«Сияр» сўзи «сийрат» сўзининг жамъидир. Сийратнинг икки хил маъноси бўлиб, биринчиси «тарийқат» (яъни йўл), иккинчиси «ҳайъат» (яъни кўриниш) маъносини билдиради. Сияр китобларининг иккинчи номи «жиҳод»дир. Ушбу услубдаги китоблар ғозийларнинг йўлини ва кўринишларини баён қилгани учун ҳам «сияр» деб аталган.
Бу ҳақда ушбу мавзу бўйича илмнинг улуғларидан бири Шамсул Аимма Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг машҳур китоби «Мабсут»нинг «Китобус Сияр»ини қуйидаги сўзлар билан бошлаган:
«Билки, сияр сийратнинг жамъидир. Бу китоб-нинг шу ном билан аталишининг сабаби унда мусул-монларнинг мушриклар, аҳли ҳарб, аҳднома тузган-лар, омонлик сўраганлар, аҳли зиммалар ва муртад-лар билан бўладиган сийратлари тутадиган йўллари ҳақида баён келади».
Бу турдаги китобларнинг номи ғалатироқ бўлса ҳам, у бугунги кундаги «халқаро алоқалар қонуни» истилоҳини ифода қилиши ҳамма эътироф қилган ҳақийқатдир.
Ғарбда голландиялик олим Гротюс (Grotius) (1583-1645) «халқаро алоқалар қонунининг отаси» деб номла-нади. Чунки, у халқаро алоқалар ҳақида баъзи баҳслар юритган.
Аммо, мусулмон фақиҳлар ундан тахминан саккиз юз йил олдин бу илмни мукаммал китоб шаклида жамоатчи-ликка тақдим қилганлар.
Бу оламшумул ишни Ҳанафий мазҳабининг учинчи имоми Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (ҳижрий 132–189 йиллар) амалга оширди. У киши «Сиярус сағийр» ва «Сиярул кабийр» китобларини ёздилар. Бу икки китоб билан кейинроқ батафсил танишамиз. Аммо ҳозир имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи-нинг халқаро алоқалар қонунига оид китоблари ғарбга қандай таъсир кўрсатгани ҳақида икки оғиз сўз юритайлик.
Доктор Салоҳуддийн Мунажжид «Шарҳи Сиярил кабийр» китобига ёзган муқаддимасида қуйидагилар зикр қилинади:
«Сўнгги йилларда халқаро қонунлар бўйича мутахас-сислар Шайбонийга алоҳида эътибор бера бошладилар. Олмонияда халқаро ҳуқуқлар жамияти тузилди. Унга дунёнинг турли давлатларидан халқаро қонунлар мутахас-сислари аъзо бўлишди. Мазкур жамиятга мисрлик машҳур қонуншунос доктор Абдулҳамид Бадавий раис этиб сайланди. Раисга иккита ноиб ҳам сайланди. Жамият Шайбонийни танитиш, унинг фикрларини тарқатиш ва асарларини нашр қилишни режалаштирган» («Шарҳи Сиярил кабийр», 14-бет).
Ҳанафий мазҳаби уламолари сияр китобларини биринчилардан бўлиб таълийф қилганлар. Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи сияр ҳукмларини тўлиқ равишда шогирдларига имло қилганлар. Кўпчилик бу имлоларни ёзиб олган. Улардан биринчи бўлиб китоб тузганлар ичида имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи ҳам бўлган.
1. Ар-радду ала сиярил Авзоъий.
Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи бу китобни имом Авзоъий ўзи тузган сияр китобида Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳига хилоф қилганида ёзган. Бу китоб Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳининг ўз устозига ён бо-сиши ва у кишининг фикрларини қўллаб-қувватлашидан иборатдир.
«Ар-радду ала сиярил Авзоъий»да уруш, омонлик бе-риш, сулҳ тузиш, ўлжалар ва шунга ўхшаш масалаларда Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг ҳужжат ва далиллари қанчалик кучли эканини исбот қилинган. Унда Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг қиёсга қанчалар уста бўлганлари ва ақллари қанчалар ўткир бўлганлиги ёрқин намоён бўлган.
2. Сиярус-сағийр.
Бу китобни Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳининг бошқа бир шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан туз-ган. Мазкур китобда уруш, унда жоиз бўладиган ва бўлмайдиган нарсалар, қачон сулҳ тузилади, қачон ту-зилмайди, асирларга оид ҳукмлар ва бошқалар ҳақида сўз борган.
Бу китоб имом Муҳаммаднинг охирги китобларидан биридир. У киши «Сиярус-сағийр»ни Ироқдан қайтиб келганидан кейин тузган. Унда асосан имом Абу Юсуф-дан қилинган ривоятларга суянилган.
