Биз рўза тутишдан ожиз бўлишини иккига бўлиб ўрганамиз.
1 – Тоифа рўзани Рамазонда очиб, кейин қазосини тутиб беради. Булар тузалиши умид қилинадиган бемор ва мусофирдир. Бу ҳақда Аллоҳ, Бақара сураси, 185–оятида шундай марҳамат қилган:
فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَن كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلاَ يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ
“Сиздан ким шу ойда ҳозир бўлса, бас, унинг рўзасини тутсин. Ким бемор бўлса ёки сафарда бўлса, бас (ўша тутилмаган кунлар) ададича бошқа кунлар(тутур). Аллоҳ сизга енгилликни ирода қилур. Аллоҳ сизга оғирликни ирода қилмас” деган.
Тузалиши умид қилинадиган бемор Рамазон ойида бемор бўлса ё беморлиги зиёда бўлишидан қўрқса, ёки бир киши Рамазон ойида сафарга чиқса, ўша кунлари рўза тутмай, кейин тутмаган куни миқдорича қазо қилишига юқоридаги оят далил бўлади. Биз бемор рўза тутса беморлиги зиёда бўлишидан қўрқса бемалол оғзини очиб юриб, кейин қазосини тутиб беради, дедик. Бунга Имом Шофиий (р.а) хилоф қилиб, беморлар рўзасини очмайди, дедилар. У киши таяммумда эътибор қилганидек, рўзада ҳам бир бўлак аъзо йўқолиб ёки хастанинг вафот этиб қолиш хавфини эътиборга оладилар. Биз, касалнинг зиёдалашиб кетиши ва унинг чўзилиб кетиши гоҳида ҳалокатга олиб боради, шунинг учун унинг олдини олиш вожибдир, деймиз.
Агар киши Рамазон ойида мусофир бўлиб рўза тутса, ўзига зарар етмаса, рўза тутиши афзалдир. Имом Шофиий (р.а): Сафарда рўза тутмаслик афзал, деб ушбу ҳадисни далил қиладилар:
ليس من البر الصيام فى السفر
“Сафарда рўза тутиш яхшиликдан эмас”.
Биз бу ҳадисни сафарда қийинчилик бўлганга тегишли деймиз.
Энди ушбу мавзуларга тегишли бир неча ҳадисларни келтириб ўтамиз:
Ибн Аббос (р.а) дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) Рамазонда Маккага (йўлга) чиқдилар. Шунда Кадидга етгунларича рўза тутиб бордилар. Сўнгра рўзани очдилар, одамлар ҳам очдилар. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг саҳобалари у зотнинг амалидан энг янгисига эргашар эдилар.”
Шу зотдан қилинган бошқа бир ривоятда: “Набий (с.а.в) (сафарда) рўза ҳам тутганлар, оғизлари очиқ ҳам бўлган. Бас, ким хоҳласа рўза тутсин, ким хоҳласа оғзи очиқ юрсин” дер эдилар. Ушбу ҳадисдаги воқеалар Макка фатҳ қилинишида бўлган. Расулуллоҳ (с.а.в) Рамазонда йўлга чиққан эдилар. Аввал рўза тутганлар. Кадид деган жой Мадинадан икки кунлик масофада эди. Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в) ушбу сафарда сув чақиртириб оғзини очдилар, шунда баъзи саҳобалар ҳам оғзини очишди. Баъзилар эса оғзини очмай рўзасини давом эттирдилар.
“Расулуллоҳ (с.а.в) билан Рамазонда сафарга чиқдик. Шунда рўзадор оғзи очиқни, оғзи очиқ рўзадорни айбламади.” Бошқа ривоятда саҳобалар: “Бас, ким қуввати етиб рўза тутса яхши, ким заифлик сезиб оғзи очиқ бўлса, у ҳам яхши, деб билишар эди” дейилган.
عن جابر رضى الله عنه كان النبىّ صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ فى سفر
فرأى زحاما و رجلا قد ظلل عليه فقال ماهذا قالوا صائم فقالوا ليس من البر الصوم فى السفر
Жобир (р.а) дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в) сафарда эдилар. Бас, тўрланган кишиларни, ҳамда устига соя қилиб қўйилган одамни кўрдилар ва: “Бу нима?” деб сўрадилар. “Рўзадор” дейишди. “Сафарда рўза тутиш яхшиликдан эмас” дедилар.” Ушбу ривоятдаги киши Абу Исроил лақабли Қайс ал Омирий бўлиб, у сафарда иссиқ кунда рўза тутганидан чарчаб қийналиб ҳушидан кетди. Шунда кишилар унинг устига соя қилиб қўйишди.
Биз юқорида сафарда рўза тутиш яхши, дедик. Чунки Аллоҳ, Қуръони Каримда ушбу масала баёнида: “рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир” деган. Яна Рамазон кунларининг ўзига яраша файз ва баракаси бор ва инсон ўз зиммасидаги бурчни тезроқ бажарса яхши.
Агар касал киши хасталик чоғида ёки мусофир сафардалик чоғида вафот этиб қолса, унга қазо рўза вожиб бўлмайди. Чунки улар Рамазондан кейинги бир неча кунни кўрганлари йўқ. Агар касал тузалиб ва мусофир юртига келиб (муқим бўлиб) сўнгра вафот этишса, уларга сиҳатлари ва ватанларида яшаган кунлари миқдорида қазо рўза лозим бўлади. Агар шу кунлар давомида рўза тутмай ўлса, шу кунлар учун ворислари фидя беришади, агар у васият қилиб ўлган бўлса. Имом Шофиий (р.а) эса васият қилмаса ҳам меросхўрлар фидя беради, дейди.
“Фидя” сўзининг луғавий маъноси “фидо қилиш” бўлиб, шариатда маълум бир нарсанинг ўрнига мол сарфлаш фидя бериш дейилади. Масалан, бир киши Рамазонда беш кун касал бўлгани учун рўзасини очди ва рўзадан кейин беш кун яшаб, рўза тутмасдан ўлса ва васият қилган бўлса, ворислари беш кун учун фидя беришади. Агар бу киши беш кун яшамасдан уч кун яшаб ўлса, уч кун учун фидя беришади. Бир кунлик рўзанинг фидяси ярим соъ буғдойдир.
Васият маййитнинг молининг учдан биридан амалга оширилади, агарчи бу мол маййитнинг фидясига етмаса ҳам. Маййитнинг ўрнига валийси намоз ўқиб, рўза тутиб бермайди. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в):
لا يصوم أحد عن أحد و لا يصلى أحد عن أحد
“Ҳеч ким бошқа бир кимсанинг ўрнига рўза тутмайди ва ҳеч ким бошқа бир кимсанинг ўрнига намоз ўқимайди” деганлар.
2 – Тоифа ёши улуғ кишилар, ҳомиладор ва эмизувчи аёллар, сурункали беморлар.
Ибн Аббос (р.а) дан ривоят қилинади: “Ва у рўзани қийналиб тутадиганларга бир мискин таомини бериш” ояти қари чол ва қари кампирга тегишли рухсатдирдеганлар. Икковлари рўзани қийналиб тутурлар. Улар оғзини очиб, ҳар бир кун учун бир мискинга таом берурлар.
Ҳомиладор ва эмизикли аёллар қачонки қўрқсалар оғизларини очурлар ва таом берурлар. Бухорийнинг ривоятида: “Бу оят мансух эмас, балки қари чол ва кампир учундир. Улар рўза тутишга қодир эмас. Бас, ҳар бир кун ўрнига бир мискинни таомлантирур” дейилган. Мазкур оятга кўра, ўта қари чол – кампирларга рўза тутмасликка рухсат ва рўзаси тутилмаган ҳар бир кун эвазига бир мискинга таом бериши мумкин. Баъзилар ўзлари соғ бўлсалар ҳам, ёшлари катталиги туфайли рўза тутишга қийналадиган бўладилар. Уларга ҳам рухсат. Аммо ҳомиладор ва эмизикли аёлларни кейинчалик қазо тутишлари Ҳанафий мазҳаби бўйича шарт ва булар фидя бериши дуруст эмас. Бу ривоятдаги маънони эса ҳазрати Ибн Аббос (р.а) нинг шахсий фикри, деб қабул қиламиз. Худди Ибн Аббос (р.а) нинг ўзларидан қилинган бошқа бир ривоятда, бу ояти кариманинг тафсирида ҳомиладор ва эмизикли аёллар зикр қилинмагани ҳам шуни кўрсатади. Энди ўша ривоятни ўрганамиз.
و عنه فى هذه الأية لا يرخص فى هذا إلا للذى لا يطيق الصيام أو مريض لا يشفى
Яна Ибн Аббос (р.а) дан ривоят қилинади: “Бу рухсат фақат рўзани кўтара олмайдиган ва шифосиз беморгагина берилади.” Кўриниб турибдики, мазкур ояти каримада кўзда тутилганлар умуман рўза тутишга ярамайдиган ўта қари чолу кампирлар ва тузалишидан умид йўқ беморлардир.
Энди нафл рўза ҳақида гапирамиз.
عن أبى سعيد رضى الله عنه عن النبىّ صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ قال من صام يوما
فى سبيل الله باعد الله و جهه عن النار سبعين خريفا
Аба Саид (р.а) дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в): “Ким Аллоҳ учун бир кун рўза тутса, Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш кун узоқ қилади”, дедилар”.
Нафл рўза тутишнинг улуғлигини тушуниш учун ўзини билган кишига бу ҳадисдан бошқа далил керак эмас.
Қайси кунлари нафл рўза тутиш афзаллигини кўриб чиқамиз:
1 – Муҳаррам ойи рўзаси. Муҳаррам ойи Рамазон ойидан кейинги мартабада туради. Бу ойда Ашуро куни бор.
عن ابى هريرة رضى الله عنه عن النبىّ صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ قال افضل الصيام
بعد رمضان شهرالله المحرم و افضل الصلاة بعد الفريضة صلاة ليل
Набий (с.а.в): “Рамазондан кейинги энг афзал рўза, Аллоҳнинг муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир” деганлар.
2 – Ашуро куни рўзаси. “Ашуро” Муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир.
عن بن عباس رضى الله عنه قال أمر رسول الله صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ بصوم عاشوراء يوم العشر
“Расулуллоҳ (с.а.в) Ашуро рўзасини ўнинчи куни тутишга амр қилдилар.”
Яҳудий, насронийлар ҳам Ашурони ўнинчи куни тутишгани учун Расулуллоҳ (с.а.в) тўққизинчи ва ўнинчи куни рўза тутишга буюрганлар. Ҳозир шунга амал қилинади.
3 – Ражаб рўзаси.
Усмон ибн Ҳаким(р.а)дан ривоят қилинади: “Саид ибн Зубайрдан ражаб ойида турганимизда ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ (с.а.в) рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик, деяётганини эшитганман” деди.
4 – Шаъбон рўзаси
و قالت ام سلمة رضى الله عنها ما رأيت النبىّ صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ يصوم شهرين
متتابعين إلا شعبان و رمضان
Умми Салама (р.а): “Набий (с.а.в) нинг Шаъбон ва Рамазондан бошқа икки ой кетма – кет рўза тутганларини кўрмадим” дедилар. Бошқа ҳадисларга ҳам қарасак Расулуллоҳ (с.а.в) Рамазондан бошқа бирор ойда Шаъбондагичалик кўп рўза тутмаганларини кўрамиз.
5 – Шаъбоннинг ярми рўзаси.
عن ابى موسى رضى الله عنه عن النبىّ صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ قال ان الله ليطلع فى ليلة
النصف من شعبان فيغفر لجميع خلقه إلا لمشرك أو مشاحن
Абу Мусо (р.а)дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в): “Аллоҳ Шаъбон ярмидаги кечада қараб кўриб жамики махлуқотларини мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир” дедилар.”
Ҳазрати Али (р.а).дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в) шундай деганлар: “Қачон Шаъбон ярмининг кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар.”
6 – Шавволдан олти кун рўза тутиш.
عن ابى ايوب الأنصارى رضى الله عنه عن النبىّ صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ قال من صام رمضان ثم اتبعه ستا من شوال فكانما صام الدهر
Набий (с.а.в): “Ким Рамазон рўзасини кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” дедилар.
7 – Зулҳижжанинг биринчи ўн кунлиги.
Набий (с.а.в): “Аллоҳ учун Зулҳижжанинг ўн куничалик Унга ибодат қилишданмаҳбуброқ кун йўқ. Уларнинг бир кунлик рўзаси бир йиллик рўзага тенгдир. Уларнинг бир кечасини бедор ўтказиш эса Қадр кечасини бедор ўтказишга тенгдир” дедилар. Лекин Зулҳижжанинг ўнинчи куни Қурбон ҳайити бўлгани учун бу куни рўза тутиш макруҳдир.
8 – Ҳожидан бошқаларга Арафа куни рўзаси.
عن ابى قتاده رضى الله عنه عن النبىّ صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ قال صيام يوم عرفة إنى
أحتسب على الله أن يكفر السنة التى قبله و السنة التى بعده
Абу Қатода (р.а) дан ривоят қилинади: “Аллоҳдан умид қиламанки, Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги сананинг ва ундан кейинги сананинг каффороти бўлур” дедилар.
Демак, ҳаж қилаётган одамдан бошқалар бу кунда рўза тутсалар, улуғ фазлга эга бўладилар.
9 – Ҳар ойдан уч кун рўза тутиш.
