқиётганда, калимаи шаҳодатни айтиш асносида, ўнг қўлнинг кўрсаткич бармоғини кўтариб, Аллоҳнинг ягоналигини амал билан тасдиқлашдир.
Муқаддима:
Ишорати саббобани бизнинг юртларда кўпчилик қилмайди. Баъзилар сўнги вақтларда айрим аҳли илмларга эргашиб қила бошладилар. Орада ҳар хил ихтилофлар ҳам чиқди. Аслида, замонамиз мужаддидларидан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф салламаҳуллоҳ ушбу маънода сўралган саволга жавобларида айтганларидек бўлиши керак: “Ким намоз ўқишни ўрганаётганида устози унга ишораи саббобани ўргатган бўлса, қилсин ва ишораи саббоба қилмаётганлар билан талашиб тортишмасин, уруш-жанжал қилмасин. Ким намозни ўрганаётган пайтида устози унга ишораи саббобани ўргатмаган бўлса, қилмасин, аммо ўша ишорани қилаётганлар билан талашиб-тортишмасин, жанжал қилмасин”(1).
Шундоқ бўлса ҳам мазҳабимиз, яъни Ҳанафий дейилмиш Имоми Аъзам мазҳабларининг фиқҳий китобларида нималар ёзилганлигини билиб қўйган фойдадан холи эмас. Бунинг учун биз аввал ишорати саббоба қилиш кераклиги ҳақидаги манбалар билан танишамиз, сўнг ишора қилмаслик кераклиги ҳақидаги маълумотларни кўриб чиқамиз.
Ишорати саббоба қилиш ҳақидаги далиллар:
Ишорати саббоба тўғрисида келган ҳадиси шарифларнинг аксарияти равшан ва саҳиҳ бўлиб, машҳур ҳадис китобларида ривоят қилинган. Бу масала тўртта сунанда, “Саҳиҳи Муслим”да, Имом Байҳақийнинг сунанида, Имом Аҳмаднинг муснадида, “Муваттои Молик”да, Имом Таҳовийнинг “Шарҳи маъоний ал-асор”ида, Имом Табаронийнинг мўъжамида, Имом Абу Яъло муснадида, Имом Саъид ибн Мансур сунанида ҳамда Имом Абдурраззоқ ва Имом Ибн Абу Шайба сингари муҳаддисларнинг ҳадис асарларида тахриж қилинган. Хуллас, йигирма саккиз нафар саҳобадан ишораи саббоба қилиш ҳақидаги ҳадислар жамланган.
Ишорати саббоба тўғрисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган энг ажойиб ҳадиси шариф ушбудир: Ул зоти шариф марҳамат қилдилар: “У, яъни ишораи саббоба – шайтонга темирдан-да қаттиқроқдир!”. Буни Имом Аҳмад ҳазратлари тобиъийнларнинг улуғларидан Имом Нофиъ орқали Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган. Уқба ибн Омир разийаллоҳу анҳудан марфуъ ўлароқ ривоят қилинган ҳадисда эса намоздаги ҳар бир ишораи саббоба учун ўнтадан савоб қўшилади. Буни Имом Ҳоким ривоят қилганини Имом Суютий ўзининг “Жомиъ”сида зикр қилган. Муҳаддислардан Абдурраззоқ ва Ибн Адийлар ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳиссалом бундоқ демишлар: “Пайғамбарликнинг етмиш жузъи (бўлаги)дан бир жузъи саҳарликни кечиктириш, ифторликни эрта бошлаш ва киши намозда бармоғи билан ишора қилишидир”.
Бу хилдаги ривоятлар ишорати саббобанинг турли-туманлиги ва ҳар хил қилинганлиги билан ажралиб туради.
Ишорати саббоба қилиш ҳукми:
۩ Шуни таъкидлаш лозимки, ташаҳҳудда ишорати саббоба қилиш Шофиъий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳабларида ихтилофсиз суннатдир. Ҳанафий мазҳабида ихтилофли масалалар жумласидан ҳисобланади. Яъни, айрим фақиҳлар ишора қилишни ёқлаган бўлсалар, айримлари ишора қилмаслик тарафдори бўлганлар.
۩ Ўрта, жимжилоқ ва номсиз бармоқни букиб (ъақд ёки қабз), саббоба, яъни кўрсаткич бармоқ билан ишора қилинади. Бош бармоқнинг учи кўрсаткич бармоқнинг аслига – бошланишига теккизилади. Бу арабларда 53 деган рақамни ҳам билдирган(2). Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шу хилда ишораи саббоба қилганлар. Буни Имом Муслим ривоят қилган(3). Ушбу ривоятга асосланиб, Имом Шофиъий мазҳабида ва Имом Аҳмаднинг бир ривоятида шу хилда ишора қилинади(4).
۩ Бизнинг мазҳабда эса баъзи уламоларгина ушбу ривоятни олганлар.
۩ Имом Молик наздида эса ҳамма бармоқлар қабз қилиниб, (букилиб), кўрсаткич бармоқ билан ишора қилинади. Бу Ибн Зубайр разийаллоҳу анҳунинг ривоятида келган бўлиб, уни “йигирма уч кўрсатгичи” дейилади.
۩ Бир кишининг икки бармоқ билан ишора қилаётганини кўрган Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Аҳҳид, аҳҳид”, деганлар, яъни битта бармоғи билан ишора қилишини буюрганлар. Буни Имом Термизий, Имом Насоий ва Байҳақийлар ривоят қилган. Шунинг учун фиқҳий китобларимизда икки бармоқ билан ишора қилишни макруҳ дейилади.
۩ Шунингдек, ишораи саббоба қилишда бармоқ ҳаракатлантириб турилмайди. Бу ҳолат зикр қилинган ҳадисларнинг барчасининг исноди заиф эканлигини уламолар қайд қилишган. Жумладан, Мавлоно Алий ал-қори, ундан аввалроқ Имом ас-Суютийлар заиф дейишган. Шу билан бирга, Имом Абу Довуд ва Насоий каби муҳаддислар Ибн Зубайр разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бармоқлари билан ишора қилаётганларида бармоқларини ҳаракатлантирмасликлари алоҳида таъкидланган.
۩ Бизнинг мазҳабимизда ишорати саббобани қилиш тўғрисида Имом Муҳаммад биринчи бор ўзининг Имом Моликдан ривоят қилган “Муватто” асарида сўз юритган(5). У зот Имом Моликдан, у эса Муслим ибн Абу Марямдан, у эса Али ибн Абдурраҳмон ал-Муовийдан, у эса Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисни келтириб, бундай деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган амалларини оламиз. Бу менинг ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг қавлидир”(6). “Ҳидояи шариф”нинг мўътабар шарҳларидан бири бўлмиш “Фатҳ ул-қадийр”да ривоят қилинишича, Абу Юсуф ўзининг “ал-Амолий” асарида ишорати саббоба этилишини зикр қилган(7). Бу “Радд ул-муҳтор”да келишига қараганда, ғайри муаккада суннатдир(8). Яъни, суннатлиги таъкидланган эмас, балки мустаҳаб даражасидаги амалдир. Унинг таъкидланган суннат эмаслиги энг мўътабар фиқҳий манбаларимиздан “Муҳит”да ҳам зикр этилган экан(9).

