Бисми-ллоҳи-р-раҳмони-р-раҳийм.
Алҳамду-ли-ллоҳи Робби-л-ъоламийн. Ва-с-солату ва-с-салому ъало ашрафи-л-мурсалийна, саййиди-л-аввалийн ва-л-охирийн, саййидино Муҳаммад, ва ъало олиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн.
“Саҳиҳ”да ҳадис бор: “Албатта сафларингизни тўғриланглар ёки Аллоҳ юзларингиз орасини мухолиф қилиб қўяди”. Ҳадис шориҳлари сафларни тўғрилаш икки ишга боғлиқлигини айтганлар: тикка турганлар бир тартибда тўғри туришлари ва сафлардаги очиқ жойларни тўлдириш.
Мазкур таҳдид борасида ихтилоф қилинган. Бас, ҳақиқий маъносида, деганлар ҳам бор. Демак, бу ерда мурод аслий яратилишидан юзнинг орқа тарафга қараб ўзгариб қолишидир. Буни Ҳофиз Ибн Ҳажар айтган. Шунга биноан, ҳукм вожибдир. Уни адо қилмаслик ҳаром. Яна айтишича, бу таҳдид худди бошни имомдан олдин кўтарган кимса ҳақидаги ҳадис таҳдидига ўхшайди. Буни яна Абу Умома разийаллоҳу анҳунинг ҳадиси ҳам қувватлайди: “Сафларингизни тўғри қилинглар ёки, шаксиз, юзлар ўзгариб қолур”. Уни Имом Аҳмад заиф санад билан ривоят қилган.
Мен айтаманки, бу таҳдид борасида имом билан мусобақалашув ҳадисига ўхшайдиган бўлса, демак, фазилатни йўқотишга ҳам ўхшайди. Бу иттифоқ қилинган ишдир, яна бу ҳақда келади.
Баъзи уламолар уни мажозга таъвил қилдилар. Имом Нававий айтган: унинг маъноси ораларингизда буғзу адоват пайдо бўлади ва қалблар ихтилофи юз беради. Тамом. Жалолиддин ас-Суютийнинг “ал-Ҳовий” асари, 1-жилд, 52-саҳифа.
Имом Табароний Ибн Аббос разийаллоҳу анҳумодан ривоят қилган бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу таоло алайҳи ва олиҳи ва соҳбиҳи васаллам демишлар: “Кимки сафдаги очиқ жойни кўриб қолса, уни ўзи тўлдирсин. Бас, агар у шундай қилмаса, бирор кимса унинг гарданидан хатлаб, сакраб ўтаверсин. Зеро, унинг ҳурмати қолмагай”. Тамом. “ал-Ҳовий”, 1-жилд, 52-саҳифа.
“Олдинги сафни тугатинг!”. У имомнинг ёнидаги (орқасидаги) сафдир. Ал-Алқамий айтади: Уламолар қуйидаги сабаблар учун биринчи сафга шошилишга тарғиб қилганлар: зиммасидан мажбуриятдан халос бўлишии; масжидга киришга шошилиши; имомга, унинг қироатини эшитишга яқин ўтириши; ундан таълим олишга, унга луқма беришга ва ундан бошқаларга етказишга ўнғай бўлиши; олдидан бошқаларнинг ёриб ўтишидан сақланиши; олдинги сафда ўтирганларнинг айбини кўришдан саломат бўлиши; намозхонларнинг кирларидан сажда қиладиган жойининг асралиши кабилардир. Бундан олдинги сафни тўлғазишдан аввал кейинги сафда намозга шуруъ қилишнинг макруҳлиги ҳам чиқади. Бу феъл эса жамоат баракоти ва савобнинг кўпайиши бўладиган жамоат фазилатидан қуруқ қолишдир. Тамом. Баъзи уламолар жамоат фазилати ҳосил бўлади-ю, олдинги сафнинг фазилатидан қуруқ қолади, деб эътимод қилганлар. “Сўнг унинг ёнидаги, орқасидаги сафни тўлғазинг!” дейилган бўлса, (бошқа ўринда) “Орқадаги сафда (олинги сафларни тўлдирмасдан) туриш, сафларни нуқсонли қилишдир” деб ҳам келтирилган. Ҳоким, Насоий, Табароний, Ибн Хузайма ўз “Саҳиҳ”ида, Имом Зиё “ал-Мухтора” асарида Анас ибн Моликдан келтирганлар. Унинг исноди саҳиҳи азиздир. “ал-Жомиъ ас-сағийр”да “Ҳамза маъа ат-то” бобида келган. 1-жилд, 45-саҳифа.
Очиқ, бўш жой бор сафнинг орқасидаги сафда туришдаги кароҳият қайсиниси: танзиҳийми ёки таҳримийми? Уламолар иккинчисини кўрсатганлар. Зотан, Пайғамбар алайҳиссалом: “Кимки сафларни узса, Аллоҳ уни узиб ташласин!” деганлар. Тамом. “Радд ул-муҳтор”, 1-жилд, 595-саҳифа.
“Қуниййа”да келганки, ёлғиз ўқувчи намозхонга “Олдинга ўт!” дейилди. У унинг амри билан олдинга ўтди, ёки сафнинг очиқ, бўш жойига суқилди-да, ёнбошдаги намозхон унга маконни кенгайтириш мақсадида сурилди. Буларнинг намози бузилади. (Зотан, Аллоҳга сиғиниб турганда, бандаси учун ҳаракат қилинди!). Бу ҳолатда бир лаҳза туриши, сўнг ўз раъйича олдинга ўтиши керак. “Шарҳи ал-Қудурий”да бунинг сабабини Аллоҳнинг амридан бошқага бўйсиниш деб кўрсатган. Мен айтаман: орқада турганнинг намозини тўғрилаш учун олдинга ўтиши “Қуниййа” масъаласидаги каби намозни бузмайди. Чунки, ўз қасди билан орқага ўтиши ҳам намозни бузмайди-ку. Агар Шориъ (Пайғамбар)нинг амрига бўйсиниб, орасини ажратса, кенгайтирса, бузилмайди. Кирувчининг амрига бўйсиниб, хотирида Шориъ алайҳиссаломнинг амрининг риоясини қилмасдан (сафга суқилиб кирган намозхон учун) орани кенгайтирса, намоз бузилади. Бундай дейиш чиройлироқ. “Радд ул-муҳтор”, 1-жилд, 596-саҳифа. “ал-Минаҳ”даги мусаннифнинг ибораси бундай: агар (битта ўзи орқада турмаслиги учун, олдинги сафдан) бошқани тортса, у орқага ўтса, энг саҳиҳ қавл шуки, намоз бузилмайди. “Радд ул-муҳтор”, 1-жилд, 596-саҳифа.
Валлоҳу атоло аълам!
Асар Мадинаи мунавварада “Мактабат ал-иймон” ноширлигида 1985 йилда “ал-Масойил ат-тисъ” ичида бешинчи рисола сифатида нашр этилган.
Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний
Намозда саф тортганда аввал эркаклар, кейин ёш болалар, ундан кейин хунасалар, кейин аёллар туради. Бунга Расулуллоҳ (с.а.в) нинг ушбу сўзлари далилдир.
ليلينى منكم أولوا لأحلام والنهى
"Менинг ортимда ақл эгалари ва балоғатга етганлар турсинлар".
Аёллар энг охирида туришининг сабаби – агар улар эркаклар билан ёнма–ён туриб қолсалар, эркакларнинг намозини бузадилар. Агар балоғатга етмаган ёш болалар катталарга баробар бўлиб қолсалар, уларнинг намози макруҳ бўлади, ҳадисга зид бўлгани учун.
Агар бир аёл бир эркак киши билан сафда баробар туриб қолса ва улар бир намозда бўлсалар имом аёлнинг иқтидосини ният қилса, эркакнинг намози бузилади. Имом Шофиий (р.а) бузилмайди дейдилар.Бу бузилмаслиги қиёсга кўрадир. Аммо бузилиши истеҳсонга кўрадир. Чунки бу эркак имомдан олдинга ўтиб кетган муқтадийга ўхшашдир. Агар имом аёлнинг иқтидосини ният қилмаса, эркакнинг намозига зарар қилмайди. Аммо аёлнинг намози жоиз бўлмайди. Чунки имом аёлнинг намозини ният қилмаса, аёл ушбу намозда деб ҳисобланмайди.
Бунга имом Зуфар (р.а) хилоф қилганлар. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш жоиз сафда туришда тартибга риоя қилиш вожибдир. Аёл эркак билан сафда ёнма–ён туриб қолганда намозни бузадиган шартлар: Намоз муштарак ва мутлақ намоз бўлиши, аёл шаҳват ёшида бўлиши ва аёл билан эркакнинг орасида деворнинг бўлмаслигидир.
Энди намоз ўқувчини таҳорати намоз ичида синса, намоздан чиқади агар имом бўлса, ўрнига бошқасини ўтказади ва таҳорат қилгандан сўнг келиб намозни келган жойидан тугатиб қўяди. Қиёсга кўра бошқатдан ўқийди. Имом Шофиий (р.а) ҳам шу фикрдалар. Чунки юриш ва четга чиқиб кетиш намозни бузади, гўё ҳадас қасдданга ўхшаб қолди.
Бизнинг далилимиз Расулуллоҳ (с.а.в) нинг ушбу сўзлари:
من قاء أو رفع أوأمذي فى صلاته فلينصرف وليتوضاء و ليبنى على صلاته مالم يتكلم
“Кимки намозда турганида қусса ё бурни қонаса, ёки мазий келса намозданчиқсин ва таҳорат олиб намозни давом эттирсин, агар орада гапирмаган бўлса.
Яна бошқа ҳадисда шундай дейилади:
إذا صلى أحدكم فقاء أو رعف فليضع يده على فمه وليقدم من لم يسبق بشيء
“Қайси бирингиз намоз ўқиб турган бўлсангиз қусиб юборса, ёки бурни қонаса,қўлини оғзига қўйсинда таҳорати бузилмаган бошқа бир одамни ўз ўрнига ўтказсин”.
Лекин бошидан ўқиш афзалдир. Шубҳадан холи бўлиш учун. Яна бир ривоятда,ёлғиз ўқиган киши янгитдан ўқийди дейилган. Имом ва муқтадий жамоатнинг фазилатинисақлаб қолиш учун келган жойидан давом эттиради. Ёлғиз ўқиётган киши хоҳласа турган жойида, хоҳласа аввалги манзилига қайтиб бориб намозини тамомлайди. Муқтадий маконига қайтади. Лекин имом намоздан фориғ бўлган бўлса, ёки имом билан ораларида девор бор бўлса, қайтмайди.
Энди шу ўринда имомнинг таҳорати синса ўрнига халифа қўйишда риоя қилиши шарт бўлган нарсаларни айтиб ўтамиз. Имом ўрнига қўйишда орқасига қараб, ўзига яқин кишини имо қилади, ёки ундаб ўрнига тортади ва агар қироат қилиши керак бўлса тилини, рукуъга келган бўлса тиззасини, сажда қилиши керак бўлса пешонасини кўрсатади. Агар таҳорати синган имом саждаи саҳв қилиши керак бўлса, буни халифагаюраги ва пешонасини кўрсатиб тушунтиради. Мана шундай қилиб таҳорат синган имом ё муқтадий имоми намоздан чиқмаган бўлса қолган намозини унинг орқасида ўқийди.