Ғусл ва унинг сабаблари


Шарҳ: «Ғусл» сўзи луғатда бирор нарсанинг устидан сув оқизишни англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолога қурбат ниятида баданнинг ҳаммасига сув оқизишга айтилади. Ғуслнинг шариатимизда вожиб қилинишининг ҳикматлари кўп. Аввало, у ибодат, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун зарур нарса. Иккинчидан, поклик, озодалик ва соғлик учун ўта муҳим омил.

 Қолаверса, ғуслни вожиб қилувчи нарсалар туфайли инсон вужудида пайдо бўладиган баъзи нопокликларни кетказиш, маний кетиши ила жисм йўқотган нарсаларни қайта тиклашдир. 

Жинсий яқинлик ва эҳтиломдан кейин ғусл қилган одамда қон юриш яхшиланади ва тетиклик тикланади.
Шунингдек, ният билан қилинган ғусл туфайли гуноҳлар ҳам ювилади.

Аллоҳ таоло: «Агар жунуб бўлсангиз, бас покланинг», деган. (Моида сураси, 6-оят) 
Ва яна: «Ва жунуб ҳолингизда, то ғусл қилмагунингизча (масжидда турманг) магар йўлдан ўтсангиз», деган. (Нисо сураси, 43-оят)
Шарҳ: «Жунуб» сўзи луғатда четда турувчи, маъносини англатади. 
Шариатда эса жинсий яқинлик, уйқуда булғаниш ва бошқа сабабга кўра маний чиқариб, ғусл вожиб бўлган шахсга айтилади. 
Ғусл вожиб бўлган одам намоздан, Қуръондан, масжиддан ва шариат кўрсатган бошқа нарсалардан четда бўлгани учун ҳам «жунуб» номини олган.
Ғусл масаласи Қуръони Карим муолажа қилган масала эканлигини, ушбу бобдаги ҳадислар Қуръонда ғусл ҳақида келган оятларнинг шарҳи каби эканлигини англатиш учун Аввало, оятлар зикр қилинмоқда.
Биринчи оятда жунуб бўлган одам покланиши, яъни, ғусл қилиши вожиблиги таъкидланмоқда. 
Иккинчи оятда эса жунуб одам ғусл қилмагунча масжидда тура олмаслиги, магар ғусл учун ўтишга бошқа йўл бўлмаса, масжид орқали ўтиши мумкинлиги ҳақида сўз бормоқда. 
Демак, жунублик одамнинг баъзи бир нарсалардан четда бўлишига сабаб бўлар экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, у (эр) у(хотин)нинг тўрт мучаси (қўл-оёғи) орасига ўтирса ва унга яқинлик қилса, батаҳқиқ, ғусл вожиб бўлади», дедилар». 
Бошқа ривоятда: «Агар туширмаса ҳам», дейилган. 
Яна бошқа бир ривоятда: «Хатна қилинган жой хатна қилинган жойга тегса», деганлар. Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда ғуслни вожиб қилувчи сабабларнинг энг асосийси ҳақида сўз юритилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жинсий яқинликни англатувчи сўзни очиқчасига айтмай, киноя билан баён қилмоқдалар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Жинсий яқинликдан кейин ҳам эрга, ҳам хотинга ғусл вожиб бўлади.
2. Жинсий яқинликда маний тушишининг ғусл вожиб бўлишига алоқаси йўқ. Жинсий алоқа бўлдими, маний тушса ҳам, тушмаса ҳам ғусл вожиб бўлаверади. Буни «Агар туширмаса ҳам» деган жумладан олинади.