Ҳанафийликда ишорати саббоба қилиш тартиби:
Ҳанафийларда ишора қилишнинг икки усули айтилган:
1) Бизнинг мазҳабимизда ишорати саббоба хинсир ва бинсир (жимжилоқ, яъни, энг кичик ва сўфи, яъни, тўртинчи, уни номсиз ҳам дейилади) бармоқларни букиб (ъақд), вусто ва ибҳом (ўрта ва бош) бармоқлари айлантирилиб, яъни, доира қилиниб (ҳалқа) саббоба, яъни, кўрсаткич бармоқ билан ишора қилинади. Бу асосий фатво берилган қавлга кўрадир. Бу ҳолат ҳадиси шарифларда “тўқсон сонининг кўрсаткичи” деб қайд этилган. Бу хилда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган амалларини Абдуллоҳ ибн Зубайр разийаллоҳу анҳу ривоятида Имом Муслим келтирган(10). Ҳанафийларнинг ихтиёр қилганлари мана шу. Имом Аҳмаддан бир ривоят ҳам ва Имом Шофиъийнинг қадимги қавли ҳам шунга мувофиқ бўлган.
2) Баъзи уламоларимиз ишорани мутлақо таҳлиқ (ҳалқа)сиз ва ъақдсиз, дейишган. Сабаби ишоранинг суннатлигини ҳосил қилиш ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Намозда сокин бўлинглар!” амрига амал қилиш бўлади. Имом Термизий Абу Ҳумайд ас-Соъидийдан ривоят қилган ҳадисида ишораи саббоба ъақд ва қабзсиз келтирилган(11).
Бу ривоят ҳанафийларнинг мўътабар китобларидан “Дурар ул-биҳор” ва унинг шарҳи “Ғурар ул-азкор” ҳамда “Шурунбулолиййа”да “Бурҳон” деган китобдан олиб келтирилган. “Мавоҳиб ур-Раҳмон”да ҳам шу гап бор. Аммо, буни “Радд ул-муҳтор” соҳиби рад қилган, яъни, унинг қайд этишича, таҳлиқ (ҳалқа)сиз ва ъақдсиз ишора қилиш ривоят ва мазҳаб қарашларида умуман йўқдир(12).
Мазҳаблар орасида ишора қилишнинг фарқи:
۩ Шофиъийлардан фарқи уларда қаъда аввалида – ташаҳҳуд бошланиши биланоқ то қаъда охиригача ҳалқа қилиб, ишора этиб ўтириш суннатдир.
۩ Бизнинг мазҳабимиз фақиҳлари равшанлаштиришларига қараганда, таҳлиқ (ҳалқа) ва ишорат фақатгина шаҳодат калимасини айтаётганда бўлади. Машҳури жаҳон фақиҳларимиз Абу Жаъфар ал-Ҳиндувоний ва Шамс ул-аимма ал-Ҳалвоий ҳазратлари нафий ва исботнинг камолга етиши учун шуни таъкидлаганлар. “Ла илоҳа” нафий, “иллаллоҳ” исботдир! Имом ал-Ҳиндувонийдан, асосан, ишора қилишнинг тўқсон кўрсатгичи танлангани ривоят қилинади. Яъни, жимжилоқ ва сўфи бармоқ букилиб, ўрта ва бош бармоқ ҳалқа қилинади-да, кўрсатгич бармоқ билан ишора қилинади. Имом ал-Ҳалвоий эса, ишорани “ла илоҳа”да кўтариб, “иллаллоҳ”да туширилишини таъкидлаган. Мазҳабимизда бу икки машҳур фақиҳнинг қавли ихтиёр қилинган(13).
۩ Бошқа пайт баст, яъни, қўлни-кафтни қўйиб, бармоқларни букмасдан, ҳалқа ва ишора қилмасдан тек ўтириш буюрилган. Аллома Ибн Обидийн ташаҳҳуд бошланишида тек ўтирилади-да, шаҳодат калимасининг нафий ва исбот жойига етиб келганда, ишора қилинади, сўнг кўрсаткич бармоқ туширилиб, шу ҳолатда, яъни бармоқлар букилган, кўрсаткич бармоқ туширилган ҳолатда намоз охиригача қолинади, деб зикр қилади(14).
Шу хилда мазҳабимиздагиларнинг ишорати саббоба қилишлари бошқа мазҳаб вакиллариникидан фарқланади.
Ҳанафийларнинг қайси китобларида ишорати саббоба қилиш айтиб ўтилган:
۩ Мазҳабимизнинг мўътабар фиқҳий асарларида ишорати саббобани қилиш зикр этилади. Жумладан, Абуллайс Самарқандийнинг “Навозил” асарида, шунингдек, “ал-Муҳит”, “Захира” ва “Хония” (бу фатво китобини бизда “Фатовойи Қозийхон” дейдилар) каби эътиборли фатоволарда, фиқҳий матн китобимиз “Мажмаъ ул-баҳрайн” ва “Канз уд-дақоиқ”нинг қарийб жами шарҳларида, жумладан, “Баҳр ур-роиқ”, “Наҳр ул-фоиқ”ларда, Имом Қудурийнинг мухтасарига ёзилган мўътамад шарҳлардан бири “ал-Мужтабо”, шунингдек, бошқа шарҳ ва ҳошиялардан “Дурр ул-мухтор” ва унинг ҳошияси “Радд ул-муҳтор”, “Мавоҳиб ур-раҳмон” ва унинг шарҳи “ал-Бурҳон”, “Дурар ул-биҳор” ва унинг шарҳи “Ғурар ул-азкор”, яна “Мароқий-л-фалоҳ”, “ат-Туҳфа” каби шарҳ ва матн китобларимизда, хусусан, “Ҳидоя”нинг шарҳларидан “ал-Биноя”, “ал-Кифоя”, “Фатҳ ул-қадийр”, “Шарҳи Виқоя”нинг машҳур ҳошияси “Умдат ур-риоя”да ҳамда Имом Муҳаммаднинг “Муватто”сига Абд ул-ҳайй Лакнавий ёзган “ат-Таълиқ ул-мумажжад” ҳамда Шоҳ Валийуллоҳ Деҳлавийнинг “Ҳужжатуллоҳил болиға” каби асарларда ишорати саббоба ёқланиб, унинг суннат ёки мустаҳаб эканлиги таъкидланган, уни бажаришга таржиҳ ва тарғиб қилинган.
۩ Бундан ташқари алоҳида рисолалар – Мавлоно Алий ал-Қорийнинг иккита рисоласи “Тазйин ул-иборат ли-таҳсин ал-ишорат”и ҳамда “ат-Тадйин ли-т-тазйин”и ишорати саббобага бағишланган.
“Радд ул-муҳтор” муаллифи Ибн Обидийн ҳазратларининг ҳам “Рафъ ут-тараддуд фий ъақди-л-асобиъ ъинда-т-ташаҳҳуд” рисоласи ва унга илова тарзида қўшилган мақоласи ҳам шу мавзудадир.
Шунингдек, юқорида номи тилга олинган Лакнавийнинг оталари Мавлоно Абд ул-ҳалим Лакнавийнинг “ал-Ишорату би-с-саббобати фи-т-ташаҳҳуд” каби асари ҳам бор.
Уларнинг ҳаммасида мазкур масала таҳқиқ қилинган ва ишорати саббоба қилиниши лозимлиги уқтирилган.
XIX асрда яшаган олимлардан Мавлавий Ғулом Расул Пешовар ва Панжоб уламолари томонидан қилинган фатволарга асосланиб, ишораи саббоба жоизлигини таҳлил қилган(15).
