Имомликнинг тўғри бўлиши шартлари


1. Ислом.
Мусулмон бўлмаган одам имом бўлиши мумкин эмас. Биров ўзи танимайдиган, мусулмон ёки мусулмон эмаслигини билмайдиган одамнинг орқасидан намоз ўқиса, намози қабул. Намоздан кейин имом бўлган одамнинг мусулмонлиги билинса, ҳеч гап йўқ, аммо мусулмон эмаслиги аён бўлиб қолса, намозни қайтадан ўқийди.
2. Ақл.
Ақли йўқ одамнинг ортидан намоз ўқиб бўлмайди.

3. Балоғатга етган бўлиш.
Балоғатга етмаган бола имом бўла олмайди.

4. Эркаклик.
Аёл ва хунаса ҳақиқий эркакка имом бўлиши мумкин эмас.

5. Таҳоратли бўлиш.
Бетаҳорат одам имом бўла олмайди.

6. Қироат ва арконларни яхши қила олиши.
Қироатни яхши қила олмайдиган кишининг ортидан намоз ўқиш жоиз эмас. Қори одам оми одамнинг ортидан намоз ўқиши мумкин эмас. Агар шундай бўлиб қолса, қори намозини қайтадан ўқийди.
Шунингдек, рукуъ, сажда, қаъда каби намознинг рукнларини қила олмайдиган одамнинг ортидан соғ одам намоз ўқиши мумкин эмас.

7. Намозда бировга иқтидо қилиб турмаган бўлиши шарт.

8. Узрлардан саломат бўлиши.
«Узрлар» деганда, доимо бурнидан қон оқиб туриши, пешоби томчилаб туриши, ел чиқиб туриши каби нарсалар англанади.

9. Тили бурро бўлиб, барча ҳарфларни тўғри талаффуз қила олиши шарт.
Тили чучук ёки дудуқ кишилар имом бўла олмайдилар.
Энди имомликка ўтишга ҳақлироқ бўлганлар тартиб билан баён қилинади:

Имомликка ҳақлироғи:

1. Суннатни билувчироғи.
2. Сўнгра қорироғи.
3. Кейин парҳезкорроғи.
4. Сўнг ёши каттароғи.

عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «يَؤُمُّ الْقَوْمَ أَقْرَؤُهُمْ لِكِتَابِ اللهِ، فَإِنْ كَانُوا فِي الْقِرَاءَةِ سَوَاءً فَأَعْلَمُهُمْ بِالسُّنَّةِ، فَإِنْ كَانُوا فِي السُّنَّةِ سَوَاءً فَأَقْدَمُهُمْ هِجْرَةً، فَإِنْ كَانُوا فِي الْهِجْرَةِ سَوَاءً فَأَكْبَرُهُمْ سِنًّا، وَلَا يُؤَمُّ الرَّجُلُ فِي سُلْطَانِهِ، وَلَا يُجْلَسُ عَلَى تَكْرِمَتِهِ فِي بَيْتِهِ إِلَّا بِإِذْنِهِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қавмга уларнинг ичидан Аллоҳнинг Китобига қорироқлари имом бўлади. Агар қироатда баробар бўлсалар, суннатни яхши биладиганлари. Агар суннатда ҳам баробар бўлсалар, ҳижрати қадимги бўлганлари. Агар ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, ёши катталари бўлади. Бир одам ҳеч қачон бошқа бировга унинг салтанатида имомлик қилмасин ва унинг уйидаги ўзи учун тайёрланган жойга ўтирмасин. Магар унинг изни ила бўлса, майли», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Ушбу ҳадиси шарифда имом бўлишга ким лойиқлиги кетма-кет, бир неча сифатлар ила баён қилиб берилмоқда. Шу билан бирга, уламоларимиз таъкидлаганидек, мазкур сифатларда ўша вақт воқеълиги эътиборга олинмоқда.
Энди ўша сифатларни бирин-кетин кўриб чиқайлик.
Аввало ҳар бир қавмга уларнинг ичидан:
«Аллоҳнинг Китобига қорироқлари имом бўлади».
Бу, имом танлаш вақтида аввало Қуръонни билиш, қироат қилиш сифатига қаралади, деганидир.
«Агар қироатда баробар бўлсалар, суннатни яхши биладиганлари» бўлади.
Баъзи уламолар: «Имомликка даъвогарлар ичидан муносибини танлаш учун худди шу тартиб йўлга қўйилиб, биринчи қори, иккинчи олим бўлади», деганлар. Уларнинг далили ушбу ҳадиснинг зоҳиридир. Лекин жумҳур уламолар, жумладан, ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам: «Суннатни яхши биладиган олим қоридан муқаддам бўлади, чунки олим одам намоз учун керакли Қуръон қироатини яхши билиши турган гап, аммо қори одам намозда юзага келиб қоладиган масалаларни дарҳол ҳал қилиб кетавериши қийин», деганлар.
Ушбу ҳадисда қорининг аввал баён қилиниши саҳобаи киромларнинг қорилари олим ҳам бўлганлиги эътиборидандир.
Демак, намоз ҳақида энг илми кўп одам зоҳирий фаҳш ишлардан четда бўлиши ва Қуръондан керагини яхшилаб ёдлаган бўлиши шарти билан имомликка энг ҳақли одам бўлади.
«Агар суннатда ҳам баробар бўлсалар, ҳижрати қадимги бўлганлари».
Яъни имом бўлишга аввалроқ ҳижрат қилганлари лойиқроқдир.
«Агар ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, ёши катталари бўлади».
Энди яна «Мухтасари Виқоя»да келган матнни шарҳлашда давом этамиз:

