Замон ўтиши билан ҳаётда пайдо бўлган ўзгаришлар туфайли аввал бўлмаган вазиятлар келиб чиқиши оддий ҳақийқатдир. Исломнинг баркамол дийн эканининг далилла-ридан бири ҳам унинг барча замонлар ва маконларда одам-ларга икки дунё
саодат йўлини кўрсатиб боришидир. Бу ҳақийқат айнан фиқҳда намоён бўлади. Фуқаҳоларимиз доимий равишда мусулмонлар ҳаётида пайдо бўлаётган ян-гиликларни ўрганиш билан бирга уларга оид дийний маса-лаларни ҳам ечиб келишган.
Ана шу қоида асосида, вақт ўтиши билан, қадимги фақиҳларимиз китоб ёзмаган мавзуларда ҳозирги фақиҳларимиз бир қанча асарлар ёздилар. Келаси сатрлар-да бизнинг назаримизда эътиборли кўринган янги йўналишдаги баъзи китоблар ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтамиз.
1. Ал-аҳвол аш-шахсийя.
Бу атамани «шахсий ҳолатлар» деб таржима қилсак бўлади. Фиқҳий истилоҳда оила ичидаги алоқаларни тар-тибга солувчи тушунча ва ҳукмлар «Ал-аҳвол аш-шахсийя» деб аталади. Унда совчилик, оила қуриш, маҳр, хотиннинг нафақаси ва вазифалари, болани эмизиш, талоқ, қозилик орқали никоҳни бузиш, хулуъ, боланинг ҳомийлиги, мерос, васият ва вақфга ўхшаш нарсаларга оид қонун-қоидалар бўлади.
Қадимда «Ал-аҳвол аш-шахсийя» деган тушунча бўлма-ган. Барча қонунлар аралаш ҳолда бўлган. «Ал-аҳвол аш-шахсийя тушунчаси биринчи бўлиб Италияда, ўн иккинчи асрда пайдо бўлди. Ўша пайтда уларда умумий қонунлар билан маҳаллий қонунлар аралашиб кетиб, «қонунлар низо-си» муаммоси пайдо бўлган эди. Умумий қонун Рим қонунларидан иборат бўлса, маҳаллий қонунлар маълум шаҳарларга хос қонунлар сифатида урф бўлган эди.
Кейинчалик маҳаллий қонунларни «ҳол» деб атала бошланди. Уни иккига тақсимланиб, биринчиси молу мулкка, иккинчиси шахсларга оид қилинди. Охири шахсий алоқаларга хос бўлган қонунларни «Ал-аҳвол аш-шахсийя» деб аталадиган бўлди ва ғарбнинг бошқа давлатларида ҳам қўллана бошланди.
Ислом оламида «Ал-аҳвол аш-шахсийя»ни биринчи бўлиб Мисрда қонун шаклида татбиқ қилина бошланди. Мазкур қонун 1920, 1922, 1923 йилларда ва 1934 йил, 21 июн куни олий маҳкама томонидан қабул қилинган эди. Кейинроқ ҳам бу қонунга бир қанча ўзгартиришлар кири-тилди. Албатта, бу қонунларнинг барчаси шариат ҳукмла-ридан олингандир.
Ал-аҳвол аш-шахсийя бўйича ёзилган китобларга миср-лик машҳур олим Муҳаммад Абу Заҳра раҳматуллоҳи алайҳининг шу номдаги китобини мисол қилишимиз мумкин. Китобнинг биринчи нашри 1948 йилда чиққан. Унинг муқаддимасида муаллиф, жумладан, қуйидагиларни ёзади:
«...Бу китоб Ислом шариати бўйича оила қуриш, унинг асарлари ва самараларини баён қилади. Унда оилани пайдо қилиш ва тугатиш, эр-хотин орасидаги боғланиш алоқасини тартибга солиш бор. Шунингдек, икки тарафнинг ҳуқуқлари ва вазифалари баён қилинади. Унда оиланинг самаралари-нинг, яъни, эр-хотиндан пайдо бўлган ўғил-қизларнинг ҳуқуқлари баён қилинади. Китобни тўрт қисмга бўлдик:
Биринчи қисм: ақдни пайдо қилиш ва унинг муқадди-малари ва шартлари. Унинг шаклланиши, тўғрилиги, амалга ошиши ва лозим бўлиши шартлари.
