"Сутра" ва унинг кайфияти


«Сутра», деганда намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтмаслиги учун қўйилган тўсиқ тушунилади. «Сутра»ни Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари мандуб, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари мустаҳаб, деганлар. Девор, устун, найза, асо, бошқа бирор нарса сутра бўлиши мумкин. Ҳеч нарса топилмаса, бир чизиқ чизиб қўйса ҳам бўлади. Мақсад намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтиб кўнглини бузмасин, хусусан, Шайтон васваса қилмасин. 

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз жойлари билан девор орасида бир қўй сиғадиган жой бор эди». Уччовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Баъзи бир уламолар, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадамлари билан деворнинг орасида бир қўй сиққудек жой бор эди, дедилар. Тўғрироғи, саждага бош қўядиган жойлари билан девор орасида деганимиздир.

Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Салама розияллоҳу анҳу мусҳаф ёнидаги устун олдида намоз ўқишни танлар эди. Мен унга: «Эй, Абу Муслим, ушбу устун олдида намоз ўқишни танлаганингизни кўрмоқдаман?» дедим. У: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни унинг олдида намоз ўқишни танлаганларини кўрган эдим», деди». Икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда номлари зикр қилинаётган шахс машҳур саҳобий Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудирлар.
«Мусҳаф ёнидаги устун» дегани, Қуръони Карим ёзилган саҳифалар бир сандиққа солиниб, ўша сандиқ «Муҳожирлар устувонаси» номли бир машҳур устуннинг остига қўйиб қўйилган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишилар олдиларини кесиб ўтмаслиги учун суннат ва нафл намозларни кўпроқ ўша устунни тўсиқ қилиб олиб ўқир эдилар. 
Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу одатларини яхшилаб кузатиб юрган эканлар ва ўшанга тақлид ҳам қилар эканлар. Бу ҳолни эса ушбу ҳадиснинг ровийcи Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳунинг озод қилган қуллари Язийд ибн Абу Убайд розияллоҳу анҳу мулоҳаза қилиб, ўз хожаларидан сўраб билиб олиб, сўнгра гапириб юрар эканлар. 
Бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар бир нарсада эргашиш, у зотнинг намоз ўқиган жойларида намоз ўқиш яхши эканлиги билинади.
Демак, масжидда якка ўзи намоз ўқиётган одам устунни ўзига тўсиқ қилиб олиб ўқигани яхши. Баъзи бирларимиз шу нарсанинг фарқига бормаймиз. Кўринган жойда, ҳатто, кўпчилик ўтиб турадиган жойларда ҳам намоз ўқиб юбориб ўзимизга ҳам ўзгаларга ҳам танглик яратамиз.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга калта найза санчиб бериларди ва у зот ўшанга томон намоз ўқир эдилар». Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Саҳобалардан бирлари «Ҳарба» ёки «Анза» деб аталадиган калта найзани кўтариб юрар эди. Очиқ жойларда намоз ўқиладиган бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига санчиб қўйилар эди. Ўша найза тўсиқ вазифасини ўтар эди. Имомнинг тўсиғи қавмга ҳам тўсиқ ҳисобланар эди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловларини кўндаланг қилиб туриб, ўшанга томон намоз ўқир эдилар». Уччовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Демак, миниб юрган ҳайвонни тўсиқ қилиб олиб намоз ўқиса ҳам бўлар экан.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозхоннинг сутраси ҳақида сўрашди. Бас, у зот: «Эгарнинг суянчиғи баландлигича», дедилар». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, савол сутранинг баландлиги ҳақида бўлган. Арабларда одам суяниб кетиши учун эгарнинг орқаси махсус равишда баланд қилинади. Ана ўша суянчиқ баландлигидаги нарса сутра учун кифоя қилар экан.

Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, бирингиз олдига эгар суянчиғичалик нарсани қўйса, унинг ортидан ким ўтганига эътибор бермай намозни ўқийверсин», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Демак, сутра қўйиб олган одам сутра орқасидан ким ёки нима ўтганига эътибор бермаслиги керак. Зотан, сутра ўзи шунинг учун қўйилади. Сутранинг орқасидан ўтган нарса унинг намозига ҳеч қандай зарар қилмайди.

