Қурбонликнинг фазилатлари


بسم الله الرحمن الرحيم

1-БОБ

Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунининг фазилати.

 وَالْفَجْرِ (1) وَلَيَالٍ عَشْرٍ (2) وَالشَّفْعِ وَالْوَتْرِ (3)

1. Тонга қасам. 2. (Зулҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам. 3. Жуфт ва тоққа қасам.  

“Жуфтга қасам ”   даги “жуфт”дан мурод, зулҳижжа ойининг  ўнинчи куни, “тоқ”дан мурод эса тўққизинчи кунидир. ( Баён ал қуръон 12  бет) 

ФОЙДА: Дуррул мансурда бир неча саналар хусусида сўз юритилади.Жумладан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги оятларни тафсир қилиб айтадиларки: “لَيَالٍ عَشْر” дан мурод зулҳижжанинг ўн кунидир. Витр (тоқ)дан мурод арафа яъни зулҳижжанинг тўққизинчи кунидир. Хитоботул аҳком, 146 бет)

 "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

 "Бирор бир кун зулҳижжанинг ўн кунига баробар бўлолмайди. Бу кунларда қилинадиган амаллар Аллоҳ таолога ўта суюклидир. Бу кунларда тутиладиган бир кун рўзанинг савоби, бошқа ойлардаги бир йиллик рўзанинг савобига тенгдир.

( Термизий ва Ибн Можа ривоятлари)

 Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

" Аллоҳ таолонинг наздида Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунидан афзал бирор кун йўқ ва бошқа кунларда қилинадиган амаллар ҳам бу кунларда қилинадиган амаллардан афзал бўлолмайди. Бас, бу кунларда хоссатан “Ла илаҳа иллоллоҳу валлоҳу акбар” калимасини кўпайтиринглар. Чунки бу кунлар такбир, таҳлил ва зикруллоҳнинг кунларидир"дедилар. 

(Дур ал мансур Байҳақий, Хитоботул аҳком 146 бет,50  ҳутба)

ФОЙДА: Бу ўн куннинг фазилати ҳақида жуда кўп ҳадислар ворид бўлган, аммо биз бир нечтасини келтириш билан кифояландик.

Икки ийд кечаларининг фазилати

ФОЙДА: Зулҳижжанинг аввалги ўн куни афзалми, ёки рамазони шарифнинг охирги ўн куними? Бунда ихтилоф бор.

Шайх Абдуллоҳ муҳаддис Деҳлавий айтадиларки: “ Мухтор гап шуки, зулҳижжанинг аввалги ўн куни афзал, рамазон ойининг охирги ўн кечаси афзал. Валлоҳу аълам”.

Ибни Можадан Зулҳижжанинг аввалги ўн куни фазилати ҳақида келтирилади:

 “ Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"Қай бир киши икки ъийд, яъни рамазон ва қурбон ҳайити кечаларини савоб талаб қилган ҳолда бедор ўтказса, барчанинг қалби ўладиган кунда унинг қалби ўлмайди”, дедилар.          (Аҳкоми ҳаж, суннати Иброҳим 491 бет)

Такбир ва ташриқ

Росулуллоҳ (сав) марҳамат қиладилар: “Бирор кун Аллоҳ таолонинг наздида Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунидан афзал эмас, ва яна бирор кунда қилинадиган амал бу кунларда қилинадиган амаллардан афзал бўлолмайди. Бас, бу кунларда хоссатан “Ла илаҳа иллоллоҳу валлоҳу акбар” калимасини кўпайтиринглар”. (Дуррул мансурБайҳақий)

ФОЙДА: Билмоқ керакки, ўн куннинг барчасида яъни, зулҳижжанинг аввалидан тўққизинчи кунигача такбир ва таҳлилни кўпайтириш маҳбуб амалдир. Бу нарса юқоридаги ривоятдан маълум бўлди. Лекин тўққизинчи кунининг бомдод намозидан ўн учинчи кунининг аср намозигача ҳар фарз намоздан кейин баланд овоз билан бир маротаба такбир айтмоқлик вожибдир.

Шунингдек “Осори сунан” да Ибн Абу Шайбанинг ҳаволасидан Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалларини ривоят қилиб айтади. Байҳақий Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилади: “ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зулҳижжанинг тўққизинчи куни аввалидан  ташриқ кунининг охири(зулҳижжанинг ўн учинчи куни аср намози)гача такбир айтардилар”. (Байҳақий аҳкоми ҳаж, 294  бет).

МАСАЛА: Зулҳижжанинг тўққизинчи куни бомдод намозидан, ўн учинчи кунининг аср намозигача жамоат билан, муқим бўлган ҳолда, шаҳарда бўлиш шарти билан такбири ташриқни бир марта баланд овозда айтмоқлик вожибдир. Аммо мусофир, ёлғиз намоз ўқувчи ва аёлларга вожиб эмас. Лекин буларнинги барчасига айтиш вожиб деган уламолар ҳам бор. Шунинг учун булар ҳам айтсалар яхши бўлади.

 Такбири ташриқ будир: 

“Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Ла илаҳа иллоллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд”.

(Заволус сунна ан аъмалис сунна 37 бет)

Арафа кунининг рўзаси

 "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

 “Арафа кунининг рўзаси мингта рўзага баробардир”дедилар.

(Байҳақий ва Табароний ривояти)

Бир ривоятда келадики,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 “Арафа куниннинг рўзаси икки йил  мобайнида пайдар пай қилинган гуноҳларга каффорат бўлади"дедилар. ”(Абу Яъло ривояти) 

Яъни бир йил ўтган ва бир йил келгуси гуноҳларга. Яна бир ривоятда :  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Аллоҳ таолодан арафа (яъни зулҳижжанинг тўққизинчи кунида тутилган рўза йил ўтган ва бир йил келгуси гуноҳларга каффорат бўлишини умид қиламан.” (Аҳкоми ҳаж, мулҳиқа суннати Иброҳим 490 бет,Хитоботул аҳком 142 бет)

МАСАЛА: Ъийди қурбон кечаси рўза тутишда улкан савоблар бордир. Зулҳижжанинг ойи чиққан кундан, то ҳайит кунигача рўза тутишда ҳам жуда кўп фазилатлар бор. (Беҳишти зуюр 10 бет)

ФОЙДА: Зулҳижжанинг ўнинчи кунидан ўн учинчи кунигача тўрт кун рўза тутмоқлик харом, шу сабабли ҳам дастлабки тўққиз кунида рўза тутиш фазилатлидир. ( Суннати Иброҳим 490 бет)

Хожилар учун арафа кунининг рўзаси.

САВОЛ: Арафа кунининг рўзаси Арофатда турган хожилар учун жоизми,ёки йўқми?

Ҳадисдан маълумдирки, Арафа кунида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутмаганлар. (Термизий ривояти) 

Аммо баъзи уламолар жоиз деганлар. Бу ерда таҳқиқ қай бири?

ЖАВОБ: Арафа кунининг рўзаси  хожилар учун агар уларга заифлик етмайдиган бўлса, ҳеч кароҳиятсиз мустаҳабдир, аммо агар заифлик хавфи туғилса, макруҳдир. (Дуррул мухтор ва Роддул мухтор 830 бет, Имдодул фатово100 бет)

Зулҳижжа ойининг ой тўлган кунларидаги рўза

САВОЛ: Бир киши ой тўлган кунлари рўзасини ҳар ойнинг 13, 14, 15  кунлари  тутишга одатланган эди, чунки бу амал суннатдир. Аммо ийд кунининг 13 сида рўза тутиш харомдир. Шу сабабли у одам 14. 15, 16  кунлари рўза тутса, ой тўлган куннинг рўзасига ўтадими, ёки йўқми?

ЖАВОБ: Бу ойнинг 13  куни рўза тутиш мумкин эмас, шунинг учун у одам ўрнига 16  куни тутиб берадими, ёки бундан бошқа кун тутиб берадими, баробардир. (Имдодул фатово 102 бет)

Қурбонлик қилувчи кишининг амаллари

МАСАЛА: Қурбонлик қилишни ирода қилган киши учун зулҳижжа ойи кўрингандан, то қурбонлигини сўйиб бўлгунича тирноқ ва бошқа тукларини олмаслиги мустаҳабдир.

 2 БОБ

Қурбонликнинг қуръон ва ҳадис нигоҳидаги фазилатлари.

اءعود با لله من الشىطان الرجيم  بسم الله الرحمن الرحيم

    فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ

(Кавсар 2-оят)                              

             “Сиз парвардигорингизга намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг.” (Баёнул  қуръон 121 бет)

Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг нишонларидан қилдик. Уларда сизга яхшилик бор. Уларга олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг. Ёнлари ерга текканида эса, бас, улардан енг ва қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг. Шундай қилиб, Биз уларни сизга бўйинсундириб қўйдик. Шоядки шукр қилсангиз .

Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмайдир. Лекин Унга сиздан тақво етадир. Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишингиз учун уларни сизга бўйинсундириб қўйди. Яхшилик қилгувчиларга башорат беринг. (Ҳаж сураси 36 37 оят)

Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз. Биргина ҳидоятга бошлаб қўйгани учун қанча такбир айтса, оз. Қурбонлик қилиш ҳам, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир.

Демак Аллоҳ таоло туя, қўй, эчкиларни сўйишни диннинг шиорларидан қилди. Бу амалларни бажаришда Аллоҳ таолонинг азамати ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади.Ундан ташқари бу жониворларни сўйишда биз учун бошқа фойдалар ҳам бор. Дунёвий фойда масалан, ейиш,ичиш бўлса, ухровий фойда эса савобдир.Қурбонликдаги ихлос,хоссатан Аллоҳ таоло учун ва ундан савоб олиш мақсади билан қилишдир.(Баёнул қуръон , Ҳаж сурасидан. 135  бет)

Қурбонликка тегишли набавий ҳадисларда қурбонликнинг фазилати ва унинг савоби.

1.Ҳусайн ибн Алидан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

"Қайси бир киши қурбонлик қилаётганидан дили хурсанд бўлса ва шу қурбонлигидан савобни ният қилса, ушбу қурбонлиги ўз соҳиби учун дўзахдан парда бўлади"дедилар. (Табароний Кабир)  

2.  Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

"Қурбонлик куни одамнинг ҳеч бир амали Аллоҳ таолонинг наздида қурбонлигидан зиёда савобли бўлолмайди.Қурбонликка сўйилган жонивор қиёмат куни ўз шохлари, гўштлари ва туклари билан қўшилиб келади ва у нарсаларнинг барчаси эвазига соҳибига савоб етади. Қурбонлик қони ерга тушмасдан олдин ўша банда Аллоҳ таолонинг ҳузурида хос бир даражага кўтарилади.Қурбонлик вақтида қалбингиз хурсанд ҳолда қилинглар, кўп харажат қилганингиз учун қалбингиз оғримасин!"дедилар.

 (Ибни Можа, Термизий ривояти)

3. Ҳазрати Зайд ибн Арқамдан, саҳобалар пайғамбаримиз (сав)дан  сўрашди:

  “Ё Росулоллоҳ (сав), қурбонликнинг ҳақиқати нима?” 

 Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

 “Сизларнинг насабий ёки руҳоний отангиз Иброҳим а.с нинг одатларидур” дедилар. Улар:

 “ Эй Аллоҳнинг Расули,  бизга ундан нима етади?”дедилар. У зот: 

 “Ҳар туки эвазига битта яхшилик” дедилар. Улар:

  “Агар у юнгли жонивор бўлсачи?”дедилар. У зот:

 “Ҳар юнги эвазига битта яхшилик” дедилар.

                                                             (Ҳоким, Ибни Можжа, Аҳмад ривоятлари)

 Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Эй Фотима туринг ва сўйиш вақтида ўз қурбонлигингиз ёнида бўлинг, чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси ерга тушиши билан сизнинг барча гуноҳларингиз мағфират қилинади. Ёдда тутинг қиёмат куни қурбонликнинг қони ва гўшти келтирилади. Амаллар тарозингизга савоби олтмиш баробар зиёда қилиб қўйилади ва уларнинг барчаси эвазига яхшиликлар берилади. ”дедилар.

 (Асбаҳоний “Ҳаётул  муслимин 127 бет”)

Қурбонлик қилмайдиганлар учун қаттиқ ваъидлар

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

"Қайси бир киши қурбонлик қилишга имкони(яъни нисоб эгаси) бўла туриб, қурбонлик қилмаса, бизнинг ийдгоҳимизга яқинлашмасин"дедилар.

(Ҳоким “Тарғиб”)

Бу ҳадисдан қанчалар норозилик аломати зоҳир бўляпти. Нима? Бирор мусулмон  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг норозиликларига бардош қила оларканми? Бу норозилик, зиммасига қурбонлик вожиб бўлган кишилар учундир, агар кимнинг имконияти бўлмаса, унинг учун эмас.

 (Асбаҳоний “Ҳаётул  муслимин 127 бет”)

 Қурбонлик қилишдаги молдор кишиларнинг нуқсонлари

Сўнги пайтларда кўпчиликдан кузатиляптики, қурбонликка бепарволикларидан қоидага мувофиқ иш қилишмайди. Ваҳоланки у қоидани мулоҳаза қилиш, унга эътибор бериш зарур эди. Баъзи молдор кишилар қурбонлик тарафга мутлақо таважжуҳ қилмайдилар, ваҳоланки улар қурбонлик вожиб бўлган шароитда  бўла туриб ва унинг тарк қилувчисиига қаттиқ ваъидлар келган бўлса ҳам тарк қилаверадилар.

Чунончи   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир киши қурбонлик қилишга имкони(яъни нисоб эгаси) бўла туриб, қурбонлик қилмаса, бизнинг ийдгоҳимизга яқинлашмасин” дегандилар. Иийдгоҳ ўзи шундай жойки, ҳатто зиммасига намоз ўқиш вожиб бўлмаганлар ҳам бу ерга жамланишга тарғиб ва ташвиқ  қилинади. Бу ҳукм исломнинг аввалида бўлган эди. Ўша пайда ҳайз кўрган аёллар ҳам ийдгоҳда ҳозир бўлишарди, аслида эса ҳоиза аёлга ҳатто намоз ўқиш ҳам  жоиз эмас. Лекин бу ҳукм  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларигагина хос бўлиб, кейинчалик фитналар хавфининг олдини олиш учун бекор қилинган.(“Сунани Иброҳим” 22 бет)

Набий (сав)нинг сўзларига эътибор беринг, у зотнинг буйруғлари борки, ким қурбонлик қилишга қодир бўла туриб, қилмаса, бизнинг ийдгоҳимизга яқинлашмасин дедилар, ийдгоҳимизга келмасин демадилар, балки яқинига ҳам йўламасин дедилар.

Қурбонлик қилмайдиган кишидан  Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанчалик нафратланганликлари маълум бўлди. Бундай шахсга мусулмонлар ъийдгоҳининг яқинига ҳам йўламаслик ҳукми берилди.

Дўстлар агар ғайратингиз бўлса,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатингиз бўлса бу жуда қаттиқ гапку! Лекин афсуски, қурбонликка шу қадар таъкид бўла туриб ҳам баъзи кимсалар қилишмайди. 

                                                                               (“Сунани Иброҳим” 35 бет)

Ғариб киши учун қурбонлик

Ғариб киши учун қурбонлик қилиш муносиб ва мустаҳаб бўлган амаллардандир.Бу нарса қуръон оятларидан маълум бўлади, Алло таоло: “Инсонлар байтуллоҳга пиёда келишади.” дейди.

Бу оятдан маълум бўладики пиёда келувчилар ғариб бўладилар.

Кимгаки қурбонлик вожиб бўлса, унга қилиш зарур ва қиладиям деб умид қиламиз. Энди бошқаларга вожиб эмасу, аммо битта қурбонлик қилишга қурби етади ва бунинг натижасида бўйнида вожиб бўлган бошқа ҳақлар зойил бўлмайди, бундай кишига ҳам қурбонлик қилиш муносибдир, чунки қурбонликда шундай фазилатлар борки, уни тарк қиллган одам жуда кўп манфаатлардан маҳрум бўлиб қолади. Кимнинг мутлақо шароити бўлмаса, энди у чорасиз.

                                                             (Китабул удҳия 166 бет)

Қурбонлик қилиш жоиз бўлмаган инсонлар

Баъзи кимсалар ўта ночор, ёки, уларнинг зиммасида заҳирадан ташқари бандаларнинг ҳақлари ҳам бор. Энг аввал уларни адо этиш шарт. Лекин улар барча ҳақлардан кўз юмиб, яъни уни кейинга ташлаб, фақат фахрланиш ёки қадим одатни бино қилиш учун (яъни олдиндан ҳамиша бизнинг ҳузуримизда қурбонлик бўлиб келади деб) қурбонликка қаттиқ туришади. Ҳеч паст келишмайди. Агар ўзларида маблағ бўлмаса, қарз олиб бўлса ҳам қилишади.

Баъзи кишиларни кўрсангиз, ўликларига ҳам қўшиб бир неча ҳисса қурбонлик қилишади.Тирикларнинг вожиб бўлган ҳақларини эса ўлдириб қўядилар. Ваҳоланки аслида бир танга қарзни адо қилишлик, юз дирҳамга қурбонлик сотиб олишдан яхшироқдир. Бу суратда бировнинг ҳаққини адо этмаганига алоҳида гуноҳкор бўлса, нияти бузуқлигининг гуноҳи алоҳида бўлади. (яъни агар фахр ва риё ниятида бўлса.)

Албатта, бирор кишининг ҳаққи зоеъ бўлмаса ва риё аломати бўлмаса,  нафл қурбонлик қилиш мустаҳаб ва муҳаббатнинг белгисидир. Шунингдек омма мусулмонлар   томонидан, дин катталари томонидан, хусусан,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  томонларидан қурбонлик қилиш мандуб амалларнинг энг суюклисидир, яъни мустаҳаб ишларнинг  энг афзалидир, ҳамда уларнинг ҳуқуқлари тақозосидир. Лекин бу нарса бирорта ҳам ўринда бошқаларга зарар, нуқсон  етмагандагина жоиз бўлади. Нафл қурбонлик қилиш манфаат, лекин бировларнинг ҳақларини, қарзларини адо этмаслик зарар. Зарар етмагандагина нафл қурбонлик қилиш жоиз бўлади 

                                                                   (Ислоҳий хитоб 167 бет)

Абдулманнон Абдуллоҳ


7 йил аввал 11109 Абдуманнон Жаъфар
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Назр қилишнинг турлари
Аслида Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мумкин бўлган ҳар қандай ибодатни ҳам назр қилиш мумкин, бироқ бу ерда фақат жонлиқ сўйишни назр қилиш ҳақидаги ҳукмларни баён қилмоқчимиз.Назр қилиш, хусусан, кутилаётган бир давоми...
7 йил аввал 15429 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қурбонликнинг тарихи ва ҳақиқати
3-БОБ Қурбонликнинг ҳақиқати. Зайд ибн Арқамдан ривоят қилинади: "Саҳобалар сўрашди:  “Ё Росулоллоҳ (сав), қурбонликнинг ҳақиқати давоми...
7 йил аввал 9344 Абдуманнон Жаъфар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қурбонликка оид савол-жавоблар
Савол: Баъзилар фотиҳага келганлар таомланиб кетсинлар деган ниятда, арафа куни ёки қурбонлик куни, ийд намозидан олдин жонлиқларни сўядилар. Шу қурбонлик ҳисобланадими? Жавоб: Шаҳарда давоми...
7 йил аввал 9389 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қурбонлик кимларга вожиб?
Савол: Қурбонлик кимларнинг зиммасига вожиб? Жавоб: Қурбонлик зиммага вожиб бўлиши учун 4 нарса топилиши шарт. 1. Мусулмон бўлиши. Чунки қурбонлик қурбат бандани Аллоҳ таолога яқин қилувчи давоми...
7 йил аввал 12655 fiqh.uz