Музораба


Музораба сўзи “зарбун” ўзагидан олинган бўлиб, асл маъноси урмоқни билдиради. Араб тилида зарбун сўзига баъз ҳарфларни қўшиш орқали маънода ўзгариш юз беради. Масалан, музораба дейиш билан ҳисса қўшиш, сафар қилиш маъноларини билдиради.
Чунки, музорабада икки тараф ўртасида манфаатдорликда ҳиссадор бўлиш бўлади ёки музораба тижорат воситаси ҳисобланади ва у учун сафар қилишга тўғри келади. Шуларнинг эътибори билан ҳам музораба деб айтилади. Истилоҳда музораба деб, фойдада маълум бир фойдага шерик бўлиш учун сармоя эгаси бирортасига ўз молини тижорат қилиш мақсадида беришлигидир. Шунинг учун музорабада, томонлардан биридан меҳнат, иккинчисидан дастмоя бўлади. Музорабани қироз ҳамда муомала деб ҳам айтилади. Ироқ уламоларининг ҳузурида кўпроқ музораба лафзи ишлатилса, ҳижоз фуқаҳоларини наздида қироз сўзи кўпроқ ишлатилади.
Музораба қуйидаги далиллар асосида собит бўлган:
Аҳли илмлар шариатда музорабани жоиз ва собит эканлигига тижорат, касб, касб қилиш мақсадида сафар қилиш тўғрисида зикр қилинган оятларни далил қиладилар. Лекин, ўша оятлани музорабага далил қилиб келтириш мавзудан йироқроқ. Баъзи ривоятларда музорабанинг зикри келган: 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ : كَانَ الْعَبَّاسُ بْنُ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ إِذَا دَفَعَ مَالاً مُضَارَبَةً اشْتَرَطَ عَلَى صَاحِبِهِ أَنْ لاَ يَسْلُكَ بِهِ بَحْرًا وَلاَ يَنْزِلَ بِهِ وَادِيًا وَلاَ يَشْتَرِىَ بِهِ ذَاتَ كَبِدٍ رَطْبَةٍ فَإِنْ فَعَلَ فَهُوَ ضَامِنٌ فَرُفِعَ شَرْطُهُ إِلَى رَسُولِ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- فَأَجَازَهُ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Аббос ибн Абдулмуттолиб молларини музорабага берса, музорибга у билан денгизга, водийга тушмасликни ва унга тирик жигар эгаси бўлган доббани сотиб олмасликни шарт қилар эдилар. Агар улардан бирортасига қўл урса (ва мол ҳалок бўлса) тўлашликни шарт қилди. Шарти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муораза қилинди. Бас, у зот ижозат бердилар” (Байҳақий ривояти).
Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Учта нарсадан барака бор: Насияга савдо қилишда, муқораза (музораба)да, сотишга эмас уйда истеъмол қилиш учун буғдой билан арпани аралаштиришда”(Найлул автор).
Сийрат аҳллари ҳазрати Хадижа розияллоҳу анҳо ўзларининг молларини музорабага берганлари, бадр ғазотида Абу Суфённинг Шомга сафар қилган тижорат карвони музораба гҳшаклида бўлганлигига иттифоқ қилганлар. Бундан маълум бўладики, арабларда исломдан олдин музораба тўғрисида тасаввур бўлган. Жоҳилият замонасидаги олди-соттилардан баъзилари ман қилинмаганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам музорабани ҳам ман қилмаганлар. Шунинг ўзи ҳам исломда музорабани жоизлигига далилдир.
Аллома Абу Бакр ибн Мунзир музорабани жоизлигига ижмони нақл қилган. Косоний раҳматуллоҳи алайҳнинг қавлига биноан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зомоналаридан ҳохирги кунгача қўлланиб келинмоқда. Шу ижмога далилдир. Ҳақиқатни олиб қаралса, музорабада, молдорга ҳам иш юритувчи ғарибларга ҳам катта фойда бор. Чунки, баъзиларда мол бўлгани билан иш юритишга қобилиияти бўлмайди. Баъзиларда эса, иш юритишга қобилият бўлиб мол бўлмайди. Агар икковлари бир бўлсалар дастоя эгасига ҳам иш юритувчига ҳам манфаат бўлади. Қолаверса бундан жамият ҳам фойда кўради.
