22-дарс. 2-фасл. Солиқлар.


- Таърифи:
Солиқлар бошқача қилиб айтганда молиявий вазифалар закотдан бошқа молиявий таклифларни ўз ичига олади. Баъзи уламолар молда закотдан бошқа олинадиган ҳақ йўқ деганлар. Бошқа уламолар эса молда закотдан ташқари олинадиган бир қанча шаръий ҳуқуқлар ҳам мавжуд дейишган.

Молдаги закотдан ташқари шаръий ҳуқуқлар борлигини энг биринчи ҳимоя қилган уламолар бири  Ибн Ҳазм ҳисобланади. Унинг “Ал-Муҳалло” китобида ушбу мавзуда сўз юритилган[1].
Ундан сўнг Жувайнийнинг “Ал-Ғиёсий” китобида ҳам бу мавзуга тўхталган[2].
Агар бу китобларни мутоала қилиб кўрсангиз ўша асрдаги уламолар ушбу масалада шиддатли тортишувлар қилишганига гувоҳ бўласиз.
  Молни вазифалантиришга турткилар.
(Яъни солиқ солиш учун туртки бўладиган ҳолатлар).
Имом Жувайний ушбу турткилардан бир нечтасини зикр қилганр. Қаҳатчилик, қурғоқчилик, фақирлик, уруш пайтида аскарларга ойлик етмай турган вақтларда, хусусан душман ҳужум қилиб ёки хавф солиб турганда, яна бўлажак турли фалокатларга олдиндан заҳиралар тўплаганда кишиларнинг закотидан ташқари ҳам солиқлар солиш мумкин. Ушбу ҳожатлар учун агар байтул молда етарли маблағ бўлмасагина бойларга солиқ солинади. Байтул молда етарли маблағ бўлса бойларнинг закотдан бошқа маблағларини олиш дуруст эмас.
Имом Жувайний шундай дейди:
“Мен ихтиёр қилган қатъий нарса шуки, давлат бошлиғи бойларнинг ортиқча молларидан етмай турган жойларга ва мухтожлик ўринларига сарфлашларини сўрайди ва уларнинг зиммасига юклайди[3]”.
  Оммавий нафақаларнинг зиёда бўлганлик кўриниш.
Ушбу кўриниш солиқ солишнинг асосий василаларидандир. Бу хусусда асримизнинг оммавий иқтисод уламолари ўз китобларида кўплаб ёзмоқдалар. Мусулмон уламолар эса улардан бир неча аср олдин бу мавзуни муҳокама қилганлар. Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу даврларида Ислом диёрлари кенгайди. Аскар ва фуқароларнинг нафақалари ҳам ортди. Ҳатто Умар розиаллоҳу анҳу ғозийлар жанг билан фатҳ қилган ерларни уларга тақсим қилиб бермай қўйдилар. Балки у ерларни омма мусулмонларга вақф қилдилар.
Баъзилар ушбу ерларни бўлиш кераклигини айтганда, уларга қараб:
“Агар Ироқ ва Шом ерлари тақсим қилинса чегараларни нима билан тўсилади? Шом, Ироқ ерларидаги ёш болалар, бева-бечораларнинг нафақалари нима бўлади?”, дедилар.
Яна:
“Мана бу чегараларни кўряпсизларми? Уларни қўриқлашга кишилар керак. Мана бу Шом, Жазира, Кўфа, Басра ва Миср каби катта-катта шаҳарларни кўряпсизларми? Бу жойларга аскарлар лозим. Уларга ойликлар бериш керак. Агар ерлар бўлиниб кетса уларга қаердан нафақа топиб берамиз?”, деб тушутирдилар.
Жувайний айтади:
“Аммо ҳозирга келиб Ислом чегаралари Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, кун ўтган сари кенгайиб бормоқда. Ҳар бир даврнинг ўз расми ва ўз ҳукми бор[4].... Агар аскарлар кўпайиб нафақалари ортса, уларга етгудек нафақани бойлардан олиш лозим бўлади[5]”.
  Солиқ солишнинг шартлари.
Уламолар имконияти бор бойларга солиқ солиш учун шартлар қўйганлар. Улардан бир нечасини зикр қиламиз:
1. Султоннинг адолати.
2. Илмли, тажрибали ва мутахасисиларнинг маслаҳати билан бўлишлиги керак.
3. Шаръий умумий эҳтиёжнинг бор бўлиши.
Жувайний айтади: “Саройлар, қасрлар қуриш, бойлик тўплаш, фахр ва азизлик талаб қилиш учун мусулмонлар молига қўл узатиши дуруст эмас дейман[6]”.