Ато раҳматуллоҳи алайҳи: «Эгарнинг суянчиғи бир аршин ва ундан баландроқдир», деди». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоят соҳиблари машҳур тобеъин Ато ибн Абу Рабоҳдирлар. У киши ўз илмлари ила ҳатто саҳобалар ичида ҳам машҳур бўлганлар. Ислом умматининг илм денгизи, лақабини олган буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Макка аҳли бир масалани сўрашганида, ичингизда Ато туриб мендан сўрайсизларми, деган эканлар.
Ато ибн Абу Рабоҳ раҳматуллоҳи алайҳи эгарнинг суянчиғи ўша вақтларда, яъни, ҳадисларда зикр қилинганлари қанчалик баландликка эга эканини тушунтириб бермоқдалар. Биз, аршин, деб таржима қилган сўз арабчада «зироъ» дейилиб, аслида қўлнинг панжа учидан, чиғаноққача бўлган қисмига айтилади. Узунлик ўлчови сифатида 58 сантиметрни ташкил этади. Демак, сутра қилинадиган нарса ана шу баландлик ёки ундан бироз юқорироқ бўлса кифоя қилар экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз намоз ўқийдиган бўлса, юзи томонга бирор нарса қўйиб олсин. Агар ҳеч нарса топмаса, асони тиклаб қўйсин. Бас, агар у билан асо ҳам бўлмаса, бир чизиқ чизиб қўйсин. Сўнгра унинг олдидан ким ўтса ҳам зарар қилмайди», дедилар». 
Шарҳ: Бу ҳадисда намоз ўқувчининг олдида сутраси бўлишига катта эътибор берилмоқда. Шунингдек, сутра нималардан иборат бўлиши мумкинлиги тартиб билан баён қилиб берилмоқда. Аввал имкони бўлса, бирор нарса қўйиб олиш керак. Агар ундоқ нарса бўлмаса, асони тиклаб қўйиш керак. Агар асо ҳам бўлмаса, чизиқ чизиб қўйиш керак. Шундан сутра намозхоннинг кўнгли мушавваш бўлишининг олдини олиш учун қилинадиган нарса экани билиниб турибди.

Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бир шохга ёки устунга, ёхуд дарахтга томон намоз ўқиётганларини кўрсам, албатта, ўша нарсани ўнг ёки чап қошлари тўғрисига олиб ўқиётганларини кўрдим. У нарсага тўппа-тўғри турмас эдилар». Иккаласини Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шарҳ: Демак, намозхон сутранинг қоқ рўбарусига олмай бироз ўнг ёки чап томонига олиши керак экан.

