Саҳарлик ва ифторлик


Савол: саҳарлик қилиш қандай амал?
Жавоб: саҳарлик қилиш мустаҳаб амалдир. Саҳарлик қила олмаган киши субҳи содиқдан то қуёш ботгунча ҳеч нарса еб-ичмасдан рўза тутса рўзаси дуруст бўлаверади. Рамазон рўзаси бўлсин ёки нафл рўза барибир.

التَّسَحُّرُ مُسْتَحَبٌّ

Саҳарлик қилиш мустаҳабдир. (Фатавои Ҳиндия).

Савол: билмаган ҳолда субҳи содиқдан кейин таомланса рўзаси дуруст бўлаверадими?
Жавоб: йўқ, рўзаси рўза бўлмайди.

فَهُوَ عِبَارَةٌ عَنْ تَرْكِ الْأَكْلِ وَالشُّرْبِ وَالْجِمَاعِ مِنْ الصُّبْحِ إلَى غُرُوبِ الشَّمْسِ بِنِيَّةِ التَّقَرُّبِ إلَى اللَّهِ

У (рўза) субҳи содиқдан то қуёш ботгунгача Аллоҳ таолога қурбат яқинлик ҳосил қилиш ниятида еб-ичиш, жимоъ қилишни тарк қилишдир.  (Фатавои Ҳиндия).

وَلَوْ تَسَحَّرَ عَلَى ظَنِّ أَنَّ الْفَجْرَ لَمْ يَطْلُعْ فَإِذَا هُوَ طَالِعٌ أَوْ أَفْطَرَ عَلَى ظَنِّ أَنَّ الشَّمْسَ قَدْ غَرَبَتْ فَإِذَا هِيَ لَمْ تَغْرُبْ فَعَلَيْهِ الْقَضَاءُ وَلَا كَفَّارَةَ

Ҳали субҳи содиқ кирмади, деган ўйда саҳарлик қилсаю, субҳи содиқ кириб бўлган бўлса ёки қуёш ботиб бўлди, деган ҳаёлда ифторлик қилиб юборсаю, қуёш ҳали ботмаган бўлса, у инсон зиммасига ўша кун рўзасининг қазоси  лозим бўлади. Каффорот эмас. (Бадоиъ Саноеъ).

САВОЛ: саҳарликнинг охирги вақти қачон?
ЖАВОБ: субҳи содиқ кириши билан саҳарлик вақти тугаб, рўза вақти бошланади. Иккисининг ўртасини ажратиб турадиган учинчи бир вақт йўқ. Саҳарлик ўз вақтида бўлгани афзал. Лекин субҳи содиқ кирган-кирмаганлиги борасида иккиланадиган даражада кечиктириш макруҳ саналади. (Фатавои Ҳиндия).

يكره تأخير السحر الي وقت يقع فيه الشك

Саҳарликни шакка тушадиган вақтга қадар кечиктириш тахримий макруҳ саналади. (Фатавои Ҳиндия).

САВОЛ: халқ орасида “оқ ип билан қора ип ажрамагунча” ёки “кесак отса кўринмагунча саҳарлик қилса бўлади” деган гаплар тўғрими?
ЖАВОБ: ояти каримада саҳарлик борасида келган “оқ ип билан қора ип” жумласидан одамлар ўйлаганларидек ҳақиқий оқ ва қора иплар эмас, балки “кун билан тун” ирода қилингандир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замоналарида бир саҳобий ҳам шундай ўйлаганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оятдаги “оқ ва қора ип”дан мурод, ҳақиқий оқ ва қора ип эмас, балки кун билан тун эканлигини айтганлар.
Кесак отса кўриниш, кўринмаслиги, ойни ёруғ ёки қоронғулигига боғлиқдир. Лекин ҳозирги кундагидек барча жойда электр чироқлар, соатлар мавжуд замонда бу каби йўл билан субҳи содиқ кирган-кирмаганлигини аниқлаш тўғри натижа бермайди.