Музораба рукни:
Музораба рукни ижоб ва қабул, яъни бир тарафдан шу ишни қилишни қилишни таклиф қилиш, иккинчи томон эса, уни қабул қилиши билан бўлади. Масалан, бир киши мана мол уни олиб тижорат қил. Аллоҳ таоло фойда ато қилса, унинг маълум қисми сеники, қолгани меники дейди. Бошқа томон эса, шу ишга розиман, қабул қилдим дейди. Сармоя тикувчи киши раббул мол, иш юритувчи музориб дейилади. Дастмоя раъсул мол, ундан чиққан фойда рибҳ дейилади.
Музорабанинг шартлари:
Баъзи шартлар иккала томонга ҳам тегишли бўлади, баъзиси эса фақат сармояга ва яна баъзиси чиққан фойдага тегишли бўлади. Сармоя эгаси бир киши ёки ундан кўп бўлишлари ҳам мумкин. Музориб ҳам бир киши ёки кўпчилик бўлишлари ҳам мумкин. Бундан маълум бўладики, кўпчиликдан сармоя олиб ўз салоҳиятини истеъмол қилаётган баъзи бир компанияларнинг юритаётган ишлари жоиздир ва музораба доирасидадир.
Музорабанинг дуруст бўлиши учун қуйидаги шартлар топилиши талаб этилади:
1. Томонлар вакил қилишга ва вакил бўлишга лаёқатли бўлишлари. Шунинг учун мусулмон билан бошқа дин вакиллари ўртасида музораба битмини тузиш жоиздир;
2. Музорабага тикилган маблағ, яъни раъсул мол тилло, кумуш ва истеъмолдаги қоғоз пул бўлиши. Бундан ташқари нарсалар, яъни кўчмас мулк ва кўчар мулклардан иборат бўлсин, уларни сармоя сифатида музорабага қўйиш жоиз эмас;
Имом Абу Ҳанифа ва Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳлар наздиларида сармоя фақат тилло ва кумушдан бўлиши шарт қилинади. Қоғоз пуллар сармояга ярамайди дейдилар. Лекин, имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ қоғоз пул сармояга ярайди деган ва шунга фатво берилган. Қоғоз пул ўрнига музорабага нарсалар тикилса ва нарсаларнинг эгаси иш юритувчига уларни бериб, буларни сотиб пулига музораба қил деса, бу сурат ҳам жоиз бўлади.

لَوْ دَفَعَ إلَيْهِ عَرَضًا أَوْ عَبْدًا فَقَالَ بِعْهُ وَاقْبِضْ ثَمَنَهُ وَاعْمَلْ بِهِ مُضَارَبَةً فَبَاعَهُ بِدَرَاهِمَ أَوْ دَنَانِيرَ وَتَصَرَّفَ فِيهَا جَازَتْ الْمُضَارَبَةُ كَذَا فِي مُحِيطِ السَّرَخْسِيِّ .

 “Агар дастмоя эгаси музорибга бирор анрса ёки қул бериб: “Уларни сотиб пулини ол ва у билан музораба ишини юрит” деса ва музориб уларни тилло ёки кумушга сотиб, иш юритса, музораба жоиз бўлади. “Муҳитус Сарахсий”да шундай дейилган” (Фатвои ҳиндия).
3. Томонлар ўртасида низо келиб чиқмаслиги учун сармоянинг миқдори тайин бўлиши;
4. Дастмоя нақд тарзда бўлсин, яъни кимларнингдир зиммасидаги қарз бўлмасин. Масалан, бир кишини бировда қарзи бўлса ва ҳақ эгаси бўйнингдаги қарзга музораба ишини юрит деса, музораба моли нақд бўлмай қарз бўлганлиги учун бу битм фосид бўлади;
5. Музориб дастмояни тасарруф қилишида ҳеч қандай монелик топилмаслиги учун сармоя эгаси сармояни музорибни қўлига топшириши;
6. Фойдада томонлар нисбатларга кўра шерик бўлишлари. Агар чиққан фойда сармоя эгасига бўлиши шарт қилинса, бу битм музораба бўлмай бизоа бўлиб қолади, яъни ишчи дастмояни ҳеч қандай эвазсиз айлантириб берган бўлади. Агар фойданинг барчаси музорибга деб келишлса, сармоянинг барчаси музорибга қарз ҳисобланиб, фойда ҳам, зиён ҳам унга тегишли бўлади. Агар сармоядан маълум бир қисмини музорибга ойлик сифатида тайин қилинса, музораба фосид бўлади. Шунинг учун дастмо ўз эгасида қолиб, фойда ўртада тақсимланиши лозим;
7. Фойда нисбатларга кўра тақсимланиб, томонлардан бирортасига маълум бир сумма тайин қилинмаслиги.

• Музорабанинг таърифи, унинг шариатда борлиги ва татбиқ этиш кайфияти;


• Музорабанинг икки турга бўлиниши;
• Музорабанинг шартлари;
• Музорабанинг ҳукмлари ва сифати;
• Ислом банкларида музорабанинг фойдали ишлаб чиқариш воситаси бўлаётгани;
• Ижтимоий ишлаб чиқариш учун шерикчилик музорабаси.


Музорабанинг таърифи, унинг шариатда борлиги ва татбиқ этиш кайфияти

Музораба сармоя эгаси билан музораба ишини юритувчи (бундан кейин ишчи дейилади) тажрибали ишчи орасидаги тижорат шартномаси бўлиб, ҳар келишув ниҳоясидаги фойда улар ўртасида келишилган нисбатга кўра тақсим қилинади. Аммо зиён ёлғиз сармоя эгасига юкланади. Музораба амалини юритувчи эса бу жараёнда иш ёки жидди-жаҳдига куяди. Яъни ушбу шартномада сармоя эгаси бир тараф, ишни идора қилиш ва сармояни тасарруф қилиш иккинчи тарафдан содир бўлади.
Музораба шартномаси билан икки тарафнинг, сармоя эгаси ва ишчининг манфаатлари юзага чиқади. Биринчи тарафнинг сармояси бўлсада, лекин у билан тижорат қилишда вақти ёки тажрибаси бўлмайди. Иккинчи тарафнинг эса тижорий ишларда билими бўлади-ю, лекин ушбу билимни амалда қўллаш учун баъзан маблағи бўлмайди.
Музорабанинг шариатда жоизлигига тижоратни мубоҳ қилган қуръоний оятларнинг умумий ёки  мутлақ маънолари далолат қилади. Аллоҳ таоло “Муззаммил” сурасининг 20-оятида марҳамат қилади:

وَءَاخَرُونَ يَضْرِبُونَ فِى ٱلْأَرْضِ يَبْتَغُونَ مِن فَضْلِ ٱللَّهِ ۙ

“...ва бошқалари ер юзида юриб, Аллоҳнинг фазлини ахтаришини...”
Бақара сурасининг 198-оятида шундай дейди:

لَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ أَن تَبْتَغُوا۟ فَضْلًۭا مِّن رَّبِّكُمْ 

“Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир”. 
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам йигитлик даврларида Ҳадича онамиз розияллоҳу анҳонинг моллари билан Шом шаҳрига бориб музораба қилганларини рисолат келгандан кейин иқрор қилдилар.
Саҳобалар музораба билан шуғулланишар, улардан бирортаси бу ишга қарши чиқмас эди. Турли асрларда музорабанинг жоизлигига бутун уммат ижмоъ қилиб келди.
Музорабани амалга ошириш ёки татбиқ қилиш осондир. Банк ёки ундан бошқа тараф сармоя эгаси сифатида молни тақдим қилади. Иккинчи тараф эса фойдадан келишилган муайян ҳисса муқобилига ушбу молни самарадор қилиш майдонида ишлайди.
Музораба муддати ниҳоясида, бирор шартнома бажариб бўлингач ёҳуд тижорий режа охирига етгач ёки даврий босқичлардан ҳар бир босқич амалга ошгач ва ёки тижорий босқичлардан аксари босиб ўтилгач, нақд пул қўлга тушса, сарф ҳаражатлар қопланиб, қолган соф фойда келишувга кўра тақсимланади. Шунга кўра шериклик музорабада талофат ва ғасб қилинган маблағлардагидек, нақд пул эмас, балки тақдирий қиймат ҳам фойдага қолиши мумкин. Бунда уларнинг мислини тақсимлаш имконсиз бўлганидан, қийматларини чиқариб тақсим қилинади.
Қачон зиён бўлса ушбу зиён сармоя эгаси сифатида банк ёки унинг ўрнидаги бошқа сармоядорнинг зиммасида бўлади. Банк фойдаларни тақсимлашдан олдин сармояни қайтариб олади. Бу: “Фойда сармояни сақлаш учундир” қоидаси асосида бўлади. Қачон тижорий амалиёт тугашидан олдин фойда тақсимланса, бу ҳисобга кўра ва сармоя бутун қолиши юзасидан бўлади.
Музорабанинг икки турга бўлиниши
Музораба мутлақ ёки қайдланган бўлади.
Мутлақ музораба бирор қайдларсиз тамомига етади. Бунда банк молни музорабага бериб, иш, макон, замон, амалнинг сифати ва ишчининг ким билан муомала қилишини белгиламайди.
Қайдланган музорабада эса айрим қайдлар келтириб ўтилади. Бунда банк молни бошқа шахсга берар экан муайян товарда ёки муайян шаҳар ёки бозорда, маълум вақт орасида  ишлашини белгилаб қўяди. Ёки фақат маълум шахс билан муомала қилишни қайд этади. Шунга кўра сармоядор ишчига бозорнинг урфида муайян фойда келтирадиган савдо молидагина тижорат қилишни шарт этиб қўйиши ҳам жоиздир.
Музорабанинг шартлари
Музорабанинг тўғри бўлиши учун унда бир неча шартлар топилиши лозимдир.
1-Сармоя тижорий товарлар ёки савдо моллари бўлмай, балки нақд пул бўлиши шартдир. Шофеъийлардан бошқа фуқаҳоларнинг жумҳури музорабани савдо моллари билан қўшиб қилишни ҳам жоиз дейишган. Бунда музораба шартномасини тузиш пайтида ўша савдо молларининг қиймати чиқарилиб, шу қиймат музорабанинг сармояси деб эътибор қилинади;
2-Шартнома пайтида сармоянинг миқдори токи фойда эгаларига тақсимлангунга қадар маълум бўлишлиги шартдир. Агар сармоя номаълум бўлса, сармоядан ортган фойдани аниқлаб бўлмай қолади.
3-Сармоя зиммадаги муомала ва ишчининг қўлига олиш имкони йўқ ғоиб маблағ бўлмай, балки муайян қўлдаги маблағ бўлишлиги шарт. Ишчи зиммасидаги қарздан уни эгасига топширмагунча қутила олмайди. Ишчи амалда қарзни ҳақдорнинг рухсати билан қарздордан олса, уни музорабанинг сармояси қилишлиги жоиздир. Худди шунингдек омонатни ҳам қўлига олгач, музорабанинг сармоясига айлантириши мумкин.
4-Жумҳур фуқаҳоларнинг қарашларига кўра, сармояни ишчининг қўлига тижорат тақозосига кўра ишлата оладиган тарзда топширишлиги шартдир. Ҳанбалийлар, сармоянинг эгасида туриши ва эҳтиёжга қараб уни ишчига бўлак-бўлак бериши жоиз, чунки музораба шартномаси молни топшириш эмас, балки уни мутлақ тасарруф қилишни тақозо этади, дейишади.
5-Икки тараф шартномада фойданинг оз ёки кўп бўлишидан қатъий назар ярим ёки учдан бир каби маълум нисбатда тақсимлашга келишиб олишлари шартдир. Бу фойдадаги шерикчиликнинг асосида бўлади. Аммо зиён ёлғиз сармоя эгасининг зиммасида бўлиб, ишчига эса ундан бирор нарса юклатилмайди. Чунки зиён сармоянинг нуқсонга учрашидир. Сармоянинг эгаси эса сармоядордир. Шунга кўра сармоядор ишчига сармоя билан қўшиб маълум маблағни ёки молдан муайян фоизни бериш шартини қўйиши жоиз эмасдир. Лекин ишчи сармоя эгасига сармоянинг ўзидан фойдалар ҳисобига кўра маълум нисбатда бериб туриши жоиз бўлади.
