Ҳозирда баъзи бир толиби илмлар Аллоҳ таолонинг сифатларини оммага таништирмоқчи бўлишиб, мақолалар ёзишмоқда. Бу жуда яхши иш. Барчамиз Роббимизни танишимиз керак. Сифатларини ўрганиб улардан ўзимизга тегишли жиҳатларини англашимиз керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاء إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ غَفُورٌ
Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар. Албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта мағфиратлидир.
Яъни Роббисини кўпроқ таниган кишининг Роббисига бўладиган муомаласи ҳам танимаган кишиникидан бошқа бўлади. Қанчалик кўп таниса хавф ва ражоси ҳам ўшанга қараб бўлади. аммо шуни яхши билишимиз керакки, Аллоҳ таолони тўлиқ танишнинг асло иложи йўқ.
يَعْلَمُ مَا بَيْنَ أَيْدِيهِمْ وَمَا خَلْفَهُمْ وَلَا يُحِيطُونَ بِهِ عِلْمًا
У Зот уларнинг олдиларидаги нарсаларни ҳам, орқаларидаги нарсаларни ҳам билур. Улар эса Уни илм ила иҳота қила олмаслар.
У зотни кўриб таниб бўлмайди.
لاَّ تُدْرِكُهُ الأَبْصَارُ وَهُوَ يُدْرِكُ الأَبْصَارَ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ
Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этар. У ҳар бир нарсани дақиқ ва нозик жойларигача билувчидир, ўта хабардордир.
Ҳатто баъзи сифатларини асло таний олмаслигимизни билдириб, уни ортидан тушганларни залолат ва тўғри йўлдан адашиш ҳам деган.
هُوَ الَّذِيَ أَنزَلَ عَلَيْكَ الْكِتَابَ مِنْهُ آيَاتٌ مُّحْكَمَاتٌ هُنَّ أُمُّ الْكِتَابِ وَأُخَرُ مُتَشَابِهَاتٌ فَأَمَّا الَّذِينَ في قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاء الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاء تَأْوِيلِهِ وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلاَّ اللّهُ وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِّنْ عِندِ رَبِّنَا وَمَا يَذَّكَّرُ إِلاَّ أُوْلُواْ الألْبَابِ
У сенга Китобни нозил қилган Зотдир. Унда муҳкам оятлар бор – улар Китобнинг аслидир – ва бошқалари муташобиҳлар. Аммо қалбларида оғиш бор кимсалар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига осилиб оладир. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда мустаҳкам бўлганлар эса: «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», – дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар.
Демак биз Роббимизни Ўзи пайғамбарига билдирган ва у зот уларни саҳобаларига тушинтирганларига суяниб танишимиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шогирдлари ва уларнинг шогирдлари нима деган бўлсалар, биз ҳам ўшани айтишимиз керак. Хўш улар қандай йўлни тутганлар. Замонамизнинг етук олимларидан Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ бу борада берилган саволга ўз жавобларини берганлар. У кишининг ҳар илмдаги санадлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалиши дунё уламоларига маълум ва машҳур. Биз у кишининг жавобларидан иқтибосларни таржима қилиб халқимизга етказишни кўпчиликка фойдали деб билдик. Аллоҳ таолодан ҳидоятда бардавом қилишини сўраб қоламиз. У киши “Мақолоти Усмоний” номли мақолалар тўпламида куйидагиларни айтадилар:
Аввало шу ўринда бир нуқтага қаттиқ аҳамият беришимиз керак. Шу нуқта менинг наздимда бу каби масалаларда қатъий ечимга эга бўлишимизга асос бўла олади.
Бу нуқта шуки, диний ҳақоиқ(ҳукм)лар икки қисмга бўлинади.
А. Аллоҳ таолонинг китоби ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ёки умматнинг ижмоси ёки уммат ичида муқтадо бўлган мазҳаблар иттифоқи билан собит бўлган ҳукмлар. Улар борасида мўътабар уламоларнинг хилофи йўқ. бўлса ҳам жуда кам. Бу каби масалаларда хилоф қилиш залолат ва ҳақдан озиш саналади. Ҳақиқий мўминга бу каби масалаларда оғишни қўллаб қувватлаш ёки бирор йўл билан ёрдам кўрсатиш асло жоиз эмас.