Шунингдек, Наманганлик ватандошимиз Абулмаъоний куниялик зот Собитхон тўра ибн Файзи хўжа Намангоний ҳам 1915-йилда “Башорат ун-нажот фий ишорат ас-солат” деган рисола ёзиб, Қозонда нашр эттирган. Унда ҳам ишорати саббоба қилишнинг суннатлиги қайта-қайта таъкидланган.
Баъзи муҳтарам домлаларимизнинг айтишларига қараганда, Собитхон тўра Намангоний мазкур “Башорат ун-нажот”ни нашр қилдиргандан сўнг унга ватандош ва замондош уламолар томонидан кўплаб раддиялар бўлган экан. Жумладан, Домла Икромча номи билан шуҳрат қозонган Бухоро муфтийси Муҳаммад Икром ал-Бухорий ҳам унга раддия сифатида рисола битган экан. Ушбу хабарнинг аниқ далили бўлмаганидан кейин унга қўшилиш қийин. Чунки, Садриддин Айний ўзининг эсдаликларида Домла Икромча ҳақида ёзиб, уни Бухоро уламоларининг кўпчилиги ёқтирмаслиги, бунинг бир сабаби сифатида у зот намозда ишораи саббоба қилишини кўрсатган(16).
۩ Юқорида зикр этилган ишорати саббоба ҳақидаги алоҳида рисолаларда унинг суннатлиги саҳиҳ ҳадиси шарифлар билан исботланган ва бу ҳадиси шарифлар қарийб мутавотир даражасига етиб қолгани ҳам уқтирилади.
۩ Юқоридаги ҳадиси шарифларда келган ривоятлар, мазҳабимизнинг мўътабар китобларидаги улуғ фақиҳларнинг фатво ҳамда қарашларига асосланиб, Ибн ал-Ҳумом ҳазратлари ишорати саббоба қилмаслик ҳақидаги баъзи машойихларимизнинг қарашларини дироят (ақл) ва ривоят (нақл)га хилофдир, деб хулоса қилади(17).
Хоразмлик таниқли фақиҳлардан бири, “Қуниййа” китобининг соҳиби Нажмиддин аз-Зоҳидий бундай хулосага келган: “Нима бўлганда ҳам, ишораи саббоба тўғрисида саҳиҳ ҳадиси шарифлар ворид бўлганлиги ҳамда мазҳабимизнинг улуғ имомлари ишораи саббоба қилганликлари ва қилиш кераклиги ҳақидаги нақллари борлиги сабабидан ишораи саббобани қилиш авлодир”(18).
“Дурр ул-мухтор” соҳиби эса ишораи саббобани тазарруъ дуосидир, деб улуғлаган(19).
Шамс ул-аимма ас-Сарахсий ўзининг дунёга машҳур асари “Шарҳ ал-Мабсут”ида дуо қилиш тўрт хил бўлади, дейди: “Дуои рағбат, дуои раҳбат, дуои тазарруъ ва дуои хуфия. Рағбат дуосида қўл кафтлари осмонга қаратилган бўлади. Раҳбат (ҳадик, қўрқув) дуосида кафтлар орқаси юзга қаратилади, худди бир нарсадан мадад сўраётгандек. Тазарруъ дуосида эса жимжилоқ ва номсиз бармоқ букилиб, бош ва ўрта бармоқ ҳалқа қилинади ва кўрсаткич бармоқ билан ишора қилинади. Хуфия (махфий) дуосида эса инсон ўзига ўзича (ҳеч кимга билдирмасдан, қўлларни кўтармасдан ичидан) дуо қилади(20).
۩ Фиқҳ борасида барча мазҳабларда ҳажм жиҳатидан энг катта деб тан олинган “Муҳити Бурҳоний” асарида ишораи саббоба қилиш ҳақида машойихлар икки фикр билдирганлари айтилган: Айрим уламолар намоз сукунат ва виқорга бино қилингани боис ишораи саббоба қилмасликни ёқлаганлар, бошқалар фикрига кўра, Имом Муҳаммад аш-Шайбонийнинг зоҳири ривоятда келмаган гапларига эргашиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амаллари ва Абу Ҳанифа қавлига тобиъ бўлиш ҳақидаги қавл зикр этилади. “Муҳит”да ишораи саббоба бажариш ҳолати ҳам кўрсатиб ўтилган.
Шуни таъкидлаш лозимки, “Кифоя” соҳиби зикр этишига қараганда, “Муҳит”да ишораи саббобани қилиш суннат, дейилган экан. “Муҳити Бурҳоний”да бу фикр сароҳатан учрамади. Аслида, ҳанафийларнинг фиқҳга оид тўртта “Муҳит”лари борлиги маълум. “Кифоя” соҳиби бошқа “Муҳит”ни кўзда тутган бўлиши мумкин(21).
Ишорати саббоба қилмаслик ҳақида ҳанафий олимларининг манбалари:
Шуни билмоқ керакки, баъзи машойихларимиз, хусусан, бизнинг Мовароуннаҳрдан чиққан фақиҳлар ўз асарларида ишорати саббоба қилмасликни тарғиб ҳам қилганлар:
1) Улардан энг биринчилардан бири Шамс ул-аимма ас-Сарахсийнинг шогирди, кейинчалик Бухорои шарифда Шайх ул-ислом ва қозий ул-қуззот (қозилар қозиси) бўлган зот Абулҳасан ас-Сўғдийдир. У ўзининг “ан-Нутаф фи-л-фатово” асарида “Намозда наҳий қилинган амаллар” фаслида ўн бешинчи ўринда бундай дейди: “Таҳрик ул-асобиъ фи-т-ташаҳҳуди камо йаснаъуҳу аҳлу-л-ҳадис”, яъни, намоздаги ўн бешинчи манҳий амал ташаҳҳудда аҳли ҳадислар қилганларидек бармоқларни қимирлатишдир(22).
2) Ундан сўнг машҳур “Ҳидоя” китобининг соҳиби Аллома, Фақиҳ Бурҳониддин ал-Марғилоний ўзининг “ат-Тажнис вал-мазид” асарларида ишораи саббоба қилмаслик ҳақида: “Намозда “Ашҳаду ан-лаа илааҳа иллаллоҳ” сўзини айтиш пайтида кўрсаткич бармоғи билан ишора қилмайди. Фатво шунгадир! Чунки, намоз сакинат ва виқорга бино бўлгандир” деб ёзиб қолдирган(23).
3) Бизнинг юртларда “Бадъ ул-амолий” номли каломга оид қасидаси ўқитиладиган зот Сирожиддин ал-Ўший ўзининг “Сирожиййа” номли мўътабар фатовосида ҳатто: “Намозда “Ашҳаду ан-лаа илааҳа иллаллоҳ” сўзини айтиш пайтида кўрсаткич бармоғи билан ишора қилиш макруҳ бўлади. Бу мухтор қавлдир!”, деб қайд этади(24).
5) Бухоролик машҳур фақиҳ, ўзининг мўътамад фатово саналадиган китоби “Хулосат ул-фатово” асарида: “Мухтор қавл (ихтиёр қилинган фикр) шулки, ишора қилинмайди”, деб фатво беради(25).  