3. Ғусл вожиб бўлиши учун эркакнинг хатна қилинадиган жойи аёлнинг хатна қилинадиган жойига тегса бўлди. Иссиқ минтақаларда, хусусан, араб юртларида қизларни ҳам хатна қилиш одати бор. Унда фаржнинг ичидаги бир оз ўсиб турадиган қисми хатна қилинади. Уламоларимиз эркакнинг хатна қилинган жойи аёлнинг хатна қилинган жойига тегиши учун эркак аъзосининг бош қисми аёл аъзосига кириши керак, дейдилар. Ана шу ҳолат юзага келганда икковларига ҳам ғусл вожиб бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир одам аҳлига яқинлик қилиб, маний туширмаган киши ҳақида, икковларига ғусл вожиб бўладими», деб сўради. Оиша ўша ерда ўтирган эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен буни манави билан қиламан. Сўнгра ғусл қиламиз», дедилар». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ:Ушбу ҳадиси шарифда жинсий алоқа пайтида маний тўкилмаса ҳам барибир эркакка ҳам, аёлга ҳам ғусл вожиб бўлиши таъкидланмоқда. Сўровчи ҳам саволида «икковларига ғусл вожиб бўладими?» деб ҳам эр, ҳам хотин ҳақида сўрамоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз жавобларида: 
«Албатта, мен буни манави билан қиламан. Сўнгра ғусл қиламиз», деб Оиша онамизни кўрсатмоқдалар ва маний тушмаса ҳам эр хотинга баробар ғусл вожиб бўлишини таъкидламоқдалар. Шундан, бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қилган иш эканини ҳам билиб олмоқдамиз.

Яна Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. У киши айтадиларки: «Қачонки, хатна қилинган жой хатна қилинган жойдан ўтса, батаҳқиқ, ғусл вожиб бўлади. Мен буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қилганман ва иккаламиз ғусл қилганмиз». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Оиша онамиз баён қилаётган бу масала ҳам, яъни эркакнинг хатна қилинган жойи аёлнинг хатна қилинган жойига тегса, икковларига ҳам ғусл вожиб бўлиши масаласи ҳам бобнинг биринчи ҳадисида ўтган эди. Аммо бу ҳадисда батафсилроқ баён қилинмоқда. Бу ишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганликлари очиқ-ойдин айтилмоқда.
Бу масалада ҳушёр бўлиш зарур. Тўлақонли жинсий яқинлик бўлмади-ку, деб дангасалик туфайли ғусл қилмай гуноҳга ботишдан сақланиш керак.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадиларки: «Сувдан сув (вожиб) бўлади», деб берган фатволари Исломнинг аввалида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берган рухсат эди. Сўнгра, кейинроқ ғусл қилмоққа амр қилдилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ривоят ила жинсий яқинлик қилганда маний тўкилмаса ҳам ғусл вожиб бўлишига қарши пайдо бўлиши мумкин бўлган бир иштибоҳ кўтарилмоқда. Чунки авваллари «Сувдан сув (вожиб) бўлади» деган фатво кенг тарқалган. Бу - маний сувидан, ғусл суви вожиб бўлади, дегани. Яъни, ким маний сувини тўкса, сув ила ғусл қилмоғи вожиб бўлади. Борди-ю маний тўкилмаса, сув ишлатиб ғусл қилиш ҳам вожиб бўлмайди, дейилмоқчи. 
Дарҳақиқат, Исломнинг дастлабки пайтларида маний тушмаса ғусл қилмасликка Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат берганлар.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Атабоннинг остонаси олдида тўхтаб, уни чақирдилар. У иштонини судраб югуриб чиқди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу одамни шошириб қўйдикми, дедилар. Атабон эса: 
«Эй, Аллоҳнинг Расули, қачонки эр шошилиб хотинига манийсини туширмаса, унга нима вожиб бўлади?» деди. 
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Фақат сувдан сув (вожиб( бўлади», дедилар.
Мана шу гапдан кейинчалик, саҳобалар ичида тарқалган, сувдан сув (вожиб) бўлади, деган фатво бериб юборилган.
Эҳтимол, умуман, ғусл нималигини билмай юрган одамларга бирданига оғир келмасин, деб аввал фақат маний тушгандагина ғусл вожиб бўлади, дейилгандир. Кейинчалик эса бу ҳукм насх этилиб (амалдан қолдирилиб), маний тушмаса ҳам ғусл вожиб бўлиши тайин қилинган.
Ҳозирги кунимизда ҳам кўпгина китобларда мазкур ҳадис ва фатволар ҳеч қандай изоҳсиз ёки шарҳсиз келтирилганини кўрамиз. Демак, бу нарса амал учун эмас, фақат маълумот учун келтирилган бўлади. 
Шунинг учун «фалон китобдаги келтирилган ҳадисда «Сувдан сув (вожиб) бўлади», дейилган экан, жинсий яқинлик пайтида маний тушмаса ғусл вожиб бўлмас экан», дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Умму Сулайм Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: «Эй, Аллоҳнинг Расули, албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди. Аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл қиладими?» деди. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, вақтики сувни кўрса» дедилар. 
Бас, Умму Салама: 
«Эй, Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?» деди. 
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қўлгинанг қурисин, бўлмаса, боласи унга нимадан ўхшар эди», дедилар
». Учовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан савол сўраб келган саҳобия аёл Умму Сулайм ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг оналари бўлади. У киши Умму Сулайм кунялари ила машҳур бўлганлар. Шунинг учун ҳам исмларини аниқлашда уламоларимиз бироз тортишганлар. Баъзилари Саҳла, десалар, бошқалари Румайла, учинчилари яна бошқа исмни айтганлар.
Умму Сулайм бинти Милҳон Хазражия, Нажжориядирлар. У киши Абу Толҳа розияллоҳу анҳуга турмушга чиқганлар. Умму Сулайм ўта диндор, аҳли фазл аёллардан бўлганлар. Ўғиллари Анас розияллоҳу анҳуни кичиклик чоғларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига берганлар. Шу сабабдан ҳам Пайғамбаримизнинг оилаларига тез-тез келиб турар ва турли ҳодисаларга гувоҳ бўлиб, саволлар сўраб турар эдилар. Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг исмлари кўпгина ҳадисларда зикр қилинади.
«Эҳтилом» дегани уйқуда жинсий яқинликни кўрмоқ, уйқуда булғанмоқ, деганидир.
Умму Сулайм розияллоҳу анҳо одатда аёл киши, эркак кишидан сўрашга ҳаё қиладиган саволни сўрашдан олдин: 
«Эй, Аллоҳнинг Расули, албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди» дедилар. Бу, шунинг учун мен ҳам ҳаё қилмай бир ҳақ нарсани сўрамоқчиман, деганларидир. Мен сўрайдиган савол аслида ҳаё қилиш лозим нарса. Лекин ҳақни билиш йўлида ҳаё қилмаслигимга ижозат беринг, деганларидир.
Ҳамма мусулмон халқларда ҳам ҳаёли нарсаларни сўрашдан олдин шунга ўхшаш узр маъносидаги иборалар айтилади. Баъзи жойларда, энди «шариатда шарм йўқ», сўрайверамиз-да, дейишади ва ҳоказо.
Мазкур муқаддимадан кейин Умму Сулайм розияллоҳу анҳо бевосита саволга ўтиб: 
«Аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл қиладими?» деди.
Бу саволни Пайғамбаримиздан фақат Умму Сулаймгина сўраган эмас. Балки, бир неча саҳобия аёллар ҳам сўраганлар. Жумладан, Хавла бинти Ҳакийм, Бусра ва Саҳла бинти Суҳайл розияллоҳу анҳолар ҳам сўраганлар ва уларнинг ҳадисларини муҳаддисларимиз ривоят қилганлар.
Эҳтимол, у кишилар шу ҳолатни бошларидан кечирганлар ва динимизнинг бу борадаги ҳукмини аниқлаб олиш учун, гуноҳкор бўлмаслик учун уятни йиғиштириб, савол беришган. Аллоҳ улардан рози бўлсин, уларнинг шаръий ва илмий жасоратларидан ҳосил бўлган фойдадан мусулмонлар авлоддан-авлодга фойдаланиб келмоқдалар. 
Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг саволига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ҳа, вақтики сувни кўрса», дедилар. 
Яъни, хотин киши тушида жинсий алоқани кўрса-ю, кейин манийни кўрса ёки сезса, унга ғусл вожиб бўлади. Аммо тушида жинсий алоқани кўрса-ю, кийимида, баданида маний кўрмаса, бошқа бир аломатни сезмаса ғусл қилмайди. Бу ҳукм эркак кишига ҳам тегишли. Аксинча тушида ҳеч нарсани кўрмаса ҳам манийни кўрса, ғусл қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг ораларида бўлиб ўтаётган бу савол-жавобни эшитиб турган Умму Салама онамиз ҳам уялдилар (бошқа ривоятда Умму Салама юзини бекитиб олди, дейилган) ҳам ажабландилар. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга савол бериб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, аёл киши ҳам эҳтилом бўладими?» деди. 
Умму Салама онамизнинг бу саволларидан баъзи аёллар эҳтилом бўлмасликлари чиқади. Бўлмаса, у киши бу саволни бермас эдилар. Умму Салама онамизнинг бу саволларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Қўлгинанг қурисин, бўлмаса, боласи унга нимадан ўхшар эди», деб жавоб бердилар.
«Қўлинг қурисин» ибораси арабчада «тарибат ядаак» дейилади. Маъноси эса қўлинг тупроққа қоришсин. Яъни, камбағал бўлгин, дегани. Лекин арабларда яхши маънода ҳам ишлатилаверади. Уларда бу иборани фақат ёмон дуо, деб тушунмай ўрганиб қолишган. Бунга ўхшаш иборалар бошқа мусулмон халқларда ҳам бор. Мисол учун, баъзи жойларда, «ҳа, шўринг қурисин-а», дейилади.
Демак, боланинг ота-онасига ўхшаши уларнинг манийси орқали бўлар экан. Аёл кишида ҳам маний мавжуд экан. Фақат баъзи аёлларда жинсий алоқадан бошқа пайтда, уйқуда туш кўрганда ҳам маний чиқар экан, баъзиларида фақат жинсий алоқа пайтида чиқар экан.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Шариатдаги ҳақни билиш учун ҳаё қилмаслик.
2. Саҳобия аёлларнинг ҳаққини билишга қизиқганлари.
3. Аёл кишининг эҳтилом бўлиши.
4. Аёл киши эҳтиломдан кейин маний сувини кўрса ёки сезса, унга ғусл вожиб бўлиши.
5. Эҳтиломдан кейин сувни кўрмаса, ғусл вожиб эмаслиги.
6. Аёл кишида маний суви борлиги.
7. Баъзи аёллар эҳтилом бўлмаслиги.
8. Боланинг ота-онага ўхшаши уларнинг манийси орқали бўлиши.
Бу ҳақда, яъни, эркак ва аёлнинг манийси, болаларни уларга ўхшашлигига сабаб бўлиши масаласида ушбу ҳадиснинг бошқа ривоятларида қўшимча маълумотлар келган. Ҳозир ўшаларни ўрганамиз.

Муслим: «Эркак кишининг манийси қуюқ ва оқ, аёл кишининг манийси суюқ ва сарғиш бўлади. Улардан қайси бириники устун келса ёки олдин бўлса, ўхшашлик ўшандан бўлади», деган жумлани зиёда қилган.
Шарҳ: Имом Муслим ривоятида келган қўшимчада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак ва аёлнинг манийсини очиқ-ойдин васф қилиб бермоқдалар. Шу соҳа бўйича мутахассисларнинг айтишларича, яқин-яқинларгача аёл кишининг манийси борлиги илмий доираларда тан олинмас эди. Аммо илм ва фаннинг тараққий этиши билан бу ҳақиқат худди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам васф қилганларидек бўлиб чиқди. Шунингдек, ҳадиси шарифдаги: 
«Улардан қайси бириники устун келса ёки олдин бўлса, ўхшашлик ўшандан бўлади» деган гаплари ҳам тасдиқланди. Яъни, эркакнинг манийси аёлнинг манийсидан устун келса ёки олдин бўлса, улардан бўлган бола отасига ўхшаган бўлади. Агар аёлнинг манийси эркакникидан устун келса ёки олдин бўлса, бола онасига ўхшаган бўлади.
Замонавий илм ҳам болага маний орқали ота-онанинг турли хусусиятлари ўтишини тасдиқлади.

Яна ўша киши (Муслим) қилган ривоятда: «Қачон аёлнинг суви эркакнинг сувидан устун келса, бола тоғаларига ўхшайди. Қачон эркакнинг суви аёлнинг сувидан устун бўлса, бола амакиларига ўхшайди», дейилган.
Шарҳ: Дарҳақиқат, болаларда тоғаларига ёки амакиларига ўхшашлик аломатлари бўлиши ҳаммага маълум. Бу ўхшашлик ҳам ота ёки онанинг сувини бир-бирига устун келишидан эканлигини ушбу ҳадисда очиқ-ойдин айтилмоқда. Бу ҳақиқатни ҳам ирсиятни ўрганиш илми тасдиқлади.
Бошқа бир ривоятда: «Қачон икковлари жам бўлсалар ва эркакнинг манийси аёлнинг манийсидан устун келса, Аллоҳнинг изни ила ўғил бола кўрадилар. Қачонки, аёлнинг манийси эркакнинг манийсидан устун келса, Аллоҳнинг изни ила қиз бола кўрадилар».
Шарҳ: Ушбу ривоятда ҳамма нарса Аллоҳнинг изни ила бўлиши сабаблари ҳам баён қилинмоқда.
Минг тўрт юз йил муқаддам айтилган бу гаплар энди-энди илмий тараққиёт туфайли тасдиқланмоқда. Дунёдаги энг кўзга кўринган гинеколог олимлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шу хусусда айтган гаплари илмий мўъжиза эканлигини тасдиқламоқдалар. Улардан баъзилари Исломга кириб, баъзилари мойил бўлмоқдалар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳўлни кўрган, лекин эҳтиломни эслай олмаган одам ҳақида сўралди. У зот: «Ғусл қилади», дедилар. Эҳтиломни кўрган, лекин ҳўлни кўрмаган одам ҳақида (ҳам сўралдилар) У зот: «Унга ғусл вожиб эмас», дедилар. 
Бас, Умму Сулайм: «Аёл киши ҳам ўшани кўради. Унга ҳам ғусл вожиб бўладими?» деди. У зот: 
«Ҳа, албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир», дедилар
». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисда баён қилинаётган масала ҳам кўп учраб турадиган, айниқса, ёшларда тез-тез такрорланиб турадиган масаладир. Шунинг учун саҳобаи киромлар томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда савол берилди.
Биров тушида ғусл вожиб бўладиган бирор нарсани кўрганини эслай олмайди. Лекин баданида, кийимида ёки ётган жойида манийнинг ҳўлини кўради. Нима қилиш керак? Албатта, ғусл қилиш вожиб, акс ҳолда гуноҳкори азим бўлади. 
Бошқа биров тушида жинсий алоқани кўрган, аммо уйғонса, ҳеч қаерда манийнинг ҳўли йўқ. Ундоқ одамга ғусл вожиб бўлмайди. Чунки ундан воқеъликда ғусл вожиб бўладиган нарса чиққан эмас.
Мана шу масалалар ҳақида савол-жавоб бўлиб турган жойда Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ҳам бор эканлар. У киши фурсатдан фойдаланиб:
«Аёл киши ҳам ўшани кўради. Унга ҳам ғусл вожиб бўладими?» деди. 
Яъни, аёл киши ҳам эҳтиломни кўрмайди-ю, ҳўлни кўради. Унга ҳам ғусл қилиш вожиб бўладими, дедилар.
Бу саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ижобий жавоб бериб: 
«Ҳа, албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир», дедилар. 
Яъни, ҳа, аёл кишига ҳам ғусл вожиб бўлади. Аёл киши ҳам худди эркак кишига ўхшаш, деганларидир.
Бу ҳадисдаги ҳукмларни ҳар бир киши яхшилаб ўрганиб олиши зарур. Айниқса, энди балоғатга етган ёшларга ўргатиб қўйиш лозимки, улар эътиборсизлик ила гуноҳкор бўлиб қолмасин.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт нарсадан ғусл қилар эдилар; жунубликдан, Жума куни, қон олдирган ва маййитни ювгандан кейин». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Оиша онамиз Пайғамбаримиз ғуслларининг баъзи сабабларини айтмоқдалар.
Ҳадиси шарифда:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт нарсадан ғусл қилар эдилар» дейилганидан бу тўрт нарсадан бошқа нарсадан ғусл қилиб бўлмас экан, деган фикрга бормаслик керак. Бошқа ҳадислардан бу ҳақиқат зоҳир бўлади. Мисол учун, икки ийд кунлари ва Арафот куни ғусл қилиш марғубдир.
Аммо бу ҳадисда фақат тўрт нарса зикр этилмоқда: 
1. «Жунубликдан». 
Бу ҳақда муфассал сўз юритилди.
2. «Жума куни». 
Бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Жума намози учун ғусл қилганлар, бошқаларни ҳам ғусл қилишга буюрганлар.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда «Жуманинг ғусли ҳар бир эҳтиломга етган учун вожибдир», дейилган. 
Бу маънодаги ҳадислар кўп. Шунинг учун ҳам баъзи мазҳабларда Жума кунги ғусл суннати муаккада дейилган. 
Ҳанафий мазҳабида эса Жума кунги ғусл суннат дейилган. 
3. «Қон олдирганда». 
Эски вақтда махсус услуб билан қон олдириш одати бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам олдирганлар. Ундан кейин эса ғусл қилганлар. Чунки баданга қон сачраш эҳтимоли кучли. Ҳанафий мазҳабида бу масала тўлиқ ўрганиб чиқилиб, қон олдиргандан кейинги ғусл мандубдир, дейилган.
4. «Маййитни ювгандан кейин». 
Бу масалада келган ҳадисларда ихтиёр маййитни ювган одамнинг ўзига қўйилгани мулоҳаза қилинади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
«Маййитни ювар эдик. Бас, биздан баъзиларимиз ғусл қилар эдик. Баъзиларимиз ғусл қилмас эдик», дейилган. 
Бошқа бир ҳадисда эса: «Албатта, маййитингиз пок ҳолида ўлади. Қўлларингизни ювиб олсангиз бўлади», дейилган.
Ушбу ва бошқа ҳадисларни ҳисобга олиб туриб Ҳанафий мазҳабида маййитни ювган одам ғусл қилиши мандуб, дейилган.
Бундай ҳолда битта ҳадисни ўқиб олгач, ўшанга қараб ҳукм чиқариб, кишиларнинг бошини айлантирмаслик керак. Тажрибада шундоқ ҳолатлар ҳам бўлган. Ҳадис китобларининг биридан баъзилар: 
«Ким маййитни ювса, ғусл қилсин, ким уни кўтарса, таҳорат қилсин», деган ҳадисни ўқиб олиб, кишилар ўртасида ихтилоф чиқарганлар. 
Ҳолбуки, ўша одамлар бу масаладаги бошқа ҳадисларни ҳам ўқисалар, бу ҳадислар асосида уламоларимиз олиб борган илмий баҳсларни ўргансалар ихтилофга ҳеч ўрин қолмайди.
Имом Абу Довуд мазкур ҳадисни мансух (амалдан қолган), деб очиқ-ойдин айтиб қўйган.

Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Исломга келганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ва сидр ила ғусл қилишга амр қилган эканлар». «Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийси Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишайлик:
Қайс ибн Осим ибн Синон Мунқирий ат-Тамимий. Кунялари Абу Али, арабларнинг тадбирли амирларидан, шижоат ва ҳалимлик билан танилган, жоҳилиятда шоир ва саййидлик билан машҳур бўлган саҳобалардан эдилар. 
Бу саҳоба арақ ичишни Исломга киришдан олдин ҳам ўзларига ҳаром қилган эдилар. Ҳижратнинг 9 санасида Тамим қабиласи томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга элчи бўлиб келиб, ана шу йили Исломга кирдилар. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотни қавмларидан садақаларни йиғиш учун масъул этиб тайинладилар.
Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадислар ривоят қилдилар. У кишидан Ҳасан, Аҳнаф, Хулайфа ибн Ҳусайн, ўғиллари Ҳаким ибн Қайс ва бошқалар ривоят қилишган.
Қайс ибн Осимнинг 33 фарзандлари бор эди. Вафот этишларидан олдин уларни чақириб: 
«Эй, болаларим, менинг васиятимни эшитинглар. Чунки мендан бошқа киши сизларга насиҳат қилмайди. Молларингизни тадбир билан ишлатинг, бундай қилишларингиз сахий бўлишлик учун огоҳ этади ва маломатдан сақлайди. Одамлардан нарса сўрашликдан сақланинглар, чунки кишининг охирги касби сўрашликдир».
Бу зот ҳаётларининг охирида Басрада истиқомат қилдилар. Ҳижратнинг 20 санасида (640 милодий) ана шу ерда вафот этдилар.
«Сидр» бир ўсимлик бўлиб, сувга қўшилса, совун вазифасини ўташи мумкин. 
Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисларини далил қилиб, Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари кофир одам мусулмон бўлганда ғусл қилиш вожиб бўлади, дейдилар.

Ҳанафий ва Шофеъий мазҳаблари эса янги мусулмон бўлган собиқ кофирнинг ғусл қилиш ҳукмини иккига бўладилар.
1. Агар янги мусулмон бўлган одам жунуб бўлмаса, ғусл қилиш унинг учун мустаҳаб бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир янги мусулмон бўлган одамни ғусл қилишга буюрмаганлар. Шунинг учун янги мусулмон бўлган одам жунуб бўлмаса, таҳорат қилиб олса бўлади.
2. Агар янги мусулмон бўлган одам жунуб бўлса, унинг учун ғусл қилмоқ вожиб бўлади. Чунки жунуб кишига ғусл вожиблигида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.
Шу билан ғуслга сабаб бўладиган нарсалар ҳақидаги бобда келтирилган ҳадислар тамом бўлди. Аммо бу ҳақда мазкур бобдаги ҳадислардан бошқа ҳадислар йўқ дегани эмас. 
Шунингдек, ғуслга сабаб бўладиган нарсалар фақат ушбу бобда ўрганган нарсаларимиз эмас, балки, бундан бошқа нарсалар ҳам бор, мисол учун:
1. Ҳайз ва нифос.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳога: «Агар ҳайз келса, намозни қўй. Қачонки, ҳайз кетса, ғусл қил ва намоз ўқи», деганлар. 
Шунинг учун ҳайздан пок бўлган аёлга ғусл вожиб. 
Нифос эса янги туққан аёлда тўпланиб қолган ҳайздир. Шунинг учун нифосдан пок бўлган аёлга ҳам ғусл вожиб бўлади. Бу ва бунга тегишли масалалар ўз бобида батафсил ўрганилади, иншааллоҳ.
2. Шаҳид бўлмаган мусулмон маййитга ҳам ғусл вожиб бўлади. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳаммага шу муомала қилинган. 
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда уловидан йиқилиб ўлган киши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Уни сув ва сидр ила ювинглар ва икки кийим ила кафанланглар», деганлар.

Бу бобда зикр қилинмаган суннат ғусллар ҳам бор:
1. Икки ийд намози учун ғусл қилиш. 
Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар.
2. Ҳаж ёки умра учун эҳром боғлаганда ғусл қилиш.
Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганлар.
3. Арафотда туриш учун ғусл қилиш. 
Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган суннатдир.
4. Истеҳоза (одатдан ташқари қон) кўрган аёл учун.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳабиба ва Зайнаб бинти Жаҳш оналаримизга шу амрни қилганлар.
5.Ҳушидан кетган одам ўзига келганда ғусл қилиш.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар. 
Уламолар бунга жинниликдан тузалган ва мастликдан ҳушёр бўлган одамларни ҳам қўшадилар.
6. Кўпчилик тўпланиб қилинадиган ибодатларда тер ва бошқа сабабларга кўра нохуш ҳидларнинг тарқалиб кетишининг олдини олиш ниятида ғусл қилиш тавсия қилинади. 
Бундоқ ишларга; Муздалифада тунаш, шайтонга тош отиш, зиёрат ва видо тавофлари, қуёш ва ой тутилгандаги намозлар ва истисқо намозлари киради.


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бўса олишни таҳоратга таъсири
САВОЛ: Бўса олиш таҳоратни синдирадими?ЖАВОБ: Ҳанафийлар наздида таҳоратни синдирмайди. Лекин мазий чиқиб кетса таҳорат синади. Бўса олганда таҳорат қилингани тўғрисида келган ҳадисларни эса давоми...
8 йил аввал 14370 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Доимий ел келиб турадиган ёки простатит
Савол: Доимий ел келиб турадиган, простатит касаллигига дучор бўлиб, пешоб томчилаб турадиган ёки аёлларда шамоллаш туфайли жинсий аъзолардан оқ суюқлик келиб турадиганларга хос таҳорат ва намозларнинг давоми...
8 йил аввал 16725 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жунуб одам
САВОЛ: Жунуб киши нималар қилмаслиги керак?ЖАВОБ: Ювинмасдан аввал масжидга кириши, Қуръон оятлари ёзилган газета журналларни ўша жойини ушлаши, Қуръон ушлаши (китобни ёзувлари бор жойини ҳам, давоми...
8 йил аввал 11701 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Иккиланиб қолса
САВОЛ: Пок сув ёки кийим, баданни нажас бўлган-бўлмаганлигида ёки талоқ қўйган-қўймаганлигида иккиланиб қолса ҳукми нима?ЖАВОБ: Иккала тарафдан бирортаси аниқ бўлмаса, кийим, сув ва баданни давоми...
8 йил аввал 9801 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат
САВОЛ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат синадими?ЖАВОБ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида аёл кишини таҳорати кетади. Эркак кишининг таҳоратини синиши учун давоми...
8 йил аввал 16950 fiqh.uz