Б. Ижтиҳод орқали маълум бўлган масалалар. Бу масалаларда турли эҳтимоллар бўлгани учун унда муҳаққиқ ва динни маҳкам ушлаган уламоларнинг қарашлари турлича бўлган. Ҳар бир олим ва фақиҳ ижтиҳод қилиш шартларига тўлиқ амал қилган ҳолда китоб ва суннатдан истинбот(ҳукм олиш) асосларига суяниб, ижтиҳод қилган ва ҳар бирлари бутун ихлос билан ҳақни топишни қасд қилган. Аммо Қуръон ва суннат матнлари турли маъноларни эҳтимол қилгани ҳамда мужтаҳидларнинг ижтиҳод қилиш манҳажлари турлича бўлгани учун ёки бошқа сабаблар туфайли ижтиҳодий фикрлар турлича бўлган. Асрлар оша бу каби масалаларда баҳс мунозаралар тўхтаган эмас. Уламоларнинг бу каби масалалардаги қарашлари залолат ва ҳақдан тойилиш деб ҳам ҳисобланмайди. Улар Қуръон ва суннат матнларига қилинган турлича тафсирлардир. Бу борада охирги гап ўша мужтаҳидлардан бирлари баъзилар наздида тўғри топган, бошқа баъзилар наздида хато қилган бўлиши мумкин. Лекин қилган хатоси қуруқ гап эмас. Балки ижтиҳодга суянган. Саҳиҳ ҳадисда: “Ким ижтиҳод қилиб тўғри топса икки ажр, ким ижтиҳод қилиб хато қилса, бир ажрга эга бўлади” дейилган. Улардан бошқа кишиларга ундай мужтаҳидлардан бирортасини залолатга кетган ёки фосиқ бўлган ёки сироти мустақимдан четга чиққан деб ҳукм қилишга ҳақлари йўқ. Бу каби масалалардаги тўғри йўл ҳар бир мусулмон ижтиҳоди орқали етишган нарсасини ихтиёр қилиши ва бошқа олим ижтиҳоди орқали тўғри деб билган фикрни маломат қилмаслигидир. Чунки масала ижтиҳодийдир. Тўғриси Аллоҳ таолонинг ўзигагина аён. Саҳобаи киромларнинг одати шундай эди. Ижтиҳодий масалаларда улар орасида кўплаб фарқ қилишлар бўлган. Лекин масаланинг ундай бўлиши баъзилари баъзиларини “залолатдасан, адашгансан “ деб маломат қилишларига олиб бормаган. Бири бошқасини маломат қилишига сабаб ҳам бўлмаган. Имом Абдулбарр роҳматуллоҳи алайҳ ўз санади билан Яҳё ибн Саид (у киши тобеинлардан бўлган) ривоят қилган. Яҳё ибн Саид роҳматуллоҳи алайҳ: “(Мазҳаб уламолари каби) Фатво аҳли доимий фатво беришда давом этганлар. Бири (ижтиҳодига мувофиқ)ҳаром, бошқаси ҳалол деб фатво берар эди. Ҳаром деб фатво берган ҳалол деб фатво берганни ҳалол деб фатво бергани учун ҳалок бўлдинг, ҳалол деб фатво берган ҳаром деб фатво берганни ҳаром деб фатво бергани учун ҳалок бўлдинг деган эмас” деганлар” ( Жомиу баёнил илми ва фазлиҳ). (Салафиймиз деб ўзларига муқтадо қилиб олган) Ибн Таймия роҳматуллоҳи алайҳнинг ўзлари имомлар бир бирларини маломат қилмасликлари ҳақида мустақил бир китоб ёзиб “Рофъул малом анил аимматил аълом” (улуғ имомлардан маломатни кўтариш) деб номлаганлар. Ўша китобнинг муқаддимасида: “Аввало шуни билишимиз керакки, уммат наздида оммавий мақбул бўлган имомларимиздан бирорталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирорта суннатига ҳох у кичик ёки катта бўлсин, хилоф қилишни қасд қилган эмаслар. Лекин улардан бири бир гапни айтиб зиддига саҳиҳ ҳадис келган бўлса, ўша ҳадисни тарк қилганига бирор узри бўлиши керак” деганлар. У киши роҳматуллоҳи алайҳ мужтаҳид уламолар орасида келиб чиқадиган ихтилофларнинг сабабларини узоқ баён қилиб, гап орасида куйидагиларни ҳам айтган. “Тарк килиш (биз санаб ўтган) шу баъзи сабаблар туфайли бўлса ва ўша масала ҳақида ҳалол қилувчи ёки ҳаром қилувчи бирор саҳиҳ ҳадис келса, нима учун тарк қилганларини санаб ўтган уламолардан ҳадисни такр қилган ва ҳалолни ҳаром ёки ҳаромни ҳалол қилгани учун ёки Аллоҳ таоло нозил қилганидан бошқа билан ҳукм қилгани учун деб азобга дучор бўлмайди. Шунингдек ҳадисда бир ишни қилишга лаънат, ғазаб, азоб ёки шу кабиларнинг бирортасини ваъдаси келган бўлса ҳам (ижтиҳод орқали)ўша ишни мубоҳ деган ёки ўша ишни қилган олимни ўша азоб остига киради деб айтиш жоиз эмас. Бағдод мўтазилаларидан бошқа умматнинг ҳамма олимлари бу гапда ихтилоф қилмаганлар”. (Рофъул малом) .