Бу каби ишларга нафақа қилиш оммавий эмас балки хусусий ишлардандир. Булар шариатда ман қилинган. Чунки бу каби инфоқларда беҳудалик ва исроф бордир.
4. Хусусий манфаатларга омманинг маблағидан ишлатилмайди.
Мисол учун омманинг эҳтиёжи тушадиган ариқни тозалаш, кенгайтириш учун омманинг маблағидан олишлик мумкин. Лекин маълум кишиларгина фойдаланадиган ариқ бўлса, уни тозалаш ва кенгайтириш учун ушбу хос одамлардангина маблағ йиғилади.
Абу Юсуф шундай дейди: “Барча мусулмонлар учун манфаати бор ишга байтулмолдан (яъни давлат хазинасидан) маблағ ажратилади”... “Агар аҳолининг аксари катта анҳорларини тозалашга мажбур бўлишса, давлат хазинасидан маблағ ажратиб уни тозалаб берилади. Аммо маълум кишиларнинг ерларига, экинларига, узумзор, хурмозорларига, боғ-роғ ва томорқаларига оқадиган анҳор бўлса уни тозалашлик ушбу ер эгаларининг зиммаларида бўлади. Байтул молдан маблағ ажратиш лозим бўлмайди”.[7]
Ҳанафий уламоларидан Мусилий айтади: “Катта анҳорларни тозалаш байтул молнинг зиммасидадир. Чунки уларнинг манфаати ҳаммага тегади”[8].
5. Талаб қилинган эҳтиёжни раво қилиш учун кифоя қилгудек маблағ хазинада бўлмаса бойларга солиқ солиш мумкин.
6.Яна шу билан бирга хазинада бўлмасада, лекин давлатнинг бошқа ерлардан ундирадиган ҳақи бўлса шулар билан умумий зарар қопланади. Агар ушбу ҳақлар ҳам етарли бўлмаса солиқ солиш мумкин бўлади. Яна юқоридаги шартлар билан бирга давлат раҳбарлари, иш юритувчилар, аскарбошилар ва шу каби мансабдорларнинг ҳою-ҳавасга ишлатиладиган нарсалари ҳам умумий заруратларни қоплаш учун сотилади. Татар босқинчилари Ислом шаҳарларига бостириб келаётганда Иззудин ибн Абдуссалом Миср султони Қутузга шундай деган эди:
“Агар душман Ислом шаҳарларига кириб келса ҳамма инсонларга душман билан урушиши вожиб бўлади. Сизлар учун эса ҳалқдан мудофаага керак бўладиган нарсаларга маблағ олиш жоиз бўлади. Лекин шарт шуки, хазинада ҳеч нарса қолмаган ва яна ўзларингизнинг нафис буюмларингиз, ҳою-ҳавас учун асраб қўйган матоларингизни сотган бўлишингиз лозим. Аскарлар ҳам қурол-аслаҳалари ва от-уловларидан бошқа нарсаларини сотишлари ва ҳаммалри оддий халқ билан баробар бўлишлари шарт. Аммо аскарлар қўлида фахр, дабдабага ишлатиладиган мол бўла туриб оммадан маблағ тўплаш дуруст эмас[9]”.
Имом Нававий ҳам Зоҳир Бебарсга ҳудди шу каби маслҳатни берган эди.
8. Яна ушбу ўринда кифоя қилгудек нарсани халқ ўзи хайрия қилиб турган бўлмаслиги шарт[10].
(Яъни юзага келган мажбуриятни бартарф этишга кифоя қилгудек маблағни инсонлар ўз хоҳиши билан бераётган бўлса бошқаларнинг молига солиқ солиб олиш дуруст бўлмайди).
9. Яна агар давлат ўзи қайтариб беришликка имконияти етадиган миқдорда қарз олишнинг ҳам йўлини қилиши керак. Гоҳида давлат бойлардан олинадиган закот ва хорожни ўз вақтидан олдинроқ олиб туруши ҳам мумкин. Бу муқосса йўли билан ёпиладиган қарзнинг ҳукмида бўлади.
(Бойлар икки, уч ёки ундан кўпроқ йиллик закотларини олдиндан беришади, ўша йиллар келганда эса ушбу миқдордаги закот ёки хорож улардан олинмайди).
Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Биз муҳтож бўлиб қолдик, Аббоснинг икки йиллик закотини (баъзи ривоятларда уч йиллик) аввалдан олинг”, дедилар[11].