عَنْ مَرْثَدِ بْنِ أَبِي مَرْثَدِ الْغَنَوِيِّ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: «إِنْ سَرَّكُمْ أَنْ تُقْبَلَ صَلَاتُكُمْ فَلْيَؤُمَّكُمْ عُلَمَاؤُكُمْ، فَإِنَّهُمْ وَفْدُكُمْ فِيمَا بَيْنَكُمْ وَبَيْنَ رَبِّكُمْ». رَوَاهُ الْحَاكِمُ

Абу Марсад Fанавийдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар намозингизнинг қабул қилиниши сизларни масрур қиладиган бўлса, сизга уламоларингиз имомлик қилсин. Чунки улар сиз билан Роббингиз орасида ҳайъатингиздир», деганлар».
Ҳоким ривоят қилган.
Кейин парҳезкорроғи бўлади.
Яъни тақвосидан ташқари, шубҳали нарсалардан ҳам ўзини олиб қочадиган одам.
Сўнг ёши каттароғи.
Аввал ўтган сифатларда савияси тенг бўлиб қолса, улардан ёши каттаси имомликка тақдим қилинади.
Ундан кейинги ҳақлилар қуйидагича:
Хулқи яхшиси, таҳажжудни кўп ўқийдигани, насаби шарафлиси ва кийими тозаси.
Султон, амир, қози, масжид имоми ва уй эгаси каби тоифалардаги тартиб ушбу шахслар тўплангандаги тартибдир.
Агар қул, аъробий, фосиқ, аъмо, бидъатчи ёки валади зино имомлик қилса, макруҳдир.
1. Қул аввалги вақтларда бўлган. У бировнинг мулки бўлгани учун яхши таълим олиш имкони бўлмаган. Бинобарин, имомлик учун етарли илмни ҳам ола билмаган бўлиши эътиборга олинган.
2. Аъробий саҳрода ўсган, таълим-тарбия кўрмаган одам бўлади. У ҳам жоҳиллиги туфайли намоз аҳкомларини яхши билмаслиги турган гап.
3. Фосиқ ўзи илмли бўлса ҳам, шариат аҳкомларини бузишни ўзига одат қилиб олган одам бўлади. У дин ишларига аҳамият бермайди. Имомлик эса улуғ мартабадир. Фосиқ унга лойиқ эмас.

عَنْ جَابِرٍ مَرْفُوعًا: «لَا تَؤُمَنَّ امْرَأَةٌ رَجُلًا وَلَا أَعْرَابِيٌّ مُهَاجِرًا وَلَا فَاجِرٌ مُؤْمِنًا إلَّا أَنْ يَقْهَرَهُ بِسُلْطَانٍ يَخَافُ سَوْطَهُ وَسَيْفَهُ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Зинҳор аёл эркакка, аъробий муҳожирга ва фожир мўминга имомлик қилмасин. Илло, унинг султони бўлиб, қиличи ва қамчисидан қўрқилса, бундан мустасно», дедилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
4. Аъмо – кўзи кўрмайдиган киши. У нажосатни кўрмайди ва кўрмаслиги оқибатида юзага келадиган камчиликларга йўл қўйиши мумкинлиги эътиборга олинган.
5. Бидъатчи – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан маъруф бўлган эътиқодга саркашлик эмас, шубҳа туфайли хилоф қилган кишидир. Мисол учун, махсига масҳ тортишни инкор қилган одам бидъатчи бўлади. Шу каби одамларнинг имомлиги ҳам макруҳдир. Имомлик улуғ мартабадир. Бидъатчи эса унга лойиқ эмас.
6. Валади зино – зинодан туғилган шахс. Бошқа лойиқ одам бўла туриб, валади зинонинг имомликка ўтиши макруҳдир. Чунки одатда унинг отаси бўлмагани учун яхши таълим-тарбия олмаган бўлади. Уламоларимиз унинг имомлиги макруҳ бўлишини жоҳил бўлишига боғлаганлар. Агар ўзи илмли ва тақводор бўлса, макруҳ эмас.
«Мухтасари виқоя»да зикр қилинмаган, имомлиги макруҳ бўлган яна бошқа тоифалар ҳам бор. Улар:
7. Қавм ёмон кўрадиган одамнинг имомлиги ҳам макруҳдир.

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النِّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «ثَلَاثَةٌ لَا تُجَاوِزُ صَلَاتُهُمْ آذَانَهُمُ: الْعَبْدُ الْآبِقُ حَتَّى يَرْجِعَ، وَامْرَأَةٌ بَاتَتْ وَزَوْجُهَا عَلَيْهَا سَاخِطٌ، وَإِمَامُ قَوْمٍ وَهُمْ لَهُ كَارِهُونَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч кишининг намози қулоқларидан юқори кўтарилмайди: хожасидан қочган қулники қайтиб келгунича, эрини (ноҳақ) ғазабнок қилган хотинники ва қавми ёмон кўрган имомники», дедилар».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
8. Маънони бузмайдиган даражада эъробни бузиб тиловат қиладиган одамнинг имом бўлиши макруҳдир. Мисол учун, «Ал ҳамду»ни «Ал ҳамди» тарзида ўқиса.
9. Баъзи ҳарфларни тўғри нутқ қила олмайдиган кишининг, агар улар билан намоз бузилмаса, имомлиги ҳам макруҳдир. Акс ҳолда имомликка ўтиши жоиз эмас.
10. Эсипаст одамларнинг имом бўлиши макруҳ.
11. Песи тарқаб кетган одамнинг имомлиги ҳам макруҳ.
12. Мохов одамнинг имомлиги ҳам макруҳ.
13. Бир оёқда турадиган чўлоқ одамнинг имомлиги ҳам макруҳ.
14. Пешоби тутилиб қоладиган одамнинг имомлиги ҳам макруҳ.
15. Ароқхўр одамнинг имомлиги ҳам макруҳ.
16. Рибохўр одамнинг имомлиги ҳам макруҳ.
17. Чақимчи одамнинг имомлиги ҳам макруҳ.
18. Риёкор одамнинг имомлиги ҳам макруҳ.
Аёлларнинг ўзлари жамоат бўлишлари ҳам (макруҳдир).
Яъни аёлларнинг ўзлари жамоат бўлишлари ҳам макруҳ экан. Қадимги уламоларимиз бу гапни изоҳлаб: «Чунки аёлларнинг жамоатга тўпланишлари турли ноқулайликлар келиб чиқишига сабаб бўлади», деганлар.
Агар шундай қилсалар, имомлари ўрталарида туради.
Агар аёллар намозни жамоат бўлиб ўқишса, имомлари олдинга чиқмасдан, биринчи қаторнинг ўртасида, бир сафда туради. Ана шунда уларнинг имоми учун ҳам сатрлироқ бўлади.
Ёш аёлнинг барча жамоатга, шунингдек, кампирнинг пешин ва асрга ҳозир бўлиши ҳам (макруҳдир).
Чунки ёш аёл-қизларнинг масжидга қатнашлари фитнага сабаб бўлиши мумкин. Қариб қолган кампирларда фитна эҳтимоли йўқ. Кейинги давр уламолари: «Кампирлар ҳам жамоатга бормаганлари маъқул», деганлар.
Бу қавлнинг далили қуйидаги ривоятдир:

أَخْبَرَنَا مَالِكٌ، عَنْ يَحْيَى بْنِ سَعِيدٍ، عَنْ عَمْرَةَ، عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: لَوْ أَدْرَكَ رَسُولُ اللهِ  صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم مَا أَحْدَثَ النِّسَاءُ لَمَنَعَهُنَّ كَمَا مُنِعَتْ نِسَاءُ بَنِي إِسْرَائِيلَ. قُلْتُ لِعَمْرَةَ: أَوَ مُنِعْنَ؟ قَالَتْ: نَعَمْ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ

Молик Яҳё ибн Саъиддан хабар қилади, у Амрадан, у Оиша розияллоҳу анҳодан:
«Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар пайдо қилган нарсани (зийнатларни) кўрганларида эди, уларни Бану Исроил аёллари қайтарилгани каби (масжиддан) қайтарган бўлардилар».
(Яҳё бундай дейди) «Мен Амрадан: «Улар қайтарилганмиди?» деб сўрасам, «Ҳа» деди».
Учовлари ривоят қилишган.
Таҳоратли таяммумлига, ювган масҳ қилганга, тик турган ўтирганга, имо қилувчи имо қилувчига ва нафл ўқувчи фарз ўқувчига иқтидо қилаверади.
Таҳоратли таяммумлига иқтидо қилиши жоизлиги қуйидаги ривоятга биноандир:

عَنْ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: احْتَلَمْتُ فِي لَيْلَةٍ بَارِدَةٍ فِي غَزْوَةِ ذَاتِ السُّلَاسِلِ، فَأَشْفَقْتُ إِنِ اغْتَسَلْتُ أَنْ أَهْلِكَ، فَتَيَمَّمْتُ ثُمَّ صَلَّيْتُ بِأَصْحَابِي الصُّبْحَ، فَذَكَرُوا ذَلِكَ لِلنَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، فَقَالَ: «يَا عَمْرُو، صَلَّيْتَ بِأَصْحَابِكَ وَأَنْتَ جُنُبٌ؟» فَأَخْبَرْتُهُ بِالَّذِي مَنَعَنِي مِنَ الْاِغْتِسَالِ وَقُلْتُ: إِنِّي سَمِعْتُ اللهَ يَقُولُ:﴿ وَلاَ تَقْتُلُواْ أَنفُسَكُمْ إِنَّ اللّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا﴾ ، فَضَحِكَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم وَلَمْ يَقُلْ شَيْئًا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Зотус Салосил ғазотида совуқ кечада эҳтилом бўлиб қолдим. Fусл қилсам ҳалок бўламан, деб қўрқиб, таяммум қилдим. Сўнгра шерикларимга бомдод намозини ўқиб бердим. Улар буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдилар. Ул зот:
«Эй Амр, жунуб бўлиб туриб, шерикларингга намозга ўтдингми?» дедилар.
Мен у кишига ўзимни ғусл қилишдан ман қилган нарсанинг хабарини бердим ва:
«Аллоҳнинг «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга ўта раҳмлидир», деганини эшитганман», дедим.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва бирор нарса демадилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Ювган масҳ қилганга иқтидо қилиши жоизлиги махсига ёки жавробга тортилган масҳ худди ювилган каби эканлигидандир.
Тик турган ўтирганга иқтидо қилиши жоизлиги, ўтириб имом бўлган рукуъ ва саждага қодир бўлиши шарти биландир. Бунинг ҳужжати қуйидаги ривоятдир:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ  صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «إِنَّمَا جُعِلَ الْإِمَامُ لِيُؤْتَمَّ بِهِ، فَإِذَا كَبَّرَ فَكَبِّرُوا، وَإِذَا رَكَعَ فَارْكَعُوا، وَإِذَا قَالَ: سَمِعَ اللهُ لِمَنْ حَمِدَهُ فَقُولُوا: اللَّهُمَّ رَبَّنَا وَلَكَ الْحَمْدُ، وَإِذَا سَجَدَ فَاسْجُدُوا، وَإِذَا صَلَّى جَالِسًا فَصَلُّوا جُلُوسًا أَجْمَعُونَ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
وَلَفْظُ أَبُو دَاوُدَ: «إِنَّمَا جُعِلَ الْإِمَامُ لِيُؤْتَمَّ بِهِ، فَإِذَا كَبَّرَ فَكَبِّرُوا وَلَا تُكَبِّرُوا حَتَّى يُكَبِّرَ، وَإِذَا رَكَعَ فَارْكَعُوا وَلَا تَرْكَعُوا حَتَّى يَرْكَعَ، وَإِذَا سَجَدَ فَاسْجُدُوا وَلَا تَسْجُدُوا حَتَّى يَسْجُدَ».
قَالَ الْحُمَيْدِيُّ: قَوْلُهُ: «إِذَا صَلَّى جَالِسًا فَصَلُّوا جُلُوسًا» هُوَ فِي مَرَضِهِ الْقَدِيمِ، ثُمَّ صَلَّى النَّبِيُّ  صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم بَعْدَ ذَلِكَ جَالِسًا وَالنَّاسُ خَلْفَهُ قِيَامًا، لَمْ يَأْمُرْهُمْ بِالْقُعُودِ، وَإِنَّمَا يُؤْخَذُ بِالْآخِرِ، فَالْآخِرِ مِنْ فِعْلِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Имом унга эргашилиши учунгина қўйилгандир. Такбир айтса, сизлар ҳам такбир айтинглар. Рукуъ қилса, сизлар ҳам рукуъ қилинглар. «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», деса, «Аллоҳумма Роббанаа ва лакал ҳамд», денглар. Сажда қилса, сажда қилинглар. Ўтириб намоз ўқиса, барчангиз ўтириб намоз ўқинг», дедилар».
Абу Довуд келтирган лафзда:
«Имом фақат унга эргашилиши учун қўйилгандир. Такбир айтса, сизлар ҳам такбир айтинглар. У такбир айтмагунча сизлар такбир айтманглар. Рукуъ қилса, сизлар ҳам рукуъ қилинглар. У рукуъ қилмагунча сизлар рукуъ қилманглар. Сажда қилса, сизлар ҳам сажда қилинглар. У сажда қилмагунча сизлар сажда қилманглар», дейилган.
Ҳумайдий айтади:
«Ўтириб намоз ўқиса, барчангиз ўтириб намоз ўқинг», деган сўзлари у зотнинг илгариги бетобликларида бўлган. Бундан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ўтириб намоз ўқидилар, одамлар эса ортларида тик туришди. У зот уларни ўтиришга буюрмадилар. Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалларидан энг охиргиси олинади».
Бухорий ривоят қилган.
Биринчи ривоятдаги «Ўтириб намоз ўқиса, барчангиз ўтириб намоз ўқинг», дейилган гап ҳақида бир оз тушунтириш бериш лозим.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни отдан йиқилиб тушиб, ўнг ёнбошлари жароҳатланганда, у зотни кўргани келган саҳобаи киромларга ўтириб имомлик қилаётиб айтганлар.
Лекин ҳозирда ўтириб имомлик қилган кишига ўтириб иқтидо қилинмайди. Агар имом ўтириб имомлик қилса ҳам, қавм тик туриб иқтидо қилади, чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишларидан олдинги беморликларида ўтириб имомлик қилганларида саҳобаи киромлар тик туриб иқтидо қилганлар.
Умуман, Ислом шариатида бир масалада икки хил кўрсатма келган бўлса, иккисидан охиргисига амал қилинади. Биринчиси мансух, иккинчиси носих бўлади.
Ушбу усулий қоидани имом Бухорийнинг шайхлари Ҳумайдий иккинчи ривоятда баён қилиб бермоқдалар.
Шунинг учун жумҳур уламолари: «Ўтириб намоз ўқийдиган имомга тик туриб иқтидо қилинади. Иқтидо қилувчи тик туришга қодир бўла туриб, имомига эргашаман деб, ўтириб намоз ўқиши жоиз эмас», дейдилар.
Имо қилувчи имо қилувчига иқтидо қилиши жоизлиги икковларининг ҳоли бир хил бўлган ҳолат учундир. Аммо имом ёнбошлаб, муқтадий ўтириб, имо билан намоз ўқиши жоиз эмас.
Нафл ўқувчи фарз ўқувчига иқтидо қилиши жоизлиги фарз намози нафлдан кучли бўлганидандир. Бу ҳукмга далилни уламоларимиз қуйидаги ривоятдан олганлар:

عَنْ أَبِي ذَرٍّ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: كَيْفَ أَنْتَ إِذَا كَانَتْ عَلَيْكَ أُمَرَاءُ يُؤَخِّرُونَ الصَّلَاةَ؟» قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، فَمَاذَا تَأْمُرُنِي؟ قَالَ: «صَلِّ الصَّلَاةَ لِوَقْتِهَا، فَإِنْ أَدْرَكْتَهَا مَعَهُمْ فَصَلِّ، فَإِنَّهَا لَكَ نَافِلَةٌ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ الْأَرْبَعَةِ

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сенга намозни кечга сурадиган амирлар бош бўлиб қолса нима қиласан?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, менга нимани амр қиласиз?» дедим.
«Намозни вақтида ўқи. Улар билан уни топиб қолсанг ҳам ўқийвер. У сенга нафл бўлади», дедилар».
Тўрт «Сунан» соҳиблари ривоят қилишган.
Эркак киши аёлга ёки ёш болага, таҳоратли узрлига, қори уммийга, кийимли яланғочга, имо қилмайдиган имо қиладиганга, фарз ўқувчи нафл ўқувчига ва бир фарзни ўқувчи бошқа фарзни ўқувчига иқтидо қилмайди.

Бу жумлада баъзи намозхонларнинг баъзиларга иқтидо қилиши мумкин эмаслиги ҳақида сўз кетмоқда.
1. Эркак киши аёл кишига иқтидо қилмайди.
Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва салафи солиҳнинг даврларидан ҳозиргача бу шаклдаги иқтидо бўлмаган. Аёл кишининг эркакка имом бўлиши хаёлга ҳам келмаган масаладир.
2. Эркак киши ёш болага иқтидо қилмайди.
Бунинг далили Абдурраззоқ Ибн Аббосдан қилган қуйидаги ривоятдир:

رَوَاهُ عَبْدُ الرَّزَّاقِ مِنْ حَدِيثِ ابْنِ عَبَّاسٍ مَرْفُوعًا: لَا يَؤُمُّ الْغُلَامُ حَتَّى يَحْتَلِمَ

«Fулом то эҳтилом бўлмагунича имом бўлмайди».
Баъзи уламолар: «Балоғатга етган шахс ёш болага таровеҳда иқтидо қилса бўлади», деганлар.
3. Таҳоратли узрлига иқтидо қилмайди.
Чунки пешоби доим оқиб турадиган каби узрли шахс ҳақиқатда бетаҳорат ҳолда намоз ўқийди. Фақатгина ноиложликдан у бетаҳорат эмас, дея ҳукм қилинган.
4. Қори уммийга иқтидо қилмайди.
Чунки қори Қуръон қироатини яхши билади. Уммий эса ўқимаган, саводсиз одамдир.
5. Кийимли яланғочга иқтидо қилмайди.
Чунки кийимли одамнинг ҳоли кийимсизникидан кучлидир.
6. Имо қилмайдиган имо қиладиганга иқтидо қилмайди.
Чунки имо қилмайдиганнинг ҳоли имо қиладиганнинг ҳолидан кучлидир.
7. Фарз ўқувчи нафл ўқувчига иқтидо қилмайди.
Чунки фарз ўқувчининг ҳоли нафл ўқувчининг ҳолидан кучлидир.
8. Бир фарзни ўқувчи бошқа фарзни ўқувчига иқтидо қилмайди.
Чунки иқтидо ниятга боғланган такбири таҳримада шерик бўлиш ва бадан амалларининг бир-бирига мувофиқ бўлишидир. Бу ҳолда эса ният ҳар хил бўлади.
Имом намозни ва бомдоддан бошқада биринчи ракъат қироатини чўзиб юбормайди.
Чунки намозни чўзиб юбориш одамларга малол келиши ва фитна чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари намозни чўзмаганлар ва бошқа имомларга ҳам чўзмасликни тайинлаганлар.

عَنِ أَبِي مَسْعُودٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلًا قَالَ: وَاللهِ يَا رَسُولَ اللهِ إِنِّي لَأَتَأَخَّرُ عَنْ صَلَاةِ الْغَدَاةِ مِنْ أَجْلِ فُلَانٍ مِمَّا يُطِيلُ بِنَا. فَمَا رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فِي مَوْعِظَةٍ أَشَدَّ غَضَبًا مِنْهُ يَوْمَئِذٍ، ثُمَّ قَالَ: إِنَّ مِنْكُمْ مُنَفِّرِينَ، فَأَيُّكُمْ مَا صَلَّى بِالنَّاسِ فَلْيَتَجَوَّزْ، فَإِنَّ فِيهِمُ الضَّعِيفَ وَالْكَبِيرَ وَذَا الْحَاجَةِ، وإِذَا صَلَّى لِنَفْسِهِ فَلْيُطَوِّلْ مَا شَاءَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши:
«Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, фалончининг чўзиб юбораётгани сабабли бомдод намозига кеч чиқяпман», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор бир мавъизада ўша кундагидек қаттиқ ғазабланганларини кўрмаганман. Кейин у зот:
«Орангизда (намоздан) бездирувчилар бор. Қай бирингиз одамларга намоз ўқиб берса, енгил қилсин. Чунки ораларида заифлар, кексалар ва юмушлилар бор. Қачон ўзи намоз ўқиса, хоҳлаганича чўзсин», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Имом намозга ўтар экан, қавм ичидаги энг заиф, ёши катта ва шошилиб турган кишиларнинг ҳолатини эътиборга олиши шарт. Намозни енгил ўқиш лозим. Аммо бу енгиллик намознинг амалларини чала қилиш ҳисобига бўлмаслиги керак.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَا صَلَّيْتُ وَرَاءَ إِمَامٍ قَطُّ أَخَفَّ صَلَاةً وَلَا أَتَمَّ مِنَ النَّبِيِّ  صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، وَإِنْ كَانَ لَيَسْمَعُ بُكَاءَ الصَّبِيِّ فَيُخَفِّفُ مَخَافَةَ أَنْ تُفْتَنَ أُمُّهُ. وَفِي رِوَايَةٍ: إِنِّي لَأَقُومُ إِلَى الصَّلَاةِ وَأَنَا أُرِيدُ أَنْ أُطَوِّلَ فِيهَا فَأَسْمَعُ بُكَاءَ الصَّبِيِّ فَأَتَجَوَّزُ كَرَاهِيَةَ أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمِّهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра намози енгилроқ ва мукаммалроқ бирор имомнинг орқасида намоз ўқимаганман. У зот гўдак йиғисини эшитиб қолгудек бўлсалар, онаси чалғишидан қўрқиб, намозни енгил ўқир эдилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Мен намозни узун ўқимоқчи бўлиб тураман-да, кейин гўдак йиғисини эшитиб, онасига машаққат туғдириб қўйгим келмай, намозимни енгил қиламан», дейилган.
Бешовлари ривоят қилишган.