Мужтаҳид уламоларни ижтиҳодлари учун маломат қилинмасликларига уммат уламолари иттифоқ қилганлар. Бу энг катта асос. Шундай бўлсада, бу барада салафи солиҳларимизнинг гапларини келтириб ўтиришга ҳожат йўқ деб биламан, зикр қилганларимиз ўзи кифоя қилади. Мен сизларнинг эътиборингизни жалб қилмоқчи бўлган нарса шуки, ижтиҳодий масалаларда саҳобалар давридан бери қарашларнинг турлича бўлиши тўхтаган эмас ва ислом оламининг турли тарафларидаги мусулмонлар ижтиҳодий масалаларда турлича фикрда бўлганлар. Ижтиҳодий масалада улардан бири бошқасига у тўғри деб билган нарсасининг зиддини тўғри деб билгани учун инкор қилиши, эътироз билдириши ва маломат қилиши жоиз эмас.
Аллоҳ таолонинг сифатлари тўғрисидаги ихтилофлар
Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида сўз юритишдан аввал муташобиҳ сифатлар масаласига тегишли хулосани айтиб ўтсак. Қуръони карим ҳамда суннатда яд(қўл), айн(кўз), истиво алал арш ва шу каби келган. Оят ҳадисда улардан айнан бирор маъно ирода қилингани баён қилинмаган. Шунинг учун сифатлар ҳақида уламолар бир неча фикрга борганлар.
1.Мушаббиҳа ва мужассималар мазҳаби. Улар юқорида зикр қилинган Аллоҳ таолонинг сифатларини ҳамманинг зеҳнига тез келадиган маънолар билан тафсир қиладилар. Уларнинг тафсирларига биноан Аллоҳ таолонинг махлуқотлар каби аъзолари борлиги тушинилади. Аллоҳ таоло паноҳ берсин бундай фикрга боришдан. Улар Аллоҳ таолога махлуқотлари каби аъзолари борлиги ва у аъзолардан ҳамма тушинадиган ишлар содир бўлишини исбот қилишади.
2. Жаҳмия ва муаттилалар мазҳаби. Улар Аллоҳ таолонинг сифатларини бутунлай инкор қилишади ва Аллоҳ таолонинг азалий сифатлари йўқ деб билишади.
Бу икки мазҳаб умматнинг ижмоси билан хато саналади. Уларнинг гапини жоиз деб билиш очиқ ойдин залолатдир. Аввалда ҳам ҳозирда ҳам уламоларимиз уларга қарши раддиялар билдирганлар. Бу сифатлар борасида аҳли сунна вал жамоа уламоларининг ўзлари ҳам турлича фикр билдирганлар.
А. Солиҳ салафларимиз (бунга тўртала мазҳаб соҳиблари ҳам киради): “Бундай оят ҳадислар муташобиҳ саналиб, уларнинг маъносини Аллоҳ таолодан ўзга билмайди. Бу сифатлар ҳақида сукут қиламиз ва бирор маънони айтмаймиз. Уларни таъвил қилишга ҳожат йўқ. Умимий маънода уларга иймон келтирамиз ва қатъий тарзда улардан ҳақиқий ёки мажозий маъно ирода қилинган деб айтмаймиз. Балки Аллоҳ таоло уларни зикр қилишдан нимани ирода қилган бўлса, илмини Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қиламиз. Маъносини ўрганишга шўнғимаймиз”дейишди.