6-Фойда миқдорининг маълум бўлиши ҳам шартдир. Чунки шартнома шунинг устига қурилади. Фойданинг номаълумлиги шартномани фосид қилади. Шу билан бирга ҳар икки тарафнинг насибаси келишилган ҳолда бўлакларга бўлинадиган бўлиши ҳам шартдир. Чунки шартноманиг тақозоси фойдадаги шерикликдир. Икки тарафнинг бирини қўйиб, иккинчисига аниқ ёки муайян миқдорни белгилаб қўйиш жоиз эмас. Чунки бунда фойдадаги шерикчилик асоси йўққа чиқади. Лекин сармоядор ишчи билан муайян нисбатдаги фойдадан зиёда бўлса, ушбу зиёда ишчининг ўзига бўлишини келишиши мумкин. Мисол учун юздан ўн фоиз фойда белгиланган бўлиб, ишчи юздан ўн беш фоиз фойда кўрса, ортган ушбу беш фоизни ишчига беришни келишишлари жоиздир. (Чунки бунда ишчини ўз ишига рағбатини орттириш кўпроқ фойда олишга ундаш бор). Шунга кўра музораба шартномасида ислом банки ва тадбиркорнинг ҳиссаси, ортган ҳиссанинг баёни ва музораба жараёнидаги фойда миқдорини билиб бориш кабилар ҳам белгилаб қўйилиши керак.
Музорабанинг ҳукмлари ва сифати 
Тўғри музорабанинг бир неча шаръий ҳукмлари бордир:
1-шериклик музораба жоиздир. Бунда ишчи ўзининг хос молларини музораба молларига қўшиб юборади. Натижада у сармояда ҳам шерикка айланади. Шундан кейин сармояни тасарруф қилади ва фойда ҳар бир шерикнинг сармояси нисбатида тақсим қилинади.
2-ишчининг бир нечта бўлишлиги ҳам жоиздир. Бунда сармоядор музораба қилиш учун бир шартноманинг  ўзида икки ёки ундан кўп кишига ўз молини беради. Ишчиларнинг тажрибаси ва амалига қараб фойда миқдорлари тенг ёки ҳар хил бўлишлиги мумкин.
3-сармоядорнинг музорабадан кўзланган мақсад юзага чиқиб, фойда ҳосил бўлишида музораба амалиётини қийинлаштирмай, айрим фойдали қайдларни белгилаб қўйишининг зарари йўқ. Шундай чоғда ишчи қўйилган шарт ёки қайдларга амал қилмаса, у ғасб қилувчи бўлиб, (зиёнга учраса) сармояга зомин бўлади.
4-Ишчи тижорат урфига кўра ижара ёллаши ёки ўзига қийин бўлган ҳар бир ишда ҳодим ёллаши ҳам жоиздир. Яна музораба молини бошқа кишининг ҳузурида омонатга қўйишлиги ҳам мумкин. Чунки омонатга қўйиш тижорат заруратларидандир. Шу билан бирга олди-сотди ишларида вакил тайин қилиши, музораба молини ўзи билан сафарга олиб чиқиши ҳам ишчининг ҳуқуқларидан ҳисобланади. (Албатта булар юқорида кўриб ўтганимиздек, сармоядор қўйган қайдларга қарши чиқмаслиги лозим).
5-ишчининг қўлидаги музораба моли омонат ҳисобланади. Ушбу мол талофатга учраганда ишчи уни тўлаб бермайди. Фақат унинг айби билан, ҳаддидан ошиш ёки бепарволиги сабабли талофатга учраса тўлайди. Сармоядор шундай ҳолатларда сармояни тиклаш учун ишчидан (сармоя миқдорида) гаров талаб қилиши жоиздир. Ёки ишчининг бепарволиги сабабидан сармояга зарар етишини тўлдирадиган кафил талаб қилиши ҳам мумкин. Лекин сармоядор ишчининг зиммасига сармоя ёки фойданинг (табиий) талофатида зоминликни юклаши жоиз бўлмайди. Чунки ишчи сармояга нисбатан омонатдор шахс холос. Омонатдорга зоминликни юклаш ботилдир. Шарт ботил бўлсада музораба шартномаси тўғри бўлаверади[1]. Зеро бундай ҳолатда ишчининг шерикликдаги сармояга зомин бўлиши, рибо зиёдасини тўлаб беришга ўхшаш муомалага айланиб қолади.
