Тобутни кўтариш


Тобутни кўтариб олиб бориш яхшилик, тоат-ибодат ва маййитни иззат-икром қилишдир. Маййит хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, бу амални эркаклар бажариши кераклигини барча мазҳаб уламолари таъкидлаганлар.
Маййит ювилиб, кафанланганидан сўнг тобутга чалқанчасига ётқизилади. Тобутни тўрт тарафидан кўтариш суннатдир.

قال عبد الله بن مسعود من اتبع جنازة فليحمل بجوانب السرير كلها . فإنه من السنة . ثم إن شاء فليتطوع . وإن شاء فليدع
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:
“Ким маййитга эргашса, тобутнинг барча тарафидан кўтарсин. Зеро, бу суннатдандир. Сўнгра хоҳласа кўпайтирсин, хоҳласа кўпайтирмасин”, деганлар.
Ибн Можа ривоят қилган. [1]
Тобутни кўтармоқчи бўлган шахс аввал унинг олдинги чап дастасидан ўнг елкаси билан кўтаради. Ўн қадам юрганидан кейин бошқага бериб, орқа дастага ўтади. Уни ҳам ўнг елкасига олиб, ўн қадам юради. Кейин бошқа одамга беради. Сўнг тобутнинг ўнг томонидаги олд дастасидан чап елкаси билан кўтаради ва ўн қадам юриб, бошқаларга жой бўшатади. Ке¬йин ўша тарафнинг орқадаги дастасига ўтиб, уни ҳам ўн қадам кўтаради.[2] 
Автомашиналар кўпайган, кўча ҳаракатлари мураккаблашган ҳозирги давримизда, агар қабристон узоқроқ бўлса, йўл ҳаракатида қийинчилик, ҳавф-хатар туғдирмаслик мақсадида тобутни бирор маркабга солиб олиб бориш жоиз.
Маййит ёш гўдак бўлса, уни қўлда навбатма-навбат кўтариб бориш ҳам жоиз. Аёл киши солинган тобутнинг устини мато билан беркитиш мустаҳабдир. Маййитни кўтарганда, унинг боши олд томонга бўлиши лозим . [3]
________________________________________
[1] Ибн Можа, «Сунани ибн Можа». Байрут. Дорул-Фикр. –Ж. 1, –Б. 474
[2] Зуҳайлий Ваҳба, «Ал фиқҳул-Исламий ва Адиллатуҳ». Дамашқ, Дорул-Фикр 2007. –Ж. 2, –Б. 1538.
[3] Салоҳиддин Муҳиддин, «Исломда ўлим ва жаноза масалалари». Тошкент, Мовароуннаҳр 2000. –Б. 48.