Б. Салафлардан бир жамояси: “Бу сифатлардан Аллоҳ таоло ҳақийқий маънони ирода қилган. Аммо Аллоҳ таолога нисбати берилган бу лафзларнинг ҳақиқий маъноси махлуқотларга нисбати берилгандаги маъносидан фарқ қилади. Ҳақиқий маънода Аллоҳ таолонинг Ўз улуғлигига яраша ва лойиқ бўлган қўли, юзи бор. лекин улар махлуқотлар қўли ва юзи каби эмас. Чунки Аллоҳ таолонинг асло ўхшаши йўқ зотдир. Аллоҳ таолонинг қўл, юз ва бошқа Ўзига нисбати берилган сифатларини қандай қанақа эканлигини билишнинг асло иложи йўқ. кайфияти қандайлигини Ўзига ҳавола қиламиз” дейишади. Бу ерда биринчи мазҳаб билан иккинчи мазҳаб орасида фарқ шуки, биринчи мазҳаб соҳиблари у лафзлардан ҳақиқий ёки мажозий маъно ирода қилинганини ҳам айтмайдилар. Балки шундайлигича ишнинг аввалиданоқ нима ирода қилинганини Аллоҳ таолонинг илмига ҳавола қиладилар. Иккинчи мазҳаб соҳиблари эса, у лафзлардан ҳақиқий (мажозий эмас) маъноси ирода қилинган деб қолганини Аллоҳ таолонинг илмига ҳавола қиладилар.
В. Салаф ва халафлардан бир жамоаси бу лафзлар ташбиҳ(Аллоҳ таолони бирор нарсага ўхшатиш) ва тажсим(У зотга жисм исбот қилиш)дан бошқа моънони ифода қиладиган нарса билан таъвил қилганлар. Улар бу лафзларни мажозий маъносини олганлар. Масалан яд(луғавий маъноси қўл)маъносини ифода қиладиган лафздан қувватни, истиводан истило(эгаси бўлиш)ни ирода қилганлар.
Г. Уламолардан бир жамоаси икки ишни ўртасини жам қилиб, таъвилни қабул қиладиган ўринларда араб одатига кўра ҳеч қандай такаллуфсиз таъвилни, таъвилни қабул қилмайдиган ўринларда биринчи ва иккинчи мазҳаб сўзларини олганлар.
Воқеликка қаралса, Аллоҳ таоло ташбеҳ ва таътилдан поклигига иймон келтирилганидан кейин тўртала фикр ҳам ўз ўрнида ижтиҳодий фикр экани маълум бўлади. Қуръон ва ҳадисда бирортасини мутлақ ботил деб ҳукм қиладиган бирор далил йўқ. Ҳақиқатини олиб қаралганда ўртадаги ихтилоф ақийдадаги ихтилоф эмас. Чунки барчасининг ақийдаси Аллоҳ таоло ташбеҳ ва таътилдан поклигидир. Аксинча ихтилоф ўша ақийдани таъбир беришдадир. Матнларни татбиқ қилишдадир. Агарчи ҳар мазҳаб тарафидан аввалдан бу борада назарий баҳс мунозара ва тортишувлар ҳатто бўрттириш, ғулувга кетиш, бири бошқасини ҳаддидан ошишда таъна қилиши давом этиб келаётган бўлсада, тўрт мазҳабдан бирортаси ғирт ботил ёки ғирт залолат дейишга ҳеч кимсанинг ҳаққи йўқ. Аслида бу ижтиҳодий фиқҳий масалалардаги каби ижтиҳодий ихтилофдан бошқа нарса эмас. Чунки, ҳар бир мазҳаб соҳибининг бу оят ва ҳадисларнинг тафсирини эҳтимол қилган далили бор. Буткул бекор гап деб ташлаб юбориб бўлмайди. Ҳар бир мазҳаб бошида китоб ва суннатни маҳкам ушлаган ва аҳли сунна вал жамоадан эканлигини ҳамма тан оладиган олимларнинг эркаклари бор.
Биринчи мазҳаб
А. Биринчи фикр муҳаддис ва солиҳ салафлардан катта бир жамоанинг сўзидир. Мисол тариқасида баъзиларини келтириб ўтамиз. Имом Термизий ўзларинг Сунани Термизийда куйидагиларни келтирганлар:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб: “Одамлар албатта Роббиларини кўрадилар, қадам ва шунга ўхшашлар зикр қилинган. Илм аҳли орасидан имом саналган Суфён Саврий, Молик ибн Анас, Ибн Муборак, Ибн Уяйна, Вакеъ ва бошқалар бу каби (оят ва ҳадис)ларни ривоят қилишиб, сўнгра: “Бу ҳадисларни ривоят қилинади ва уларга иймон келтирилади лекин, “қандай экан” деб сўралмайди” дейишган. Аҳли ҳадис ихтиёр қилган нарса шудир. Қандай келган бўлса, ўшандай ривоят қилинади, унга иймон келтирилади ва уни тафсир қилинмайди, қандай қанақа экан деган гумонларга борилмайди. Бу илм аҳли ихтиёр қилган ва юрган йўлидир”. Сунани Термизий.
