Нафл намозлар баёни


«Нафл намози» деб киши ўз ихтиёри билан фарзга қўшимча тарзда ўқийдиган намозга айтилади. Бу намозни Аллоҳ таоло мўминлар зиммасига фарз каби мажбурий қилмаган, балки ихтиёрий суратда адо этилса, савоб бўлади.
Нафл намозлари икки хил бўлади:

1. Беш вақт фарз намозларига тобе бўлган нафллар. Булар фарзлардан олдин ёки кейин ўқиладиган намозлар бўлиб, улар «суннати равотиблар» дейилади.
2. Беш вақт намозлардан ташқари мустақил ўқиладиган намозлар. Булар жумласига зуҳо, таҳажжуд, ҳожат сўраш ва бошқа намозлар киради.

Таҳиятул масжид намози

Намозхон масжидга кирганида агар фарз намозлари адо этилмаётган бўлса, масжид билан саломлашиш ниятида ўқийдиган намози «таҳийятул масжид» дейилади. Бу намозни икки ёки тўрт ракат ўқиса бўлади. Афзали тўрт ракат ўқишдир. Агар масжидга кирган киши жамоатнинг равотиб суннатларни ёки фарзни ўқиётганини кўрса, таҳийятул масжид намозини шу суннат ёки фарзларга қўшиб ният қилади. Шу билан у суннат ва ёки фарзга қўшиб таҳийятул масжидни ўқиганлик савобини олади. Аммо ниятни қилмай, суннат ёки фарзнинг ўзини ўқиса, ундан таҳийятул масжид намозини ўқиганлик савобига эришмайди. Таҳийятул масжид намозини масжидга кирган киши ўтирмасдан олдин ўқиши суннат ҳисобланади.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракат намоз ўқисин», деганлар» (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилган). Бу икки ракатли намоз «таҳийятул масжид» (масжид саломи) намози дейилади.
Шофеъий ва ҳанбалий мазҳабида таҳийятул масжидни қай вақтда бўлса ҳам: намоз ўқиш макруҳ ёки имом хутба ўқиётган пайтда ҳам ўқиш керак, дейилади. Моликий ва ҳанафий мазҳабларида эса, имом хутба қилаётган бўлса, таҳийяти масжид ўқилмайди. Шунингдек, ҳанафий мазҳабида намоз ўқиш макруҳ пайтларда ҳам таҳийятул масжид ўқилмайди. Намозхон масжидга кириши билан фарз намозни ёки бошқа бир намозни ўқисаю, таҳийятул масжидни ўқишни ният қилса, таҳийяти масжид ўрнига кифоя қилади. Борди-ю масжидга бир кунда бир неча бор кирадиган бўлса, бир марта ўқиса кифоя қилади.
Бу намознинг ҳукмидан Масжидул ҳаром истисно қилинган. Бу масжиднинг таҳийяти тавоф билан бўлади.
Масжидга кирганда бирор узр билан таҳийятул масжид намозини ўқий олмаса, «Субҳаналлоҳи, валҳамду лиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар»ни айтса кифоя қилади.

Шуруқ (ишроқ) намози

Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то чошгоҳ намозини ўқигунча ўтирса, фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам мағфират қилинади», деганлар»
Абу Довуд, Термизий ривоят қилган.  Термизийнинг лафзида:
«Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ», дейилган.
Ушбу ривоятда васф қилинаётган намоз «Салотуш-шуруқ» (Ишроқ намози) дейилади. «Шуруқ» дегани эса қуёш чиқишини билдиради. Шуруқ чошгоҳ намозининг энг аввалги вақтидаги намоздир.

Зуҳо (чошгоҳ) намози

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким чошгоҳ намозини бардавом ўқиса, унинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади», дедилар»
Имом Термизий ривоят қилган.
Бу намознинг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилганда кириб (яъни қуёш чиққандан тақрибан ярим соат кейин), заволга бир соат қолгунча давом этади. Бу «даҳватул кубро», яъни катта тонг, дейилади. Зуҳо намози икки ракатдан саккиз ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ тўрт ракатдан ўқиганлар. Унинг энг афзал вақти наҳорнинг тўртдан бири ўтгандан кейиндир.