۩ Шунингдек, машҳур фатоволар “Заҳириййа”, “ал-Валволижиййа”, “Ғиёсиййа”, “Баззозиййа”, “Таторхониййа”, “Зоҳидиййа”, “Фатовойи Тумуртошиййа”, “Оламгириййа”, “Умдат ул-муфтий”, “Фатовойи Қоъидиййа” ҳамда “Фатвойи ал-Кубро”да, машҳур “Ҳидояи шариф”нинг шарҳи “Иноя”да, “Мухтасари Қудурий”нинг бизнинг юртларда машҳур бўлган шарҳларидан бири “Жомиъ ул-музмарот”да, Миср диёрининг муфтийси Абдулқодир ар-Рофиъий ал-Ҳанафийнинг “ат-Таҳрир ал-мухтор”ида, машҳури жаҳон бўлмиш “Мухтасари Виқоя”нинг шарҳларидан “Шарҳи Абул Макорим” ҳамда “Жомиъ ур-румуз”ларда, фиқҳий матн китоблардан “Канз уд-дақоиқ” ва “Муниййат ул-муфтий” каби мазҳабимиз фиқҳида эътибор топган асарларнинг баъзи шарҳларида ишорати саббобанинг суннат эмаслиги, балки, айримларида бу макруҳ эканлиги зикр этилган.
۩ Юртимиздан чиққан олимлардан Фозил Лутфуллоҳ Кайдоний ан-Насафий эса ўзининг “Хулосат ул-Кайдоний” ёки “Фиқҳи Кайдоний” деб юритиладиган рисоласида ҳатто ишорати саббоба қилишни ҳаром (муҳаррам) бобига киритиб(26), ўзининг кескин фикри билан мазҳабимизда кўп баҳсларга сабаб бўлди. Унинг бу фикрига қарши қаттиқ раддиялар ҳам ёзилган. Аммо, буюк мутасаввиф олим Имом Раббоний ҳазратлари ҳам бир мактубларида ушбу масалага тўхталиб, Кайдонийнинг фикрини ёқлаб чиққанлар(27).
Имом Раббонийнинг ишорати саббоба қилишга қарши билдирган фикри:
Имом Раббоний мазкур мактубда ушбу масъалага оид ўз фикрлари батафсил билдирган ва унда Кайдонийнинг фикри тўғри, деб топилган. Иккинчи минг йилликнинг мужаддиди сифатида улуғланган зот Имом Раббоний Аҳмад ас-Сарҳиндий мазкур мактубида ёзадилар:
“Ҳар қачон мўътабар ривоятларда ишоратнинг ҳаромлиги келтирилган бўлса, ишоратнинг макруҳлигига фатво берилган бўлса, ишорат ва ақд (бармоқни букиш)дан қайтарсалар, шуни ҳанафийларнинг зоҳири усули десалар, биз муқаллидларга ҳадислар тақозоси билангина амал қилиб, ишоратга журъат қилишимиз жоиз кўрилмайди. Бу билан қанча-қанча мужтаҳид уламоларнинг фатоволаридаги муҳаррам, макруҳ ва манҳий ишни қилган бўламиз. Ишоратга журъат қилиб, уни адо қилишда Ҳанафий фақиҳларини икки ишда айблашга тўғри келади: “Мужтаҳид уламоларга ишоратнинг жоизлиги билан танилган ҳадислар илми етиб келмаган ёки бу ҳадисларни биладилар-у, лекин бу бузрук зотлар мазкур ҳадисларга амал қилмасдан, ўзларининг раъйлари тақозосига кўра, ҳадисларнинг ҳукмига хилоф равишда ҳаром ва макруҳ деган, деб ҳукм юритадилар”. Бу икки фикр ҳам фосид-бузуқдир. Уларни бундай фикрлар билан аҳмоқ ёки саркаш кимсагина айблаши мумкин, холос”.
Юқорида иқтибос олинган матн борасида шуни айтишимиз керакки, Имом Раббоний бу ва кейинги ўринда мужтаҳид деганда Имоми Аъзам ва унинг икки шогирдидан бошқа, мазҳабимизда мужтаҳиди мунтасаб сифатида тан олинган уламоларни назарда тутган бўлса керак. Зотан, бу уч нафар мужтаҳидларнинг ишораи саббобани қилганликлари ривоят қилинган.
Имом Раббоний ишорати саббобага далил сифатида ҳадис келтириб, шу билан ишоратни ёқламайдиган Ҳанафий фақиҳларини айблайдиганларга қарата бундай дейди: “Агар бир кимса: “Бизнинг уларга қарши далилларимиз бор” деса, айтамизки, муқаллиднинг илми ҳалолу ҳаромни исботлашда эътибори йўқдир. Бу бобда мужтаҳиднинг гумони ҳам мўътабардир. Мужтаҳидларнинг далилларини ўргимчак ини каби кучсиз дейиш учун қанчалар журъат лозим! Бу ўз илмини ушбу улуғлар илмидан устун қўйиш, Ҳанафий уламоларининг зоҳири усулларини ботилга чиқариш, фатво берилган мўътабар ривоятларни вайрон қилиш, кам учрайдиган, нотўғри фикр дейишдир! Ҳадиси шарифларни бу улуғларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларига яқинликлари сабабли, илмларининг мукаммаллиги, вараъ ва тақволарининг улуғлиги билан биз узоқ тушганлардан кўра яхшироқ билганлар. Саҳиҳу заиф, насху мансухни улар биздан кўра ортиқроқ таниганлар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша бобдаги (ишорат ҳақидаги) ҳадиси шарифларини бирор бир важҳ билан тарк қилган бўлсалар керак...”(28).     
Мактуб охирида Имом Раббоний ўз ўғли Муҳаммад Саъиднинг ишорати саббоба қилмаслик ҳақида бир рисола ёзганлигини айтиб ўтган.
Ишорати саббоба қилмаслик керак дейилишининг сабаби:
۩ Юқорида номлари зикр этилган аксар фатово китобларида намозда ишорати саббоба қилинмайди, деб: “Алайҳи-л-фатво!”, “Ҳува-л-мухтор!” сингари фатво мўъламалари билан ўз ҳукмларини тасдиқлашган. Уларнинг бундай журъатларига сабаб ишорати саббоба масъаласи борасида мазҳабимиздаги зоҳири ривоят деб аталадиган жуда мўътабар китобларда ҳеч нима айтилмагани сабаб бўлган(29).
Зоҳири ривоя китоблари сифатида Имом Муҳаммаднинг 6 та китоби – “Мабсут”, “Жомиъ ул-кабир”, “Жомиъ ус-сағир”, Сийар ул-кабир”, “Сийар ус-сағир” ҳамда “Зиёдот” асарлари тасдиқланган. Ҳоким аш-шаҳиднинг “Кофий” асари ана шу олтита тўплам асосида барпо этилган кейинги манба сифатида мўътабардир.
۩ Ишораи саббоба жоизлиги ҳақидаги келтирилган ривоятлар усули мазҳаб, зоҳири мазҳаб  ривоятлари эмас, наводир ривоятлари ҳисобланади. Зеро, зоҳири ривоя, зоҳири усулда келмаган масъала борасида кейинги давр уламолари фикр билдиришлари жоиз кўрилади. Шунинг учун кейинги фатово асарларда ишора қилмасликка фатволар берилган.
Мазҳабимизда келтирилган фиқҳий қарашлар, фиқҳий масъалаларнинг зикр этилган китобларига нисбатан ўз даражалари бор. Уни “Табақот ал-масойил” ҳам деб аталади. Энг мўътабар, энг асосли масъалалар Зоҳири ривоят, Зоҳири мазҳаб, Масойили усул деб аталган бўлиб, улар Имом Муҳаммаднинг машҳур олтита асари ҳамда улар асосида тартиб берилган Ҳоким аш-Шаҳиднинг “ал-Кофий” китобидир. Имом Муҳаммаднинг бундан бошқа асарлари, шунингдек, Имом Аъзамнинг бошқа шогирдлари тартиб берган асарлар, Имом Муҳаммаднинг шогирдлари устозлари ривоятларига асосланиб таълиф қилган асарлари иккинчи табақага мансуб асарлар бўлиб, аксар вақтда “Наводир” деб ҳам аталади. Кейинги учинчи табақага мансуб асарлар сифатида Имом Муҳаммаднинг шогирдларидан кейинги фақиҳлар, бир сўз билан айтганда мутааххирийн уламоларимиз таълиф қилган фатоволар ҳамда “Воқеот” деб номланадиган асарлар кўрсатилган. Айнан мана шу кейинги зикр этилган “Воқеот”ларнинг аксариятида ишораи саббоба қилинмаслиги айтилган.