Имом Байҳақий ўз санади билан Суфён ибн Уяйнадан ривоят қилади. у: “Аллоҳ таоло Ўз китобида Ўзини сифатлаган нарсаларнинг қироатининг ўзи унинг тафсиридир. Бирор кимса уни арабча ёки форсча тафсир қилиши жоиз эмас”деган. (Китабул асма вас сифат. Байҳақий)
Вакеъ ибн Жарроҳдан бу каби ҳадисдан сўралганда: “Исмоил ибн Абу Холид, Суфён ва Мисъарларни бу ҳадисларни ривоят қилишиб, бирор нарса билан тафсир қилишмаганини кўрдим”деган. (Аттамҳид. Ибн Абдулбарр)
Аслини олганда ушбу мазҳаб энг кучли, саломатли, эҳтиётлидир ва Аллоҳ таолонинг куйидаги оятига мосдир:
هُوَ الَّذِيَ أَنزَلَ عَلَيْكَ الْكِتَابَ مِنْهُ آيَاتٌ مُّحْكَمَاتٌ هُنَّ أُمُّ الْكِتَابِ وَأُخَرُ مُتَشَابِهَاتٌ فَأَمَّا الَّذِينَ في قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاء الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاء تَأْوِيلِهِ وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلاَّ اللّهُ وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِّنْ عِندِ رَبِّنَا وَمَا يَذَّكَّرُ إِلاَّ أُوْلُواْ الألْبَابِ
7. У сенга Китобни нозил қилган Зотдир. Унда муҳкам оятлар бор – улар Китобнинг аслидир – ва бошқалари муташобиҳлар. Аммо қалбларида оғиш бор кимсалар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига осилиб оладир. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда мустаҳкам бўлганлар эса: «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», – дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар.
(Оли Имрон сураси).
Салафларимизнинг муҳаққиқлари ушбу йўлни тутганлар, бошқа мазҳабга юрганлардан кўра шу мазҳаб эгалари кўпчиликни ташкил қилади. Шунинг учун Ибн Жавзий роҳматуллоҳи алайҳ:
Салафларимиз бу каби(оят ҳадислар)ни ўз ҳолича қолдириб, таъвил қилишдан сақланар эдилар. Бу каби ўз ҳолича қолдиришда Аллоҳ таолонинг сифатлари махлуқотлари сифатига ўхшамаслигини эътиқод қилиш лозим. Ўз ҳолича қолдиришнинг маъноси ундан нима ирода қилингани билмаслик ҳамда Аллоҳ таоло махлуқотлари сифатларидан поклигини эътиқод қилишдир. (Фатҳул Борий).
Иккинчи мазҳаб
Б. Иккинчи фикр Ибн Таймия ва шогирди Ибн Қоййим роҳматуллоҳи алайҳимоларнинг фикридир. Иккисидан аввал ҳам муҳаддислардан бир жамоа шу каби фикрни айтишган. Уларнинг фикрларини келтириб ўтишга ҳам ҳожат йўқ. биринчи ва иккинчи фикр орасидаги фарқ дақиқ бўлганлигидан гоҳида иш чалкашиб қолади. Солиҳ салафларимизнинг баъзи иборалари иккала фикрни ҳам эҳтимол қилиб қолади. Шунда икки мазҳаб соҳиблари гапни ўз тарафларига тортишади. Ҳақиқатни олганда баъзиларнинг сўзидан икки фикрнинг эҳтимоли бор.
Учинчи мазҳаб
В. Учинчи фикр соҳибларининг тутган йўллари матнларни мажозий маносини олишдир. Баъзи салафларимиз ва аксар мутааххир халаф уламоларимиздан таъвил қилиш собит бўлган. Бу каби таъвиллар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Ибн Ҳажар роҳматуллоҳи алайҳ:
Аллоҳ таоло Қалам сураси қирқ иккинчи оятда "Болдирлар шимарилган ва улар саждага чақирилиб, қодир бўлмаганлари Куни..." деб марҳамат қилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оятдаги “соқ”ни иш шиддатли тус олганда деб тафсир қилган. Арабларда уриш қизғин ҳолга келганида “уруш соқига келди” дейишади. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ўша оятни : “нури азийм” деб тафсир қилган. Ибн Фуврак “Унинг маъноси мўминларга янгиланиб турувчи фоида ва лутфлардир” деган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг қавлини маъноси: “Аллоҳ таоло у билан шиддат зоҳир бўладиган қудратини кашф қилади” деганидир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан зикр қилинган ривоятни Байҳақий роҳматуллоҳи алайҳ икки санад билан зикр қилган. Иккиси ҳам ҳасандир. (Фатҳул Борий).
Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳ фатҳ сураси ўнинчи оятдаги яд сўзини Аллоҳ таолонинг миннати ва эҳсони деб тафсир қилган. (дафъу шубаҳит ташбеҳ. Ибн Жавзий). Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳдан фажр сураси йигирма иккинчи оятдаги “Роббинг келади” ни “Савоби келади” деб тафсир қилган. Ҳофиз Ибн Касир роҳматуллоҳи алайҳ: “Байҳақий роҳматуллоҳи алайҳ Ҳокимдан, у киши Абу Амр Ибн Саммокдан, у киши Аҳмад ибн Ҳанбалдан “Роббинг келади” ни “Савоби келади” деб таъвил қилганини ривоят қилган. Сўнг Байҳақий роҳматуллоҳи алайҳ: “Бу санад ғуборсиздир” деган” деб айтган. (Албидаая ван ниҳоя).
Имом Ибн Абдулбарр роҳматуллоҳи алайҳ ўз санади билан Молик ибн Анас роҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилади. У ҳндан Аллоҳ таоло тунда дунё осмонига тушиши ҳақида сўралди. Шунда имоми Молик роҳматуллоҳи алайҳ: “Амри нозил бўлади” деди. Сўнгра Ибн Имом Абдулбарр роҳматуллоҳи алайҳ: “Имоми Молик айтганларидек: “Раҳмати ва қазоси нозил бўлади” ни ҳам эҳтимол қилади” деди. (Тамҳид)
Имоми Бухорий роҳматуллоҳи алайҳдан ҳам Аллоҳ таолога нисбати берилган “зихк” (луғавий маъноси кулиш)ни раҳмат билан тафсир қилгани ривоят қилинган. Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳматуллоҳи алайҳ Хаттобийдан ривоят қилади у: “Бухорий зиҳкни бошқа ўринда раҳмат билан таъвил қилган. Бу (ақлга) яқиндир. Розилик деб қилган таъвили янада яқинроқ. (Фатҳул Борий).
Имом Ибн Ҳиббон роҳматуллоҳи алайҳ ўз саҳиҳларида бир бобни: “Бу нав (сифатлар)га далолат қилувчи лафзлар зоҳирига ҳукм қилинмасдан одамлар ўзаро урфида мисол келтириш ва ўхшатиш тарзида ишлатиладиган лафзлар эканлигига далолат қилувчи ҳабарлар” деб номлаган. Кейинроқда: “Бу ҳабарлар кайфияти ва ҳақиқати эътиборга олинмай одамлар урфига кўра мисол келтириш ва ўхшатиш тарзида ишлатилганлигига далолат қилувчи ҳабарлар зикри” деб яна алоҳида бобни белгилаган ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган машҳур ҳадисни келтирган.
عن أبي هريرة قال : قال أبو القاسم صلى الله عليه و سلم : ( ما تصدق عبد بصدقة من كسب طيب - ولا يقبل الله إلا طيبا ولا يصعد إلى السماء إلا طيب - إلا كأنما يضعها في يد الرحمن فيربيها له كما يربي أحدكم فلوه وفصيله حتى إن اللقمة أو التمرة لتأتي يوم القيامة مثل الجبل العظيم قال أبو حاتم رضي الله عنه : قوله صلى الله عليه و سلم : ( إلا كأنما يضعها في يد الرحمن يبين لك أن هذه الأخبار أطلقت بألفاظ التمثيل دون وجود حقائقها أو الوقوف على كيفيتها إذ لم يتهيأ معرفة المخاطب بهذه الأشياء إلا بالألفاظ التي أطلقت بها
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Абулқосим соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайсики банда покиза касбидан бирор садақани қилса- ваҳоланки Аллоҳ таоло фақат покизаларинигина қабул қилади ва самога ҳам фақат покизалари кўтарилади-гўёки уни Раҳмоннинг қўлига қўйгандек бўлади. У зот уни бирингиз тойчоқ ёки бўталоғини тарбия қилганидек тарбия қилади. Ҳаттоки бир луқма ёки бир дона хурмо қиёмат куни улкан тоғдек бўлиб келади”дедилар.
Абу Ҳотим розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “гўёки уни Раҳмоннинг қўлига қўйгандек бўлади” деган сўзлари бу ҳабарлар ҳақиқати мавжудлиги ёки кайфияти қандайлиги эътиборга олинмай одамлар урфига кўра мисол келтириш ва ўхшатиш тарзида ишлатилганлигини билдиради. Чунки одамлар бу нарсаларни шу лафзлар орқалигина тушуниша олишган. (Ал-иҳсон битартийби саҳиҳи Ибн Ҳиббон)
Ундан аввал Анас розияллоҳу анҳунинг “Робб жалла ва ало дўзаҳга қадамини қўяди. Шунда дўзаҳ қат-қат дейди” деган ҳадисини келтириб “Қадам” лафзини “мавзиъ” билан таъвил қилган ва: “Бу Аллоҳ жалла ва ало қадамини дўзаҳга қўяди дегани эмас” деган. Аллома Ибн Жавзий таъвилни мутлақ тарк қилиш керак дегувчиларга раддия билдириб “Дафъу шубаҳит ташбиҳ” номли мустақил бир китоб ёзганлар.
Биз юқорида келтирган мисоллар бу матнлар борасида солиҳ салафларимиздан муҳаддисларининг таъвилларидан мисоллардир. Булар улар наздида ҳам Аллоҳ таоло ташбеҳ ва таътилдан поклигига иймон келтирганларидан кейин сифатлар борасида эҳтимол қилинган йўллардан бири эканига очиқ ойдин далилдир. Хойрул қурунда яшаб туриб таъвил қилганлар. Уммат илмни ўшалардан олганлар. Шундай бўла туриб таъвил қилувчиларни залолатга ҳукм қилмаганлар. Аммо Жаҳмийлар каби Аллоҳ таолонинг сифатларини бекорга чиқарганларни очиқ ойдин адашганлар деганлар. Улар қандай қилиб мтаъвилни хато дейишлари мумкин. Ҳолбуки, Қуръони каримда мажознинг мавжудлиги тан олинган нарсаку. Таъвилни инкор қилган иккинчи мазҳаб соҳиблари ҳам
Нисо сураси
وَكَانَ اللّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ مُّحِيطًا
126. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсани қамраб олувчидир.
Қосос сураси
كُلُّ شَيْءٍ هَالِكٌ إِلَّا وَجْهَهُ لَهُ الْحُكْمُ وَإِلَيْهِ تُرْجَعُونَ
88. У(важҳ)ндан ўзга ҳар бир нарса ҳалок бўлувчидир. Ҳукм Уникидир ва фақат Унгагина қайтарилурсиз.
Анъом сураси
وَهُوَ اللّهُ فِي السَّمَاوَاتِ وَفِي الأَرْضِ يَعْلَمُ سِرَّكُمْ وَجَهرَكُمْ وَيَعْلَمُ مَا تَكْسِبُونَ
3. У осмонларда ҳам, ерда ҳам Аллоҳдир. Сирингизни ҳам, ошкорингизни ҳам биладир ва нимани касб қилаётганингизни ҳам биладир.
Ҳадид сураси
وَهُوَ مَعَكُمْ أَيْنَ مَا كُنتُمْ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرٌ
4. У қаерда бўлсангиз ҳам сиз билан бирга. Аллоҳ нима амал қилаётганингизни кўриб турувчидир.
«У қаерда бўлсангиз ҳам, сиз билан бирга» деган сўзи «илми ва қудрати билан» деб таъвил қилишган.
Аллоҳ таолога нисбатан жисм ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.
Тўртинчи мазҳаб
Тўртинчи мазҳаб соҳибларини ҳофиз Ибн Ҳажар роҳматуллоҳи алайҳ аллома Ибн Дақийқулъийддан ривоят қилиб куйидагиларни айтган:
“Биз мушкил сифатлар борасида: “Улар Аллоҳ таоло ирода қилган маънода ҳақ ва ростдир. Ким уни таъвил қилса, қараймиз. Агар қилган таъвили араб тили одатига яқин бўлса, инкор қилмаймиз. Агар узоқ бўлса, ундан таваққуф қилиб турамиз ва Аллоҳ таолонинг поклигини тасдиқ қилишга қайтамиз. Ундан маъноси араб сўзлашувига мослиги ошкорларини унга ҳамл қиламиз. Масалан: Аллоҳ таолонинг
أَن تَقُولَ نَفْسٌ يَا حَسْرَتَى علَى مَا فَرَّطتُ فِي جَنبِ اللَّهِ
“Аллоҳ ҳақида йўл қўйган камчиликларим учун надомат бўлсин” оятдан арабларда кенг тарқалган маъно “Аллоҳ таолонинг ҳаққи дегани тушунилади. Унга таъвил қилишда ўйланиб ўтирмаймиз. Шунингдек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Одам фарзандининг қалби Раҳмоннинг бармоқларидан икки бармоқнинг орасида бўлади” деган сўзларидан мақсад: “Одам фарзандининг қалби Аллоҳ таолонинг қудрати ва унга солган нарсаси билан ўзгариб туради” деганидир. Фатҳул Борий.
Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, муқтадо имомларимиздан катта жамоаси бу мазҳабни ҳам тутганлар. Биз юқорида айтиб ўтганимиздек имомларимизнинг кўплари бу сифатлар борасида биринчи ва иккинчи мазҳаб соҳиблари каби тафсир қилишдан тийилганларидек улардан баъзи матнларни таъвил қилганлари ҳам ривоят қилинган. Молик ибн Анас, Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳимлар таъвил қилганларини айтиб ўтдик. Имом Байҳақий роҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг Ал-асмо вас сифат номли китобларида баъзи матнларда тафвийз(илмини Аллоҳ таолога ҳавола қилиш), баъзиларида таъвил йўлини тутганлар. Ўша китобда бошқа уламоларнинг таъвилларини ҳам келтирганлар. Аллома Ибн Фуврак (бу киши Байҳақий роҳматуллоҳи алайҳнинг устози бўлади) роҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолонинг: “У Зот: «Эй иблис, Ўз қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди?! Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки олий даражалилардан бўлдингми?!» – деди. Оятидаги “Ўз қўлим” сўзини ҳақийқий маънога ҳамл қилиб, ортидан: “Аллоҳ таоло Ўзи учун аъзо ва неъмат бўлмаган икки қўл сифатини келтирганлигига оят ва ҳадислар бор” деб бир неча сатрдан кейин : “Аллоҳ таоло кундузида гуноҳ қилган киши тавба қилиши учун тунда яд(қўл)ини ёзади” ҳадиси ҳақида сўз юритиб: “Билинг! “яд” сўзини неъмат маъносида ишлатилишини инкор қилиб бўлмайди. Шунингдек мулк ва қудрат маъносида ҳам. Яд сўзини неъмат,мулк ва қудрат маъносида ишлатилса, у сўз келган ҳамма ўринда ҳам ўша маънога ҳамл қилиниши шарт дегани эмас. Бу ҳадисдаги “яд” дан мурод неъмат дейилса, “Ўз қўлим” оятида ҳам “неъмат ва қудрат” маъносини айтишимиз асло ва асло ножоиз бўлмайди. Шундай бўлганидан кейин бирор таъвил қилувчи бу ерда таъвил қилса, у ерда ҳам таъвил қилишини инкор қилиб бўлмайди”деган. (Мушкилул ҳадис. Ибн Фуврак)
Биз юқорида айтиб ўтганларимиздан солиҳ салафларимиз наздида ақидадаги энг муҳим нарса ташбеҳ ва таътилдан узоқ бўлишлиги ошкор бўлади. Аллоҳ таолонинг муташобиҳ сифатлари ҳақида зикр қилинган тўртала мазҳабга келсак, бу борада улар наздида иш жуда кенг. Қуръон ва ҳадисда бу тўрт мазҳабдан бирортасини ботилга чиқарадиган далил йўқ. тўрт мазҳабга юрганларнинг ҳар бири ислом уммати фахр қилган имомлардир. Ҳар бири аҳли сунна вал жамоанинг асосий имомлари саналадилар. Аммо ҳозирги кунда бу каби ишлардаги тортишув ва низолар ишни бургадан фил ясаш ва қош қўяман деб кўз чиқариш даражасига етгазиб қўйди. Ҳар мазҳабни танлаган бошқа мазҳаб соҳибини ташбеҳ ва таътилчига чиқариб қўйди. Ҳақиқатини олганда тўрт мазҳаб соҳиблари ҳар бири ташбеҳ ва таътилдан пок зотлардир. Тан олиш керак. Ўша мазҳаб имомларига эргашганларнинг баъзилари тортишавериб, жанжал қилавериб ғулувга кетишди. Буни тўхтатиш керак ва ҳамма мазҳаб эгалари ҳам шунингдек ғулувга кетган демаслик керак.
Муҳаммад Тақий Усмоний