Иккинчи қисм: оила тўлиқ бўлганидан кейин давом эта-диган ҳукмларнинг баёни. Яъни, эр-хотиннинг ёки улардан бирининг ҳуқуқлари баёни.
Учинчи қисм: оилани тугатиш ва ўша тугатишнинг йўллари ҳақида. Мазкур йўлларнинг турли бўлиши ила ҳукмлари ҳам турлича бўлиши ҳақида. Оила тугуни ечилга-нидан кейин қоладиган асарлар ҳақида. Қачон эр-хотинлик алоқаси завол бўлиши ва у қолдирадиган асарлар ҳақида.
Тўртинчи қисм: оиланинг самаралари бўлмиш болалар-нинг ҳуқуқлари ва ўша ҳуқуқлар кимнинг зиммасига ва қандай вожиб бўлиши ҳақида».
Шайх Муҳаммад Абу Заҳра раҳматуллоҳи алайҳи «Ал-аҳвол аш-шахсийя» китобида ҳар бир масалани муфассал баён қилишга ҳаракат қилган. Ҳужжат ва далилларни эрин-май келтирган. Тўрт мўътабар мазҳабдан бошқа мазҳабларнинг қавлларини ҳам керак жойда келтирган. Улардан қай бири кучли эканини ҳам айтиб ўтган. Ҳар бир баҳснинг охирида Мисрнинг Ал-аҳвол аш-шахсийя бўйича қонунида қайси ҳукм қабул қилинганини ҳам айтиб ўтган.
«Ал-аҳвол аш-шахсийя» китобининг учинчи нашри 1957 йилда «Ал-Фикрул Арабий» нашриёти томонидан амалга оширилган.
2. Фиқҳу ал-ақаллиёт ал-Исламийя.
Юқоридаги сарлавҳани «мусулмон озчиликлар фиқҳи» деб таржима қилсак, тўғри бўлади. Бунда мусулмон бўлмаган жамиятларда яшовчи мусулмонлар кўзда тутилган бўлади.
Мусулмон озчиликлар икки қисмга бўлинади:
Биринчи–қисм мусулмон бўлмаган жамият халқидан бўла туриб Исломни қабул қилган кишилар жамоаси. Бунга ғарб давлатларининг туб аҳолисидан мусулмон бўлган ки-шилар мисол бўлади. Исломни қабул қилган инглизлар ва олмонларга ўхшашлар.
Иккинчи қисм–мусулмон ўлкалардан мусулмонмас юрт-ларга кўчиб борган мусулмонлар. Бундай мусулмон озчи-ликлар, асосан, биринчи жаҳон урушидан кейин шакллана бошлади. Улар иш, ўқиш, оила қуриш каби сабабларга кўра ғарб давлатларига бориб ўша ерда қолиб кетган кишилар ва улардан тарқалган фарзандлардан иборат бўлади.
Дастлабки босқичларда мусулмон озчиликлар дийнга унча эътиборли бўлмаганлар. Уларнинг асосий ўй-фикр ҳамда ҳаракатлари ўзлари янги борган жойларида ўрнашиб олиш ва мавқеъларини мустаҳкамлашдан иборат бўлган. Вақт ўтиши билан дийний эҳтиёжлар ҳам юзага чиқа бошла-ган. Янгича шароитнинг янгича муаммолари ва саволлари ҳам пайдо бўла бошлаган. Мусулмон ватанларда омманинг Исломга интилишининг кучайиши мусулмон озчиликларга ҳам ўз таъсирини кўрсатган.
Шу тарийқа, мусулмон озчиликлар орасида, мусулмон одам мусулмонмас давлатда яшаш жоизми, бошқа дийндаги давлатга фуқаро бўлса, зарари йўқми, Ғарб давлатларида яшаш рухсатини олиш учун ўша ер фуқароси бўлган аёл би-лан сохта никоҳдан ўтиш мумкинми каби саволлар бирин-кетин пайдо бўла бошлади.