۩ Мазҳабимиздаги мазкур масъала борасидаги ана шундай ихтилофлар сабабли “Ҳидояи шариф”дан тортиб, жами матн китобларида қаъдада ўтирилганда бармоқлар мутлақ мабсута (ёйилган, тўшалган, букилмасдан) ҳолда бўлиши қайд этилган.
Ишорати саббоба қилмасликнинг олтита асоси:
Уламоларнинг ишорати саббоба қилмаслик керак, деган фатволарига асосан олтита сабабни кўрсатиш мумкин:
1) Энг аввало, ҳар ҳолда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қодир бўлгунча аъзоларинг қиблага юзлансин!” деган амрлари сабаб бўлган. Бу ҳадиси шариф “Ҳидоя”да келтирилган. “Ҳидоя”да оёқ учлари саждада қиблага юзламоғи кераклиги борасидаги масалага далил сифатида ушбу муборак сўзлар Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислари сифатида келтирилади: “Қачон мўъмин банда сажда қилса, ҳар бир аъзоси билан сажда қилур. Бас, қодир бўлгунча унинг аъзолари қиблага юзлансин!”(30). Зотан, ишораи саббоба қилинганда, бармоқлар букилиб, қибладан бошқа тарафга юзланиб қолади. Мазҳабимизнинг улуғ имомларидан бири, юртдошимиз Абу Бакр ал-Косоний ўзининг машҳури жаҳон бўлган “Бадойиъ ус-санойиъ” асарида ҳам ишораи саббоба қилинмаслигига қўл (бармоқлар) суннат ҳолати (яъни, қиблага юзланиб туриш)ни тарк қилишини сабаб қилиб кўрсатади(31).   
2) Ишорати саббобанинг қилинмаслигига сабаб қилиб яна намоз сукунат ва виқорга бино қилинганлиги, намозда ушбу ҳаракатни қилмаган авлолиги кўрсатилган. Зотан, бармоқларни ҳар тарафга ҳаракат қилдиравериш, ишораи саббобани суннатга мувофиқ қиламан деб овора бўлиб қолиш ҳузури қалбни кетказади ва ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам хаёлини чалғитади.
3) Ишорати саббоба қилиш кераклиги ҳақидаги ҳадиси шарифлар мансух бўлган:
а) Бухоролик мударрислардан бири Мулло Холмурод Мударрис ўзининг “Урват ул-вусқо” асарида ёзишича, Имом Кархийнинг “Мен бутун носих ва мансух ҳадисларни кўриб чиқдим, ишорати саббоба ҳақидаги ҳадисларни мансух (ҳукми бекор қилинган) ҳадислар қаторидан топдим!”, деган сўзларини далил қилиб, мансухга амал қилиш ҳаром эканлигини билдирган. Асарда ушбу масъала “Ишораи саббобанинг мансух бўлганлигига таъаллуқли масъалалар” сарлавҳаси остида берилган. Асарда кейинроқ “Мактуботи шариф”, “Туҳфат ул-ахёр” ва “Сирож ул-ҳидоят”даги ишораи саббоба қилмаслик ҳақидаги тақриротлар ҳам келтирилган(32). Уларда бундай дейилган: Имом Кархийнинг сўзларига қараганда, ишорати саббоба тўғрисидаги ҳадиси шарифлар ибтидои исломда рўй берган, хусусан, Имом Шофиъий далил сифатида келтирган ҳадислари мансух бўлган.
۩ Энг ажабланарлиси шундаки, Собитхон тўра Намангоний ишораи саббоба қилиш ҳақидаги рисоласида машҳур аллома Саййид Шариф Журжоний “Фиқҳи Кайдоний”га шарҳ ёзганини ва унда ишораи саббоба қилиш ҳақидаги далилни Имом Хоҳарзода билан Имом Кархий айтганларини келтирганини иқтибос олади(33).
б) Ишорати саббобанинг мансух бўлганлигига яна бир далил шу эканки, хулафои рошидийн разийаллоҳу анҳумдан ишораи саббоба тўғрисида, уларнинг қилганлиги ҳақида ҳеч нарса собит бўлмаган. Демак, ул зотлар ишораи саббобанинг мансух қилинганлигини билар эканлар.
в) Энг қизиғи, ишораи саббобани мансух бўлган деганларнинг “Урват ул-вусқо”даги кўрсатмаларига қараганда, Пайғамбар алайҳиссаломдан мана бу ҳадиси шариф ворид бўлган: “Ман ашора би-с-саббобати ъинда-т-талаффузи би-ш-шаҳодатайн, фа-ҳува мин ал-хотиъийн”, яъни: “Кимки икки шаҳодат калимасини талаффуз қилаётганда ишораи саббоба қилса, бас, у хатокорлардандир”.
Ҳадиси шариф деб келтирилган мазкур ҳукмни биз эътиборли ва машҳур ҳадис китобларидан топа олмадик.
г) Ишораи саббоба қилиш мансухлиги тўғрисида бошқа бир манба ҳам топилди. Унга кўра, Абу Шўъба (?) деган муҳаддис зот Икрима разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган: “Биз исломнинг бошланишида ишораи саббоба қилар эдик. Кейинчалик Пайғамбар алайҳиссалом ишора қилаётганимизни кўриб қолдилар-да: “Аллоҳ таоло исломни Умар разийаллоҳу анҳунинг иймони билан олий қилди. Бундан кейин бу амални қилмай қўя қолинглар” дегандилар. Чунки, бизнинг ишораларимиз зуҳури ислом вақтида унинг олийлигини таъкидлаш учун бўларди”(34).
۩ Бу манбада келтирилган Абу Шўъбанинг кимлигини, афсуски, била олмадик. Аввалига Ибн Абу Шайба номининг хаттот томонидан нотўғри ёзилганимикин, деб ҳам ўйладик. Муҳаддис Ибн Абу Шайба ўзининг машҳур “Мусаннаф” асарида “Намозда бармоқ билан дуо қилиш” бобида 8426-8446 рақамларида ишораи саббоба қилиш ҳақидаги ҳадисларни келтирган. Ҳатто (8436-ҳадисда) Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг устозларидан Иброҳим ан-Нахаъий ишораи саббобани тавҳид, деб атаганлари келтирилади.  
4) Таниқли муҳаддис Абд ул-ҳаққ Деҳлавий ўзининг “Мишкот ул-масобиҳ”га ёзган шарҳи “Ашъат ул-ламаъот” асарида кўрсатганидек, ишорати саббоба тўғрисидаги ҳадислар турли-туман, бир-бирига ихтилофли бўлганлигидан, энг асосийси, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам баъзида ишора қилмаганлиги ҳақидаги саҳиҳ ривоятнинг борлиги сабабли, яхшиси, ихтилофлардан ўзни четга олиш учун ишорати саббобани тарк қилган яхшироқ, ҳам деган уламолар бўлган(35).
