Никоҳ ва талоққа оид савол-жавоблар


Савол: Хотин: «Талоғимни  беринг», деса, эр: «Биттасан», деса, нечта ва қандай талоқ тушади?
Жавоб: Битта ражъий талоқ тушади («Фатавои ҳиндия»).
Савол: Хотин эрига: «Сен менинг эрим эмассан», деса, жавобига эри: «Тўғри айтдинг», деса, талоқ тушадими?
Жавоб: Агар эр: «Тўғри айтдинг» деганида талоқни ният қилса, тушади. Талоқни ният қилмаса, тушмайди («Фатавои ҳиндия»).
Бир аёлнинг эри сафарга кетиб, бедарак бўлиб, на ўлгани, на тириклиги маълум бўлмаса, Ҳанафий мазҳабига биноан, бир ривоятда эрининг тенгдошлари вафот этиб кетгунигача, баъзи ривоятларда тўқсон, баъзиларнинг наздида эса етмиш йилгача кутишига фатво берилган. Аммо аёлнинг ёлғиз ҳолатда иффатини сақлаши, зинога юриб кетмаслигининг тадбирини қилиб, нону нафақасини топишда қийналишини эътиборга олиб, никоҳни бекор қилишга ҳаққи бор. Лекин бунинг учун бир неча шартлар мавжуд:
1. Аёл киши муфтий ёки қозининг олдида бир неча вақтдан буён эрининг дараги йўқлиги ҳақида арз қилади. Бу даъвосига иккита гувоҳни келтиради;
2. Қози аёлнинг ҳолатини инобатга олиб, унинг эри тўғрисида суриштирув ишларини олиб боради. Агар ҳеч қандай хабар бўлмаса, аёлнинг яна тўрт йил сабр қилиб, кутиши ҳақида ҳукм чиқаради. Агар шу муддат ўтганидан кейин ҳам эридан хабар бўлмаса, қози никоҳни бекор қилиб, у аёлни ражъий талоқ иддасида ўтиришга ҳукм чиқаради. Идда муддати ўтганидан сўнг бу аёл бошқа одамга никоҳланиши мумкин бўлади.
Албатта, бу кутиш аёлга эрининг уйидагилари томонидан бирор нафақа ёки ёрдам бўлиб турган ҳолатлардагина бўлади. Аммо эр ёки қариндош-уруғлари томонидан таъминотнинг иложи бўлмаса ёки эрининг йўқлигида аёлнинг соғлиғига хатар бўлса ёки аёлнинг зинога қўл уриши хавфи кучли бўлса, қози муддатни бир йилга қисқартириши мумкин (ал-Ҳийлатун ножиза).
Бир киши ўзининг ватанидан кўчиб кетса ва қаерда юргани аниқ бўлса ва у ватанига келмаса, хотинини ҳам олиб кетмаса, нафақасини ҳам адо қилмаса, шу туфайли аёли танг аҳволга тушиб қолса, бутун имомларнинг иттифоқига биноан, эрни хулуъ қилишга чақирилади. Агар эр ҳулуъ қилишга рози бўлмаса, у аёл сабр қилиб, иффатини сақлаб ҳаёт кечиришга қодир бўлса, шундай яшагани афзал. Мабодо қодир бўлмаса, қаттиқ мажбурлиги туфайли Моликий мазҳабига мувофиқ, никоҳини бекор қилдиришига ихтиёр берилади. Бунинг сурати шундай:
Бу аёл қозининг олдига шикоят арзи билан келади. Аввало у аёл ўша кишининг никоҳида эканини исбот қилади. Сўнгра эрлик ҳаққини, яъни таоми ва нафақасини адо қилмаётганлигига гувоҳлар келтириб, қасам ичади. Шунда қози ўша кишига хат орқали келиб, эрлик ҳақларини адо этишини ёки ўша ерда туриб, талоқ беришини талаб қилади, агар буларга рози бўлмаса, қозият (қозилар маҳкамаси) томонидан никоҳлари бекор қилинишини эълон қилади. Шунда ҳам эр ушбу шартларни қабул қилмаса, хотиннинг яна бир ой кутиши ҳақида ҳукм чиқарилади. Агар бир ойдан кейин ҳам эрдан бирор жавоб бўлмаса, қозият томонидан улар ўртасидаги никоҳ бекор қилинади. Бунда хотин томонидан никоҳни бекор қилиш даъвоси бўлиши шарт.
Агар мутлақо бедарак бўлиб кетган шахс никоҳ бекор қилинганидан кейин хотинининг олдига қайтиб келса, агар хотин иддада ўтирган бўлса, никоҳига қайтариб олиши мумкин. Агар иддаси тугаганидан кейин келса, бу ҳолатнинг бир оз тафсилоти бор.
Агар эр аёлнинг даъвоси нотўғри эканини исбот қилса, яъни унга олдиндан катта миқдорда нафақа ташлаб кетганлигини ёки у ердан жўнатиб турганлигини исбот қилса, хотин ўзининг никоҳида қолади, агар у аёл бошқа эрга тегиб, ундан фарзанд кўрган бўлса ҳам. Аввалги эрнинг никоҳи боқий саналиб, у аёлнинг иккинчи никоҳи бекор, деб ҳукм қилинади. Бу ҳолатда аввалги эр никоҳини янгидан ўқитиши, маҳр белгиланиши зарур эмас. Албатта, аёл иккинчи эри билан хилвати саҳиҳа (аҳди никоҳдан кейин эр-хотин бир жойда холи қолиб, уларни жинсий алоқадан тўсувчи ҳиссий, шаръий ва табиий монеликлар бўлмаслиги кўзда тутилади) қилган бўлса, иддада ўтириши вожиб бўлади.
Агар эр хотиннинг даъвоси бекорлигини исбот қила олмаса, у аёлнинг қози буюруғига кўра аввалги эридан идда ўтиргандан кейин иккинчи эрга қилинган никоҳи дуруст бўлади.
Савол: Эр-хотин жанжаллашиб, хотин: «Жавобимни беринг!» деди. Эр: «Йўқол! Отангникига жўна! Жавобингни  бердим», деса, неча талоқ талоқ тушади?
Жавоб: Бу ўринда учта жумла бор. Биринчиси – «Йўқол», иккинчиси – «Отангникига жўна!» учинчиси – «Жавобингни бердим».  Хотиннинг «Жавобимни беринг», дейиши «музокараи талоқ», яъни талоқни музокара қилиш ҳолати бўлиб, ушбу ҳолатда «Йўқол» деган киноя лафзи билан бир боин талоқ тушади. Иккинчи – «Отангникига жўна!» лафзи киноя лафзи бўлиб, бу билан боин талоқ тушади.