Мазкур саволлар ва яна уларга ўхшаш бошқа саволлар-га жавоб олиш ҳамда яна баъзи бир муаммоларни ҳал қилиш учун аввалда шахсий уринишлардан иборат бўлса ҳам, кейинчалик Франсия, Англия, Олмония ва АҚШга ўхшаш Ғарб давлатларида турли илмий анжуманлар ўтка-зила бошлади. Мазкур уринишларда ҳозирги кунимизнинг кўзга кўринган уламолари фаол иштирок этиши одат тусини олди.
Шундай қилиб, мусулмон озчиликлар фиқҳи бўйича му-тахассис фақиҳлар ҳам кўзга кўрина бошлади. Буларга шайх Юсуф Қаразовий, устоз Мустафо Зарқо, шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда, шайх Манноъ Қаттон, шайх Абдуллоҳ ибн Биййа, шайх Муҳаммад Ажалон, шайх Файсал Мавлавий, доктор Исом Башийр ва бошқалар мисол бўлади.
Мусулмон озчиликлар фиқҳи бўйича энг кўзга кўринган олим шайх Юсуф Қаразовий десак, муболаға қилмаган бўламиз. У киши бу масала бўйича ўтказилган илмий анжу-манларда доимо фаол қатнашиб келмоқда. Шайх Юсуф Қаразовийнинг бу борадаги фаолияти кўп қирралидир.
Бундан эллик йилча олдин чамаси ал-Азҳар дорулфуну-ни раҳбарияти таклифига биноан «Ал-ҳалол вал ҳаром фил Ислом» номли китоб ёзиб, унда ўттизта мавзуни мусулмон озчиликларга муносиб тил ва услубда, уларнинг ҳолатлари-ни эътиборга олиб ёритиб берди.
«Ал-фатовий ал-муосира» номли уч жузли китобида ҳам бу масалага алоҳида эътибор берган.
Шунингдек, «Ал-Жазийра» телеканалидаги «Шариат ва ҳаёт» ва Абу Даби телеканалидаги «Минбар» кўрсатувла-рида ҳам мусулмон озчиликлар фиқҳига алоҳида ўрин бер-ган.
Шайх Юсуф Қаразовий «Қаразовий» ва «Ислам онлайн» интернет саҳифаларида ҳам мазкур масалага ўзига муносиб жой берган.
У киши «Фатво ва илмий изланишлар бўйича европа кенгаши» раиси бўлиб иш юритаётгани ҳам бежиз эмас.
Шайх Юсуф Қаразовий Робитатул Оламил Исломий ха-лқаро ташкилотининг бош котибияти илтимосига биноан ёз-ган «Фий фиқҳил ақаллиётил муслима» яъни, «мусулмон оз-чиликлар фиқҳи бўйича» номли китобида бу мавзуни ба-тафсил ёритиб берган.
«Фий фиқҳил ақаллиётил муслима» китоби ҳақида.
Бу китобда шайх Юсуф Қаразовий мусулмон озчи-ликларга хос бўлган муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўллари ҳақида баҳс юритган. Унда мусулмон озчилик-ларга рўбарў бўладиган дийний, ижтимоий, иқтисодий, маданий муаммоларни Ислом шариати асосида ҳал қи-лиш йўллари кўрсатилган.
Шунингдек, бу китобда мусулмон озчиликлар фиқҳи-нинг асослари ва қоидалари ҳам баён этилган.
«Фий фиқҳил ақаллиётил муслима» китобининг бош мавзулари, жумладан, қуйидагилардан иборат:
– Мусулмон озчиликлар фиқҳи асослари.
– Мусулмон озчиликлар ва уларнинг фиқҳий муам-молари.
– Мусулмон озчиликлар фиқҳининг мақсадлари, ху-сусиятлари ва манбаълари.
– Мусулмон озчиликлар фиқҳининг таянчлари.
– Мусулмон озчиликлар фиқҳидан татбиқий намуна-лар.