«ас-Сиярус Сағир»ни Шамсул Аъимма Абдулазиз ибн Аҳмад Ҳалвоний ва Шамсул Аъимма Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсийлар шарҳ қилганлар.
3. «Сиярул кабийр».
Бу китоб имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳининг охирги таълийф қилган китобидир. Бу китобнинг тарихи ҳақида Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳи имом Сарахсий-дан қуйидагиларни нақл қилади:
«Сиярус-сағийр» аҳли Шомнинг олими Абдурроҳман ибн Амр Авзоъийнинг қўлига тушганда: «Бу китоб кимники?» деб сўрабди. «Ироқлик Муҳаммадники», дейилибди. Шунда у: «Ироқликларга бу бобда китоб ёзишни ким қўйибди? Улар сияр илмини билмайдилар-ку. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва саҳобаларининг ғазотлари Шом ва Ҳижозда бўлган, Ироқда эмас», дебти.
Бу гап имом Муҳаммадга бориб етганда аччиғи чиқди ва бошқа ишларини бир томонга қўйиб ушбу китобни ёзди. Имом Авзоъий мазкур китобни кўрганда: «Агар ичидаги ҳа-дислар бўлмаганида, илмга ўзи асос солар экан, деган бўлардим. Аллоҳ таоло тўғри топиш йўлини унинг фикрига жойлаб қўйган экан. «Ҳар бир илмли устидан ундан ҳам билимлироқ бор» деган Аллоҳ тўғри айтади», дебди.
Ҳожи Халийфанинг таъкидлашича, сўнгра имом Ав-зоъий «Сиярул кабийр»ни олтмишта дафтарга кўчириб, тезда халийфага етказишни амр қилган.
Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи мазкур китобларида асосан Қуръони Карим ва Расу-луллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига суян-ганлар. Ўрни келганда қиёсни ҳам ишлатганлар. Шунинг учун ҳам бу китоб Исломий халқаро алоқалар қонунида алоҳида ўрин тутади.
«Сиярул кабийр»ни халийфа Ҳорун ар-Рашийд ўқиб кўриб, ғоятда хурсанд бўлган ва ўз даврининг фахрли ишла-ридан бири деб атаган. Сўнг икки ўғлини мазкур китобни муаллифидан ўрганиш учун юборган.
Усмонийлар халийфалиги вақтида бу китобнинг аҳа-мияти яна ҳам ортган ва султон Маҳмудхоннинг даврида уни турк тилига таржима қилинган. Давлатнинг халқаро алоқа-ларида асосий қўлланма қилиб олинган.
Барча фиқҳий мазҳабларнинг фуруъул фиқҳ китоб-ларида «Китобус-сияр» номли бўлимлар бор бўлиб, уларда мусулмонларнинг бошқалар билан бўладиган алоқалари ҳақида баҳс юритилади.
Сияр китоблари аввалида «жиҳод»ни таъриф қилиш билан бошланади. Кейин унинг ҳукми, ғозийларга вожиб бўладиган нарсалар, кимни қатл қилиш мумкин, кимни қатл қилиш мумкин эмас, дорул ҳарбга оид ҳукмлар, урушни ҳаром қиладиган сабаблар, ўлжаларга тегишли ҳукмлар, до-рул ҳарб ва дорул омондаги ҳукмлар ва бошқалар муолажа қилинади.
Фуруъ фиқҳ китобларида «Китобус сияр» қай шаклда бўлиши ҳақида тасаввур ҳосил қилиш учун имом Косо-нийнинг «Бадоиъус-саноиъ фий тартибиш-шароиъ» ки-тобига назар ташлайлик.
«Бадоиъус-саноиъ фий тартибиш-шароиъ»да «Китобу сияр» «Китобу қуттоъит-торийқ» (йўлтўсарлар китоби) ва «Китобул ғасб» (бировнинг молини тортиб олиш китоби) орасида келган. Имом Косоний, ўз одати бўйича, аввал маз-кур китобдаги мавзуларни айтиб ўтган ва тартиб билан уларни баён қилишга киришган.
Имом Косоний «Кимни ўлдириш ҳалол ва кимни ўлдириш ҳалол эмаслиги ҳақидаги фасл» да қуйидаги-ларни айтади:
«Уруш ҳолатида аёлни, ёш болани, қари кишини, ўтириб қолганни, бир тарафи қуриб қолганни, кўрни, қўл-оёғи ке-силганни, майибни, ибодатхонадаги роҳибни, тоғда одам-ларга аралашмай юрганни, ҳовлига ва черковга кириб эшикни ёпиб олганни ўлдириш ҳаромдир».
Сўнгра бу ҳукмга Қуръони Карим ва Суннатдан да-лиллар келтиради.