6-Ишчи музорабанинг фойдасига мувофиқ тарзда иш юритиши керак. Музораба молидан бирор нарсани қарз ёки эҳсон қилишга ҳаққи йўқ. Ёки сармоядан кўп миқдордаги нарсани сотиб олиши, музораба молига бошқани шерик қилиши ҳам тўғри бўлмайди. Лекин сармоядор русат берса ёки ишни ўз фикрича юритишни унга топширган бўлса шу ишларни қилишлиги жоиздир. Ишчининг молни насияга сотиши ва кишиларга молнинг урфий нархидан ошириб сотиши жоизми, деган масалада икки хил фикр бор. Бу фикрнинг кучлироғи урфга қараб қайдлашликдир. Сармоядорда ишчининг зиммасига фақат нақдга сотишни шарт қилиб қўйишлик ҳаққи бор. Шунда ишчи насияга сотса ва (зиён кўрса ёки пулни ундира олмаса) ўзи тўлайди.
7-Ишчида музораба молидан ибзоъ қилиш ҳуқуқи бор. Ибзоъ кишига фалон шаҳардан товар сотиб олиши учун мол беришдир. Шунда у киши иши учун эваз олмайди. Мана шу ҳолдаги фойданинг барчаси сармоя эгасига бўлади. Музораба ишини юритувчига бу фойдадан ҳисса тегмайди. Чунки мол омонат бўлиб, ушбу омонатнинг барча ҳосиласи унинг эгасига тегишлидир. Улар тижорий ҳисоботлар орасига кирмайди. Яъни ибзоъ иш билан мол орасидаги шериклик бўлиб, ишчи ўз ишини кўнгилли тарзда қилади, фойданинг барчаси мол эгасига бўлади.
8-ишчи фойдадаги ўз ҳиссасини фақат сармоядорнинг рухсати билангина олиши мумкин. Сармоя тўлдирилмагунча фойдадан ололмайди. Чунки “Фойда сармояни сақлаш учундир”. Қачон зиён бўлса сармоя дастлаб фойдадан тўлдирилади. Ҳудди шунингдек музораба амалиёти ниҳоясига етмай фойда тақсим қилинган бўлса-ю, сўнгра сармояга зиён етса, ўша тақсим қилинган фойдадан сармоя ўрнига келтирилади.
9-Ишчи мол нақд пулга айланмай ва сармоядор сармояни қўлига олмагунча фойда олишга ҳақли бўлмайди. Лекин назарий жиҳатдан ислом банклари билан шерикчилик алоқалари маълум вақт ва давомийлиги, ижтимоий тижорат ва тадбиркорларнинг (маблағни) чиқариб олишлари сабабли нақд бўлмаган маблағларнинг қийматини чамалаб бориш тўғридир. Ислом фиқҳи академияси 4-мажлис, 5-қарор 6-моддасида шундай қарор қилди: “Тақсимлаш маҳали  шаръий маънодаги фойдадир. Фойда самара ёки натижа эмас, балки сармоядан зиёда бўлган нарсадир. Фойданинг миқдори молнинг нақд пулга айланиши ёки молнинг нақд пулга айлангандаги қонуний қиймати билан билинади. Мол нақд пулга айланганда ёки унинг қиймати чиқарилганда сармоядан ошгани фойдадир. Ушбу фойда акциядор билан музораба ишининг юритувчиси орасида шартнома шартларига мувофиқ тарзда тақсим қилинади”. 7-моддада шундай дейилади: “Фойда зоҳир бўлганда унга нақд пул билан ёки қиймат билан эга бўлади. Бу ҳам фақат тақсим билан ва самара ёки натижани келтирган қонуний нисбат билан амалга ошади. Чунки самарани тақсимлаш жоиздир. Мол нақд бўлишидан олдин икки тараф тақсимлаб олган нарса умумий ҳисобнинг остига киради. (Яъни ҳудди аванс сифатида олгандек ҳисоб қилинади)”.
10-музорабадаги сармояни учинчи тараф (яъни музораба шартномасини тузувчилардан бошқа тараф) кўнгилли тарзда тўлаб бермоқчи бўлса унга тўсқинлик қилинмайди. Яъни бу ўша учинчи тарафнинг совғаси ҳисобланади. Хайрия ишларида ноаниқликлар  кечирилади. Бу ўринда йўқотилган воқеъликдаги фойдани эмас, балки  фақат сармоянинг аслига етган нуқсонни тўлдириш кўзда тутилмоқда. (Йўқотилган касб ёки зое қилинган фурсат воқеъликдаги фойда эди. Яъни сармоядорнинг сармоясини тўлашни зиммасига олган тараф ишчининг ҳам зое бўлган фурсатини тўлаб берсин, дейилмайди. Хайрия ишларида шу каби ноаниқликлар яъни фақат бир тарафга манфаат етказиш кабилар қабул қилинаверади). Хайрия қилмоқчи бўлган тараф сармояни тўлдириш билан чегараланади. Ишчининг сармоядорга сармояни тўлаб бериши тўғри бўлмайди. Зеро бу музораба шартномасининг тақозосига зиддир.
Ислом фиқҳи академиясининг қарори 4-5-рақамдаги 9-бандда қуйидаги матн келади:
“Шу ўринда музораба шартномасини тузувчи икки тарафдан молиявий зимма ва шахсиятида мутлақ мустақил учинчи тарафнинг шартнома матнида ёки қарз олди-берди муомаласи ҳужжатида кўнгилли равишда зарарни тўлаб бериш ваъдасининг ёзилиши шаръий жиҳатдан нотўғри дейилмайди. Учинчи тарафнинг ҳеч қандай эвазсиз муайян режадаги зарарни қоплаши музораба шартномасига аралашган эмас, балки мустақил тарздаги лозим шартномадан ҳисобланади.
Яна шунингдек музораба ишини юритувчи ишчи музораба шартномаси тузиб бўлингач ва у сармояни тасарруф қилишни бошлагач, кўнгилли равишда сармояни тўлаб беришни зиммасига олишлиги жоиз бўлади, деб айрим моликий фуқаҳолар айтишади. Ибн Зоб, Ибн Башир ва унинг шогирди Ибн Итоб шулар жумласидандир. Яъни музораба шартномаси зоминлик шартидан холийдир. Лекин бу шарт шартнома тузилгандан кейин юзага чиқади. Гарчи шартнома ва тўлаб бериш шарти умумий кўринишда бўлса ҳам, ишчи зоминликни алоҳида зиммасига олишидан қайтарилмайди. Аммо банк омонат эгалари билан бирга шартнома тузар экан, унга ўз ишлаб чиқариши зоминлигини ёки фойдадан маълум миқдорни тўлаб бериш шартини қўйиши жоиз бўлмайди. Чунки музораъада бундай шартнинг жоиз эмаслиги суннатда собит бўлгандир. Ушбу зоминлик ишлаб чиқаришда ноқонуний деб тақдим қилинади[2].
11-барака банкининг илмий фатволарида ворид бўлишича, музораба шартномасининг бошида сармоядорнинг музорабадаги ҳиссасини муайян нисбат билан белгилаб қўйишлик жоиз бўлади. Ва ушбу нисбат фойда сармоядан муайян нисбатга етганда ўзгаради. Бу ҳисоб китоблар ҳукмий нақд пулга айлантирилганда маълум бўлади. Б-бандда айтилишича, сармоядор ишчини музораба сармоясида муайян нисбатдаги фойдадан камига ишламаслигини қайдлаб қўйишлиги мумкин.
12-ишчи музораба иши юзасидан сафарда бўлса емоқ-ичмоқ ва кийим ҳаражатларини фойдадан олади. Агар фойда бўлмаса сармоядан ҳам олади. Аммо муқимдалик чоғида эса ушбу ҳаражатларни ўз молидан қилади. Фақат музораба амалиёти ишчининг кунлик ҳаражатларини топишдан машғул қилиб қўйса, уларни музораба молидан ишлатади. Шунга кўра ҳар бир музораба амалиёти унинг фойда келтиришга хос бўлган ҳаражатларини кўтаради. Аммо идорий ҳаражатлар ёлғиз банкнинг зиммасида бўлади. Ишчининг зиммасида бўлмаган ҳисоб-китоб ишлари амал ҳаражатларини ҳам банкка юклатилади. Банк ёки ишчи музораба сармоясидан маълум маблағни ойлик сифатида ажратиб қўйиши мумкин. Бу музораба ҳимоясига юклатилган сарф-ҳаражатлар эътиборидан бўлади. Яъни бу фойда тақсимланишдан олдин ва сармоя қайтарилгандан кейин фойдадан чиқариб ташланади[3]. 
13-Моликий ва Ҳанбалийларнинг қарашларига кўра қарз учун, музораба учун, тараққиёт учун, ишсизларга иш ташкил қилиш учун ва садақа учун сармоядор ҳиссасидаги фойдадан нақд пулларни вақф қилиб қўйишлик жоиздир. Ибн Таймия ҳам шу фикрни қўллаган[4].
14-музораба шартномаси бошқа шериклик шартномалари каби жоиз ақдлардандир. Амалга киришишдан олдин ҳам ёки кейин ҳам уни охирига етказиш мажбурий бўлмайди. Икки тараф ҳам хоҳлаган пайтида шартномани бузишлари мумкин. Лекин бунда бузаётган тараф шеригини огоҳлантириши шарт. Агар огоҳлантирмаса у зарар кўриб қолиши мумкин. Аммо моликийларнинг айтишича, музораба ишига киришилгандан кейин бу шартномани ниҳоялаш икки томонга ҳам мажбурий бўлади. Уни бузиш учун икки тараф келишишлиги шарт. Зарурат юзасидан ушбу фикрни олса яхши бўлади. Бунда ишчи музораба ишини бошлагандан кейин музораба шартномасини бузиб бўлмайди.
[1] Ислом фиқҳ академиясининг 4-модда, 5-қарори, 4-бандида шундай дейилади: “Музораба ишини юритувчининг сармояни ёки маълум фойдани ёҳуд сармояга тегишли ҳолатларга зоминлиги шартнома матнида очиқ-ойдин ёки зимдан кўрсатилган бўлса ҳам, ушбу зоминлик шарти ботил бўлади. Ишчи ўзининг музораба фойдасига ҳақли бўлаверади”.
[2] “Банк татбиқотларига шаръий жавоблар” доктор Абдуссаттор Абу Ғудда 102-164 саҳифа.
[3] Абу Ғудда. Юқоридаги манба 93-саҳифа.
[4] “Мажмуъул фатово” 31/234.

Муаллиф: Доктор Ваҳба аз-Зуҳайлий.
Китоб номи: “Замонавий молиявий муомалалар”.438-445 саҳифалар.
Нашриёт: “Дорул фикр” Дамашқ. 2002 йил
Таржимон: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Котиб: Аброр Мухтор Алий 

 


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Музорабадаги чигал масала
Савол: Музориб сармоя эгасининг ижозатисиз қарз олди-берди ишларини қилиши мумкинми?Жавоб: Битм тузиш вақтида билганингча иш тутавер деб айтган бўлса ҳам музориб сармоя эгасининг давоми...
7 йил аввал 6016 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Битм тугашидан олдин фойдани тақсим қилиш
 Савол: Музораба битми тугатилмасдан аввал фойдани тақсим қилиш жоизми?Жавоб: Музораба битми бекор қилинишидан аввад фойдани тақсим қилиш аслида жоиз эмас. Лекин тақсим қилиб олган бўлсалар давоми...
1 ўн йил аввал 4242 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Музораба тугатилгандан кейин қарзларни йиғиштириб олиш
  Савол: Музораба битми тугатилгандан кейин музорибнинг олди-берди қарзлари бўлса, уларни йиғиштириб олиш кимларнинг зиммасига юклатилади?  давоми...
7 йил аввал 3861 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Музораба ширкати
• Музорабанинг таърифи, унинг шариатда борлиги ва татбиқ этиш кайфияти; • Музорабанинг икки турга бўлиниши;• Музорабанинг шартлари;• Музорабанинг ҳукмлари ва сифати;• Ислом банкларида давоми...
7 йил аввал 5808 fiqh.uz