СУТРАГА ЯҚИНЛАШИШ

Ибн Умар розияллоҳу анҳу қачон Каъбанинг ичига кирсалар эшикка орқасини қилиб юриб борар, токи ўзи билан деворнинг орасида уч аршинча қолганда тўхтар ва Билол унга хабар берганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиган маконда намоз ўқир эди ва: «Бир киши Байтнинг қайси тарафида намоз ўқиса бўлаверади», дер эди». Бухорий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шарҳ: Каъбанинг ичида намоз ўқишга ҳар бир мусулмон қаттиқ қизиқади. Каъба ўз номи билан Каъба-Байтуллоҳ. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам унинг ичида намоз ўқиганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Каъба ичига Усома ибн Зайд, Усмон ибн Толҳа ва Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳумлар кирганлар. Сўнгра эшикни ёпиб қўйганлар. Улар Каъбаи Муаззаманинг ичида бир муддат қолиб кетганлар. 
Каъбанинг ичидан қайтиб чиққанларида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳазрати Билол розияллоҳу анҳудан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима қилдилар, деб сўраганлар. Шунда Билол, бир устунни ўнг, бир устунни чап, учта устунни орт тарафларида қилиб намоз ўқидилар, деб айтган. 
Ўша пайтда Байтуллоҳнинг ичида олтита устун бор экан. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кейинчалик қачон Каъбанинг ичига кирсалар, худди Билол розияллоҳу анҳу хабар берганларидек қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилганларини такрорлашга уринар эканлар.
Ҳозирги кунда Каъбаи Муаззаманинг ичида, қоқ ўртасида учта устун ўрнатилган. Устунлар мезоб - тарнов томон билан Ҳажарул Асвад ва Рукни ямоний орасидаги девор тарафга қаратиб ўрнатилган. Уч устуннинг тепасида тўсин бор. Устунлардан иккитасининг орасига ёғоч сандиқ ҳам қўйилган. У сандиқда Каъбаи Муаззамани тозалайдиган, хушбўй қиладиган нарсалар қўйилган. Ушбу сатрларни ёзувчи ожиз бандага ҳам Аллоҳ таоло кўплаб маротаба кириб, Каъбанинг ичида намоз ўқишни насиб этди. 
Каъбаи муаззаманинг остонаси ташқаридан ҳам кўриниб турганидек, одам бўйидан баланд. Ичкарига фақат эшикдан ёруғлик тушади. 
Каъбаи муаззаманинг ери мармар билан қопланган. Ён деворларининг одам бўйидан баландроқ жойигача ҳам мармар билан қопланган. Деворларнинг қолган қисми ва шифт «лаа илаҳа иллаллоҳу» деб ёзилган яшил рангдаги қимош – мато билан қопланган. Ҳажарул Асваддан тавоф қилиб юриб кетганда келадиган биринчи бурчакнинг девори ичкарига бир метрча туртиб чиққан. Ичкарига кирган одам ўзини бошқа оламга кириб қолгандек ҳис қилади. Ҳамма кўринган томонга қараб намоз ўқийди, йиғлаб дуолар қилади. Ҳамма тарафга хушбўй атирлар суртилган бўлади. Ушбу сатрлар муаллифи бир марта кирганидан кейин Каъбанинг ичини тўлиқ васф қилиб, бир неча саҳифага ёзиб ҳам қўйган эди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 
1. Байтуллоҳнинг ичида намоз ўқиш жоизлиги.
2. Сутрага яқинлашиб намоз ўқиш кераклиги.
3. Намозхон билан сутранинг ораси уч аршин бўлиши.
4. Иложини қилган одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиган жойда намоз ўқиса яхши.
5. Каъбанинг ҳамма томонида, ҳар тарафга қараб намоз ўқиса бўлавериши.

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишади: «Қачонки бирингиз сутра томон намоз ўқиса, унга яқинлашсин, шунда шайтон унинг намозини кесмайди», дейилган.
Шарҳ: Бу ҳадисда сутрага яқинлашиб намоз ўқиш зарурлиги баён қилинмоқда. Шу билан бирга сутра олишнинг ҳикмати ҳам баён қилинмоқда. У ҳам бўлса, шайтоннинг васвасасидан қутулиш экан.

НАМОЗХОНИНГ ОЛДИДАН ЎТГАН ГУНОҲКОР НАМОЗХОН УНИ ДАФЪ ҚИЛИШГА ҲАҚЛИ

Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар намоз ўқувчининг олдидан ўтувчи ўзига қанчалик гуноҳ бўлишини билганида, албатта, унинг олдидан ўтишдан кўра қирқ…гача тўхтаб турмоғи ўзи учун яхши бўлар эди», дедилар. 
Абу Назр: «Қирқ кун, дедими ёки ой, ёхуд йил, дедими билмай қолдим», деди
». Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ривоятда исми келган Абу Назр ушбу ҳадисни ривоят қилувчилардан биридир. У киши ўзларига ушбу ҳадисни айтиб берган шахс, Буср ибн Саъид раҳматуллоҳи алайҳ қирқ кун, дедиларми, ёки қирқ ой, қирқ йил, дедиларми билмай қолган эканлар. Ана ўша омонатга хиёнат қилмай, қандай бўлса, шундай ҳолида ривоят қилар эканлар.
Бу ҳадиси шарифда намоз ўқувчининг олдидан ўтиш қанчалар қаттиқ гуноҳ эканлиги ҳақида сўз бормоқда. Агар, ўша намоз ўқувчининг олдини кесиб ўтувчи, ўзига бу ишидан қанчалар гуноҳ бўлишини билса, қирқ йилгача қимирламай кутишга ҳам рози бўлар экан.
Демак, эътиборсиз бўлмай, намоз ўқиётган одамнинг олдини ҳеч қачон кесиб ўтмасликка ҳаракат қилишимиз зарур экан.