۩ Демак, ишораи саббобани баъзида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қилмаган эканлар. Буни “Ҳидояи шариф”да Воил разийаллоҳу анҳунинг ҳадисида ривоят қилинган, дейилган(36). Демакки, ишора қилмаслик ҳам суннат билан собит бўлган.
5) Намоз қаъдасида ишоранинг қилинмаслигига қиёсий далиллардан бири бизнинг юртларда кўпроқ маъмул бўлган, маҳаллий аҳамиятга эга бўлган “Солати Масъудий” ҳамда “Тарғиб ус-солат” каби форсий асарларда келтирилади. Яъни, ишорати саббобани қилиш мутақаддимийн уламолар даврида суннат эди, кейинчалик ишорати саббобага рофизий (шиа)лар ғулув қилиб, жуда ҳаддан ошиқ берилганлари, чегарадан чиқиб кетганлари учун мутааххирийн уламолар уларга ўхшаб қолмаслик ҳамда, энг асосийси, улар каби таънага қолмаслик учун ишоранинг таркини авло дейишган:
“Ишора қилиш мутақаддимийн уламолар суннатидир. Уни мутааххирийнлар наҳий қилдилар ва (бу) мансух бўлди. Сабаби, бу қавлни рофизийлар ҳам олдилар. Аввал бошдан ўнг қўл бармоғини кўтариш суннат эди. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қилган эдилар. Кейинчалик Рофизийлар унга ғулув қила бошладилар. Суннийлар уларга тескари амал қилиш учун чап қўл бармоғини кўтардилар. Кейин (бу ўнғайсиз бўлгани учун) уни ҳам тарк қилдилар, токи туҳматдан сақланиш учун. Масалан, шофиъийлар қабрларнинг устини тўртбурчак қилар эдилар, рофизийлар ҳам шундай қилишга берилиб кетганлари боис шофиъийлар бизнинг юртлардагидек қила бошладилар. Шунга ўхшаш, таомланишда дастурхон тўшаб ўтириш Пайғамбар алайҳиссаломдан қолган суннат эди. Рофизийлар (шуни ниҳоятда қаттиқ тарғиб қилиб), унга ғулув қилганлари учун суннийлар курси ва хонтахталарда ўтиришга ўтдилар. Ташаҳҳудда бармоқ билан ишора қилиш ҳам шунга ўхшайди”(37).
Ушбу фикр “Солати Масъудий”дан олиниб, “Тарғиб ус-солат”да ҳам қайтарилади.
۩ Мана шу охирги далил кўпроқ халқ орасида машҳур бўлганидан бизнинг юртларда яқин-яқингача, балки ҳозир ҳам ишорати саббоба қилувчиларни Ҳанафий мазҳабидан ташқари чиққан одам сифатида кўрилади ва, айниқса, ваҳҳобийлар қилади, деган тушунча ҳам йўқ эмас. Шу боисдан ҳам яқин давримизда ишорати саббобани қилганларни ваҳҳобий ёки бошқа фирқа ва мазҳаб вакилига нисбат берадиган содда намозхонларни тушуниш ҳам мумкин.
6) Ҳанафий мазҳабининг усулий қоидаларига кўра ҳам ишорати саббоба қилинмаслигига далил бор. Гап шундаки, Пайғамбаримиз соллалллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу ҳадисларини: “Қачонки сув икки қулла миқдорига етса, ҳадасни ўзига кўтармайди, яъни нажас бўлмайди”ни олиб, Имом Шофиъий ҳазратлари сув икки қулла, яъни Ироқ ратлига кўра 500 ёки 600 ратлга етса (бир ратлни 450 гр. деб олсак, шунда 500 ратл 225000 гр. бўлар экан), сувга нажас тушгани билан унинг таркиби ва ранги ўзгармаса сув нажас бўлиб қолмайди, дейдилар. Мазкур ҳадиси шариф тўртта сунан (Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можжалар)да Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Ибн Хузайма ва Ҳокимлар ҳам ўз саҳиҳларида ривоят қилганлар. 
Аммо, бу ҳадисни Имом Аъзам тарк қилганлар. Сабаби, “қулла” сўзи муштарак исмдир. Яъни, у кўза, хумча маъносида; сув сақланадиган меш маъносида ва тоғнинг чўққиси маъноларида келади. Бинобарин, бундай муштарак сўзлардан ҳукм олиш қийинлашади. Чунки, қайси маънодагисини эътиборга олиш кераклиги аниқ эмас. Шунинг учун ушбу ҳадиси шарифни тарк қилинади-да, аниқ лафзлар билан келган ҳадиси шарифлар олинади. Ишораи саббоба ҳақидаги ҳадиси шарифлар ҳам бир-бирига мухталиф, ҳар-хил ҳолатларда келган. Уларни бир-бирига мувофиқлаштириш ҳам қийин. Шунинг учун уни тарк қилган афзалдир.
Ишорати саббоба қилмаслик керак, деб фатво берган муфтийлар:
۩ Хулласи калом, бир пайтлар бизнинг юртлардан – қадим Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан муфтий зотлардан роппа-роса ўн уч (13) нафари ишорати саббоба қилмаслик ҳақидаги фатвога муҳр босадилар! Бу фатво, муҳрлари билан бирга “Урват ул-вусқо” номли китобда кўрсатилган(38).
Хонликлар даврида муфтий бўлган ушбу зотлар  XIX аср охири XX аср бошларида яшаб ўтишган. Уларнинг номларини бу ерда келтиришни жоиз деб билдик. 1)Ходим ул-фуқаро, Қозий ул-қуззот мулла мир Бадруддин ибн Қозий ул-қуззот мулла мир Садруддин. 2)Мулла Абдулҳамид хўжа садри раис ибн мулла Абдулазиз хўжа ўроқ. 3)Мулла Абулфазл садри аълами Бухоро ибн мулла мир Абдулваҳҳоб. 4)Охунд мулла Сирожуддин садр ибн қози мулла мир Зиёуддин. 5)Мулла Муҳаммад Бурҳониддин муфтий судур ибн мулла Муҳаммад Олим. 6)Мулла Сирожуддин мударрис муфтий ибн мулла Муҳаммадшоҳ. 7)Мулла Абдулмўъмин мударрис муфтий ибн мулла Абдулкарим. 8)Мулла мир Аҳмад мударрис муфтий ибн охунд мулла Абдулҳаким садр. 9)Мулла Боймуҳаммад муфтий мударрис ибн мулла Муҳаммад Назар. 10)Қори мулла Йўлдош мударрис муфтий ибн мулла Муҳаммад Азим. 11)Мулла мир Ҳомид мударрис муфтий ибн мулла Болта. 12)Мулла Муҳаммад Сиддиқ хўжа мударрис муфтий ибн мулла Абулҳасан хўжа мударрис. 13)Ҳожи мулла Иноятуллоҳ мударрис муфтий ибн қози Мирзо Кароматуллоҳ.
Ишорати саббоба қилинишига қилинган таржеҳ:
Аммо, шуни таъкидлаш лозимки, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан: “Изо саҳҳа-л-ҳадису фа-ҳува мазҳабий”, яъни, “Қачон ҳадис саҳиҳ бўлса, ана ўша менинг мазҳабимдир!” деган гап борлиги барчага маълум ва машҳур. Бинобарин, агар мазҳабимизнинг асл-усул китобларида ишораи саббоба келмаган тақдирда ҳам, Имоми Аъзамнинг мазкур гапларига кўниб, ишораи саббоба қилиш борасида саҳиҳ ҳадиси шарифлар кўплаб топилгани боис, унга амал қилган авлолигича қолаверади.
Ишорати саббоба қилинмаслигига қилинган таржеҳ:
۩ Агар “Ишораи саббоба қилиш ҳақида Ҳанафий мазҳабининг мўътабар китобларида ҳам айтилган ва шунга фатво берилган-ку, унга амал қилсак бўлмайдими?”, дейилса, бундай жавоб берилади:
Агар мазҳаб ривоятларида жоизлик ёки ножоизлик, ҳалол ва ҳаром таоруз қилиб (бир-бирига зид бўлиб) қолса, ножоизлик тарафга, ҳаромлик жонибига таржиҳ қилинади, яъни, ножоизликка фатво берилади ва шунга амал қилинади.
Бу мазҳаб китобларида алоҳида зикр этилган. Жумладан, “Ҳидоя”нинг шориҳларидан Ибн Ҳумом  “Фатҳ ул-қадийр” асарида “рафъи йадайн” баҳсида шундай деб таъкидлаган(39).
Имом Раббоний ишораи саббоба ҳақида сўз юритилган ўз мактубида Ибн Ҳумомнинг рукуъда қўл кўтариш ва қўл кўтармаслик ҳақидаги ҳадислар бир-бирига мутаориз ва зид, шунинг учун адами рафъ, яъни қўл кўтармаслик ҳақидаги ҳадислар олинади, деб туриб, нима учун ишорати саббоба борасида ишора қилиниши ҳақидаги ҳадисларни олганлигига ажабланади ва ҳайратга тушади(40).
Бизнинг фикримизча, аслида, ишораи саббоба қилишга тарғиб қилинган ҳадиси шарифлар бор, ундан қайтарилган саҳиҳ ва равшан ҳадиси шарифлар учрамайди. Бинобарин, Ибн Ҳумом уларни бир-бирига муориз бўла олмайди, деб билган ва ишора қилиш кераклигига таржиҳ қилган бўлса керак.
۩ Шунингдек, ишораи саббоба қилишни, асосан, шарҳлар кўпроқ таъкидлаган. Фиқҳий матн китобларнинг ҳаммасида эса бармоқ ҳолатларини мабсут, мабсута, яъни букилмасдан ёйилган ҳолатда бўлади, дейилган.
Бу ерда фиқҳий матн китоблари деганда, жами матн китоблари эмас, балки ҳозиқ имомлар, илму зуҳдда, фиқҳу ривоятда таниқли улуғ фақиҳларимиз таълиф қилган мухтасар матн китоблари назарда тутилади. Абу Жаъфар ат-Таҳовий, Абулҳасан ал-Кархий, Ҳоким аш-шаҳид ва ал-Қудурий сингари зотларнинг асарлари эътиборлидир. Кейинги давр уламолари эса 5 та матн китобини мўътабар санаганлар. Улар Бурҳон уш-шариъа Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Маҳбубий (ваф. 747ҳ.)нинг «Виқоя»си,  Абул Баракот Ҳофизуддин Абдуллоҳ ибн Аҳмад ан-Насафий (ваф. 710ҳ.)нинг «Канз уд-дақойиқ»и,  Абул Фазл Маждуддин Абдуллоҳ ибн Маҳмуд ал-Мавсилий (ваф. 683ҳ.)нинг «Мухтор»и,  Музаффар уд-дин Аҳмад ибн Али Бағдодий (ваф. 694ҳ.) нинг «Мажмаъ ул-баҳрайн»и ва Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Қудурий (ваф. 428ҳ.)нинг «Мухтасар» асаридир. Қадр, эътибор ва машҳурлик жиҳатидан «Виқоя», «Канз уд-дақойиқ» ва «Мухтасар ул-Қудурий» 3 та матн китоби сифатида эътироф этилади.
Демак, фиқҳий истилоҳ қоидамиз борки, шарҳ ва матн китоблари бир-бирига қарши бўлиб қолсалар, матндаги қавлга амал қилинади(41).
۩ Шунинг учун неча асрлардан бери Мовароуннаҳр, яъни бизнинг юртларда яшаган уламоларнинг аксари ишорати саббоба қилмасликни авло, деб топишган. Уларга эргашган, уларни ҳурмат қилган намозхонлар эса, масъулиятни уларга ҳавола қилишиб, ишорати саббоба қилмай қўя қолишган.
Хулоса:
Умуман олганда, устозидан ишорати саббобани қилишни ўрганганлар ёки уни суннат деб эътиқод қиладиган аҳли илмлар уни қилишлари, юртимиз уламоларига эргашиб, қилмайдиганлар эса ишорати саббоба қилмай юришлари мумкин ва жоиз, албатта. Аммо фитнага сабаб бўлмаслик, бу борада, яъни, ишорати саббоба қилиш ёки қилмаслик тўғрисида ҳам ҳадислар келганлигини эътиборга олиб, бир-бировни айбламаслик, жанжал ва мунозараларга яқин йўламаслик лозим ва лобуддир!
Валлоҳу аъламу би-с-савоб!
ҲАМИДУЛЛОҲ Беруний
------------------
(1)    Бу ҳақида тўла маълумот олиш учун қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Зикр аҳлидан сўранг”. 26-сон. –Тошкент, Ислом университети нашриёти, 2007. 27-28 бетлар.
(2)    Арабларда кафт ва бармоқлар ёрдамида сонларни билдириш одати бўлган. Йигирма уч, эллик уч ва тўқсон каби сон кўрсатгичлари ишораи саббоба амалиётида қўлланилган.
(3)    Валийуддин Табризий. “Мишкот ул-масобиҳ”. –Қозон, 1898. 148-бет.
(4)    Шуни таъкидлаб кетиш лозимки, бизнинг мазҳабимизда ҳам шу фикрга қўшилганлар бўлган. –Қаранг: Жалолиддин Гурланий. “Кифоя”, 1-жилди. –Қозон, 1905. 69-бет.
(5)    Имом Муҳаммаднинг ушбу асари баъзи манбаларда “Китоб ал-Машихат” ҳам деб аталган.
(6)    Ушбу ривоят китобнинг “Намозда тошчаларни ўйнаш ва уни (саждагоҳни) тўғрилашда макруҳ бўлган нарсалар” бобида келтирилган. –Қаранг: Имом Муҳаммад аш-Шайбоний. “ал-Муватто”. –Қозон: И.Н.Харитонов матбааси, 1909. 72-бет.
(7)    Камолиддин ибн ал-Ҳумом. “Фатҳ ул-қадийр”. 1-жилди. –Байрут: Дори содр, (йили кўрсатилмаган). 221-бет.
(8)    Ибн Обидийн. “Радд ул-муҳтор”. 2-жилди. –Байрут-Лубнон: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 2003. 218-бет.
(9)    Собитхон тўра ибн Файзи хўжа Намангоний. Башорат ун-нажот фий ишорат ас-солат. –Қозон, 1915. 25-бет.
(10)    Валийуддин Табризий. “Мишкот ул-масобиҳ”. –Қозон, 1898. 149-бет.
(11)    Собитхон тўра ибн Файзи хўжа Намангоний. Башорат ун-нажот фий ишорат ас-солат. –Қозон, 1915. 17-18 бетлар.
(12)    Ибн Обидийн. “Радд ул-муҳтор”. 2-жилди. –Байрут-Лубнон: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 2003. 217-218 бетлар.
(13)    Жалолиддин Гурланий. “Кифоя шарҳ ал-Ҳидоя”. 1-жилди. –Қозон: И.Н.Харитонов матбааси, 1905. 69-бет. Яна қаранг: Ибн Обидийн. Рафъ ут-тараддуд фий ъақд ал-асобиъ инда-т-ташаҳҳуд // Расойили Ибн Обидийн. 1-жилд. 5-рисола. –Истанбул, 1320. 122-124-бетлар.
(14)    Ибн Обидийн. Рафъ ут-тараддуд фий ъақд ал-асобиъ инда-т-ташаҳҳуд // Расойили Ибн Обидийн. 1-жилд. 5-рисола. –Истанбул, 1320. 134-бет.
(15)    Мавлавий Ғулом Расул. Мусаббат ал-ишорат ъинда-ш-шаҳодат. Ҳиндистон, 1280.
(16)    Қаранг: ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, № 2125. 107-109 бетлар.
(17)    Камолиддин ибн ал-Ҳумом. “Фатҳ ул-қадийр”. 1-жилди. –Байрут: Дори содр, (йили кўрсатилмаган). 221-бет.
(18)    Биз унинг фикрини хоразмлик яна бир фақиҳ “ал-Кифоя шарҳ ал-Ҳидоя”нинг соҳиби Жалолиддин Гурланий асаридан олдик. –Қаранг: Жалолиддин ал-Гурланий. “ал-Ҳидоя маъа ал-Кифоя”. –Қозон: И.Н.Харитонов матбааси, 1905. 1-жилди. 69-бет. Шуни таъкидлаш лозимки, ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондидаги Нажмиддин аз-Зоҳидийнинг “Қуниййа” номли асари қўлёзмасидан унинг мазкур фикрини топа олмадик. Сиз ҳам қаранг: ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, №№8347; 3725. Аммо, Нажмиддин аз-Зоҳидийнинг бундан бошқа ҳам фиқҳга доир асарлари борлигини унутмаслик лозим.
(19)    Муҳаммад ал-Ҳаскафий. “Дурр ул-мухтор”. 2-жилди. –Байрут-Лубнон: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 2003. 216-бет.
(20)    Шамс ул-аимма ас-Сарахсий. “Мабсут”. –Байрут-Лубнон: Мактабат ул-мишкот ал-исломиййа, (йили кўрсатилмаган). 1-жилди. 166-бет.
(21)    Бурҳониддин ибн Мозза ал-Бухорий. “Муҳити Бурҳоний”. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди, №3161. 106а-варақ.
(22)    Абулҳасан Али ибн ал-Ҳусайн ас-Сўғдий. “ан-Нутаф фил-фатово”. –Байрут-Лубнон: Дор ал-кутуб ал-илмиййа, 1996. 46-бет.
(23)    Али ибн Абу Бакр Имом Бурҳониддин ал-Марғилоний. “ат-Тажнис вал-мазид”. ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, №4829. 52б-варақ.
(24)    Сирожиддин ал-Ўший. “Фатовойи Сирожиййа”. –Лакнау: Навол кишвар матбааси, 1294. 58-бет.
(25)    Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий. “Хулосат ул-фатово”. –Лакнау: Мунший Навол кишвар матбааси, 1911. 55-бет.
(26)    Лутфуллоҳ Кайдоний. “Фиқҳи Кайдоний”. –Тошкент: Ильин матбааси, 1908. 15-бет. Яна қаранг: Лутфуллоҳ Кайдоний. “Фиқҳи Кайдоний” (Матн, таржима) / Нашрга тайёрловчилар: Н.Насруллаев, З.Исломов. – Т.: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2010. – Б. 64.
(27)    Қаранг: “Мактуботи Имом Раббоний”, 1-жилди, 312-мактуб. –Деҳли: Муртазавий, 1260. 448-451 бетлар.
(28)    “Мактуботи Имом Раббоний”, 1-жилди, 312-мактуб. –Деҳли: Муртазавий, 1260. 450-бет.
(29)    Қаранг: Жалолиддин Гурланий. “Кифоя шарҳ ал-Ҳидоя”. 1-жилди. –Қозон: И.Н.Харитонов матбааси, 1905. 69-бет; Абдулҳайй ал-Лакнавий. “ат-Таълиқ ал-мумажжад”. –Қозон, 1909. 73-бет.
(30)    Қаранг: Бурҳониддин ал-Марғилоний. “Ҳидоя”. 1-жилди. –Лакнау: Юсуфий, 1314. 101-бет. Мазкур ҳадиси шарифни “Ҳидоя”нинг ҳадисларини тахриж қилиб чиққан Имом аз-Зайлаъий ғариб деган. –Қаранг: Жамолиддин аз-Зайлаъий. Насб ур-раъйа ли-аҳодис ал-Ҳидоя. 1-жузъ. Мактабат ар-рийаз ал-ҳадиса. (йили кўрсатилмаган). 387-388 бетлар.
(31)    Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ал-Косоний ал-Ҳанафий. “Бадойиъ ус-санойиъ”. 1-жилди. –Байрут-Лубнон: Дор ул-кутуб ал-илмиййа (йили кўрсатилмаган). 214-бет.
(32)    Мулло Холмурод Мударрис. “Урват ул-вусқо”. –Тошкент: “Ғуломий” матбааси, 1913. 51-бет. Яна шунга қаранг: 62-83 ва 88 бетлар.
(33)    Қаранг: Собитхон тўра ибн Файзи хўжа Намангоний. Башорат ун-нажот фий ишорат ас-солат. –Қозон, 1915. 64-65 бетлар.
(34)    Шамсиддин Кўҳистонийнинг “Шарҳи Фиқҳ ал-Кайдоний” асари ҳошиясида битилган. Унда ушбу ривоятни “Дурар” ҳошиясида Муҳаммад ал-Вофий келтирган, дейилган. Қаранг: ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, инв.№ 10973.
(35)    Муҳаддис Абдулҳаққ ад-Деҳлавий. Ашъат ул-ламаот. 1-жилди. –Пешовар, 1311. 429-бет.
(36)    Бурҳониддин ал-Марғилоний. “Ҳидоя”. 1-жилди. –Лакнау: Юсуфий, 1314. 102-бет.
(37)    Масъуд ибн Маҳмуд ибн Юсуф ас-Самарқандий. Солати Масъудий. –Тошкент, 1901. 57-58 бетлар. Яна қаранг: Муҳаммад ибн Аҳмад аз-Зоҳид ал-Байҳақий. Тарғиб ас-солат. Қўлёзма. ЎзР ФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди, № 3253. 22б-варақ.
(38)    Мулло Холмурод Мударрис. “Урват ул-вусқо”. –Тошкент: “Ғуломий” матбааси, 1913. 82-83 бетлар. 
(39)    Камолиддин ибн Ҳумом. Фатҳ ул-қадийр. 1-жилд. –Миср: Амириййа, 1310. 219-220 бетлар. –Қаранг:
(40)     “Мактуботи Имом Раббоний”, 1-жилди, 312-мактуб. –Деҳли: Муртазавий, 1260. 451-бет.
(41)    Ибн Обидийн. Шарҳ ал-Манзума би-ъуқуди расм ал-муфтий // Расойили Ибн Обидийн. 1-жилд. 2-рисола. –Истанбул, 1320. 34-38 бетлар.


8 йил аввал 50333 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларга яқинда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлган юртлар бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан давоми...
8 йил аввал 10804 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қазо намозларни адо этиш шартми?
Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги давоми...
8 йил аввал 36971 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
8 йил аввал 8487 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
8 йил аввал 13245 fiqh.uz