Ким икки йўлдан бирига жинсий яқинлик қилса ёки унга яқинлик қилинса, рўзаси бузилади.
Бунда манийнинг нозил бўлиши ёки бўлмаслигининг эътибори йўқ. Эркаклик олатининг бош қисми иккинчи тарафнинг олди ёки орқа йўлига кирса бўлди.
Қасддан ғизо ёки даво бўладиган нарсани еса ёки ичса ҳам рўзаси бузилади.
Албатта, мазкур еб-ичишлар Рамазон ойининг кунду-зида содир бўлса.
Бу ҳолатларда қазосини тутади ва худди зиҳор қилувчи каби каффоратни адо қилади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فَقَالَ: هَلَكْتُ يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «وَمَا أَهْلَكَكَ؟» قَالَ: وَقَعْتُ عَلَى امْرَأَتِي فِي رَمَضَانَ، قَالَ: «هَلْ تَجِدُ مَا تُعْتِقُ رَقَبَةً؟» قَالَ: لَا، قَالَ: «فَهَلْ تَسْتَطِيعُ أَنْ تَصُومَ شَهْرَيْنِ مُتَتَابِعَيْنِ؟» قَالَ: لَا، قَالَ: «فَهَلْ تَجِدُ مَا تُطْعِمُ سِتِّينَ مِسْكِينًا؟» قَالَ: لَا، قَالَ: ثُمَّ جَلَسَ، فَأُتِيَ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم بِعَرَقٍ فِيهِ تَمْرٌ، فَقَالَ: «تَصَدَّقْ بِهَذَا»، قَالَ: أَفْقَرَ مِنَّا؟ فَمَا بَيْنَ لَابَتَيْهَا أَهْلُ بَيْتٍ أَحْوَجُ إِلَيْهِ مِنَّا. فَضَحِكَ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم حَتَّى بَدَتْ أَنْيَابُهُ، ثُمَّ قَالَ: «اذْهَبْ، فَأَطْعِمْهُ أَهْلَكَ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ҳалок бўлдим, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.
«Сени нима ҳалок қилди?» дедилар.
«Рамазонда хотинимнинг устига чиқдим», деди.
«Қул озод қилишга нарса топа оласанми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
«Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
«Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
Сўнгра кутиб ўтирди. Набий соллаллоҳу алайҳи васал-ламга бир занбил хурмо келтирилди. Ул зот (ҳалиги одам-га):
«Мана буни садақа қилиб юбор», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, биздан кўра фақирроққами? Аллоҳга қасамки, у(Мадина)нинг икки четининг орасида биздан кўра муҳтожроқ аҳли байт йўқ», деди.
Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди. Сўнгра:
«Бор! Уни аҳлинга таом қилиб бер», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Рўзасини бузган рўзадор каффорат бериши вожиблиги шу ҳадисдан олинган.
Энг аввал каффорат қул озод қилиш бўлади.
Каффорат бериш вожиб бўлган одам қул озод қилишга қодир бўлмаса, кетма-кет, орасини узмасдан икки ой рўза тутиши лозим. Бу эса Рамазон рўзасини тутиш даврида сабрсизлик қилгани сабабли, сабрли бўлишга тузукроқ одатланиб олиши учундир.
Рамазонда қасддан рўзасини очиб юборган одам икки ой кетма-кет рўза тутишга қодир бўлмаса, олтмиш мис-кинга таом беради. Ҳар бир мискинга бир мудд (1843 грамм) миқдорида таом беради. Бу эса ўз навбатида гуноҳкор кишининг гуноҳини ювишга имкон яратиб бе-риш билан бирга, мискинларга яхшилик қилиш йўли ҳамдир.
Жумҳур уламолари: «Жинсий алоқада қатнашгани учун аёл киши ҳам каффорат беради», деганлар.
Каффоратни адо қилиш Рамазон фарзини адо қилишни қасддан бузганда вожиб бўлади. Бошқасида вожиб бўлмайди.
Агар Рамазоннинг қазосини ёки бошқа рўзаларни қасддан бузса ҳам, каффорат вожиб бўлмайди. Каффорат Рамазоннинг ҳурматини оёқости қилгани учун вожиб бўлади.
Рамазон рўзаси фарзини адо қилишни ният қилиб тутган одам уни ўз ихтиёри ила мажбурлашсиз ва шаръий узрсиз қасддан очиб юборса, ҳам қазосини тутади, ҳам каффоратни адо этади.
Бу нарса қуйидаги ҳолатларда юз беради.
Рўзани бузадиган ва ҳам қазо тутишни, ҳам каффоратни вожиб қиладиган нарсалар:
1. Fизо ёки унинг маъносидаги нарсани шаръий узрсиз емоғи. Одатда озуқа сифатида тановул қилинадиган барча нарсалар ғизога киради. Дори, папирос, афюн, наша ва шунга ўхшаш нарсалар ҳам ғизо маъносидаги нарсаларга киради. Ушбу ҳолатларда рўзасини очган одам ҳам қазосини тутади, ҳам қул озод қилиш ёки икки ой кетма-кет рўза тутиш, унга қодир бўлмаса, олтмиш мискинга таом бериш билан каффоратни адо қилади.
2. Бировнинг ғийбатини қилганидан, қон олдирганидан, шаҳват билан ушлаганидан ёки ўпганидан, қучоқлашиб ётганидан, мўйлабини мойлаганидан кейин «Рўзам очилиб кетди», деган ўй билан қасддан еб-ичиб юборса, ҳам қазо тутиб, ҳам каффорат адо қилади.
(Фақиҳ «Рўзанг очилибди», деб фатво берса, бундан мустасно. Унда фақат қазо тутади. Каффорат вожиб бўлмайди).
3. Оғзига кирган ёмғир сувини, хотинининг тупугини лаззат учун ичига ютса, кесакхўр одам кесакни ютиб юборса, ҳам қазо тутиб, ҳам каффорат адо қилади.
4. Фарж шаҳватини тўла равишда қондирса ҳам. Унга нисбатан мойиллиги бўлган одам жинсининг олди ёки орқасига олатни киритиш кўзда тутилган. Агар маний тўкилиши бўлмаса ҳам.
5. Аёл киши кичик ёшдаги боланинг ёки мажнуннинг ўзига яқинлик қилишига имкон берса, унга ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади.
Қазо тутиш лозим бўладиган ҳолатлар
Хато туфайли, мажбурланиш оқибатида, кечаси деб гумон қилиб еб-ичганда, қорнига ёки димоғига тери-сининг тешикларидан бошқа тарафдан дори етганда, майда тошни ютганда, оғзи тўлиб қусганда фақат қазосини тутади.
Биров рўзани ният қилиб, уни очиш қасди бўлмай туриб, хато оқибатида оғзини очиб юборса, рўзасини қазо қилиб тутиши вожиб бўлади.
Бошқа бир тарафнинг мажбурлаши ёки алдови сабабли оғзини очиб юборган рўзадорга ҳам қазосини тутиш вожиб бўлади.
Бир одам «Ҳали саҳарликнинг вақти чиққани йўқ», деган гумон билан еб-ичишни давом эттира бориб қараса, вақт чиқиб кетганлиги аён бўлса, рўзанинг қазосини тутиб беради. Шунингдек, ифтор вақти бўлди, деган гумон билан оғзини очиб юборса-ю, кейин вақт кирмагани маълум бўлса ҳам қазосини тутади.
Ҳанафий мазҳабида бу масалага доир барча далил ва ҳужжатлар батафсил ўрганиб чиқилганидан кейин қуйидаги нарсалар алоҳида зикр қилинган.
Рўзани бузадиган ва фақат қазо тутишни вожиб қилиб, каффоратни вожиб қилмайдиган нарсалар:
1. Fизомас ва ғизо маъносида бўлмаган нарсани тановул қилиш. Бунда одатда ғизо саналмайдиган ва инсон таъби ейишга мойил бўлмайдиган нарсалар кўзда тутилган. Мисол учун, рўзадорнинг хом гуруч, пишмаган хамир, бирор нарса аралаштирилмаган ун каби нарсаларни ейиши.
2. Бирданига кўп тузни еб юборса ҳам рўзаси очилиб, унинг қазосини тутиб беради.
3. Пишмаган мевани еса ҳам.
4. Тишлари орасида қолган нўхатдан катта нарсани еса.
5. Данак, пахта, қоғоз, тери еса ҳам.
6. Тош, темир парчаси, тупроқ, тангага ўхшаш нарса-ларни ютиб юборса ҳам.
7. Ўз амали билан ичига тутун киргизса ҳам.
8. Орқасидан, бурнидан, томоғидан ва аёл кишининг олдидан ичига сув ёки дори киритилса ҳам.
9. Қулоғига мой томизса ҳам. Сув томизса, очилмайди.
10. Аёл кишининг олд аъзосидан қатра томизилса ҳам рўзасини қазо қилиб тутиши лозим бўлади. Эркак киши-нинг олд аъзосидан қатра томизилганда бу гап йўқ.
11. Қасддан оғзи тўлиб қусса ҳам қазо тутади. Агар оғзи тўлмай ёки рўзалиги эсидан чиқиб, ёки беихтиёр қусган, ёхуд таом эмас, балғам қусган бўлса, рўзаси очилмайди.
12. Fизо (озуқа) ва дори-дармонни беморлик, сафар, мажбурлаш, хато, бепарволик ёки шубҳа каби шаръий узрлар ила тановул қилса, қазосини тутиб беради.
13. Оғизни чайиш пайтида хато қилиб сув ичига кетиб қолса, рўзаси очилади ва қазо тутади.
14. Бошидаги ёки қорнидаги жароҳатга дори қўйганда ичига ёки димоғига кетиб қолса ҳам.
15. Биров ухлаб ётган одамнинг қорнига сув киритиб юборса ҳам.
16. Аёл киши хизматга ярамай қоламан деб таом еса ҳам.
17. Биров аввал эсида йўқ ҳолда таом еган ёки жинсий яқинлик қилган бўлса, рўзаси очилмайди. Аммо ҳукмни билмай, бўлар иш бўлди, деб кейин яна таом еса ёки жинсий яқинлик қилса, қазо рўза тутиб бериши лозим бўлади.
18. Биров кечаси рўза тутишни ният қилмади. Кундузи ният қилди. Кейин «Бу ниятим тўғри бўлмаса керак», деган шубҳа билан таом еса, рўзаси очилади ва қазо тутиши вожиб бўлади.
19. Биров «Ҳали тонг отмаган бўлса керак», деб еб-ичди ёки жинсий яқинлик қилди. Кейин билса, тонг отиб бўлган экан. Рўзасининг қазосини тутади.
20. Биров «Қуёш ботган бўлса керак», деб еб-ичди ёки жинсий яқинлик қилди. Кейин билса, қуёш ботмаган экан. Рўзасининг қазосини тутади.
21. Биров таом еб ёки жинсий яқинлик қилиб турганида тонг отиб қолди. Дарҳол қилаётган ишини тўхтатса, рўзаси тўғри бўлаверади.
22. Шаҳватини тўлиқ бўлмаган ҳолда қондирса ҳам фақат қазо тутади.
23. Қучоқлаш, ўпиш ва шунга ўхшаш ишлар туфайли манийси тўкилса, қазо тутади.
24. Ухлаб ётган аёлга жинсий яқинлик қилинса, ўша аёл ҳам қазо тутади.
25. Аёл киши фаржига мой ёки шунга ўхшаш нарсаларни томизса ҳам.
26. Рўзадор шахс орқасига сув ёки мой билан ҳўлланган бармоғини киритса ҳам.
27. Рўзадор шахс орқасига пахта, латта ва шунга ўхшаш нарсаларни киритса ҳам.
28. Аёл киши ички фаржига сув ёки мой билан ҳўлланган бармоғини ёки пахта, латта ва шунга ўхшаш нарсаларни киритса ҳам.
29. Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларни очган бўлса, фақат қазо тутиш вожиб бўлади. Каффорат вожиб бўлмайди.
Рўзани бузмайдиган нарсалар
Агар қусқи рўзадордан ғолиб келса, ёки эсидан чиқиб оғзини очиб юборса, ёки эҳтилом бўлса, назар солиб туриб маний чиқарса, томоғига чанг, тутун ёки пашша кирса, қазо тутмайди.
«Рўзадордан ғолиб келса» дегани беихтиёр қайт қилиб юборса деган маънони англатади.
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِي اللهُ عَنْه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: «ثَلَاثٌ لَا يُفْطِرْنَ الصَّائِمَ: الْحِجَامَةُ، وَالْقَيْءُ، وَالْاِحْتِلَامُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарса рўзани очмайди: қон олдириш, қусиш ва эҳтилом бўлиш», дедилар».
Имом Термизий ривоят қилган.
Бошқа жинсдаги шахсга шаҳват назари билан қараб туриб, манийси тўкилган кишининг рўзаси очилмаслиги, бу ишда жинсий яқинликнинг сурати ҳам, маъноси ҳам йўқлиги учундир.
Томоғига чанг, тутун ёки пашша кирса рўза очилмас-лиги эса бу нарсалардан сақланиб бўлмаслиги учундир.
Агар ҳайвонга, ўликка ёки фарждан бошқа ерга жинсий яқинлик қилса ёхуд ўпса, ёки ушласа-ю маний нозил бўлса, қазо қилади, каффорат йўқ.
Чунки бу ҳолатларда жунублик нуқсонли бўлади.
Агар тишининг орасига кириб қолган нўхатдан кичикроқ нарсани еса, рўзаси бузилмайди. Аммо ўша нарсани оғзидан чиқариб туриб, кейин еса, рўзаси бузилади.
Чунки одатда доимо оғизнинг ичида, тишларнинг ора-сида озгина таом қолиши бор. Бундай оз нарса тупуги-нинг ўрнида бўлади. Аммо нўхат донасидек ёки ундан катта бўлса, уни еб бўлмайди.
Бир дона кунжутни чайнаб еса ҳам рўзаси очилмайди.
Чунки уни чайнаганда майдаланиб, тишларига ёпишиб қолади ва қорнига ҳеч нарса етиб бормайди. Аммо ўша кунжутни бутунлайича ютиб юборса, рўзаси очилади.
Қусқининг ичига қайтиб кетиши, агар у кўп бўлса, рўзани бузади. Муҳаммаднинг наздида агар қасддан қайтариб ютиб юборса, бузади.
Имом Абу Юсуфнинг наздида ичкаридан оғиз тўла қусқи келиб ортига қайтса рўза бузилади. Аммо имом Муҳаммад қусқи оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам «Бузмайди», деганлар ва шу гап амал учун қабул қилинган.
Қорни тўйиб кетгани туфайли еган нарсаси оғзига ке-либ, ўзи қайтиб кетса, бузмайди.
Агар киши ўзини мажбур қилиб қусса, рўзаси очи-лади. Чунки бунда рўзадорнинг ўз амали бор.
Хулоса:
1. Рўзадорлиги эсидан чиқиб еб-ичиб ёки жинсий яқинлик қилиб қўйса, рўзаси очилмайди. Аммо эсига ту-шиши билан дарҳол мазкур ишларни тўхтатиши шарт. Жинсий яқинлик қилаётган киши рўзадорлигини эслаши билан ажраши керак. Агар ундан кейин ҳам туриб қолса, рўзаси бузилади.
2. Назар солгани ёки ўйлагани оқибатида манийси тўкилса, ўзи гуноҳкор бўлса ҳам, рўзаси очилмайди. Кун-дуз куни эҳтилом бўлиб қолса ҳам рўзаси очилмайди.
3. Кўзига дори томизса ёки сурма қўйса ҳам рўзаси очилмайди.
4. Қон олдирса ҳам рўзаси очилмайди.
5. Мисвок қилса ҳам рўзаси очилмайди.
6. Муболағасиз оғиз-бурунни чайса ҳам рўза очилмай-ди.
7. Fусл қилса ёки салқинлаш учун ҳўл латтага ўранса ҳам рўзаси очилмайди.
8. Fийбат қилса ёки оғзини очишни ният қилса ҳам рўзаси очилмайди.
9. Рўзадорнинг ичига унинг ихтиёрисиз тутун, чангу ғубор ёки пашша кирса ҳам рўзаси очилмайди. Аммо рўзадорлиги эсида туриб, хушбўй нарсани тутатиб ҳидласа, рўзаси очилади.
10. Тиш олдириб, қон ёки дорини ютмаган бўлса ҳам рўзаси очилмайди.
11. Эркак кишининг жинсий олатидан сув, мой ёки до-ри киритилса, рўзаси очилмайди. Қулоқдан сув кирса ҳам, қулоқни кавласа ҳам рўзаси очилмайди. Аммо бу каби ишларни қилмаган маъқул.
12. Балғам ёки мишиқнинг кириш ёки чиқиши билан ҳам рўза очилмайди.
13. Ўз ихтиёридан ташқари ҳолда мажбур бўлиб қусса ҳам рўзаси очилмайди.
14. Тишлари орасида қолган нўхатдан кичик нарсани еса ҳам рўзаси очилмайди.
15. Жунуб ҳолда юриш билан ҳам рўза очилмайди.
16. Мушакка, тери остига укол қилиш билан ҳам рўзаси очилмайди.