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ: أَنَّ مُعَاذَ بْنَ جَبَلٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ كَانَ يُصَلِّي مَعَ النَّبِيِّ  صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، ثُمَّ يَأْتِي قَوْمَهُ فَيُصَلِّي بِهِمْ الصَّلَاةَ، فَقَرَأَ بِهِمْ الْبَقَرَةَ قَالَ: فَتَجَوَّزَ رَجُلٌ فَصَلَّى صَلَاةً خَفِيفَةً، فَبَلَغَ ذَلِكَ مُعَاذًا، فَقَالَ: إِنَّهُ مُنَافِقٌ. فَبَلَغَ ذَلِكَ الرَّجُلَ، فَأَتَى النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّا قَوْمٌ نَعْمَلُ بِأَيْدِينَا وَنَسْقِي بِنَوَاضِحِنَا، وَإِنَّ مُعَاذًا صَلَّى بِنَا الْبَارِحَةَ فَقَرَأَ الْبَقَرَةَ، فَتَجَوَّزْتُ فَزَعَمَ أَنِّي مُنَافِقٌ. فَقَالَ النَّبِيُّ  صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: «يَا مُعَاذُ، أَفَتَّانٌ أَنْتَ؟ - ثَلَاثًا - اقْرَأْ  ﴿وَالشَّمْسِ وَضُحَاهَا﴾، وَ ﴿ سَبِّحِ اسْمَ رَبِّكَ الْأَعْلَى ﴾ وَنَحْوَهَا». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:
«Муъоз ибн Жабал Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқир, сўнгра қавмига келиб, уларга ўша намозни ўқиб берар эди. Уларга Бақара(сураси)ни (зам сура қилиб) ўқиб берди. Шунда бир киши (жамоатдан) ажраб чиқиб, (алоҳида ўзи) енгил намоз ўқиб олди. Муъозга бунинг (хабари) етгач:
«Албатта, у мунофиқдир», деди. Ўша (гап) ҳалиги одамга етди. Шунда у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Албатта, биз қўлларимиз билан меҳнат қиладиган ва обкаш туяларимиз билан (экинларимизни) суғорадиган қавммиз. Муъоз кеча (кечқурун) бизларга намоз ўқиб берди. (Унда) Бақарани ўқиди. Шунда (жамоатдан) ажраб чиқдим. У мени мунофиқ деб ўйлабди», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Муъоз, сен фитначимисан?! – деб уч марта айтдилар ва унга: – «Ваш-шамси ва зуҳаҳа» ва «Саббиҳисма роббикал-аълаа» ва шуларга ўхшашларини қироат қилгин», дедилар».
Икки шайх ривоят қилишган.
Бомдоддан бошқада биринчи ракъат қироатини чўзиб юбормайди.
Чунки бомдод вақтида кўпчилик ғафлатда бўлади. Кўпроқ одам жамоатга етиб олсин, деган мақсадда қироатни узун қилинади. Қолган намозларда бомдоддагига ўхшаб биринчи ракъатни иккинчисидан кўра чўзиб юбормайди. Аммо уч оятгача чўзилса, ҳечқиси йўқ.
Муқтадий бир киши бўлса, унинг ўнг тарафида туради.
Унинг оёқ бармоқларининг учлари имомнинг товони билан баробар бўлади. Агар оёқлари бир текис турса ҳам жоиз, фақат олдинга ўтиб кетмаса бўлди. Бунинг далили қуйидаги ҳадисдир:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: بِتُّ عِنْدَ خَالَتِي مَيْمُونَةَ، فَقَامَ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يُصَلِّي مِنَ اللَّيْلِ، فَقُمْتُ أُصَلِّي مَعَهُ عَنْ يَسَارِهِ، فَأَخَذَنِي بِرَأْسِي فَأَقَامَنِي عَنْ يَمِينِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Холам Маймунанинг ҳузурларида тунаб қолдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси туриб, намоз ўқий бошладилар. Мен ҳам у зотнинг чап томонларида туриб намоз ўқий бошладим. У зот менинг бошимдан ушлаб, ўнг томонларига турғизиб қўйдилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Биттадан кўп бўлса, орқасида туради.
Бунинг далили қуйидаги ҳадисдир:

عَنْ سَمُرَةَ بْنِ جُنْدَبٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَمَرَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم إِذَا كُنَّا ثَلاثَةً أَنْ يَتَقَدَّمَنَا أَحَدُنَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, биз уч киши бўлсак, биримизнинг олдинга ўтишимизни амр қилардилар».
Термизий ривоят қилган.
Демак, имомга иқтидо қилувчилар икки эркак кишидан иборат бўлсалар, имомнинг орқасида турадилар. Икки нафардан ортиқ эркак киши бўлса ҳам шундай. Агар иккитадан ортиғи орқага ўтмаса, макруҳи тахримий бўлади.
Аввал эркаклар, кейин болалар, сўнгра хунасалар ва улардан кейин аёллар саф тортадилар.
Бунинг далили қуйидаги ҳадислардир:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: صَلَّى النَّبِيُّ  صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فِي بَيْتِ أُمِّ سُلَيْمٍ، فَقُمْتُ وَيَتِيمٌ خَلْفَهُ، وَأُمُّ سُلَيْمٍ خَلْفَنَا. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Сулаймнинг уйида намоз ўқидилар. Мен ва бир етим бола у зотнинг орқаларида турдик. Умму Сулайм эса бизнинг орқамизда турди».
Тўртовлари ривоят қилишган.

وَعَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَمَّهُ وَامْرَأَةً مِنْهُمْ، فَجَعَلَهُ عَنْ يَمِينِهِ، وَالْمَرْأَةَ خَلْفَ ذَلِكَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ва улардан бир аёлга имомлик қилдилар. Бас, уни ўнг томонларига, аёлни эса унинг орқасига қўйдилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «لِيَلِنِي مِنْكُمْ أُولُو الْأَحْلَامِ وَالنُّهَى، ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ – ثَلَاثًا - وَإِيَّاكُمْ وَهَيْشَاتِ الْأَسْوَاقِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга сизлардан етуклик ва ақл эгалари яқин турсин. Сўнгра уларга яқин келадиганлар, – деб уч марта айтдилар. – Бозорларнинг шовқинидан эҳтиёт бўлинг», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Демак, жамоат намозида имомга энг яқин турадиган кишилар ҳар жиҳатдан етук ва ақл эгаси бўлишлари керак. Бошқача қилиб айтганда, имом намозни адо этишда ёки қироатда адашиб қолса, уни тузатиб қўядиган ёки бирор сабабга кўра намозни тарк этадиган бўлса, ўрнига ўтиб, келган жойидан намозга имомлик қилиб кета оладиган шахслар бўлишлари керак. Ҳар ким имомнинг орқасига ёки унга яқин жойга ўзини уриб, сафга туриб олавериши ҳам дуруст эмас.

عَنْ أَبِي مَالِكٍ الْأَشْعَرِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَصُفَّ الرِّجَالَ أَوَّلًا ثُمَّ الْغِلْمَانَ خَلْفَهُم. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَلَفْظُهُ: وَيَجْعَلُ الرِّجَالَ قُدَّامَ الْغِلْمَانِ، وَالْغِلْمَانَ خَلْفَهُمْ، وَالنِّسَاءَ خَلْفَ الْغِلْمَانِ

Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафга аввал эркак кишиларни, сўнгра ўғил болаларни тизар эдилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Аҳмаднинг лафзида:
«Эркакларни ўғил болалардан олдин, ўғил болаларни уларнинг ортига ва аёлларни ўғил болалар ортига қўяр эдилар», дейилган.
Такбири таҳрима ва адода икковлари шерик бўлган мутлақ намозда аёл киши (сафда) эркакка тенглашиб қолса ва у (эркак) аёлга имомликни ният қилган бўлса, эркакнинг намози фосид бўлади(бузилади).
Чунки эркак олдинга ўтиш ҳақидаги амрни бажармади.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: صَلَّى النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فِي بَيْتِ أُمِّ سُلَيْمٍ، فَقُمْتُ وَيَتِيمٌ خَلْفَهُ، وَأُمُّ سُلَيْمٍ خَلْفَنَا. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Сулаймнинг уйида намоз ўқидилар. Мен ва бир етим бола у зотнинг орқаларида турдик. Умму Сулайм эса бизнинг орқамизда турди».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Агар аёл киши эркак киши билан бир сафда турганда намоз бузилмаганида, ёлғиз киши бир ўзи саф тортиши мумкин бўлмагани учун, Умму Сулаймнинг бир ўзи сафда туришига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат бермаган бўлар эдилар.
Бўлмаса, аёлнинг намози (бузилади).
Чунки аёлнинг иқтидоси тўғри бўлмади.

"Кифоя" китобидан Шайх Муҳаммад Содиқ раҳимаҳуллоҳ

 


8 йил аввал 11641 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ишораи саббоба
Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди. Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига давоми...
8 йил аввал 50321 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларга яқинда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлган юртлар бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан давоми...
8 йил аввал 10799 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қазо намозларни адо этиш шартми?
Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги давоми...
8 йил аввал 36963 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
8 йил аввал 8486 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
8 йил аввал 13243 fiqh.uz