عَنْ عَدِىِّ بْنِ حَاتِمٍ - رضى الله عنه - قَالَ لَمَّا نَزَلَتْ (حَتَّى يَتَبَيَّنَ لَكُمُ الْخَيْطُ الأَبْيَضُ مِنَ الْخَيْطِ الأَسْوَدِ مِنَ الْفَجْرِ) قَالَ لَهُ عَدِىُّ بْنُ حَاتِمٍ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنِّى أَجْعَلُ تَحْتَ وِسَادَتِى عِقَالَيْنِ عِقَالاً أَبْيَضَ وَعِقَالاً أَسْوَدَ أَعْرِفُ اللَّيْلَ مِنَ النَّهَارِ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ - صلي الله عليه وسلم - « إِنَّ وِسَادَتَكَ لَعَرِيضٌ إِنَّمَا هُوَ سَوَادُ اللَّيْلِ وَبَيَاضُ النَّهَارِ

Адий ибн Ҳотим розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Токи фажрда сизга оқ ип қора ипдан ажрагунча...” ояти нозил бўлганда Адий ибн Ҳотим Расулуллоҳга:
“Эй Аллоҳнинг Расули, мен ёстиғим остига икки арқонни; бир оқ арқонни, бир қора арқонни қўйганман, кечани кундуздан билиш учун”, деди.
Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ёстиғинг кенг экан. У кечанинг қоронғулиги ва кундузнинг ёруғлигидир”, дедилар.  Муслим ривояти.

САВОЛ: ифторликнинг суннат бўлган дуолари қайси?
ЖАВОБ:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ كَانَ النَّبِىُّ - صلي الله عليه وسلم - إِذَا أَفْطَرَ قَالَ « اللَّهُمَّ لَكَ صُمْنَا وَعَلَى رِزْقِكَ أَفْطَرْنَا فَتَقَبَّلْ مِنَّا إِنَّكَ أَنْتَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ

Ибн Аббос розиаллоҳу анҳудандан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторлик қилиш вақтида “Аллоҳумма лака сумна ва ала ризқика афторна фатақоббал минна. Иннака антас Самийъул-ъАлийм” (Аллоҳим, Сен учун рўза тутдик, берган ризқингдан ифторлик қилдик, бизлардан қабул айла. Албатта, Сен Эшитгувчи ва Билгувчи Зотсан), дердилар”. (Сунани Дориқутний).

عن مَرْوَانُ بْنُ سَالِمٍ الْمُقَفَّعُ قَالَ : رَأَيْتُ ابْنَ عُمَرَ فَذَكَرَ الْحَدِيثَ قَالَ : وَكَانَ رَسُولُ اللَّهِ - صلي الله عليه وسلم - إِذَا أَفْطَرَ قَالَ :« ذَهَبَ الظَّمَأُ وَابْتَلَّتِ الْعُرُوقُ وَثَبَتَ الأَجْرُ إِنْ شَاءَ اللَّهُ

Ибн Умар розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторлик вақтида “Заҳабаз зомау вабталлатил урууқу ва сабатал ажру инша Аллоҳ” (Чанқоқ кетди, томирлар намланди, инша Аллоҳ савоб ҳосил бўлди), дер эдилар. (Сунанул Кубро. Байҳақий)

САВОЛ: нималар билан ифторлик қилиш суннат?
ЖАВОБ: пишган хурмо, хурмонинг қоқиси, улар бўлмаса бирор ширинлик, у ҳам бўлмаса оддий сув билан ифторлик қилиш суннат ҳисобланади. Хурмо бўлатуриб бошқа нарсалар билан оғиз очишлик суннатга хилофдир. Ширинлик билан сув турганда ширинлик сувга муқаддам қилинади. (Умдатул Фиқҳ).

عَنْ سَلْمَانَ بن عَامِرٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:"إِذَا أَفْطَرَ أَحَدُكُمْ، فَلْيُفْطِرْ عَلَى تَمْرٍ، فَإِنْ لَمْ يَجِدْ فَعَلَى مَاءٍ، فَإِنَّهُ طَهُورٌ

Салмон бин Омир розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз оғиз очса, хурмо билан очсин. Агар топа олмаса, сув билан чунки у покловчидир”, дедилар. Табароний ривояти.

