Ийло ва хотинни ихтиёрини ўзига бериш


“Ийло” луғатда “қасам ичиш” маъносини англатади. Шариатда эса, эрнинг хотинига тўрт ой ёки ундан кўп муддат жинсий яқинлик қилмасликка қасам ичишига айтилади.

Бу ҳукм ҳам ислом хотинлар устидан жоҳилиятнинг яна бир зулмини олиб ташлашидир. Чунки, жоҳилият даврида эрлар бўлган-бўлмаган нарса учун ҳам хотинига йиллаб яқинлик қилмасликка қасам ичар эдилар. Шу билан хотин бечора, хотин ҳам бўла олмас, боши очиқ ҳам бўла олмасдан юраверар эди.
للذين يؤلون من نسآئهم تربص اربعةاشهر فان فاءو فان الله غفور رحيم (٢٢٦)
و ان عزموا الطلق فان الله سميع عليم
“Ўз аёлларидан “ийло” қиладиганлар тўрт ой кутарлар. Бас агар қайтсалар албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир. Агар талоқни қасд қилсалар, албатта Аллоҳ ўта эшитувчи ва ўта билувчи зотдир”. (Бақара сураси 226-227).
“Ийло” қилган одамга тўрт ой муҳлат берилади. Шу муддат ичида хотинига қайтиб, яқинлик қилиб кетса, яхши. Аллоҳ уни мағфират қилади. Аммо тўрт ойдан кейин ҳам яқинлик қилмаса, қози орасини ажратиб қўяди.
عن بن عباس رضى الله عنه قال اذا حرم الرجل عليه امراءته فهى يمين يكفرها و
قال لقد كان لكم فى رسول الله اسوة حسنة
Ибн Аббос (р.а.): “Қачон эркак киши ўзига хотинини ҳаром қилса, қасам саналади ва каффорот беради. Батаҳқиқ, сизлар учун Расулуллоҳ (с.а.в.)да яхши ўрнак бордир”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз жуфтлари Мория (р.а.)га яқинлашмасликка қасам ичган эдилар. Сўнг Аллоҳнинг буйруғи билан яқинлик қилган эдилар ва қасамни бузганлари учун каффорот берган эдилар. Демак, қайси бир мусулмон “Ийло” қилса, ё тўрт ой ичида яқинлик қилиб каффорот беради, ё тўрт ой ўтгандан бир талоқи боин тушиб хотини билан ажрашади. Агар эркак тўрт ой ичида қайтмоқчи бўлса-ю, жимоъга қодир бўлмаса, унинг қайтишлиги “сенга қайтдим” деган сўз билан бўлади.


Хотиннинг ихтиёрини ўзига бериш


Оиша р.а.дан ривоят қилинади:
عن عائشة رضى الله عنها قالت خيرنا رسول الله صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ
فاخترنا الله و رسوله فلم يعد ذلك علينا شيأ
“Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга ихтиёримизни бердилар. Биз Аллоҳни ва унинг расулини ихтиёр қилдик. Ана ўша биз учун ҳеч нарса саналмади”. Расулуллоҳ (с.а.в.) Оиша онамиздан бошлаб барча хотинларига талоқ қилиш ихтиёрини бердилар. Шунда уларнинг барчаси: “Биз Аллоҳни ва унинг Расулини хоҳлаймиз”, дейишгандан сўнг уларга талоқ тушмади.
Эр хотинга “ихтиёринг ўзингда” деса, уч шарт билан талоқ қилиш ихтиёри аёлга ўтиб қолади.
1. Бу гап билан эр талоқни ният қилган бўлиши керак.
2. Хотин бу ишнинг ўзига ўтганини аниқ билиши керак.
3. Эр ёки хотиннинг сўзида “ўз” калимаси бўлиши керак. Яъни эр “ўзингни ихтиёр қил” дейиши ёки хотин “ўзимни ихтиёр қилдим” дейиши лозим.
Ана ўша пайтда хотин “ўзимни ихтиёр қилдим” деса, бир боин талоқ тушади. Агар хотин “сени ихтиёр қилдим” деса, ҳеч нарса тушмайди.
Талоқ ихтиёри хотинга берилганда у дарҳол қабул қилмаса, ихтиёр қўлидан чиқади. Агар у қарор қабул қилмай туриб эри унга жинсий яқинлик қилса ҳам ихтиёр қўлидан чиқади. Чунки ихтиёри қўлида бўлиб турганда эри билан бирга бўлишга розилигини аён қилавериши содир бўлди. Бу у эрини ихтиёр қилди дегани бўлади.
Қачонки аёл кишининг ихтиёри ўзига топширилса, у ўша хабар ўзига етган мажлисда дарҳол қарор қабул қилиши керак. Мажлисдан туриб кетса, ихтиёр қўлидан кетади. Шунингдек, мажлисда туриб шу масаладан бошқа иш билан машғул бўлса ҳам ихтиёр қўлидан кетади. Аммо кийим кийса, сув ичса, маслаҳат учун ота-онасини ёки гувоҳларни чақиртирса, ихтиёри кетмайди.
Агар эр “ихтиёр қил” лафзини уч марта такрор қилса, аёл биттасини ихтиёр қилса уч талоқ тушади. Агар эр хотинига талоқни топшириш нияти билан “ишинг қўлингда” деса ва аёл қабул қилса, боин талоқ тушади. Шу ҳолда эр агар уч талоқни ният қилса уч талоқ тушади.

Хотинни талоғини осиб қўйиш

Хотинни талоғини бирор шартга осилтириб қўйишнинг дуруст бўлиш шарти мулкдир. Яъни талоқ қилинадиган вақтда хотин эрининг никоҳида бўлмоғидир. Агар бегона хотинга “сен ҳовлига кирсанг талоқсан” деса, кейин ўша хотинни никоҳлаб олса-ю, у хотин ҳовлига кирса талоқ қилинган вақтда никоҳ бўлмаганлиги учун талоқ тушмайди. Агар ўз хотинига “фалон ҳовлига кирсанг, мендан талоқ бўласан” деса, хотини шундан сўнг ўша ҳовлига кирса, таълиқ вақтида хотин эрининг никоҳида бўлгани сабабли талоқ тушади.
Ёки таълиқни мулкка изофа қилмоқ шартдир. Масалан, бир бегона хотинга “сени ҳар қачон никоҳлаб олсам, талоқсан” деса, никоҳлаб олган заҳоти талоқ тушади. Имом Шофиий (р.а.) бу ҳолда талоқ бўлмайди, деганлар. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.):
لا طلق قبل النكاح
“Никоҳ қилмасдан олдин талоқ йўқдир” деганлар. Бизнинг далилимиз шуки, айтилган шарт ва унинг жазоси борлиги сабабли талоқ қасам ҳисобланади. Бундай ҳолда талоқнинг саҳиҳ бўлиши учун талоқ қилишга эга бўлмоқ шарт қилинмайди. Имом Шофиий далил қилган ҳадис эса: “Никоҳ қилинмасдан олдин қилинган талоқ дарҳол амалга ошмайди” деган маънода бўлиб, бу маъно салаф олимлар – Шаъбий, Зуҳрий ва бошқалардан ривоят қилинган.
Талоқни шартга таълиқ қилганда айтиладиган лафзлар: “ин” – агар, “иза” – ҳар вақтики, “изама” – қайси вақт, “мата” – қачон, “матама” – ҳамиша, “куллу” – ҳар, “куллама” – ҳар борлардир. Мазкур лафзлар ишлатилгандан сўнг улар боғланган шартлар вужудга келса, уларнинг жазоси ечилиб, қасам тугаган ҳисобланади. Чунки бу лафзлар такрорни ва умумийликни ифодаламайди. Бу лафзлар билан жазо бўлмиш талоқ воқе бўлади. Лекин “куллама” лафзи билан айтса, масалан, “ҳар вақт уйга кирсанг талоқ бўлурсан” деса, таълиқнинг адо ва тамом бўлмоғи ва ечилмоғи учун хотин уч маротаба уйга кириб уч маротаба талоқ тушиши керак. Чунки “куллама” лафзи иш-ҳаракатларнинг умум давомли бўлишини талаб қилади. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 56-оятида:
كلها نصجت جلودهم بدلنهم جلودا غيرها
“Қачонки уларнинг терилари куйиб битса биз уларга унинг ўрнига бошқа териларни алмаштирамиз” деган.
Агар шарт мулкдан бошқада мавжуд бўлса, яъни шарт никоҳида бўлмаганда топилса, таълиқ ечилгай ва очилгай, яъни қилган шарти тамом бўлгай. Жазо воқеъ бўлмайди, яъни хотинига талоқ тушмайди.
Мулкнинг йўқ бўлиши таълиқни ботил қилмайди, балки шартнинг мавжуд бўлиши таълиқни йўқ қилади. Масалан, бир одам хотинига: “Сен бу ҳовлига кирсанг, талоқи боинсан” деса, хотин ўша уйга кирмасдан олдин эр дарҳол бир талоқи боин қилса, ундан кейин яна никоҳлаб олса, идданинг ичида ё иддадан кейин мазкур ҳовлига кирса, яна талоқ тушгай. Чунки таълиқ мулкдир, йўқ бўлган бирла шарти мавжуд бўлмаса ботил бўлмайди.
Уч талоқ қилинган хотин бошқа эрга тегиб чиққандан сўнг аввалги эрига никоҳланса, шундан сўнгина хотин шарт қилинган уйга кирса талоқ тушмайди. Магар талоқ тушади, никоҳланмоқни шарт қилиб: “Ҳар вақтики сени никоҳлаб олсам талоқ бўлурсан” деса, ҳар бор никоҳлаб олганда талоқ тушади, агарки етмиш марта никоҳлаб олса ҳам.
Агар эр-хотин шартни топилганида ихтилоф қилсалар, эрнинг сўзи қасам билан эътиборлидир. Лекин хотиннинг сўзи гувоҳ ё бошқа ҳужжат бўлсагина эътиборга олинади.
Хотинлардан сўраб биладиган шартга таълиқ қилганда, масалан, “агар сен ҳайз кўрсанг, сен ва фалончи хотиним талоқ бўлурсизлар” деса, ўша хотин “ҳайз кўрдим” деса, бу сўз “ҳайз кўрдим” деган хотин ҳақида қабул қилинади. У талоқ бўлади. Бу сўз фалончи бўлмиш иккинчи хотин ҳақида қабул қилинмайди. Бу қачонки эр хотинининг сўзига ишонмаса, аммо хотинининг сўзига ишонса фалончи ҳам талоқ бўлади.
Агар эр хотинига “агар сенинг юрак оғриғинг бўлса талоқсан” деса, шундан кейин хотини “менинг юрак касаллигим бор” деса албатта талоқ бўлади. Юқоридаги “агар сен ҳайз кўрсанг талоқсан” деганда ҳайз кўравергандан кейин бу уч куннинг аввалида талоқ тушганига ҳукм қилинади. Агар эр хотинга “агар бир ҳайз кўрсанг талоқсан” деса, у хотин ҳайздан пок бўлган вақтда талоқ тушади. Чунки ҳайз деб урфда комил ва тўлиқ бўлган ҳайзга айтилади.
Эр: “агар рўза тутсанг талоқсан” деса хотин бир соат рўза тутиши билан талоқ тушади.
Эр: “бир кун рўза тутсанг талоқсан” деса, сўнг хотин рўза тутса, кун ботиши билан талоқ тушади. Агар эр хотинига: “ўғил туғсанг бир талоқсан ва қиз туғсанг икки талоқсан” деса, ва у хотин бир ўғил ва бир қиз туғса, аммо қайси бири олдин туғилгани билинмаса, у хотин ҳукм жиҳатидан бир талоқ, пок ва эҳтиёт бўлмоқ жиҳатидан икки талоқ бўлади. Иккинчи болани туғиш билан иддаси тамом бўлади.
Агар эр хотинининг талоқ бўлмоғини икки шартга осиб қуйса, ундан кейин хотин никоҳида турганида иккинчи шарти топилса, талоқ тушади. Масалан, эр хотинининг “Зайд билан Бакрнинг иккаласи билан сўзлашсанг, уч талоқ бўласан” деса, шундан кейин хотинини бир талоқ қилса, иддаси чиқса, Зайд билан сўзлашса, шундан сўнг қайтадан никоҳлаб олса, никоҳдан кейин Бакрга гапирса, аввалги бир талоқ билан уч талоқ бўлади. Аммо у қўйилган хотин қайта никоҳдан олдин Бакрга сўзласа, никоҳлангандан кейин қайтадан Бакр билан гаплашса ҳам талоқ тушмайди.
Дарҳол уч талоқ қилиш таълиқни йўқ қилиб юборади. Масалан, агар бир киши хотинига: “уйга кирсанг талоқ бўласан” деб шарт қилса, у хотин уйга кирмасдан олдин эри ўша вақтда дарҳол уч талоқ қилса, ҳалола қилиб ва икки иддадан кейин яна никоҳлаб олса, ундан кейин шарт топилса, яъни ўша хотин уйга кирса ҳам талоқ тушмайди. Агар талоқ қилиш сўзига “иншааллоҳ” сўзини қўшиб айтса, ул сўзнинг ҳукми ботил ва бекор бўлади. Масалан, бир одам хотинига: “сен талоқсан, агар худо хоҳласа” ёки қулига: “сен озодсан, худо хоҳласа” деса хотини талоқ ва қули озод бўлмайди.


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Никоҳ ва талоққа оид савол-жавоблар
Савол: Хотин: «Талоғимни  беринг», деса, эр: «Биттасан», деса, нечта ва қандай талоқ тушади?Жавоб: Битта ражъий талоқ тушади («Фатавои ҳиндия»). Савол: Хотин эрига: давоми...
3 йил аввал 17166 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Хотин: «Жавобимни беринг!» деди
Савол: Эр-хотин жанжаллашиб, хотин: «Жавобимни беринг!» деди. Эр: «Йўқол! Отангникига жўна! Жавобингни  бердим», деса, неча талоқ талоқ тушади? Жавоб: Бу ўринда учта жумла бор. давоми...
3 йил аввал 5000 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Талоқ ҳақида
Талоқ сўзи луғатда "Моддий ва маънавий тугинни ечиш" маъносини билдиради. Шаърий маъноси эса, махсус лафз билан никоҳни кетказиш ёки ҳалолни нуксонга учратишга талоқ дейилади. Махсус лафздан мурод талоқ ёки давоми...
3 йил аввал 45582 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
"Зиҳор"
"Зиҳор" сузи “зоҳир” сўзидан олинган бўлиб, инсоннинг орка бел томонига айтилади. Шариатда эса эрнинг ўз хотинига “сен мен учун онамнинг орқа бел томони кабисан” дейишига айтилади.Бу онам хотиним бўлсин, давоми...
3 йил аввал 6466 fiqh.uz