Тобутни кўтаришдаги сунатлар

– Маййитни тезроқ элтиш учун югурмасдан, маййитга ҳам, тирикларга ҳам озор бермайдиган даражада, одатдаги юришдан тезроқ юриш.
عن أبي هريرة أن النبي صلّى الله عليه وسلم قال: أسرعوا بالجنازة، فإن تكن صالحة فخير تقدمونها، وإن تكن سوى ذلك فشر تضعونه عن رقابكم رواه البخاري
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Маййитни тез элтинг. Агар у солиҳ бўлса, бир яхшиликка олдинроқ олиб борган бўласиз. Бошқача бўлса, ёмонликни елкангиздан (тезроқ) қўясиз”, дедилар”.
Имом Бухорий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифдан маййитни кўтарганда тезроқ юришдаги ҳикмат маълум бўлади. Бу ишдан фақат яхшилик кўзда тутилган. Агар маййит аҳли солиҳ, тақводор, яхши одам бўлса, унга ўлими пайтида у дунёдаги жойи ва бериладиган неъматлар, иззат-икром кўрсатилган бўлади. Маййит ўша ўзи учун тайёрланган яхшиликларга тезроқ етишишга интиқ бўлиб, ошиқиб туради. Шу боис уни тезроқ олиб бориб, жойи¬га қўйиш унинг учун яхшилик бўлади.
Агар маййит ёмон одам бўлса, унинг касофати ҳаммага уради. Унинг касофатидан қутулиш учун ҳам уни тезроқ олиб бориб, кўмиш керак бўлади. Аммо югуриш макруҳдир.
عن عبد الله بن مسعود، قال: سألنا رسول الله صلّى الله عليه وسلم عن السير بالجنازة، فقال: دون الخبب، فإن يكن خيراً يعجل إليه، وإن يكن شراً، فبعداً لأصحاب النار رواه أبو داود والترمذي
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тобутни кўтариб юриш ҳақида сўрадик. Шунда у зот:
“Лўккилламайдиган қилиб. Агар (унинг борадиган жойи) яхшилик бўлса, унга тезроқ элтган бўласиз. Ёмонлик бўлса, йўқолсин дўзахийлар!” дедилар”.
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
– Тобутга эргашиш, яъни тобутнинг орқасидан эргашиш. Тобутнинг олдига ўтиб олинса, эргашиш бўлмайди.
عَنْ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ أَمَرَنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِاتِّبَاعِ الْجِنَازَةِ رواه البخاري
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга тобутга эргашишни буюрдилар”.
Бухорий ривоят қилган.
Бу ўриндаги эргашиш буйруғи мустаҳабликни билдиради, вожибни эмас.
Маййитнинг ортидан автомашина ёки шунга ўхшаш транспорт воситаларида келишнинг зарари йўқ. Лекин афзали пиёда юриш.
Тобутнинг ўнг ёки чап тарафида юриш ҳадисдаги “эргашиш” сўзига хилофдир. Яъни афзал ишни тарк қилган бўлади .[1]
Эргашиб бораётганлар ўлим ва ундан кейинги ҳолатлар ҳақида тафаккур қилиб, тавозе билан юришлари, дунёвий гаплардан гаплашмасликлари, зикр айтсалар, овозларини кўтармасдан айтишлари, кулмасдан, сокин юришлари мустаҳаб саналади.
عَنْ قَيْسِ بْنِ عُبَادَةَ أَنَّهُ قَال : كَانَ أَصْحَابُ رَسُول اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَكْرَهُونَ رَفْعَ الصَّوْتِ عِنْدَ ثَلاَثَةٍ : عِنْدَ الْقِتَال ، وَعِنْدَ الْجِنَازَةِ ، وَالذِّكْرِ أخرجه البيهقي
Қайс ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари уч ўринда овоз кўтаришни ёмон кўрар эдилар: жанг пайтида, тобут кўтариб кетишда, зикр чоғида”.
Байҳақий ривоят қилган.
Аёлларнинг маййитга эргашишлари макруҳдир. Чунки бу уларнинг мастураликларига путур етказади. Шунингдек, аёл киши нозикқалб, ҳиссиётга ўта берилувчан бўлгани учун ўзини қийнчиликка солиб қўйиши табиий. Бунинг устига, аёл киши узрли бўлиши ҳам мумкин. Шу боис аёллар тобутга эргашишдан қайтарилганлар. Уларнинг эргашишлари таҳримий макруҳ – харомга яқин макруҳдир .[2]
عن علي رضي الله عنه قال: خرج علينا رسول الله صلّى الله عليه وسلم فإذا نسوة جلوس فقال: ما يجلسكن ؟ قلن: ننتظر الجنازة، قال: هل تغَسِّلن؟ قلن: لا، قال: هل تَحمِلْنَ؟ قلن: لا، قال: هل تُدْلينَ فيمن يُدْلي؟ أي هل تنزلن الميت في القبر ـ قلن: لا، قال: فارجِعْن مأزورات غير مأجورات أي عليكن الإثم، ولا أجر لكنّ روى ابن ماجه
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга чиқдилар. Қарасалр, у ерда аёллар ўтиришган экан. У зот уларга: “Нима учун ўтирибсизлар?” дедилар. Улар:“Жанозани кутиб ўтирибмиз”, дейишди. У зот: “Уни ювасизларми?” дедилар. Улар:“Йўқ”, дейишди. У зот: “Уни кўтарасизларми?” дедилар. Улар: “Йўқ”, дейишди. У зот:“Уни узатасизларми? – яъни «қабрга туширасизларми?» – дедилар. Улар: “Йўқ”,дейишди. Шунда у зот: “Унда гуноҳкор бўлган, савобга эга бўлмаган ҳолда қайтинглар”, дедилар”.
Яъни «У ҳолда сизларга фақат гуноҳ бўлади, савоб бўлмайди».
Ибн Можа ривоят қилган.
– Тобут ерга қўйилгунча, тобутга эргашиб кетаётганларнинг ўтирмасликлари. Тобут елкадан қўйилмагунча, эргашиб бораётганларнинг ўтирмасликлари мустаҳаб ҳисобланади. Чунки кўтариб келаётганларга ёрдам керак бўлиб қолиши мумкин ва бунга тик турганлар имкониятлироқ бўлишади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ مَرْفُوعًا : مَنْ تَبِعَ جِنَازَةً فَلاَ يَقْعُدَنَّ حَتَّى تُوضَعَ أخرجه البخاري
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинади:
“Тобутга эргашган киши то у қўйилмагунча, ўтирмасин”.
Бухорий ривоят қилган.
________________________________________
[1] «Ал мавсуатул-Фиқҳиятул-Кувайтийя», Қувайт, Дорус Салосил. –Ж. 16, –Б. 13.
[2] Ибн Обидин, «Роддул-Муҳтор». Дорул-Кутубул-илмийя 1994. –Ж. 3, –Б. 137.


7 йил аввал 11621 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Азанинг муддати
Аза муддати уч кундир. Уламолар бунга Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисни далил қилиб келтирадилар:  لاَ يَحِل لاِمْرَأَةٍ تُؤْمِنُ давоми...
1 ўн йил аввал 13204 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жасадни бошқа юртга кўчириш
Ўлган одамнинг жони узилган шаҳарга ёки қишлоққа кўмиш мустаҳаб амалдир. Уни вафот топган жойидан бошқа бир жойга кўчиришни кўпчилик уламоларимиз макруҳ, деганлар ва бу ишнинг макруҳлигининг бир неча сабабларини давоми...
1 ўн йил аввал 10828 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабр зиёрати одоблари
Авволо, ниятни тўғриламоқ, ихлос билан, холис Аллоҳ учун зиёрат қилиш лозим; Зиёрат пайтида таҳоратли бўлиш суннатдир; Қисқа муддат бўлса ҳам, дунё машғулотларини тарк этиб, охиратни ўйлаш; Зиёратгоҳда давоми...
7 йил аввал 9628 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабрга белги қўйиш ёки бир жойга яқин қариндош-уруғларни бир жойга қўйиш
Қабрни белгилаш учун тош ёки шунга ўхшаш табиий, содда нарсалар қўйиш мумкин. Белгилашнинг ҳам, яқин кишиларни бир жойга қўйишнинг ҳам ҳикмати битта, у ҳам бўлса, тириклар уларни зиёрат қилишда тез ва осон давоми...
7 йил аввал 9776 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабрнинг сифати
 Қабр икки хил – кифоя қилгудек ёки мукаммал бўлади. «Кифоя қилгудек» деганимиз одам бўйининг ярмигача чуқурликда кавлангани бўлади. «Мукаммал»и эса одам бўйи баробар, узунлиги маййитнинг давоми...
7 йил аввал 10905 fiqh.uz