Дафнга оид масалалар


Аввал узунлиги мурда бўйича, эни эса тахминан қоматнинг ярмича бўлган катта айвон ковланади. Қанча чуқур бўлса, шунча яхши, аммо ўрта бўйли одам кўкрагидан паст бўлмаслиги керак. Қибла тарафдан мурда сиғадиган катта тешик

кавланади. Сўнгра узунлиги мурда бўйича, эни тахминан мурда қоматининг ярмича бўлган баландлиги ҳам ярим бўй бўлган чуқур кавланади, оёқ атрофи унча кенг бўлмаса ҳам зарари йўқ. Бу тешикни “лаҳад” дейилади. Бу хилда кавланган қабр қабрларнинг афзали ҳисобланади.
Шуни яхши билиб қўйиш керакки, лаҳадни мурданинг ўнг қўли қибла томонга бўладиган қилиб кавламоқ керак. Лаҳадга маййитнинг оёқ томони билан киритилади. Бошни шимол томон қилиб, юзини қибла томонга мойил ҳолда ётқизиб қўйилади. Сўнг кафаннинг боғланган тугунларини ечилади. Мурдани лаҳадга қўядиган киши бу дуони ўқийди.
Маъноси “Улуғ Аллоҳ номи билан сени қабрга қўйдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг миллатига биноан сени тупроққа топширдим”. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ибни Умар. “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитни қабрга киргизилиши вақтида:
“Улуғ Аллоҳ номи билан сени қабрга қўйдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг миллатига биноан сени тупроққа топширдим”.дер эдилар деб ривоят қилдилар.
Дафнга ҳозир бўлганлар маййитни ўз раҳматига олишини сўраб Аллоҳ таолога дуо қилиб турадилар маййитни яқин қариндошлари ва савоб олишни истаган ҳар бир киши бир сиқим тупроққа ушбу оятни ўқиб дам урадилар.
Маъноси. “Биз сизларни мана шундан яратдик яна шунга қайтарамиз ва шундан сизларни иккинчи бор чиқарамиз”. Бу тупроқларни йиғиб лаҳад ичига тўкилади. Лаҳад оғзи унинг ичига бирор нарса тушмаслиги учун кесак, хом ғишт, чим ёки шунга ўхшаш нарсалар билан бекитилади. Сўнгра айвони тупроққа тўлдирилади. Кавлаб чиқарилган тупроқнинг ҳаммасини қабр устига тортиб бир оз тепалик қилиб қўйилади. Мужтаҳид уламоларимиз лаҳадни пишиқ ғишт, ёғоч кабилар билан бекитишни макруҳ деганлар. Чунки, ёғоч бино мустаҳкамлигида ишлатилади, пишиқ ғишт эса олов асари ҳисобланади.
Имом Шофиий (р.а) ҳазрати Али(р.а)дан ривоят қилган ҳадисни далил қилиб, қабр устини текис қилишни ихтиёр қилганлар. Ҳанафий мазҳаб уламолари саҳобалар иттифоқи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларининг бир оз тепалик қилиб қўйилгани ҳамда бошқа бир неча ҳадисларни далил қилиб, қабр устини бир оз тепалик қилиб қўйилишини ихтиёр қилганлар. Қабр устидаги тупроқни шамол учириб юбормаслиги учун устига сув сепиб қўйилади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўғиллари Иброҳимнинг қабрига сув сепиб қўйганлар. Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига ҳазрати Билол сув сепганини ривоят қилганлар.
Ер қумлок ёки тошлоқ бўлиб, лаҳад кавлаш қийин бўлса, юқорида айтилгандек айвонга ўхшатиб чуқур кавланади. Мурда қўйилгандан сўнг устини тахта ва шунга ўхшаш нарсалар билан беркитилади.
Қабр устида ўтирмоқ, ухламоқ, инсоний ҳожатларни бажармоқ макруҳдир. Қабр бузилган бўлса сувамоқнинг зарари йўқ. Кимки ўзи учун қабр қазиб қўйса, савобга эришади. Бу тўғрида кўпгина ривоятлар келган. Қабр беркитилаётганда зарур бўлмаса, ҳўл дарахтларни қирқмасдан, қуриб қолган дарахтдан фойдаланиш лозим. Ҳеч бўлмаса бир мевасиз дарахтни ишлатмоқ керак. Қабрда Қуръон тиловат қилиш жоиз. Мужтаҳид уламоларимиздан бири Имом Муҳаммад (р.а.) қабрда Қуръон тиловат қилишнинг жоизлигига фатво берганлар. Машойихларимиз шу сўзни олганлар. Фатво ҳам шунга берилган.
“Дафн” сўзи луғатда “яшириш”, истилоҳда эса “маййитни тупроққа кўмиш” маъносини билдиради. Биринчи дафн қилган инсон Одам алайҳиссаломнинг фарзанди Қобилдир. Унга Аллоҳ таоло укаси Ҳобилни қандай дафн қилишни гўзал тарзда ўргатган.
فَبَعَثَ اللَّهُ غُرَابًا يَبْحَثُ فِي الأَْرْضِ لِيُرِيَهُ كَيْفَ يُوَارِي سَوْأَةَ أَخِيهِ قَال يَا وَيْلَتَى أَعْجَزْتُ أَنْ أَكُونَ مِثْل هَذَا الْغُرَابِ فَأُوَارِيَ سَوْأَةَ أَخِي فَأَصْبَحَ مِنَ النَّادِمِينَ.
“Аллоҳ ер кавлайдиган қарғани унга биродарининг жасадини қандай кўмишни кўрсатиш учун юборди. У: «Шўрим қурисин! Мана шу қарғачалик бўлиб, биродаримнинг ўлигини кўма олмадим-а?!» деди. Бас, у надомат қилувчилардан бўлди” (Моида сураси, 31-оят).

Инсон вафот этганидан кейин тириклар қилиши лозим бўлган вазифаларнинг охиргиси дафн амалиётидир. Айни вақтда бу ҳам фарзи кифоя ҳисобланади.
Фарзлигига далил:
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари:
عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ : أَرْبَعٌ لِلْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ : يَعُودُهُ إِذَا مَرِضَ ، وَيَشْهَدُهُ إِذَا مَاتَ ، وَيُجِيبُهُ إِذَا دَعَاهُ ، وَيُشَمِّتُهُ إِذَا عَطَسَ
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мусулмоннинг бошқа мусулмон зиммасида тўртта ҳаққи бор: касал бўлса, кўргани боради, вафот этса, (дафн ишларига) қатнашади, уни чақирган чоғда ижобат қилади, акса урганда саломатлик тилайди”, дедилар”[1].
Бухорий ривоят қилган.
Шунингдек, бу иш Одам алайҳиссаламдан тортиб, ҳозирги кунгача авлодма-авлод мерос бўлиб келаётгани, буни қилмаслик гуноҳ ҳисобланиши ҳам дафннинг фарз эканига далил бўла олади.
Кифоялиги: дафн қилиш ишларини баъзилар бажариши билан мақсад ҳосил бўлгани боис, бошқалардан соқит бўлади.
Қуйидаги бўлим тобутни кўтариш, кузатиш, макруҳ амаллар, дафннинг ҳукми, дафнни тезлатиш ва қабрнинг сифати каби масалалардан иборат.
________________________________________
[1] Бухорий, Муҳаммад ибн Исмоил, «Ал-адабул-Муфрад». Дорул-Башоирул-Исломийя, Байрут 1989. –Ж. 1, –Б. 318.

Дафн учун афзал жой қабристондир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маййитларни Бақийъ қабристонига дафн этар эдилар. Қолаверса, қабристонларни кўпроқ одамлар зиёрат қилиб, у  ердаги барча маййитларни дуо қиладилар.
Маййитни унинг уйига дафн қилиш набийлардан бошқалар учун макруҳ саналади. Зотан, анбиёларгина вафот этган жойларига дафн қилинадилар .
Баракотидан баҳраманд бўлиши учун шаҳидлар ва солиҳ кишилар сингари муборак зотлар ётган жойларнинг яқинига дафн қилиш яхшидир. Умар розияллоҳу анҳунинг ўзларини икки соҳибларининг ёнига дафн қилинишига Оиша онамиздан изн сўраганлари бунга мисол бўлади.
Мусулмон ғайримусулмонлар қабристонига, ғайримусулмон мусулмонлар қабристонига дафн қилинмайди.[1]
Қариндош-уруғлар ва яқинларни бир жойга дафн қилиш ҳам мустаҳаб саналади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Усмон ибн Мазъун вафот этганида, қабрининг бош томонига бир тош қўйиб:
“Биродаримнинг қабрини маълум қилиш, қариндошларимдан вафот этганларни унинг ёнига дафн қилиш учун шу тошни қўйдим”, деганлар.
Абу Довуд ва Байҳақий Муттолиб ибн Абдуллоҳ ибн Ҳантобдан ривоят қилганлар.
Маййитни қабрга олиб киришда имкон бўлса, тобут қабрнинг  тепасига қибла тарафига қўйилиб, маййитни тобутдан кўтариб, қабрга киргизилади. Шунда маййитни ушлаб турувчи қиблага юзланган ҳолатда бўлади. Имкон бўлмаса, яъни қабрнинг чўкиб кетиши хавфи бўлса, қабрнинг оёқ томонидан олса бўлади.
Маййитни қабрга валийлари қўйса, яхши бўлади. Агар маййит аёл киши бўлса, маҳрамлари қўйиши афзал.
Маййитни қабрга юзини қиблага қаратиб, ўнг томони билан ёнбошлатиб,[2] бошини қабрнинг деворига тираб қўйилади. Маййитни чалқанча ётқизиб, фақат юзинигина қиблага қаратиш билан суннат адо бўлмайди.
Маййитни қабрга қўяётганлар ҳам, жанозада иштирок этаётганлар ҳам қуйидаги лафзларни айтадилар: “Бисмиллаҳи ва ала суннати Расулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам”.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ قَالَ: كَانَ النَّبِيّ إِذَا وَضَعَ الْمَيِّتَ فِي الْقَبْرِ قَالَ بِسْمِ اللهِ وَعَلَى سُنَّةِ رَسُولِ اللهِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ. وَلَفْظُ التِّرْمِذِيِّ: بِسْمِ اللهِ وَبِاللهِ وَعَلَى مِلَّةِ رَسُولِ اللهِ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам маййит¬ни қабрга қўйсалар, “Бисмиллаҳи ва ала суннати Расулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам”, дер эдилар”.
Сунан эгалари ривоят қилганлар.
Термизийнинг лафзида:
“Бисмиллаҳи ва биллаҳи ва ала миллати Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам”, дейилган.
Кафан устидан боғланган бойламлар ечилади. Бели ва ёнбоши қимирламаслиги учун хом ғишт тираб қўйиш лозим. Сўнг лаҳаднинг оғзи ҳам хом ғишт ёки махсус гувала билан тўсилади ва устидан тупроқ тортилади.
قَالَ سَعْدَ بْنَ أَبِي وَقَّاصٍ فِي مَرَضِهِ الَّذِي هَلَكَ فِيهِ الْحِدُوا لِي لَحْدًا وَانْصِبُوا عَلَيَّ اللَّبِنَ نَصْبًا كَمَا صُنِعَ بِرَسُولِ اللهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ وَالنَّسَائِيُّ.
«Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўлимидан олдинги беморлигида: “Менга лаҳад қазинглар. Устимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинганга ўхшаб, ҳом ғишт қаланглар”, деган».
Муслим, Аҳмад ва Насаий ривоят қилганлар.
Маййит қабрининг бош томонидан уч сиқим тупроқ ташлаш мустаҳабдир.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ : أَنَّ رَسُول اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَّى عَلَى جِنَازَةٍ ، ثُمَّ أَتَى الْقَبْرَ فَحَثَى عَلَيْهِ مِنْ قِبَل رَأْسِهِ ثَلاَثًا أخرجه أحمد
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир маййитга намоз ўқидилар. Сўнгра қабрига келиб, боши томонидан уч сиқим тупроқ ташладилар”.
Аҳмад ривоят қилган.
Аввалгисида مِنْهَا خَلَقْنَاكُمْ яъни “Сизларни ундан яратдик”, иккинчисида وَفِيهَا نُعِيدُكُمْ “Унга қайтарурмиз”, учинчисида эса وَمِنْهَا نُخْرِجُكُمْ تَارَةً أُخْرَى “Ва яна бир бор ундан чиқариб олурмиз”, дейди. [3]
Булар Тоҳа сурасининг 55-оятидаги жумлалар бўлиб, оятнинг тўлиғи қуйидагича:
مِنْهَا خَلَقْنَاكُمْ وَفِيهَا نُعِيدُكُمْ وَمِنْهَا نُخْرِجُكُمْ تَارَةً أُخْرَى
“Сизларни ундан яратдик, унга қайтарурмиз ва яна бир бор ундан чиқариб олурмиз”.
Қабр ичига пишган ғишт, ёғоч ишлатиш макруҳ. Қамиш ишлатишнинг зарари йўқ.
Маййит аёл бўлса, қабрга туширилишидан то ғишт билан тўсилгунича, бирор кийим ёки мато билан тўсиб туриш мустаҳабдир. [4]
Қабр (ёрма) шаққ услубида кавланган бўлса, тепаси унга тегмайдиган қилиб ёпилади, сўнг устига тупроқ тортилади.
Қабр билиниб туриши учун уни ердан бир қарич баландликда чўзиқроқ туя ўркачи шаклида кўтариш суннатдир. Баъзи намга яқин, озроқ кавланса сув чиқиб кетадиган ерларда маййитни юзароқ кўмиб, уни ҳимоя қилиш учун шароитдан келиб чиқиб, тепасига ғиштдан сағана қилишга руҳсат этилган. [5]

________________________________________

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Кифоя». Тошкент, Шарқ 2011. –Ж. 1, –Б. 512
[2] Косоний Алоуддин, «Бадаиъус-Санайиъ фи тартибиш-Шароиъ». Қоҳира, Дорул Ҳадис. –Ж. 2, –Б.361
«Ал мавсуатул-Фиқҳиятул-Кувайтийя», Қувайт, Дорус Салосил. –Ж. 21, –Б. 14.
Зуҳайлий Ваҳба, «Ал фиқҳул-Исламий ва Адиллатуҳ». Дамашқ, Дорул-Фикр 2007. –Ж. 2, –Б. 1550.
Ибн Обидин, «Роддул-Муҳтор». Дорул-Кутубул-илмийя 1994. –Ж. 3, –Б. 141.
Мулла Алий Қори, «Шарҳул Виқоя ли Алиййил Ҳанафий». –Ж 2,  Б 57.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Кифоя». Тошкент, Шарқ 2011. –Ж. 1, –Б. 512.
[3] Ибн Обидин, «Роддул-Муҳтор». Дорул-Кутубул-илмийя 1994. –Ж. 3, –Б. 143.
[4] Ибн Обидин, «Роддул-Муҳтор». Дорул-Кутубул-илмийя 1994. –Ж. 3, –Б. 140 142

[5] Салоҳиддин Муҳиддин, «Исломда ўлим ва жаноза масалалари». Тошкент, Мовароуннаҳр 2000. –Б. 55.


Дафндан кейинги амалларнинг меъёри
Таъзия ва аза.

التَّعْزِيَة («таъзия») сўзи عَزَّى («ъазза») феълининг масдар шакли бўлиб, луғатда кўнгилни олмоқ, сабр ҳиссини уйғотмоқ маъноларини билдиради. Истилоҳда эса маййит эгалари бўлмиш мусибатзадаларни тинчлантириб, уларга сабр қилганга катта ажрлар ваъда қилинганини эслатиб, тасалли бермоқдир.
Ҳукми
Мусибатзадаларга таъзия билдириш мустаҳаб амаллардандир.
عَنْ عَبْدِ اللهِ عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: مَنْ عَزَّى مُصَابًا فَلَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Ким мусибатдаги одамга таъзия изҳор қилса, унга ўша мусибатзадага берилган ажрча ажр берилади”, дедилар”.
Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилганлар.
Мусибатзадаларнинг катталарию кичикларига, эркагу аёлларига таъзия билдирилиши жоиз, лекин аёлларига маҳрамларигина таъзия билдиришлари фитнадан холироқдир.[1]
________________________________________
[1] «Ал мавсуатул-Фиқҳиятул-Кувайтийя», Қувайт, Дорус Салосил. –Ж. 12, –Б. 288.

Маййит қабрга қўйилиб, тупроқ тортилгач, унга намоз ўқилмагани маълум бўлиб қолса ёки бир неча кун ўтиб, аксар гумони маййитнинг жасади чирий бошламаган, деб ҳисобласа, қабрининг устида жаноза намози ўқилади. Ғишт трилиб, тупроқ тортилишидан олдин эсга тушса, маййитни олиб, жаноза ўқиб, сўнг дафн қилинади . [1]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Уҳуд шаҳидлари қабри устида, дафнларидан анча кейин жаноза ўқиганлари бунга яққол далил бўлади. Зотан, уларга ҳали жаноза намози ўқилмаган эди.
Ғойиб(жасади ҳозир бўлмаган инсон)га намоз ўқишнинг ҳукми
Ҳанафий мазҳаби уламолари: «Ғойибга жаноза ўқиш жоиз эмас», дейдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳабашистон подшоси Нажошийга ўқиган намозларини эса фақатгина у зотга хос, дейдилар.
Чақалоқларга намоз ўқиш.
Бу ҳақда маййитни ювиш масаласида тўхталиб ўтганмиз.
________________________________________
[1] Ибн Обидин, «Роддул-Муҳтор». Дорул-Кутубул-илмийя 1994. –Ж. 3, –Б. 125.


7 йил аввал 8293 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Азанинг муддати
Аза муддати уч кундир. Уламолар бунга Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисни далил қилиб келтирадилар:  لاَ يَحِل لاِمْرَأَةٍ تُؤْمِنُ давоми...
1 ўн йил аввал 13204 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жасадни бошқа юртга кўчириш
Ўлган одамнинг жони узилган шаҳарга ёки қишлоққа кўмиш мустаҳаб амалдир. Уни вафот топган жойидан бошқа бир жойга кўчиришни кўпчилик уламоларимиз макруҳ, деганлар ва бу ишнинг макруҳлигининг бир неча сабабларини давоми...
1 ўн йил аввал 10828 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабр зиёрати одоблари
Авволо, ниятни тўғриламоқ, ихлос билан, холис Аллоҳ учун зиёрат қилиш лозим; Зиёрат пайтида таҳоратли бўлиш суннатдир; Қисқа муддат бўлса ҳам, дунё машғулотларини тарк этиб, охиратни ўйлаш; Зиёратгоҳда давоми...
7 йил аввал 9628 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабрга белги қўйиш ёки бир жойга яқин қариндош-уруғларни бир жойга қўйиш
Қабрни белгилаш учун тош ёки шунга ўхшаш табиий, содда нарсалар қўйиш мумкин. Белгилашнинг ҳам, яқин кишиларни бир жойга қўйишнинг ҳам ҳикмати битта, у ҳам бўлса, тириклар уларни зиёрат қилишда тез ва осон давоми...
7 йил аввал 9776 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабрнинг сифати
 Қабр икки хил – кифоя қилгудек ёки мукаммал бўлади. «Кифоя қилгудек» деганимиз одам бўйининг ярмигача чуқурликда кавлангани бўлади. «Мукаммал»и эса одам бўйи баробар, узунлиги маййитнинг давоми...
7 йил аввал 10905 fiqh.uz