«Бадоиъус-саноиъ фий тартибиш-шароиъ»нинг соҳи-би «Урушни ҳаром қилувчи сабаблар» фаслида:
«Урушнинг орасидан чиқиб уни ҳаром қиладиган са-баблар уч турли бўлади–иймон, омон ва ҳарамга кириб олиш»,–дейди ва уларнинг ҳар бирини ҳужжат-далиллар билан баён қилишга ўтади.
Биз ўзимизнинг ожизона ҳаракатимиз ила бошқа мазҳаб уламоларининг «сияр» мавзусида алоҳида ёзган асарларини топа олмадик.
Бу борадаги асарлар деярли имом Муҳаммад раҳма-туллоҳи алайҳининг «Сиярул кабийр» китобининг шарҳидан иборат эканини мулоҳаза қилдик.
«Сиярул кабийр»ни бир неча олимлар шарҳ қилган:
1. Жамолуддийн Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Абдуссаййид Бухорий Ҳанафий (ҳижрий 636-йилда вафот қилган).
2. Қози Муҳаммад Мунийб Ийтобий Румий Ҳанафий (ҳижрий 1234-йилда вафот қилган).
3. Шамсул Аимма Абдулазиз ибн Аҳмад Ҳалвоний (ҳижрий 456-йилда вафот этган).
4. Шамсул Аимма Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий.
Ушбу охирги зот–имом Сарахсий ва у кишининг «Сия-рул кабийр»га ёзган шарҳлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш зарур, деб ўйлаймиз. Шунда фиқҳнинг «сияр» бо-бида Мавароуннаҳр уламолари қилган хизмат яна ҳам яққол юзага чиқса, ажаб эмас, деган умиддамиз.
Аввало, «Сиярул кабийр»нинг биз номларни келтир-ган тўрт шарҳчиларидан учтаси Мовароуннаҳрлик ула-молардир. Қолаверса, бизга етиб келган шарҳ фақат имом Сарахсийнинг шарҳидир.
Имом Сарахсий Мовароуннаҳрнинг Машҳад ва Марв шаҳарлари орасида жойлашган қадимги Сарахс шаҳрида дунёга келди. Илмни Шамсул Аимма Абдулазиз Ҳалвонийдан олди. Фиқҳ, Калом, Усул ва Мунозара илмларида машҳур бўлди. Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳимга ўхшаган машҳур шогирдларни тайёрлади.
Сўнгра Мовароуннаҳрнинг Фарғона водийсидаги Ўзганд шаҳрига кўчиб борди. У ерда хоқоннинг саройида истиқомат қилди. Имом Сарахсий «хоқоннинг иддаси чиқмаган аёлга уйланиши ҳаром» деб фатво чиқаргани учун ҳижрий 466-санада зиндонга солинди. Ўзганднинг зиндонида ўн беш йил банди бўлди.
Имом Сарахсийнинг шогирдлари устозлари банди бўлган ерга келишар ва у киши уларга ёддан дарс ўтар эди. Айни ўша пайтда имом Сарахсий ўзининг шоҳ асари, ўттиз жилд-лик «Мабсут»ни ёддан, бирор китобга назар солмасдан имло қилди. Кейинчалик Ислом оламига машҳур бўлган бу китоб-ни ҳижрий 477-йилда тугатди.
Кейин имом Сарахсий имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳининг «Сиярул кабийр» китобига шарҳни ҳам ёддан имло қилишни бошлади. Мазкур китобнинг «Китобуш-шурут»ига етиб, уни туга-тиш арафасида қамоқдан озод қилинди.
Имом Сарахсий ҳижрий 480-сананинг Рабийъул аввал ойида Марғилонга борди. «Сиярул кабийр»нинг шарҳини ўша ерда Жумадул аввал ойида охирига етказди.
Имом Сарахсийнинг «Сиярул кабийр»га қилган шарҳи-нинг аҳамияти фақат мазкур асаргина бизгача етиб келгани туфайли яна ҳам ортади. Имом Муҳаммаднинг матни ҳам, Абдулазиз Ҳалвоний ва бошқаларнинг ёзган шарҳи ҳам етиб келмаган.
Араб давлатлари уюшмаси қўёзмалар маъҳади томо-нидан имом Сарахсийга мансуб «Сиярул кабийр шарҳи»нинг 28 та қўлёзмаси топилган. Улардан олтита-сини асос қилиб доктор Салоҳиддийн Мунажжид томони-дан тайёрланган нусха китоб шаклида милодий 1971-йилда Қоҳирада чоп қилинди. Бизнинг ушбу сатрларда ёзган маълумотларимизнинг баъзилари ҳам айни шу ки-тобдан олинди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф