Фидя


Ислом шариатида буюрилган маълум бир амал ўрнига мол сарфлаш «фидя» дейилади. Бунинг учун шариатда кўрсатилган узрли сабаблар мавжуд бўлиши лозим. Масалан, Рамазон ойи рўзасини узрли сабаблар туфайли тута олмай қолганлар бунинг учун фидя берадилар.
Исломда инсонни унинг тоқатидан ташқари ишга таклиф қилиш йўқ. Масалан, Аллоҳ таоло рўза фарз қилиниши билан бирга

 وَعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ

«Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида фидя – бир мискин таоми бордир» деб марҳамат қилади (Бақара сураси, 184-оят).
Ҳадиси шарифда: «Бу оят насх бўлмаган, балки қари чол ва кампир учундир. Улар рўза тутишга қодир эмаслар, шунинг учун ҳар бир кун ўрнига камбағални таомлантиришади», дейилган. Бошқа ҳадиси шарифда: «Бу рухсат фақат рўзани кўтара олмайдиган ва тузалмас касалларгагина берилади», дейилган.
Қариликлари туфайли рўза тута олмайдиганлар учун фидя беришнинг йўлга қўйилиши бежиз эмас. Унда камбағалларнинг манфаати билан бирга ўша рўза тута олмаган кишиларнинг уни адо эта олмаганлари учун афсус-надоматларини енгиллатиш ҳам бор. Қариялар рўзага кучлари етса тутишлари лозим, тута оладиган ҳолда фидя берса, дуруст бўлмайди. Юқорида келтирилган ояти каримада кўзда тутилганлар умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ўта қари чолу кампирлар, ўлим тўшагида ётган қариялар ва тузалишидан умид бўлмаган касаллардир. Бундай касал ўзи ёш бўлса ҳам ўлим тўшагида ётган қариялар ҳукмидадир. Бу тоифадаги кишилар рўза тутиш имконига эга бўлмаганлари учун ўрнига фидя беришлари йўлга қўйилган.
Рўза тутишда вақтинчалик қийинчиликка учраб, кейин яна рўза тутиш имконига эга бўладиган касаллар худди ҳомиладор ва эмизикли аёллар, мусофирлардек қазо рўзасини янаги Рамазон келгунча тутиб беришлари лозим.
Ҳадиси шарифда: «Ким ўлсаю унинг зиммасида ойнинг (фарз) рўзаси бўлса, унинг номидан ҳар бир кун ўрнига бир камбағалга таом берилсин», дейилади. Чунки тутилмай қолган рўза, ўқилмай қолган намозлар банданинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги қарзи ҳисобланади, уни узиш фарзандларининг (меросхўрларининг) елкасидадир. Фидя беришда марҳумдан қоладиган мероснинг учдан бир миқдоригача сарфлаш мумкин. Меросхўрлар бўлмаса, ҳаммасини сарфлаш жоиз. Мусулмон кишининг баъзи намозлари ёки рўзаси қазога қолган бўлса, киши вафот қилишидан хавфсиралган пайтда агар қоладиган ортиқча моли бўлса, ворисларига фидя беришни васият қилиши вожиб. Аммо марҳум васият қилмаган бўлса, фидя бериш ворисларига вожиб эмас.
Камбағал дейилганда кундалик ҳаёти қийинчиликда ўтаётган, кўчага чиқиб тиланчилик қилишга виждони йўл қўймаётган одам тушунилади. Фидя бир камбағалнинг бир кунлик ўртача тирикчилигини таъминлайдиган овқат миқдори бўлиб, унинг ҳажми таом ёки унга тўғри келадиган пул бирлигида белгиланади. Бунда ҳар бир жойнинг иқтисодий-маиший шарт-шароитидан келиб чиқилади. Бир кунлик рўза учун бериладиган фидя фитр садақаси (яъни икки килограмм буғдой ёки унинг нархи)дан кам бўлмаслиги лозим. Ўликни кўмгандан кейин фидя бериш жоиз бўлса ҳам, уни кўммасдан олдин бериш афзалдир.

ФИДЯГА ОИД САВОЛ-ЖАВОБЛАР

Савол: ҳаж ибодатида «ҳажжи бадал», яъни бошқанинг ўрнига ҳаж қилиш мавжуд. Шу каби рўзада ҳам бировнинг ўрнига рўза тутиш мумкин бўладими?
Жавоб: намоз ва рўза баданий ибодат бўлиб, ўзгалар тарафидан бажарилиши билан адо бўлмайди. Шариат фидяни қайсидир сабаблар билан рўза тутишга қодир бўлмаган инсонга тайин қилган.
Рўзадорнинг ўрнига валийси рўза тутиб бермайди, намоз ўқиб бермайди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор киши бошқанинг ўрнига рўза тутмайди, бошқанинг ўрнига намоз ўқимайди», деганлар.
Савол: фидя қанча миқдорда ва қандай адо этилади?
Жавоб: фидя Аллоҳ таоло тарафидан бандаларига енгиллик қилиб юборилган ҳукмдир.
Аллоҳ таоло айтади: «Рўза тутишга қодир бўлмаганлар зиммасига фидя тўлаш вожибдир».
Ҳар кунлик фидянинг миқдори фитр садақаси миқдоричадир, яъни буғдойдан ярим соъ – 1900 гр, арпа ва хурмодан бир соъдан – 3800 гр. ёки буларнинг қийматини бериш билан ҳам фидя адо қилинган бўлади.
Рўзадан ожиз қолганлар рўза тутмай, фидясини беришлари вожибдир. Рамазон ойининг аввалида бўлса ҳам, бир нечта фақирга бермай, бир фақирга берса ҳам. Фитр садақасига ўхшаб буғдойдан ярим соъ, хурмо ва арпадан бир соъ адо этилади.
Савол: Рамазон ойи фидясини ҳам фитр садақаси каби муддатдан аввал адо қилса бўладими?
Жавоб: Рамазон ойи фидясини Рамазон ойи кирмасидан аввал бериш жоиз эмас. Рамазон ойи киргач эса бўлаверади, яъни Рамазоннинг биринчи кунида қолган кунлар фидясини берса жоиз.
Савол: сурункали беморлар, заифлиги туфайли рўза тута олмаганлар касалликлари ва заифликлари сабабли бир неча йил рўза тута олмасалар, лекин фидя тўлаганларидан кейин соғайиб, қувватга киргач, рўза тута оладиган бўлиб қолсалар, нима қилишади?
Жавоб: бундай кишилар рўза тутишга қодир бўлиб қолишса, аввалги берган фидялари бекор бўлиб, гарчи бир неча йиллик бўлса ҳам фидяси берилган кунлар рўзасининг қазосини тутишлари вожиб бўлади.
Рўза тутишдан ожиз қолганлар қачон рўза тутишга қодир бўлишса, қазосини тутадилар. Зеро, фидя рўзанинг ўрнига ўтиши учун рўза тутишдан ожизлик умрининг охиригача давом этиши шартдир. Айни вақтда рўза тутишдан ожиз қолган ва келажакда рўза тута олишдан умиди узилган киши рўза тутмай, мискинларнинг қўлларига беради ёки чақириб таомлантиради.
Савол: фидяни адо этишда буғдой, хурмо, арпа билан тўлов адо этилиши фиқҳий китобларда келтирилган. Буларнинг ўрнига қийматини бериш билан ҳам фидя адо этилган бўладими?
Жавоб: қийматини берса ҳам фидя адо бўлади. Бу нарсаларда қийматни адо қилиш ҳам жоиз. Назр ва қул озод қилишдан бошқа каффоратда, закот, ушр, хирож ва фитр садақада қийматни бериш жоиз. Зиммасига бериш вожиб бўлган кундаги қиймат эътиборлидир.
Савол: рўзанинг фидяси кимларга берилади?
Жавоб: мискинларга, фақирларга, бева-бечораларга, ночорларга, закотга қодир бўлмаганларга берилади. Орасида туғишганлик ва эр-хотинлик алоқаси борларга, яъни ўзининг фарзандларига, фарзандининг фарзандларига, отасига, эрига, хотинига, бойларга, закотга қодир бўлганларга, закот бериш мумкин бўлмаганларга берилмайди.
Савол: қазо рўзаларнинг фидясини бир вақтда битта мискинга берса бўладими?
Жавоб: бир неча кунларнинг фидясини бир мискинга бир вақтда бериш мумкин. Лекин бу масалада турли хил қарашлар мавжуд бўлгани учун бир неча кунлик фидяни бир неча кишиларга берган афзал. Лекин бир мискинга бериб қўйган бўлса ҳам адо бўлаверади.
Қасам каффоратининг акси ўлароқ, бир неча кунлик намоз, рўза кабиларнинг фидяларини бирданига фақирлардан бирига бериш жоиз, чунки бунда бир кунда битта фақирга ярим соъдан ортиғини бериш жоиз бўлмайди.
Рўза тута олмаганлар барча фидясини бир кишига бирданига берса жоиз. Лекин қасамни бузганнинг, зиҳорнинг, рўзани очиб юборганнинг каффорати бундай эмас. Лекин Рамазон рўзасини қасддан бузган кишининг каффорат фидясининг олтмиш кунлигини бир кишига бир кунда бериб қўйиши мумкин эмас. Берган тақдирда бир кунлик каффорат фидясини бўйнидан соқит қилган бўлади, холос.
Бир мискинни эрталаб ва кечқурун, олтмиш кун тўйдирса ёхуд олтмиш кун фитр садақаси миқдорича қийматни адо қилса, жоиз бўлади. Ёки олтмиш мискинни эрталаб ва кечқурун бир кун тўйдирса ёхуд алоҳида-алоҳида фитр садақаси миқдорича қийматни адо қилса бўлади.
«Эрталаб ва кечқурун» деган қайддан мурод эрталаб олтмиш мискинни таомлантирсаю, кечқурун бошқа олтмиш мискинни таомлантирса фидя адо бўлган ҳисобланмайди. Токи эрталаб таомланганларга кечки таом ёки кечқурунгиларга нонушта қилиб бермагунича. Бир кишини эрталаб таомлантирсаю, кечқурун бошқани таомлантирса, ўша кунги фидя адо қилинмаган бўлади.
Қартайиб қолган кишилар (ёки сурункали касал бўлган беморлар) ва каффорат рўзасининг фидясини адо қилаётганнинг ўртасида фарқ бор, яъни улар (ёки сурункали касал бўлган беморлар) бир мискинга бир кунда фидяларини адо қилсалар бўлаверади.
Савол: қодир бўлатуриб намоз ўқимай ёки рўза тутмай фидясини адо этса, бўйнидан соқит бўладими?
Жавоб: динимизда бу амалларга қодир бўлатуриб фидясини тўлаш билан ўша амаллар бўйнидан соқит бўлмайди. Рўза тутишдан ожиз қолганлар рўза тутишга қодир бўлишса, қазосини тутадилар. Зеро, фидя рўзанинг ўрнига ўтиши учун рўза тутишдан ожизлик умрининг охиригача давом этиши шартдир.
Савол: вафот этганларнинг қазо рўзалари учун фидя бериш зарурми?
Жавоб: намоз ва рўза ўз вақтида бажарилиши лозим бўлган, Аллоҳ таоло томонидан бандаларига фарз қилинган амаллар жумласидандир. Қолаверса, қиёмат кунида биринчи бўлиб сўраладиган амаллардир. Шундай экан, киши бу амалларни ўз вақтида адосини, вақтида адо қилмаган бўлса қазосини, буни ҳам адо қилмаса вафотидан олдин фидясини беришни яқинларига васият қилиши, яқинлари эса марҳумнинг намоз ва рўзасини қазоларининг фидясини беришлари фарздир.
Зиммасида Рамазон рўзасининг қазолари бор киши вафот этар чоғида қазоларининг фидясини тўлашни васият қилган бўлса, яқинлари унинг тарафидан ҳар кун учун бир мискинни тўйдирадилар. Ҳанафийлар наздида марҳумнинг фидя тўлашга васият қилиши зарурдир. Шофеъийлар наздида эса васият қилмаса ҳам яқинлари унинг фидясини тўлашлари лозимдир. Закотнинг ҳукми ҳам шу кабидир.
Марҳум тарафидан фидяни адо қилишнинг бир неча масалалари бўлиб, уларни билиш ҳар бир кишига зарурдир.
Зиммасида намоз ва рўзаларининг қазоси бор кишига вафотидан аввал уларнинг фидясини тўлашни васият қилиш фарздир. Васият қилмай вафот этса, гуноҳкор бўлади.
Маййит фидя тўлашга васият қилган бўлса, кафанлаш, қабрга қўйиш ва қарзларини тўлашдан кейин қолган бор мол-мулк, уй-жойлари қийматининг учдан биридан унинг фидясини адо қилиш фарз бўлади. Адо қилинмаса, гуноҳ бўлади.
Агар марҳум фидя тўлашга васият қилмаган бўлса ёки мол-мулк қолдирмаган бўлса, меросхўрлар ўз ихтиёрлари билан марҳумнинг фидясини тўлашлари улкан савоб ҳамда маййитга раҳм-шафқат ифодасидир.
Назр рўзаларнинг фидялари ҳам Рамазон рўзасининг фидяси кабидир. Масалан, бир киши рўза тутаман, деб назр қилсаю, тута олмай вафот этган бўлса, фидяси тўланади. Ҳар душанба ва пайшанба кунларда рўза тутишни назр қилган одам тута олмай қолгани каби.
Ҳар пайшанба рўза тутаман, деб назр қилса, бирор кун тута олмай қолса, қазоси лозим бўлади.
Маййитнинг фидясини тўлаш чоғида барчасини бир пайтнинг ўзида тўлашга имкон бўлмаса, масалан: уй-жой бору, сотиб фидяни тўлаш ўрнига сотмасдан фидясини тўламоқчи, шунда оз-оздан тўлаш ҳам мумкин.

"Мўминнинг қалқони" китобидан

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Куни ёки туни узун ёки қисқа бўлган юртлардаги рўза
Бундай юртларда, масалан, Тундрага ўхшаш жойларда кун йигирма икки-йигирма уч соатгача давом этади. Ўша ерда яшовчилар ёки ўша ердаги мусофирлар қуёш ботганидан кейингина рўзаларини очишлари мумкин. Мусофирлар давоми...
8 йил аввал 12936 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Мажбурлаб рўзани очдирса
Агар рўза тутган одамга рўзасини очмаса, жонига ёки бирор аъзосига зарар етказилишини айтиб, таҳдид қилинса, рўзасини очиши жоиздир. Лекин агар жонига ёки бирор аъзосига зарар етказилишидан бошқа сабабларни рўкач давоми...
8 йил аввал 7273 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳоизаларнинг рўзаларига оид савол-жавоблар
САВОЛ: аёл киши одат кунларида рўза тутса бўладими?ЖАВОБ: ҳайз ва нифос чоғида рўза тутишлик жоиз эмас, кейинчалик қазосини тутиб беришади. وَمِنْهَا الطَّهَارَةُ عَنْ давоми...
8 йил аввал 23060 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Рамазоннинг ҳилол(ой)ини кўриш ва рўзанинг фазилати
Авваллари ҳам, бугунги кунда ҳам янги ойни кўриш масъаласи уламолар орасида ихтилофли масалалар жумласидандир. Кўпчилик уламоларнинг қараши бундай: бир маконда Рамазон ҳилолини шаръий йўл билан давоми...
8 йил аввал 7664 Ҳамидуллоҳ Беруний
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Рўза ва эътикоф
ибодат нияти билан субҳи содиқдан қуёш боткунгача рўзани ният қилиб еб-ичишдан ва еб-ичишнинг ҳукмида бўлган нарсалардан, яқинлик қилишдан ҳақиқатда ёки ҳукман тийилиб туришга айтилади. давоми...
8 йил аввал 8348 fiqh.uz