– Мусулмонни насоролар мақбарасига дафн қилиш.
– Мусулмоннинг ғайримуслимага уйланиши.
– Егулик ва ичимликларда татбиқий намуналар.
– Ғайриислом жамиятда ғайримуслим қўшни билан алоқа.
Ва ҳоказо.
«Фий фиқҳил ақаллиётил муслима» китобининг би-ринси нашри «Шуруқ» нашриёти томонидан 2001 йили амалга оширилган.
3. Тарихут-ташрийъил Исламий.
Бу сарлавҳанинг таржимаси «исломий қонунчилик тари-хи» бўлади. Қадимги уламоларимиз бу мавзуда баъзи китоб-лари ичида қисқача сўз юритиб кетган бўлсалар ҳам, ҳозирги уламоларимиздан баъзилари алоҳида китоблар ёзишни йўлга қўйдилар. Худди шу сарлавҳада олий шаръий ўқув юртларида дарслар пайдо бўлди ва китоблар ҳам ёзил-ди.
Бундай китобларга Субкий, Муҳаммад Али Сойис ва Бар-барий каби уламоларнинг китобларини мисол қила оламиз.
Ушбу сатрларда эса, Мисрнинг Маориф вазирлиги таф-тишчиси ва Миср дорулфунуни Ислом тарихи мударриси Муҳаммад Ҳазарийбекнинг «Тарихут-ташрийъил Исламий» китоби ҳақида намуна тарийқасида сўз юритамиз.
Муаллиф китоб муқаддимасида, жумладан, қуйидаги-ларни ёзади:
«... Нафсни Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Набийлик ила мушарраф қилганидан бошлаб ҳозиргача бўлган даврда фиқҳ босиб ўтган йўлни намойиш қилишга қаратдим. Бас, унинг олти даврга тақсимланганини кўрдим. Ҳар бир даврнинг мусулмонларнинг ижтимоий ҳолатига мос ҳолати бор. Ўша ҳолатнинг уларнинг бизга етиб келган ижтиҳодлари ва фатволарига таъсири катта бўлгани маълум бўлди.
Мазкур даврлар қуйидагилардан иборат:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт-ликларидаги қонунчилик. Бу давр ҳар бир фақиҳ унга суя-нишини таъкидлаган асл давр ҳисобланади.
– Катта саҳобалар давридаги қонунчилик. Бу давр ро-шид халийфалар розияллоҳу анҳумнинг даври тугаши ила тамом бўлади.
– Кичик саҳобалар ва улардан таълим олган тобеъинлар даври. Бу давр ҳижрий биринчи асрнинг тугаши ёки ундан бироз кейинги давр билан тамом бўлади.
– Фиқҳ илмлардан бир илмга айланган давр. Унда дий-ний ишларнинг жиловини қўлига олган улуғ фақиҳлар чиққан. Шунингдек, уларнинг фикрларини мустақил ҳолда баён қиладиган шогирдлари чиққан даврдир. У ҳижрий учинчи асрнинг тугаши ила тамом бўлади.
– Фиқҳий масалалар умматдан олинган саволларни таҳқиқ қилишда жадалга ўтган давр қонунчилиги. Бу даврда катта китоблар ёзилган ва кўплаб масалалар ечилган. Бу давр Аббосийлар давлатининг тугаши ва мўғул-татарларнинг Ислом мамлакатларига босқин қилишидан би-роз кейинги давр билан тамом бўлади.
– Фақат тақлид қилиш даври. Бу давр олдингиси туга-шидан ҳозиргача давом этмоқда.
Китобимда ушбу тартибга риоя қилишни маъқул кўрдим...»
Муҳаммад Ҳазарийбек «Тарихут-ташрийъил Исломий» китобида ҳар бир даврдаги сиёсий-ижтимоий ҳолатни баён қилганидан сўнг ўша даврдаги фиқҳий ҳолатни, масалалар-ни ечишда суянилган манбаъ ва услубларни ҳамда кенг тарқалган масалалардан баъзи намуналарни келтирган. Шу-нингдек, ҳар даврнинг машҳур фақиҳлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтган.
Умуман олганда, фиқҳнинг тарихини тартиб билан баён қилиб беришга ҳаракат қилган.
Китобнинг биринчи нашри «Қалам» нашриёти томони-дан 1983 йили амалга оширилган.
4. Мавсуъалар.
1. «Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя».
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, ҳозирги кундаги жамоа-вий муаллифлар китоблари ичида энг кўзга кўрингани ва машҳури Кувайт давлати Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги томонидан йўлга қўйилган «Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя» номли асардир.
«Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»нинг муаллифлари муқадди-мада бу каби асар яратиш замон тақозоси эканини, уни яра-тиш фикри 1951 йили Парижда бўлиб ўтган ислом фиқҳи ҳафталиги иштирокчилари қабул қилган баёнотда ўз аксини топганлигини айтиб ўтганлар.
«Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»нинг дастлабки босқичи беш йил бўлиб у 1971 йили охирига етган. Бу босқичда режа ту-зилган, Ибн Қудоманинг «Муғний» китоби асосида фиқҳий луғат тузилган ва элликта мақола ёзилган. Улардан баъзи-лари тажриба учун нашр қилинган ва мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари эътиборга олинган.
Кейин беш йил кутиш ва тайёргарлик кўриш учун кет-ган. Уламолар ва мутахассислар билан алоқалар ўрнатилган ва жиддий иш бошлашга ҳозирлик кўрилган. Яна тўққизта мақолани нашр қилиб фикр-мулоҳазалар тўпланган.
1977 йили 1 мартда эълон қилинган 877 рақамли ва-зирлик қарорига биноан Вақф ва Исломий ишлар вазири ра-ислигида ва саккиз киши аъзолигида «Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»нинг бош ишчи гуруҳи тузилган. Шундан кейин бу асарни яратиш бўйича жиддий иш бошланган.
«Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»нинг биринчи жузи аввалида фиқҳнинг таърифи ва тарихи тўғрисида, унинг ривожи, фиқҳий мазҳаблар ва китоблар ҳақида осон ва тушунарли услубда кўпгина фойдали маълумотлар берилган.
«Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»нинг муаллифлари ҳижрий ўн учинчи асргача бўлган ислом фиқҳи меросини янги аср руҳида баён қилишни ўзларига мақсад қилиб олганлар. Унда мазҳабий баҳс ва муноқашалар, шахсий маънода бир қавлнинг иккинчисидан афзаллигини айтиб ўтиш ва қо-нунларни зикр қилишдан четланганлар.
«Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»га номи зикр қилинган уламо-ларнинг таржимаи ҳоллари, усулул фиқҳ, янги пайдо бўлган масалалар ва фиқҳнинг камёб луғатлари бўйича иловалар ҳам қилинган.
«Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»да маълумотлар алифбо ҳар-флари тартибида берилган. Мисол учун, биринчи истилоҳ «Аимма» сўзи бўлган.
Аввало мазкур истилоҳнинг луғавий таърифи берилган.
Кейин худди шу сўз бошқа қайси маъноларда ишлати-лиши ҳам бирин-кетин айтиб ўтилган.
Кейин эса аиммага, яъни имомларга тегишли шаръий ҳукмлар батафсил келтирилган.
Маълумотлар қайси манбаълардан олингани жуз ва бет-лари билан ҳар саҳифанинг остида аниқ кўрсатилган.
Баъзи ҳолатларда мазкур сўз ёки истилоҳлар фиқҳнинг қайси бобларида ишлатилиши ҳам айтиб ўтилган.
«Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»да холислик ва мужтаҳид фуқаҳолар ва фиқҳий мазҳабларни қадрлаш ҳамда мўътадиллик равшан сезилиб туради. Услуб ва тил масаласи юқори даражада гўзал ва тартибли. Бу асарни ҳамма мақтайди ва қадрлайди. Уни чоп этиш ишлари ҳам аъло да-ражада йўлга қўйилган. Бу ишнинг бошида турганлар ва ил-мий ишларини амалга ошираётганлар ихлосли кишилардир. Ушбу сатрларнинг соҳиби камина ходимингиз уларнинг кўпи билан таниш ва иш жараёни билан ошно бўлган.
2007 йил март ойида «Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»нинг қирқ беш жузи барчаси чоп этилиб , Аллоҳ таолонинг ёрда-мида бу катта илмий иш охирига етди.
«Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя» бошқа кўпгина мўътабар фиқҳий китоблар қаторида «Жомиъул фиқҳил исламий» деб номланган билги сайёр (компютер) барномасига ҳам кири-тилган.
2. «Мавсуъатул фиқҳул Исламий».
1961 йилда Миср Араб Жумҳуриятидаги Вақф вазирлиги томонидан чиқарилиши бошланган жамоавий муаллифлар асари «Мавсуъатул фиқҳул Исламий» деб аталди. Унинг «алиф» ҳарфига бағишланган жузлари ўн бештадан ортиб кетган. Бу асарни «Жамол Абдунносир мавсуъаси» ҳам дей-илади. Унда иложи борича кўпроқ маълумот беришга ҳара-кат қилинган. Аммо бу асар бошланғич қисмидаёқ тўхтаб қолган.
3. «Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя ал-муяссара».
Бу асар якка шахснинг амали бўлиб, уни Кувайт дорул-фунуни шариат куллияси устози, доктор Муҳаммад Раввос Қалъачи ёзган. «Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя ал-муяссара»ни таржима қиладиган бўлсак, «осонлаштирилган фиқҳ энсик-лопедияси» деган маъно чиқади.
«Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя ал-муяссара»нинг муалли-фи муқаддимада, жумладан, қуйидагиларни ёзади:
«...Бугунги кунда одамларнинг ҳолини ўйлаб кўрган ки-ши уларнинг дийндаги саволлари асосан нима ҳаром-у, нима ҳалол, нимани қилиш мумкин-у, нимани қилиб бўлмаслиги ҳақида эканини кўради. Мазкур саволларга жавоб бериш мутахассис уламолар учун қийин эмас. Аммо, уларнинг жа-воблари тарқоқ ва уларни жамлаш қийин, тўлиқ эмас, улар-ни тўлдириш қийин. Баъзи ҳолатларда мазкур жавоблар ҳужжат ва далилсиз бўлиши ҳам мумкин. Сўровчиларни қониқтирмайди ва илм ҳамда маърифатларини зиёда қила олмайди.
Агар ўша саволларнинг эгалари ўзлари мустақил равиш-да китоб ўқиб илм олиш ва маърифий савияларини ортти-ришга ҳаракат қилсалар, керакли китобни топа олмасликла-ри турган гап...»
Юқорида зикр қилинган ва қилинмаган сабабларга кўра, муаллиф «Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя ал-муяссара»ни ёзишга қарор қилган. У китобни фиқҳга, шаръий илмларга мутахас-сис бўлмаганлар учун кўзлаган ва қуйидаги услубни қўлла-ган:
Барча фиқҳий мавзуларни қамраб олишга ҳаракат қилиш.
Мавзуларни алифбо тартиби бўйича келтириш.
Бир мавзуга оид маълумотларни ўқувчига осон тар-тиб ила тақдим қилиш.
Маълумотларни ўқувчига тушунарли ва осон тил би-лан баён қилиш.
Фақиҳлар ихтилоф қилган масалаларда фақат тўғри ҳисоблаган қавлни олиш.
Янги пайдо бўлган масалалар бўйича замондош ула-моларнинг ижтиҳодларини тақдим қилиш.
Манбаъларни зикр қилиш ва ҳоказо.
Муаллиф фиқҳий масалаларни ёритишда тиб, кимиё, доришунослик ва бошқа илмлар бўйича мутахассислардан ёрдам олганини ҳам эслатади ва бу борада ёрдам берган-ларнинг исмларини зикр қилиб, уларга ўз ашаккурини бил-диради.
«Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя ал-муяссара» икки жуздан иборат бўлиб, ҳар жузи минг саҳифа атрофида.
«Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя ал-муяссара»нинг биринчи нашри 2000 йили «Нафоис» нашриёти томонидан амалга оширилган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф