1. Туя, сигир, қўй-эчкиларнинг савоимлари (савоим деб йилнинг аксар қисмида яъни олти ойдан ортиқ яйловда боқиладиган ҳайвонларга айтилади).
2. Тилла, кумуш ва шулар каби пул бирликлари.
3. Тижорат моллари. Фойда ҳосил қилиш мақсадида олди-сотди йўли билан молни
айлантиришга тижорат дейилади. Тижорат моллари деб сотиш учун тайёрлаб қўйилган молларга айтилади. Иш асбоблари (яъни савдода ишлатиладиган пештахта, музлатгич, тарозу каби асбоблар) закот нисобига қўшилмайди. Тижорат молларининг закот бериш вожиб бўлган кунидаги нархи ҳисобланади.
4. Экин ва боғдорчилик мевалари. Жумҳур уламолар агар экин етилиб қолса уни чамалаб, қанча закот чиқариш зарурлигини белгиланади, дейишади. Чунки бунда боғнинг эгаси ўз молини тасарруф қилиш учун кенгчилик топади. (Лекин Ҳанафий уламоларимиз экинни чамалаб, закотни белгилашни дуруст кўришмайди. Чунки ҳали йиғиб олинмаганлиги учун экин талофатдан омон бўлмайди).
Закотнинг миқдори.
1. Чорва молларининг закот жадвали мавжуддир. У тахминан 2-2,5 % га тўғри келади.
2. Нақд пуллардан қирқдан бир, яъни 2,5%.
3. Тижорат молларидан ҳам 1/40 яъни 2,5%
4. Экин ва мевалардан агар улар суғориладиган ерда бўлса ўндан бирни ярми, яъни 5% закот берилади, агар ўзи пишадиган, лалмикор ерда бўлса ўндан бир яъни 10% берилади.
Демак молнинг турига қараб, закотнинг ҳам миқдори турлича бўлади. Мол аслми ёки кейин етишиб чиққан фойда яъни ғаллами? Яна шунингдек молни ҳосил қилишда кетадиган сарф-харажат, меҳнатнинг ҳам закот миқдорининг турлича бўлишига таъсири бор.
Закот бериш ўринлари.
1. Фақир ва мискинлар учун берилади.
Бу икки исм бир хил ёки турли маъноларда келади. Агар фақир ва мискин ёнма-ён келмай турли ўринларда алоҳида зикр қилинса, уларни бирини иккинчисининг маъносида тушунилаверади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Бас, унинг каффороти ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом ёки кийим бериш ёҳуд бир қул озод қилишдир”. Моида сураси 89-оят.
“Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювади. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир”. Бақара сураси 271-оят.
Ушбу ояти карималардаги мискин ва фақир ҳеч нарсаси йўқ кишилар ва моли нисобга етмаган кишилар маъносида мутлақ ишлатилган. Аммо бу икки исм ёнма-ён зикр қилинса ҳар бирининг алоҳида маъноси бўлади.
“Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга,...” Тавба сураси 60-оят.
(Бу ўринда бирини ҳеч нарсаси йўқ, бошқасини эса молу бор-у, лекин нисобга етмаган шахс деб тушунилади. Баъзи уламолар мискиннинг ҳеч нарсаси йўқ, фақирнинг эса нисобга етмас моли бор дейишса, бошқалари буни аксини айтишган).
Қайси маъно бўлса ҳам мискин ва фақирнинг закотдан ҳиссалари мавжуд. Аслида мискин ёки фақирнинг нафақаси бирорта (бой) кишига вожиб бўлса уларга закот берилмайди. (Агар аёл камбағал бўлса-ю, унинг эри бой бўлса у аёлга закот бериб бўлмайди, сингил камбағал бўлиб, бой акасининг қарамоғида бўлса унга ҳам закот бериб бўлмайди ва ҳакозо...).
2. Закот ишчилари учун ҳам йиғилган закотдан иш ҳақи сифатида беришлик дуруст бўлади. Баъзи фуқаҳолар бу ҳақ закотчи йиққан маблағнинг 1/8 дан ошмаслиги керак дейишган.
3. Қалбларни улфат қилиш учун ҳам берилади. Янги мусулмон бўлган кишининг Исломда собит туриши учун ёки кофирга Исломни тарғиб қилиш учун ва ёки иккисининг ҳам зарарини даф қилиши учун закотдан бериш мумкин бўлади.
4. Қул озод қилишлик учун ҳам берилади. Бу шариатнинг ҳуррият тарафдори эканлигига ёрқин далилдир.
5. Қарздорларга ҳам закот берилади. Қарздорлар икки турили бўлади:
а.Ўзи қарз;
б.Икки кишининг ўртасини ислоҳ қилиш учун, бировнинг қарзини зиммасига олган қарздор;
(Демак бу иккиси ҳам қарзини адо қила олмай турган бўлса закот олишлари мумкин бўлади. Лекин шарт шуки, уларнинг қарзларидан ортган маблағлари нисобга етмаган бўлиши керак).
6. Аллоҳ йўлига ҳам бериш мумкин. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ йўлига деб, йўлда қолиб кетган ҳожиларни айтганлар. Баъзи фуқаҳолар толиби илмга ҳам берса бўлади дейишган[1]. Бадоиус Саноеъда: “Қурбат ҳосил қилинадиган ҳар бир иш Аллоҳ йўлига ҳисобланади. Бунга ўзи муҳтож бўлса ва Аллоҳнинг тоатига, хайрли ишларга ҳаракат қилиб юрган ҳар бир киши киради”,дейилган[2].
7. Ибн Сабил (йўл боласи) яъни мусофирга ҳам закот бериш мумкин. Сафарда фақир бўлиб қолган киши ўз уйига етиб оладиган миқдорда закот олиши жоиздир. Уни ўз шаҳрида ҳам фақир бўлишлиги шарт эмас. Лекин қилган сафари гуноҳ сафарларидан бўлмаслиги шарт.
Закотнинг ғоялари.
Закот тизими молни ишлатиш уни фаолиятини ошириш ва адолатли муносабатда бўлишнинг олий намунаси ҳисобланади. Закотнинг ғоялари бугунги кундаги бутун дунёнинг танилган молиявий ғояларидан устун туради. Ушбу закотнинг улуғ мақсадларидан баъзилари билан танишиб чиқамиз:
а) Тоқатга қараб таклиф қилиш. (Яъни имконига қараб закот олиш).
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 286-оятида шундай марҳамат қилган:
“Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас”.
Яна Аъроф сурасининг 199-оятида:
“Кечиримли бўл!”,- деган.
Яъни ортиқчасини ол.
Яна Бақара сурасининг 219-оятида:
“Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: “Ортиқчасини”, деб айт”,-деган.
Ушбу оятлардаги (العفو) – калимасидан киши молининг ўз эҳтиёжидан ортиқчасини тушунилади. Ушбу асос Исломдаги молиявий таклифларнинг барчасига татбиқ қилингандир. Закот, хирож ва бошқа барча молиявий таклифлар ўз эҳтиёжидан ортиғига юклатилган.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу:
“Биз улардан афвни олишга буюрилганмиз. Афвни нималигини биласанми? У тоқати етганидир”, деганлар[3].
Нисоб шариатда ушбу асосга кўра белгиланган. Кишининг аслий ҳожатлари савдо учун эмас, балки ўз эҳтиёжи учун сақлаб қўйган нарсалари ҳам нисобга қўшилмайди. Экин ва меваларни тарозуда тортмай чамалаб ўлчашда ҳам енгиллик кўзда тутилган. Молнинг табақасига қараб, ундан чиқариладиган закот миқдори ҳам турлича бўлади. Агар мол нақд пуллар каби аслий бўлиб, яна ўсиш қобилиятига эга бўлса, улардан 2,5% олиш белгиланган, агар мол деҳқончилик ва боғдорчилик маҳсулотларига ўхшаш аслий бўлмай фақат ўсишлик орқали ҳосил бўлса, улардан 5% дан 10% гача закот чиқариш белгиланган. Шу кабиларни ҳосил қилишда сарфланган харажатлар ҳам эътиборга олинган. Агар қўл билан суғориладиган ерлар бўлса 5%, ўзи ҳосил бўладиган лалмикор ерлардан 10% закот белгиланган.
Имом Сараҳсий ўзларининг “Мабсут”ларида шундай деганлар:
“Ҳаражатнинг кўпайиши вожибнинг (яъни закот миқдорининг) камайишига таъсир ўтказади[4]”.
б) Закот миқдорининг мўътадиллиги.
Маълумки агар закот миқдори муайян чегарадан ортиб кетса ҳосилга нуқсон етказади. Бу эса инсонларнинг иқтисодий фаолиятидаги қизиқишини заифлаштиради. Ушбу асос бугунги кундаги оммавий молиявий илмларнинг барчасида эътироф қилинган. Бизнинг салаф уламоларимиз бу хусусдаги ҳақиқатни узоқ даврларнинг ўзидаёқ эсга олишган.
Имом Абу Юсуф ўзларининг Ал-Хорож номли китобларида шундай ёзадилар:
“Албатта адолат, мазлумга инсоф қилиш ва зулмдан четда бўлиш каби ишларда ажр савоб бор бўлиши билан бирга, шулар сабабли хорож кўпаяди, шаҳарлар ободонлашади. Баракат адолаттадир. Жабр ва зулм билан барака кўтарилади. Зулм ила олинадиган хорож сабабидан шаҳарлар қашшоқлашиб, харобага айланади[5]”.
Иззудин ибн Абдуссалом шундай ёзадилар:
“Агар бизга: “Нима учун мусулмон ўлкаларда тижорат қиладиган мусулмон бўлмаганларнинг молидан хорожни бир йилда фақат бир мартагина, яна 1/10 нинг ўзини оласизлар”, дейилса, шундай жавоб берамиз: “Чунки ушбу миқдордан оширсак улар бизнинг шаҳарларда тижорат қилишдан безиб қолишади. Биз мусулмонлар шунда 1/10 дан ҳам маҳрум бўлиб қоламиз. Тижорат моллари, озиқ-овқатлар ва шу каби кўпчилик эҳтиёжи тушиб турадиган нарсалар шаҳарларимизга кирмай қўяди[6]”.
Ибн Халдун айтади:
“Тўловлар (солиқ, ўлпон, закот кабилар) асосан деҳқонлардан ва тижоратчилардан олинади. Агар деҳқонлар деҳқончиликни ташлаб савдогарлар тижорат қилмай ўтириб қолса тўловлар бир йўла хазинага тушмай қолади ёки катта миқдорда нуқсонга учрайди[7]”.
в) Бир йилда икки марта олишни ман қилиш.
Солиқларни кўпайтирмаслик шу соҳа мутахасисларининг кўп таъкидлайдиган асосий ғояларидандир. Ушбу ғояни Ислом дини узоқ даврларнинг ўзидаёқ очиқ таъкидлаган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
“Закотда такрор йўқдир[8]”.
Шундан келиб чиқиб бир сабаб билан бир йилда битта молдан икки марта ёки ундан кўпроқ закот олиш дуруст бўлмайди[9].
(Демак йилда бир марта закот бериш билан бирга бир молдан ҳам бир марта закот олинади. Агар сигирнинг ададидан закот олинса, унинг маҳсулотидан олинмайди. Агар маҳсулотидан закот олинса, ўзидан олинмайди).
г) Закот беришдан қочиш ва ҳийла қилишнинг олдини олиш ғояси.
Бугунги иқтисодий тизимлар соясида аксар мол-мулк эгалари имкон қадар солиқларни тўламасликка ҳаракат қилишади. Диний қонунларда эса бу каби ишлар ниҳоятда кам бўлади. Чунки закотини бераётган шахс ушбу иши учун Аллоҳдан савоб умид қилади, Аллоҳ уни кузатиб турганлигини, У Зотга ҳеч бир иш маҳфий эмаслигини сезиб, ҳийла қилишдан узоқ бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чорва молларининг закоти тўғрисида шундай дедилар:
“Закот беришдан қўрқиб тарқатилганлар жамланмайди”. Имом Бухорий ривояти.
(Баъзи кишилар закотнинг ҳаммасини ёки баъзисини беришдан қочиш учун шу каби ишларни қилишлари мумкин. Маълумки чорва молларининг сони зиёда бўлган сари закоти ҳам зиёдалашади. Мисол учун икки кишининг қирқдан ортиқ қўйи бўлса иккисига биттадан иккита қўй вожиб бўлади. Улардан бири закот беришдан қочиб, ўзининг молларидан йигирматасини шеригиникига қўшиб, жамлаб қўйса саксонга етмаган қўйлардан битта қўй берилади. Қирққа етмагандан эса берилмайди. Буни акси ҳам шундай. Бир киши қирқта қўйдан битта бериши керак эди. У ўз қўйларидан йигирматасини шеригига бериб қўйса иккисига ҳам гўё ҳеч нарса бериш вожиб бўлмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу каби ҳийлалардан қайтармоқдалар. Мусулмон кишилар бу каби ҳийлаларни қилишмайди.
д) Закот молини жосуслик билан ҳисоблашдан қайтариш ғояси.
Ушбу ғояга асосланиб Исломдаги моллар – зоҳирий ва ботиний молларга бўлинади. Давлат закотни зоҳирий моллардан ҳисоблаб олади. Лекин ботиний молларнинг ҳисоби кишилар диёнатига ҳавола қилинади. Улар хоҳласалар давлатга олиб келиб беришади, хоҳласалар ўзлари ҳақдорларга тўғридан-тўғри тақсимлаб беришади.
Умар ибн Абдулазиз закот йиғувчини жўната туриб:
“Мусулмонларнинг молларига назар сол. Кўзга кўриниб турган молларидан ва айлантириб турган тижоратларидан ҳар қирқ дирҳамга бир дирҳамдан олгин”, деб буюрган[10].
Абу Убайд айтади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва у зотдан кейинги бирор кишидан инсонларнинг овозсиз мулклари закотини мажбурлаб олинганлиги тўғрисида хабар келмаган. Овозли мулклар яъни ҳайвонлардан эса олинган. Лекин овозсиз мулклар яъни нақд пулларнинг закотини эгаси ўзи олиб келиб берса уни омонат юзасидан олинган ва ушбу омонат эгаларига етказилган”[11].
е) Закот ўсувчи сармоядан олиниши ғояси.
Закот ўсиб турувчи сармоядан олинади, айнан сармоянинг ўзидан эмас. Натижа учун тикилган молиявий жамғарманинг пасайиб кетишидан закот унга вожиб қилинган. (Яъни киши маблағини ишлаб чиқаришга қўймаса, уни закоти еб қўяди. Шу сабабдан, маблағ эгаси ўз маблағини жамғарма қилиб қўймай кўпчилик фойдаланиши мумкин бўлган ишга тикади). Лекин ишлаб чиқарувчи асбоблардан закот олинмайди. Бунга жумҳур уламолар ижмоъ қилишган. Закот тўғридан-тўғри таклифдир. Чунки у сармояга эгалик қилувчи учун вожиб бўлади, уни айлантирувчига эмас. Закот ўсувчи сармояга яъни натижа ҳосил қилувчи маблағга вожиб бўлади. Бойликнинг ўзига эмас, кейин ҳосил бўладиган натижага ҳам эмас. Закот мукаллаф шахснинг ўсувчи ёки ўсмай собит турадиган барча маблағидан олинмайди. Зеро ўз ҳожати учун асраб қўйган молларидан закот бериш фарз эмас. Закот ниҳоятда оз миқдорда олинадиган таклиф бўлиб, молнинг ўсиб турган қисмидан баъзи бўлагини олинади холос. Закот берувчининг имконияти уни адо қилишда ҳеч бир қийинчилик кўрмайди. Яъни у бор маблағидан эмас, балки қилган фойдасидан закот ажратади. Аммо шариатдан бошқа тузумлар молиявий мажбуриятларни сармояга юклайди. Ушбу мажбуриятлар одатдан ташқари, тўлдириш лозим бўлган таклифлар жумласига киради. Чунки даромад солиғи капиталистик тузумларнинг асосий йўналиши ҳисобланади.
(Уларнинг қонунларида нисоб деган нарса, молнинг ўсувчи бўлишлиги, зоҳир ва ботин моллар тушунчаси йўқ. Кимда қанча маблағ бўлса шунга солиқ солинаверади).
Аслида сармоядан олинишда фойда ҳосил қилишга қизиқтириш бор. Бу даромад солиғидан кўра адолатлироқдир. Чунки сармоя даромаддан кўра мукаллаф учун кучлироқ бўлади. Закот миқдорини фойда ва даромад солиқларига солиштириш тўғри бўлмайди. Балки уни сармояга солинадиган солиқ билан яқинлаштириб кўрилса бўлади. Бугунги кундаги солиқлар асосий бўлиб тўлдирувчилар жумласига кирмайди.
Фитр закоти.
Фитр садақаси гоҳида фатра деб ҳам номланади. Бу рамазон ойи тугашида вожиб бўлади. Ундан фақирлар қалбида бойларга нисбатан мулойимлик уйғотиш, байрам кунида тиланишдан қутилиш, бу кунларда ўзаро биродарлик руҳини жонлантириш каби улуғ мақсадлар кўзланади. Ким фитр садақасини ҳайит намозини ўқимасдан адо қилса у мақбул закотни адо қилган, намоздан сўнг адо қилса оддий садақа берган бўлади. Фитр садақа бир кунлик таомга эга бўлган ҳар бир мусулмонга вожиб бўлади.
(Ҳанафийларда эса ўсмайдиган маблағи нисобга етган ҳар бир мусулмонга вожиб бўлади. Балоғатга етмаган, ҳатто ҳомиладаги фарзандлар сонидан ҳам фитр садақаси чиқарилади).
Фитрнинг миқдори бир соъ (2, 175 кг) буғдой ёки арпадир. Аксар аҳолининг бир кунлик таомини белгиласа ҳам бўлади. Фитр эркагу-аёл, каттаю-кичик барчага вожиб бўлади. Кишиларнинг иқтисодий аҳволлари ўзгариши билан фитр садақасининг миқдори ўзгармайди. У молнинг закоти эмас, балки ҳар бир шахснинг закотидир. Ким бой бўлиб фитрни адо қилса Аллоҳ уни поклайди, агар камбағал фитр берса Аллоҳ таоло уни ўрнини берганидан яхшироқ нарса билан тўлдиради. Мусулмон киши ўзи ва оиласи номидан беради. Бериш вақти ийд кунининг қуёши чиқиб, намоз ўқилгунча бўлади. Баъзилар рамазон ойининг охирги куни қуёш ботгач бериш вақти киради дейишади. Яна баъзи фуқаҳолар бир кун ёки икки кун олдин берса ҳам бўлади, дейишган. Жумҳур фуқаҳолар фитрни қийматини нақд пул билан беришни жоиз санамаганлар.
Аммо Ҳанафийлар бунга рухсат берганлар, балки фуқаролар ўзлари хоҳлаган нарсани байрам куни сотиб олишларига осон бўлганлиги учун қийматни бериш афзал деганлар. Улар хоҳлашса дон, гўшт ёки кийим олишлари мумкин. Лекин оғир кунларда, хусусан бозорлардан дон-дун топиш мушкул бўлган даврларда қийматдан кўра айнан егуликнинг ўзини бериш афзалдир. Валлоҳу Аълам биссаваб!
________________________________________
[1] Хошияту Роддул Мухтор 2 жуз 371-саҳифа
[2] Бадоиус саноий 4-жуз 26-саҳифа.
[3] Ибн Занжавайҳ. Ал-Аъмол 1-жилд, 167-саҳифа.
[4] (Ал-Мабсут. 3-жуз, 377-саҳифа).
[5] (Ал-Хорож 111-саҳифа).
[6] (Ал-Қоваид ал-Кубро).
[7] (Муқаддима Ибн Холдун 2-жуз, 74-саҳифа).
[8] (Анас розиаллоҳу анҳудан Дайламий ривоят қилган. Абу Убайд. ал-Амвал, 465-саҳифа).
[9] (Ал-Муғний, ибн Қудома, 2-жуз, 629-саҳифа).
[10] (Имом Молик, ал-Муватто 1 жуз, 246-саҳифа).
[11] (Ал-Амвал, Абу Убайд 536-614 саҳифа).