Термизий ва Ибн Ҳиббонлар қилган ривоятда: «Албатта, сиздан бирингизнинг юз йил тўхтаб турмоғи, унинг учун намоз ўқиётган биродари олдидан ўтишидан кўра яхшидир», дейилган.
Шарҳ: Бу ривоят аввалги ривоятдаги қирқ, қирқ кун ёки ой эмас, қирқ йил эканини тасдиқлайди.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз ўзини одамлардан тўсиб турадиган нарсага қараб намоз ўқиса-ю, биров унинг олдини кесиб ўтмоқчи бўлса, бас, уни дафъ қилсин. Агар кўнмаса, уришсин. Ундоқ одам шайтондир», дедилар». Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳунинг бу ҳадисларининг машҳур бўлишига бир ҳодиса сабаб бўлган.
Бу ҳақда Имом Бухорий Абу Солиҳ ас-Саммондан қуйидагиларни ривоят қиладилар: 
«Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳуни Жума куни ўзини одамлардан тўсадиган нарсага қараб намоз ўқиётганини кўрдим. Бас, Бани Абу Муъайтлик бир йигит унинг олдидан ўтмоқчи бўлди. Абу Саъид унинг кўкрагидан дафъ қилди. Йигит назар қилиб, Абу Саъиднинг олдидан бошқа ўтадиган жой топа олмади-да, қайтадан яна ўтишга ҳаракат қилди. Бас, Абу Саъид уни аввалгидан кўра қаттиқроқ дафъ қилди. Шунда йигит Абу Саъидни сўкди ва Марвоннинг олдига кириб шикоят қилди. Абу Саъид ҳам унинг ортидан Марвоннинг олдига кирди. Бас, у: 
«Сен билан биродарингнинг ўғлига нима бўлди, эй, Абу Саъид?» деди. Шунда, Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳу юқоридаги ҳадисни айтдилар.
Марвон деганлари Умавийларнинг бошлиқларидан бўлиб, Марвон ибн Ҳакам номи билан машҳур. У халифа Абдулмалик ибн Марвоннинг отасидир. 
Маълум вақт у Мадинаи Мунавварага амир бўлиб турган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида у саккиз ёшда эди. 
Марвон ибн Ҳакам олтмиш уч ёшида, Димашқ шаҳрида, 65 ҳижрий санада вафот этган.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 
1. Намоз ўқийдиган одам сутрага қараб намоз ўқиши кераклиги.
2. Намоз ўқиётган одамнинг олдидан ўтиш керак эмаслиги.
3. Намоз ўқиётган одам ўз олдидан ўтмоқчи бўлган шахсни қайтариши зарурлиги. Қайтариш қўл билан уни дафъ қилиш орқали бўлади.
4. Агар шунга ҳам қайтмаса, қаттиқроқ қайтариш зарурлиги.
5. Намоз ўқиётган одамнинг олдидан огоҳлантиришига ҳам қарамай ўтишга ҳаракат қилган одам шайтонга тенглиги.
Ушбу ҳадиси шарифга ҳаётимизда амал қилишимиз керак. Намоз ўқувчилар олдидан ўтмаслигимиз, ўзимиз намоз ўқиётган пайтимизда олдимиздан ўтмоқчи бўлганларни қайтармоғимиз лозим.

ИМОМНИНГ СУТРАСИ ҲАМ ЎЗИГА, ҲАМ ОРҚАСИДАГИЛАРГА

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ийд куни чиқсалар, амр қилар эдилар, олдиларига бир калта найза қўйиларди. Бас, у зот ўшанга қараб, одамлар эса, у кишининг орқаларидан намоз ўқир эдилар. Шуни сафарда ҳам қилар эдилар. Амирлар шунинг учун ҳам бу нарсани одат қилганлар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан очиқ-ойдин кўриниб турибдики, имомнинг олдидаги битта сутра ҳаммага кифоя қилади.

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг олдимизга ҳаво иссиқ пайтида чиқдилар. У кишига таҳорат суви келтирилди. Таҳорат қилдилар. Сўнгра бизга Пешин намозини, кейин Аср намозини ўқиб бердилар. Ўшанда У зотнинг олдиларида калта найза турар эди. Унинг ортидан эса аёл киши ҳам, эшак ҳам ўтаверар эди». Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 
1. Улуғ, бошлиқ кишиларга таҳорат суви тайёрлаб бериш.
2. Иссиқ пайтида Пешин намозини ўқиш жоизлиги.
3. Имомнинг олдидаги сутра қавмга ҳам кифоя қилиши.
4. Сутранинг ортидан ўтган аёл киши намозни бузмаслиги.
5. Сутранинг ортидан ўтган эшак намозни бузмаслиги.

НАМОЗНИ КЕСАДИ ДЕЙИЛГАН НАРСАЛАР

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки бирингиз намозга турса, унинг ҳузурида эгарнинг суянчиғига ўхшаш нарса бўлса, сутра қилиб олади. Қачонки, унинг олдида эгарнинг суянчиғига ўхшаш нарса бўлмаса, унинг намозини эшак, аёл киши ва қора ит кесади», дедилар. Мен: «Эй, Абу Зарр қора итнинг қизил итдан, сариқ итдан нима фарқи бор?» дедим. У: «Эй, биродаримнинг ўғли, мен ҳам сен мендан сўрагандек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим. Бас, у зот: «Қора ит Шайтондир», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг зоҳиридан намоз ўқиётган одамнинг олдида сутраси бўлмаса-ю, унинг олдини эшак, аёл киши ва қора рангли ит кесиб ўтса намози бузилади. 
Ҳадис китобларда ушбу ҳадисни ўқиб, дарҳол ҳукм чиқаришга шошилмаслигимиз керак. Балки, бошқа ҳадисларни ҳам ўрганиб, кейин шошилмай ҳукм чиқаришимиз лозим бўлади.

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган ҳадисда: «Қачонки, бирингиз сутрасиз намоз ўқиса, ит, чўчқа, яҳудий, мажусий ва аёл киши унинг намозини кесади. Агар улар бир тош отса етадиган жойдан ўтсалар, намози жоиз бўлади», дейилган.
Шарҳ: Бу ривоятда олдинги ривоятдаги нарсаларга яҳудий, мажусий ва чўчқа қўшилмоқда. Яна мазкур нарсалар маълум масофа узоқдан ўтсалар таъсир қилмаслиги айтилмоқда.
Лекин уламоларимиз, намоз ўқувчининг олдидан ушбу икки ривоятда зикр қилинган нарсалар кесиб ўтса, намоз бузилмайди, бироз нуқсон бўлиши мумкин холос, дейдилар. Бу эса уларнинг ҳадисларни инкор қилиб, ўз фикрларини ўтказиш учун уринишларидан эмас, балки, бу масаладаги ҳамма ҳадиси шарифларни чуқур ўрганиб, қачон айтилганликларини текшириб чиққанларидан кейин эришган натижалардир. 
Ўша текширишлар ушбу икки ҳадисни маълум сабабларга кўра айтилгани, кейин эса бошқа ҳадислар ила насх қилинганини кўрсатади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан Минода девордан бошқа томонга намоз ўқиб турганларида эшак миниб илгарилаб бордим. Ўшанда балоғатга етай, деб қолган эдим. Сафнинг баъзисини ўтиб туриб тушдим ва эшакни ўтлатиш учун қўйиб юбориб, сафга кирдим. Буни менга ҳеч ким инкор қилмади». Бешовлари ривоят қилган. 
Бошқа бир ривоятда: «Бас эшак уларнинг олдиларидан ўтди ва намозларини бузмади», дейилган.
Шарҳ: Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳикоя қилаётган ушбу ҳодиса видолашув ҳажи йилида бўлган. Бу ҳаж Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг охирги ҳажлари эди. 
Демак, бу ҳодиса олдинги икки ривоятдан кейин бўлгани аниқ. Шунинг учун бу ҳадис уларни насх қилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг эшак миниб сутрасиз намоз ўқиётган кишиларнинг олдидан ўтишлари, қўйиб юборган эшаклари ҳамма намозхонларнинг олдидан ўтиб кетиши ҳамда ҳеч ким бир оғиз гап айтмаслиги, сутрасиз намоз ўқиётган одамнинг олдидан эшак ўтса, ҳеч гап йўқлигига далолат қилади. 
Бунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ёшликларидан кўп нарсани билган, тақводор бўлганлари чиқади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «У кишининг ҳузурларида намозни кесадиган нарсалар зикр қилинди. 
«Намозни ит, эшак ва аёл киши кесади», дедилар. 
Бас, у киши: 
«Батаҳқиқ, бизни итларга тенг қилдингизлар». 
Бошқа бир ривоятда эса: 
«Батаҳқиқ, бизларни эшаклар ва итларга ўхшатдингиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётганларида мен у киши билан қибланинг орасида бўлганим бор. Мен сўри устида ёнбошлаб ётар эдим. Агар бирор ҳожатим чиқиб қолса, у кишига юзланишни ёқтирмай, секин сурилиб чиқиб кетар эдим», дедилар». 
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 
1. Оиша онамизнинг ҳузурларида саҳобаи киромларнинг илмий мажлис қилишлари.
2. Кейинчалик ҳам ит, эшак ва аёл киши намозхоннинг олдидан ўтса, намоз бузиладими йўқми, деб баҳслар бўлгани.
3. Оиша онамизнинг мазкур гаплардан аёлларни камситиш, деб хафа бўлганлари.
4. Оиша онамизнинг илмий мажлисларда сўзлашлари.
5. Аёл киши намозхоннинг олдидан ўтса, намоз бузилмаслиги.
6. Эр ётган хотинига қараб намоз ўқиса жоизлиги.
7. Намоз ўқиётган одамнинг қаршисидаги шахс унга юзланмаслиги кераклиги.

Ўша киши розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олд томонларида ухлар эдим. Икки оёғим у кишининг қибласида бўлар эди. Қачон сажда қиладиган бўлсалар, қўл тегизар эдилар ва мен оёқларимни йиғиштириб олар эдим. Ўша кунларда уйларда чироқлар бўлмас эди». Икки Шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадис ҳам аёл киши намоз ўқувчи одамнинг олдида ётса, ҳатто баданига тегса ҳам намоз бузилмаслигига кучли далилдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси таҳажжуд намоз ўқишларига, чироқсиз тор уйда яшаганларига далилдир. Бу нарсаларнинг барчасидан ибрат олишимиз керак.

Абу Довуд, Молик ва Дора Қутнийнинг ривоятида: «Намозни ҳеч нарса кесмайди. Қудратингиз етгунча қайтаринг. Бас, у шайтондан бошқа нарса эмасдир», дейилган.
Шарҳ: Яъни, намоз ўқиётганингизда олдингиздан ўтувчининг қудратингиз етгунча қайтаринг, у шайтондан бошқа нарса эмасдир, деганлари.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 
1. Намозхоннинг олдидан ўтган нарса унинг намозини ботил қилмаслиги.
2. Намозхон ўзининг олдидан ўтаётганни иложи борича ўтказмай қайтариши лозимлиги.
3. Намозхонинг олдини кесиб ўтиш гуноҳлиги.
4. Ким намозхоннинг олдини кесиб ўтса, шайтонга тенг эканлиги.


8 йил аввал 20678 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ишораи саббоба
Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди. Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига давоми...
8 йил аввал 50449 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларга яқинда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлган юртлар бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан давоми...
8 йил аввал 10839 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қазо намозларни адо этиш шартми?
Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги давоми...
8 йил аввал 37036 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
8 йил аввал 8506 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
8 йил аввал 13289 fiqh.uz