Шукри вузуъ намози

Одатда таҳорат қилиб бўлгандан сўнг ўқиладиган намоз «Шукри вузуъ» (таҳоратнинг шукри) дейилади.
Уқба ибн Омир ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир одам яхшилаб таҳорат қилсаю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади», дедилар»
Имом Абу Довуд ривоят қилган.

Истихора намози

«Истихора» сўзи луғатда «хайр, яъни яхшиликни талаб қилиш» деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганида хайрлисини танлаш учун икки ракат истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир мубоҳ ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди ­Қуръондан сурани ўргатгандек ўргатар эдилар. У зот: «Қачон бирингиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракат намоз ўқисин. Сўнг «Аллоҳим, албатта, Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодир бўлурсан, мен қодир бўлмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни ўта яхши билувчи зотсан. Аллоҳим! Агар ушбу иш динимда, маошимда ва ишим оқибатида яхши эканини билсанг (ёки ҳозирги ишимдаю, келгусида) уни менга тақдир қилгин, менга осон эт, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш динимда, маошимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) ёмон эканини билсанг, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил, сўнгра мени унга рози қил» десин ва ҳожатини айтсин», дедилар»
Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилган.
Истихора намозидан сўнг ушбу дуо ўқилади:

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ، وَأَسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ، وَأَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ الْعَظِيمِ، فَإِنَّكَ تَقْدِرُ وَلَا أَقْدِرُ، وَتَعْلَمُ وَلَا أَعْلَمُ، وَأَنْتَ عَلَّامُ الْغُيُوبِ، اللَّهُمَّ إِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الْأَمْرَ خَيْرٌ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي، - عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ -، فَاقْدُرْهُ لِي وَيَسِّرْهُ لِي، ثُمَّ بَارِكْ لِي فِيهِ، وَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الْأَمْرَ شَرٌّ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي، - فِي عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ -، فَاصْرِفْهُ عَنِّي وَاصْرِفْنِي عَنْهُ، وَاقْدُرْ لِيَ الْخَيْرَ حَيْثُ كَانَ، ثُمَّ أَرْضِنِي بِهِ.

«Аллоҳумма инний астахийрука биъилмика ва астақдирука биқудротика ва ас’алука мин фазликал ъазийм. Фаиннака тақдиру ва ла ақдиру ва таъламу ва ла аъламу ва анта ъалламул ғуйуб. Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳазал амро хойрун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ожилиҳи, фақдурҳу лий ва яссирҳу лий, сумма барик лий фийҳи ва ин кунта таъламу анна ҳазал амро шаррун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ожилиҳи фасрифҳу ъанний вақдурлил хойро ҳайсу кана сумма роззиний биҳ» деб, ҳожати айтилади.
Маъноси: «Аллоҳим, Сенинг илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Сен (ҳар нарсага) қодирсан, мен қодир эмасман. Сен (ҳар нарсани) билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билувчисан. Аллоҳим, агар мана шу қилаётган ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт ва осон қил. Сўнг уни менга барокотли қил. Агар мана шу ишим (ҳожатининг номини айтади) динимда, яшашимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, мендан уни узоқлаштир, қаерда бўлса ҳам, мен учун яхшиликни тақдир қил ва мени ундан рози эт».
Дуодаги «мана шу иш», деган ерига келганда ўз ҳожатини зикр қилади, сўнгра ўша ишни қилиш ёки қилмаслик тўғрисида кўнгли мойил бўлган томонга ҳаракат қилади. Ушбу намозни ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юради. Кейин кўнглига тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса амалга оширади. Бу ҳақда туш кўриши ҳам мумкин. Агар иш бир тарафга ўтмай туриб қолса истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлади. Истихора намозида хоҳлаган сурасини ўқийди. Лекин биринчи ракатида Фотиҳа сурасидан кейин Кофирун сурасини, иккинчи ракатда Ихлос сурасини ўқиса яхши.

Ҳожат намози

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг Аллоҳга ва Бани одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилсин, сўнгра икки ракат намоз ўқисин. Кейин Аллоҳга сано ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтсин. Сўнгра: «Ҳалийму Карим Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳи маъбуд йўқ. Улуғ Аршнинг Роббиси Аллоҳ покдир. Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан: раҳматингни вожиб қилувчи, мағфиратингни тақозо қилувчи нарсаларни ва ҳар бир яхшиликдан ғаниматни, ҳар бир ёмонликдан саломатлик сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай кушойиш эт, Ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қўймай, албатта чиқаргин. Эй Арҳамар Роҳимийн», десин», дедилар»
Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган.
Намоздан фориғ бўлгач ушбу дуони ўқийди:

لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ الْحَلِيمُ الْكَرِيمُ، سُبْحَانَ اللهِ رَبِّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ، الْحَمْدُ لِلَّه رَبِّ الْعَالَمِينَ: أَسْأَلُكَ مُوجِبَاتِ رَحْمَتِكَ، وَعَزَائِمَ مَغْفِرَتِكَ، وَالْغَنِيمَةَ مِنْ كُلِّ بِرٍّ، وَالسَّلَامَةَ مِنْ كُلِّ إِثْمٍ، لَا تَدَعْ لِي ذَنْبًا إِلَّا غَفَرْتَهُ، وَلَا هَمًّا إِلَّا فَرَّجْتَهُ، وَلَا حَاجَةً هِيَ لَكَ رِضًا إِلَّا قَضَيْتَهَا يَا أَرْحَمَ الرَّاحِمِينَ

«Лаа илааҳа иллаллоҳул ҳалиймул карийм. Субҳааналлоҳи роббил ъаршил ъазийм. Алҳамду лиллааҳи роббил ъааламийн. Асъалука мужибаати роҳматика ва ъазоима мағфиротика вал ғониймата мин кулли биррин, вас-салаамата мин кулли исмин, лаа тадаъ лий занбан илла ғофартаҳу, ва лаа ҳамман илла фаррожтаҳу, ва лаа ҳаажатан ҳия лака ризон илла қозойтаҳа, йаа арҳамар роҳимийн!».
Термизий ривоят қилган.
Маъноси: «Ҳалим ва Карим Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Улуғ арш Робби Аллоҳни поклаб ёд этаман. Оламлар Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин. Раҳматингга мустаҳиқ қилувчиларни, мағфиратингни вожиб этувчиларни, ҳар бир яхшиликда ғаниматни ва ҳар бир гуноҳдан саломат бўлишни сўрайман. Менда бирор гуноҳ қолдирмасдан мағфират қилишингни, бирор ғам қолдирмасдан очиб юборишингни ва Ўзинг рози бўладиган бирор ҳожат қолдирмасдан раво қилишингни сўрайман, эй раҳм қилгувчиларнинг Раҳмлиси».
Қуйидаги дуо ҳам ҳожат намозининг дуоларидандир:

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ وَأَتَوَجَّهُ إِلَيْكَ بِنَبِيِّكَ مُحَمَّدٍ نَبِيِّ الرَّحْمَةِ، يَا مُحَمَّدُ، إِنِّي تَوَجَّهْتُ بِكَ إِلَى رَبِّي فِي حَاجَتِي هَذِهِ فَتَقْضِي لِي، اللَّهُمَّ شَفِّعْهُ فِيَّ

«Аллоҳумма инний асалука ва атаважжаҳу илайка бинабиййика Муҳаммадин набиййир роҳмати, йаа Муҳаммаду, инний таважжаҳту бика илаа роббий фий ҳаажатий ҳаазиҳи фатақзи лий. Аллоҳумма, шаффиъҳу фиййа»
Имом Аҳмад ривоят қилган.
Маъноси: «Аллоҳим, мен Сенга юзланиб, Сендан пайғамбаринг, раҳмат набийси Муҳаммад алайҳиссалом билан васийла қилиб сўрайман. Эй Муҳаммад алайҳиссалом, мен бу ҳожатим раво бўлиши учун сиз билан Роббимга юзландим Аллоҳим, у кишини менга шафоатчи қил».
Имом Ибн Ҳажар бу намозни шанба куни саҳар ўқиб, талаби ҳожат қилиш мандубдир, чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, ким шанба куни эрталаб талаби ҳожат қилса, талаби ҳал бўлади. Унинг ҳожати равон бўлишига мен кафилман, деб марҳамат қилганлар, деган. Албатта, дуонинг арабча матнини ёдлаб олган яхши.

Тавба намози

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис эшитсам, Аллоҳ менга ундан Ўзи хоҳлаганича нафъ берадиган одам эдим. У зотнинг саҳобаларидан бири менга ҳадис айтса, мен ундан (гапи тўғрилигига) қасам ичишни талаб қилар эдим. Агар у қасам ичса (гапини) тасдиқ қилар эдим. Ҳолат шу бўлдики, менга Абу Бакр бир ҳадис айтди. Зотан у содиқдир: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: қайси бир одам гуноҳ қилиб қўйиб, сўнгра туриб, таҳорат қилиб намоз ўқиса, кейин Аллоҳга истиғфор айтса, албатта, Аллоҳ уни мағфират қилади», деганларини эшитдим. Сўнгра у зот: «Улар қачон фаҳш иш қилсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, Аллоҳни эсларлар ва гуноҳларига истиғфор айтурлар» оятини қироат қилдилар», деди»
Имом Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Аслида тавба намозсиз ҳам хоҳлаган пайтда бўлиши матлуб. Лекин намоз ила бўлгани кучли ва қабули осондир. Намоз мўминнинг силоҳи, дейилгани ҳам шундан. Мўмин киши намоз ёрдамида ҳар қандай қийин нарсага ҳам осонлик билан эриша олади. Ожиз банда гуноҳ иш қилиб қўйса, иймони уни дарҳол тавбага чорлаши зарур. Қилиб қўйган гуноҳининг афсусида қолган мўмин инсон дарҳол таҳорат қилиб тавба намози нияти ила икки ракат намоз ўқиб олишга ўтмоғи лозим. У гуноҳига надомат қилиб, намозида чин қалбдан тавба қилиб, Аллоҳга роз айтиб, иккинчи бу гуноҳни қайта қилмасликка қатъий аҳд қилса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳини мағфират қилади.

Аввобийн намози

Бу намоз шом намозидан кейин ўқилади ва олти ракат бўлади. Аввал тўрт, кейин икки ракат ёки икки ракатдан қилиб ўқилади. Аллоҳ таоло Исро сурасида «Албатта, У зот аввобийнларни мағфират қилувчидир», деган (25-оят).
Имом Табароний Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ким шомдан кейин олти ракат ўқиса, гуноҳлари мағфират қилинур, агар денгизнинг кўпигича бўлса ҳам», дейилган.

Таҳажжуд намози

Бу намознинг ози икки, кўпи саккиз ракатдир. Аллоҳ таоло: «Кечасида таҳажжуд (намози) қил, сенга нофила бўлур. Шоядки, Роббинг сени Мақоми маҳмудда тирилтирса», деган (Исро сураси, 79-оят).
Ушбу оят ила таҳажжуд намозига тарғиб қилиш Қуръонда келгани эслатилмоқда. Кечаси бир ухлаб туриб ўқиладиган намоз «таҳажжуд намози» деб аталади. Шунингдек, бу намоз «қиём намози» деб ҳам аталади. Аввал бошида бу намоз вожиб бўлган эди, бир йилчадан кейин вожиблиги насх қилинган.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга кечанинг қиёми лозимдир. Чунки у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир, ёмонликларга каффоротдир, гуноҳларни қайтарувчидир», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «У жисмдан дардни қувувчидир» ҳам дейилган
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилган.
Нафл намозларининг энг афзали таҳажжуд ҳисобланади. Чунки бу намоз ҳамма ухлаб ётган вақтда ўқилгани учун риёдан узоқ, ихлосга яқин бўлади.
Изоҳ: таҳажжуд хуфтондан сўнг ухлаб, кечанинг иккинчи ярмида бедор бўлишдир. Уйғонишига ишончи бўлмаса, хуфтон намозидан кейин ўқиб олса ҳам жоиз. Раддул муҳтор соҳиблари таҳажжуд намозига: «Ҳар бир хуфтондан кейин ўқилган намоз» деб таъриф берган. Афзали эса бир ухлаб туриб ўқишдир.

Тасбеҳ намози

Икриманинг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббосга қарата: «Эй амаки! Сизга бермайми? Сизга ўргатмайми?» деган сўзларни зикр қилиб, сўнг бундай дедилар: «Тўрт ракат намоз ўқийсиз. Ҳар ракатда Фотиҳани ва бошқа бир сурани ўқийсиз. Биринчи ракатда қироатдан сўнг қиёмда «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» тасбеҳларини ўн беш марта айтасиз. Сўнгра рукуъга борасиз ва рукуъда турганингизда мазкур тасбеҳларни ўн бор айтасиз. Кейин бошингизни рукуъдан кўтарган вақтда ҳам яна тасбеҳларни ўн марта айтасиз. Сўнг саждага борасиз. Саждада турганингизда яна мазкур тасбеҳларни ўн бор қайтарасиз. Сўнг бошингизни саждадан кўтариб, яна мазкур тасбеҳларни ўн бор айтасиз, сўнг яна сажда қиласиз ва унда яна ўн бор тасбеҳ айтасиз, сўнг бошингизни саждадан кўтариб, тик бўлишингиздан олдин яна ўн марта тасбеҳ айтасиз. Бу айтилган тасбеҳларнинг умумий адади етмиш бешта бўлади. Тўрт ракатни шу тахлитда адо этасиз. Агар бу намозни бир кунда бир марта адо этишга қодир бўлсангиз, уни адо этинг. Агар бир кунда адо этишга қодир бўлмасангиз, жума куни бир марта ўқинг. Агар жума кунида адо этишга қодир бўлмасангиз, уни бир ойда бир ўқинг. Агар бунга қодир бўлмасангиз, уни бир йилда бир бор адо этинг. Бунга ҳам имкон бўлмаса, умрингиз давомида бир бор «тасбеҳ» намози ўқиб қўйинг».

Нафл намозларини ўқиш тартиби

Кундузги нафл намозларини тўрт ракатдан, кечқурунги нафлларни эса икки ракатдан ўқиш суннат амаллардандир. Қиём туришга қодир бўлатуриб ўтирган ҳолда нафл намозлари ўқиш жо-из, лекин савобнинг ярмига эришади. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай ҳам намоз ўқиганлар деб ўқиса, ҳам намознинг ҳам суннатга амал қилганнинг савобига эришади. Аммо тик туриб ўқишга қодир бўлмаган кишининг ажри тик туриб ўқи-ган кишининг ажри билан баробар бўлади. Ўтириб ўқийдиган ки-ши агар узри бўлмаса, бошқа намозлардаги ташаҳҳуд ўқиётган ки-шидек чап оёғи устига ўтириб, ўнг оёғини тик қилади. Нафл ўқиш-га киришган кишининг намози агар икки ракатни тўлиқ тугатмай туриб бузилса, унинг қазосини ўқиб қўйиши вожиб бўлади.
Шундай вақтлар борки, унда нафл намозларини ўқиш макруҳи таҳримий, яъни ҳаромга яқин макруҳ ҳисобланади. Қуйидаги ҳол-ларда нафл намозларини ўқиш макруҳ саналади:
1. Субҳ вақти киргандан то бомдод ўқилгунга қадар нафл намозларини ўқиш мутлақ макруҳи таҳримийдир. Фақат субҳнинг икки ракат суннатини ўқишга рухсат бор, холос.
2. Бомдод ўқилгандан то қуёш чиққунга қадар нафл намозлари-ни ўқиш ҳам макруҳдир. Бу фурсатда умуман нафл намозлари ўқилмайди, гарчи намозхон бомдоднинг ёлғиз суннатини қазо қилган бўлса ҳам. Чунки субҳ суннатининг ёлғиз ўзини ўқий олма-ган киши кейин қазосини ўқимайди. Агар фарзини қўшиб қазо қилганида эди, қуёш найза бўйи кўтарилгач, иккисининг қазосини ўқиган бўлар эди. Бунинг масаласи юқорида ўтди.
3. Қуёш чиқиб то бир найза миқдори кўтарилгунча ҳам нафл намозларини ўқиш макруҳдир. Қуёш тақрибан ярим соат чамасида бир найза миқдорида кўтарилади.
4. Қуёш тиккага келгандан то заволга оққунча вақт оралиғида ҳам намоз ўқиш мутлақ жоиз эмас.
5. Аср намозидан то шом намозини ўқиб бўлгунга қадар ҳам нафл намозларини ўқиш макруҳдир.
6. Имом хутба ўқиш учун минбарга чиққан вақтда ҳам намоз ўқиш жоиз эмас. Имом хоҳ жума хутбасига чиққан бўлсин, хоҳ ёмғир талаб қилинаётгандаги хутба бўлсин, хоҳ бошқаси бўлсин, барибир ўша фурсатда намоз ўқиш дуруст эмас. (Изоҳ: бизнинг диёрларда имом жума кунлари аввал ваъз қилади ва сўнг жума намозидан олдин хутба ўқиш учун минбарга чиқади. Намоз ўқиш жоиз бўлмаган вақт шу имом минбарга кўтарилган фурсатдир. Аммо имом хутбадан олдин маъруза қилаётган бўлса, масжидга келган намозхон имом турган хонадан бошқа ўринда таҳийятул масжид намозини ўқиб олиши дуруст бўлади. Умуман, имом хутба қилаётганида намоз ўқиш тортишувли масала, чунки бу ҳақда ҳар хил ривоятлар бор. Ҳанафий мазҳабида имом минбарга чиққанидан кейин намоз ўқиш ҳаром. У хутбани бошлаганда эса, саломга алик олиш, акса урганга яхши тилак айтиш, Қуръон ўқиш ва шунга ўх-шаган нарсалар ҳам мутлақо мумкин бўлмайди).
7. Муаззин фарз намозига такбир айтаётганда ҳам нафл намози ўқиш макруҳдир. Фақат бомдод намозида суннатни ўқиб, фарзга етиб олишига ишонса, шу суннатни такбир айтилаётган вақтда ҳам ўқиш жоиз бўлади. Шунда суннатни имомдан узоқроқ ерда ёки бошқа хонада ўқиб олади. Муҳими, суннатни ўқиб олиб, фарзга етиб олса бўлди.
8. Масжидда ҳайит намозидан олдин ҳам, кейин ҳам нафл намо-зи ўқиш макруҳ.
9. Ҳожилар Арафотда пешин билан асрни пешин вақтида жамлаб ўқишади, бу жамъи тақдим, дейилади. Шу пайтда икки жам қилинаётган намоз ўртасида ҳам нафл намозларни, ҳатто пешин-нинг суннатларини ҳам ўқиш макруҳдир. Муздалифада эса шом билан хуфтонни ҳожилар хуфтон вақтида жамлаб ўқишади. Бу жамъи таъхир, дейилади. Шу икки жам қилинаётган намознинг ўртасида ҳам, гарчи шомнинг суннатини бўлса-да, ўқиш макру-ҳдир.
10. Фарз намозларидан бирортасининг вақти тор бўлиб қолса ҳам, нафлларни ўқиш макруҳ ҳисобланади.
11. Хоҳ олди, хоҳ орқа ҳожатларини мажбуран ушлаб туриб намоз ўқиш макруҳдир. Шунингдек, қорин дам бўлганда ҳам елни мажбуран ушлаб ўқилган намоз макруҳ ҳисобланади.
12. Худди шунингдек, яна хушуъни кетказадиган ҳар қандай муҳим иш ҳозир бўлгандаги ўқилган намозлар макруҳ бўлади. Ниҳоятда оч қолган ёки чанқаган кишига овқат ёки сув олиб ке-линса, ўз нафсини қондириб олиб, кейин намозга туриши керак. Яна қаттиқ чарчаган киши ҳам бироз дам олиб, сўнг намоз ўқиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Агар шу юқорида эслаб ўтилган вақтларда нафл намозлар ўқил-са, макруҳи таҳрима билан адо топади. Ким ушбу пайтларда намоз-ни бошлаб қўйса, уни бузиб намоз ўқиш макруҳ ёки ҳаром бўлма-ган бошқа вақтларда ўқиши маъқулдир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг

"Мўминнинг меърожи" китобидан.

 


8 йил аввал 262916 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ишораи саббоба
Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди. Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига давоми...
8 йил аввал 50335 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларга яқинда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлган юртлар бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан давоми...
8 йил аввал 10804 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қазо намозларни адо этиш шартми?
Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги давоми...
8 йил аввал 36972 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
8 йил аввал 8487 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
8 йил аввал 13246 fiqh.uz