عن عبد الله بن عمر رضى الله عنه قال لى النبىّ صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ صم من الشهر
ثلاثة ايام فإن الحسنة بعشر أمثالها و ذلك مثل صيام الدهر
Абдуллоҳ ибн Амр(р.а)дан ривоят қилинади: “Менга Набий (с.а.в): “Ҳар ойда уч кун рўза тут. Чунки бир яхшилик ўн мисличадир. Ана ўша йил давоми рўзасига баробар” дедилар.”
و لمسلم و ابى داود صوم ثلاثة من كل شهر و رمضان إلى رمضان صوم الدهر
Муслим ва Абу Довуд (р.а) ривоятларида: “Ҳар ойдан уч кун рўза тутмоқлик Рамазондан Рамазонгача йил бўйи рўза тутишга тенгдир” дейилган.
10 – Оқ кунлар рўзаси. Оқ кунлар дегани тунлари оқ бўлган кунлардир. Ой ўн уч кунлик бўлганда энг ёруғ бўлади. Демак, ўн учинчи, ўн тўртинчи, ўн бешинчи кунлар рўза тутиш ҳақида сўз кетяпти.
عن ملحان القيسى رضى الله عنه عن النبىّ صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ قال اذا صمت من الشهر ثلاثة ايام فصم ثلاث عشرة و اربع عشرة و خمس عشرة و فى رواية قال هن كهيئة الدهر
Набий (с.а.в) Милҳон ибн Қайсга: “Қачон бир ойдан уч кун рўза тутадиган бўлсанг, ўн уч, ўн тўрт, ўн бешни тут” дедилар. Бир ривоятда: “Улар худди йил бўйига ўхшар” дедилар.
11 – Душанба ва пайшанба кунлари рўзаси.
عن ابى قتادة رضى الله عنه قال سأل النبىّ صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ عن صوم الاثنين
فقال فيه ولدت و فيه انزل على القرأن
Абу Қатода (р.а) дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в)дан душанба ва пайшанба куни рўзаси ҳақида сўралди. У зот: “Ўша кунда туғилдим ва ўша кунда менга Қуръон нозил қилинди” дедилар.” Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в) Умми Салама (р.а)га: “Ҳар ойдан уч кун рўза тутсанг, аввали душанба ва пайшанба бўлсин” деганлар.
12 – Довуд (а.с) нинг рўзаси. Расулуллоҳ (с.а.в): “Бир кун тутиб, бир кун очинглар, бу Довуд (а.с) нинг рўзасидир” деб доимий рўзадан қайтарганлар.
Рўзадор нафл рўзасини бузиб юборса, ўрнига бошқа кун қазо тутиб беради. Бунга Имом Шофиий (р.а) хилоф қилиб: “Нафл кишининг ихтиёридаги нарса бўлгани учун уни бузса қазо қилмайди” дейдилар. Бизнинг далилимиз Расулуллоҳ (с.а.в) нинг ушбу сўзларидир:
أفطر واقض يوما مكانه
“Сени биродаринг меҳмон учун чақирса, сен рўзангни очиб юбор ва ўрнига бошқа бир кун қазосини тутиб бер.”
Ва яна бунга Оиша (р.а) онамиздан ривоят қилинган ҳадис ҳам далил бўлади. Йилнинг беш кунида нафл рўза тутиш дуруст эмас. Булар:
- Ийди Рамазон куни.
- Ийди Қурбон ва ундан кейинги уч кун.
Энди фатволарни келтирамиз:
1. Бир йилнинг барча кунларида, ҳатто тақиқларида ҳам қолдирмай рўза тутиш макруҳдир. Шунингдек, ифторлик қилмасдан бир неча кун нафл рўза тутиш ҳам макруҳдир. Нафл рўзанинг энг афзали бир кун тутиб, бир кун тутмасликдир. (Хулоса)
2. Атайлаб эмас, балки одатда тутиб юрган кунлари давомига тўғри келиб қолса, шанба, якшанба, наврўз, меҳржон кунлари нафл рўза тутиш макруҳ эмас. (Оламгирия)
3. Нафл рўзани аёл эри рухсатисиз тутиши жоиз эмас. Мардикор ҳам рўза тутса ишга зарари тегадиган бўлса, хўжайиндан рухсат олиб тутиши шарт. (Муҳит)
4. Рамазон рўзасининг қазосини тутмай туриб, нафл тутиш макруҳ эмас. (Оламгирия)
5. Нафл рўзани ҳам узрсиз очиш жоиз эмас. Имом Ҳалвоний (р.а) фикрига кўра, кейин қазосини тута олишига ишонмаса, рўзасини очмайди. Яна бу гапларга завол вақтигача бўлсагина амал қилинади. Аммо заволдан кейин бўлса, катта узр бўлмагунча очмайди. Масалан, агар очмаса, ота-онаси норози бўладиган бўлса. (Оламгирия, Муҳит)