البائن الكنائى لا يلحق البائن

«Боин талоққа киноий боин талоқ қўшилмайди» деган қоидага биноан, бу ҳолатда иккинчи талоқ тушмайди. Учинчи – «Жавобингни бердим» лафзининг айтилиши бизнинг урфда сариҳ талоқ саналиб, у билан ражъий талоқ тушади. Хуллас, ушбу лафзларнинг айтилиши билан икки талоқ тушади.
Савол: Агар эр талоқни ният қилиб: «Ўртамизда никоҳ қолмади» ёки «Ўртамизда никоҳ йўқ» деса, талоқ тушадими?
Жавоб: Бу ҳолатда боин талоқ тушади («Фатавои ҳиндия»).
Савол: Одатда бизнинг диёрларда никоҳни имом домлалар ўқишади. Агар домла келин бўлмишга: «Бағишладингизми?» деса, қиз эса: «Бағишладим», дейиш ўрнига  овоз чиқармай, боши билан «Ҳа» деган ишорани қилса, никоҳ боғланадими?
Жавоб: Ийжоб ва қабул никоҳнинг рукни саналади. Агар у топилмаса, никоҳ боғланмайди. Ийжоб ва қабул боғланиши учун улар ўтган замонда бўлиши ёки бири амр, иккинчиси ўтган замонда бўлиши шарт. Масалан:
1. Домла қизга: «Бағишладингизми?» деса, қиз: «Бағишладим», дейиши;
2. ёки домла: «Фалончининг жуфти ҳалоли бўлишга розимисиз?» деса, қиз: «Розиман», дейиши;
3. ёки йигит: «Менга турмушга чиқинг», деса, қиз: «Сизга турмушга чиқдим»,  дейиши керак.
Агар қиз «Бағишлайман», «Рози бўламан», «Сизга турмушга чиқаман», деб келаси замон билан айтса ёки овозини чиқармасдан, ишора билан жавоб берса, никоҳ боғланмайди. Шунингдек, куёв бўлмиш «Қабул қиламан», «Никоҳимга олишга рози бўламан», деб келаси замон феъли билан қабул қилса ҳам, никоҳ боғланмайди. Балки «Қабул қилдим», «Розиман», «Никоҳимга олдим», десин. Баъзи ўринларда келин қолиб, келиннинг ўрнига амма-холалари «Розиман» ёки «Розимиз», деб юборишади, бу билан ҳам никоҳ боғланмайди.
Никоҳнинг боғланиши учун келин билан куёвнинг ҳар бири ҳамда энг ками икки эркак ёки бир эркак, икки аёл келин-куёвнинг «Бағишладим», «Қабул қилдим» деган сўзларини эшитган бўлишлари шарт. Агар бир-бирларининг сўзларини эшитишмаса, никоҳ боғланмайди. Мабодо келин-куёв ёки гувоҳлардан бирининг қулоғи оғир бўлиб, «Бағишладим» ва «Қабул қилдим» лафзларидан бирортасини эшитмай қолса, никоҳ боғланмайди («Роддул мухтор»)


8 йил аввал 41589 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Хотин: «Жавобимни беринг!» деди
Савол: Эр-хотин жанжаллашиб, хотин: «Жавобимни беринг!» деди. Эр: «Йўқол! Отангникига жўна! Жавобингни  бердим», деса, неча талоқ талоқ тушади?Жавоб: Бу ўринда учта жумла бор. давоми...
8 йил аввал 13039 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Талоқ ҳақида
Талоқ сўзи луғатда "Моддий ва маънавий тугинни ечиш" маъносини билдиради. Шаърий маъноси эса, махсус лафз билан никоҳни кетказиш ёки ҳалолни нуксонга учратишга талоқ дейилади. Махсус лафздан мурод талоқ ёки давоми...
8 йил аввал 114948 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
"Зиҳор"
"Зиҳор" сузи “зоҳир” сўзидан олинган бўлиб, инсоннинг орка бел томонига айтилади. Шариатда эса эрнинг ўз хотинига “сен мен учун онамнинг орқа бел томони кабисан” дейишига айтилади.Бу онам хотиним давоми...
8 йил аввал 11191 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ийло ва хотинни ихтиёрини ўзига бериш
“Ийло” луғатда “қасам ичиш” маъносини англатади. Шариатда эса, эрнинг хотинига тўрт ой ёки ундан кўп муддат жинсий яқинлик қилмасликка қасам ичишига айтилади.Бу ҳукм ҳам ислом хотинлар устидан давоми...