Имом Ғазолий айтади:
“Агар давлат бошлиғи байтул молга маблағ келиб тушишидан ноумид бўлса, аскар харажатлари, ёнланма аскарлар нафақалари келажакда ортиб кетишлик эҳтимоли бўлса қарзга суянади. Ваҳоланки ҳозирда қўлида ҳеч нарса йўқ, келажакда ҳам бўлишлигига умид йўқ? Ҳа! Агар унда ғойиб мол бўлса (кейин бериладиган қарзга ўхшаш) ёки доим келиб турадиган маълум ишончли жиҳат бўлса (бойлар қўлидаги омонат ёки хорож, закот кабиларга ўхшаш), шунда қарз олишлиги яхшироқ бўлади[12]”.
Имом Шотибий айтади: “Қийинчилик пайтларида қарз олиш, хазинага келиб туриши кутилаётган ёки умид қилинаётган даромад бўлсагина дуруст бўлади. Аммо кутилаётган фойда бўлмаса, даромадлар ҳам заифлашиб заруратни бартараф этолмайдиган миқдорга тушиб қолган бўлса, шундай пайтларда солиқ олишлик ҳукми жорий бўлади[13]”.
10. Солиқ зарурат миқдоридан ошиб кетмаслиги ҳам лозим. Шариатнинг қоидалари, мақсадлари ва руҳига мувофиқ келадиган йўл билан солиниши керак. Яъни солиқ солишда адолатли бўлиш, яқин қариндошлар ва обрў-мартабали одамларга хушомад бўлмаслиги, мукаллафнинг иқтисодий имкониятини, нисобга риоя қилиш, олинадиган миқдорни мўътадил бўлишини назорат этиш лозим бўлади. Яна закот бобида баён қилинган умумий мақсадлардан оғишмаслик ҳам керак”[14].
11. Йиғилган маблағни нима сабабдан тўпланган бўлса шу йўлга ишлатишлик лозим бўлади. Бу ўринларда ҳийла ишлатиш, алдамчилик (коррупция) бўлмаслиги керак.


________________________________________
[1] (Ал-Муҳалла, 10-жуз, 105-саҳифа).
[2] (Ал-Ғиёсий, 261-283-саҳифалар).
[3] (Ал-Ғиёсий, 261-саҳифа).
[4] (Ал-Ғиёсий, 255-саҳифа)
[5] (Ал-Ғиёсий, 280-саҳифа).
[6] (Ал-Ғиёсий, 286-саҳифа).
[7](Ал-Хорож).
[8] (Ал-Ихтиёр, 3-жуз, 72-саҳифа).
[9] (Ан-Нужум-аз-Зоҳира. Ибн Туғрий. 7-жуз, 72-73 саҳифалар).
[10] (Ал-Ғиёсий. 255-272 саҳифалар).
[11] (Сунану Байҳақий 4-жуз. 110-саҳифа).
[12] (Шифаул-Ғалил лил-Ғазолий. 241-саҳифа).
[13] (Ал-Иътсом лиш-Шотибий. 2-жилд, 122-саҳифа).
[14] (Ал-Мустассфо лил-Ғазолий. 1-жилд, 121-саҳифа).


1 ўн йил аввал 6310 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
2-дарс. Мақсадлар йўналтирилган асосий беш жиҳат
(Шариатнинг асосий мақсадлари қуйидаги беш нарсага манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни назарда тутади).1. Дин.2. Жон.3. Ақл. 4. Насл.5. Мол. Имом Ғаззолий ўзларининг «Ал-Мустасфо» номли давоми...
1 ўн йил аввал 6552 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
3-дарс. Манфаатларда ўзаро ёрдам
МУТАХАСИСЛИК ВА АМАЛ ТАҚСИМОТИ. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло халойиқни яратиб, уларни бир бирларига эҳтиёжи тушадиган қилиб қўйди. Ҳар бир тоифа ўзидан бошқаларнинг манфаати учун харакат давоми...
1 ўн йил аввал 6428 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
4-дарс. Охират ва дунё манфаатлари
Охират маслаҳатларини фақатгина нақл орқали билинади. Бу ўринда ақлга суяниб бўлмайди.(Яъни охиратда бўлиши мумкин бўлган фойда ёки зарарни фақатгина оят ва ҳадис орқали билишимиз мумкин. Буларни ақл билан давоми...
1 ўн йил аввал 6685 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
5-дарс. 2-фасл. Қоидалар
- Таърифи:Барча жузъиётларга татбиқ қилиш мумкин бўлган ёки аксарига татбиқ қилса бўладиган умумий ҳукмга қоида дейилади. Ҳозирги асримиз мубоҳисларидан баъзилари қоидага шундай таъриф беришади. “У давоми...
1 ўн йил аввал 5476 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
6-дарс. 6-қоида.
المشقة تجلب التيسيرМашаққат енгилликни жалб қилади. Яъни машаққат бор жойда енгиллик жалб қилинади. Чунки Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло бандалари учун қийинчиликни давоми...
1 ўн йил аввал 6082 fiqh.uz