САВОЛ: масжидда ифторлик қилса бўладими?
ЖАВОБ: масжид ибодат ва зикр қилинадиган жойдир. Умумий ҳолатда масжидда еб-ичиш, ухлаш макруҳдир. Рамазон ойларида жамоатга шерик бўлиб, масжидда шом намозини ўқувчилар ифторликни масжид ичида қилсалар бўлади. Лекин икки нарсани риоясини қилиш керак.
1. Киришдан аввал Имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳнинг “масжидга бироз муддат эътикоф ниятида киришлик ҳам эътикоф ўрнига ўтади”, деган сўзларига биноан “масжиддан чиққунимча нафл эътикофни ният қилдим”, деб  ният қилиши, зеро эътикофдаги киши учун масжидда еб-ичишга барча уламолар ижозат берганлар. (Масжид ичида сув ичмоқчи бўлганлар аввал нафл эътикофни ният қилсалар ибодат жойида макруҳ ишни қилишдан сақланган бўладилар, қолаверса, нафл эътикофнинг савобига эга бўладилар); 
2.    Масжидни покиза сақлашлик;
Аллома Зафар Аҳмад Усмоний роҳматуллоҳи алайҳ Мулла Алий Қорийнинг “Мирқотул Мафотиҳ” китобидан “Масжидда еб-ичиш макруҳ, лекин ифторлик бундан мустаснодир”, деган сўзларини масжидда ифторлик қилиш мумкинлигига далил қилиб келтирганлар.

САВОЛ: аввал оғиз очиладими ёки шом ўқиладими?
ЖАВОБ: Оғиз очилиб бўлгач, шом намози ўқилади. Сўнгра таом ейишликка ўтирилади. Шундай қилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғиз очишни шошилтириш ва шомни кечиктирмаслик ҳақидаги ҳадисларига амал қилинган бўлади.

عَنْ أَبِى عَطِيَّةَ قَالَ دَخَلْتُ أَنَا وَمَسْرُوقٌ عَلَى عَائِشَةَ - رضى الله عنها - فَقَالَ لَهَا مَسْرُوقٌ رَجُلاَنِ مِنْ أَصْحَابِ مُحَمَّدٍ - صلي الله عليه وسلم - كِلاَهُمَا لاَ يَأْلُو عَنِ الْخَيْرِ أَحَدُهُمَا يُعَجِّلُ الْمَغْرِبَ وَالإِفْطَارَ وَالآخَرُ يُؤَخِّرُ الْمَغْرِبَ وَالإِفْطَارَ.
فَقَالَتْ مَنْ يُعَجِّلُ الْمَغْرِبَ وَالإِفْطَارَ قَالَ عَبْدُ اللَّهِ. فَقَالَتْ هَكَذَا كَانَ رَسُولُ اللَّهِ - صلي الله عليه وسلم - يَصْنَع

Абу Атийя розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Мен ва Масруқ Оиша розиаллоҳу анҳо ҳузурига кирдик. Масруқ у зотга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан яхшиликка интилувчи икки киши бор, бири шомни ҳам ифторликни ҳам тезлаштиради бошқаси шомни ҳам ифторликни ҳам кечиктиради”, деди.
Сўнг Оиша розиаллоҳу анҳо “Шом билан ифторни шошилтирадиган ким”, деб сўради. У “Абдуллоҳ”, деб жавоб берди. Шунда у зот “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай қилар эдилар”, деди. Саҳиҳи Муслим.

САВОЛ: саҳарлик ва ифторликни тайин қилиш вақтлар эътибори биланми ёки қуёш ҳаракати эътибори биланми?
ЖАВОБ: саҳарлик ва ифторликни тайин қилиш субҳи содиқни кирган-кирмаганлиги ва қуёшни ботган-ботмаганлигига боғлиқдир. Масалан: бир киши субҳи содиқ киришидан бир соат аввал саҳарликни самолётда қиламан, деган ниятда осмонга кўтарилса ва у ерда субҳи содиқни кирганига гувоҳ бўлса, саҳарлик қилмасдан рўза тутиши керак. Агар самолёт учар чоғида субҳи содиқ кирганини кўриб саҳарлик қилиб бўлган бўлсаю, ерга қўнгач ҳали субҳи содиқ кирмагани маълум бўлса, яна еб-ичиши мумкин бўлади.
Бир киши ифторликка оз вақт қолганда осмонга кўтарилса ва ҳали қуёш ботмаганига гувоҳ бўлса, то қуёш ботмагунча ифторлик қила олмайди. Агар оғзини очгандан кейин осмонга кўтарилганда қуёшни қайта кўрса, рўзаси дуруст бўлган бўлади ва қуёш ботгунча емай-ичмай туради. (Апке масаил ўвр унка ҳал).

САВОЛ: бир шаҳарда бўла туриб баландда турган киши билан пастда турган кишининг рўзасини очиш вақтида фарқ бўладими?
ЖАВОБ: Рўзани очиш-очмаслик қуёшни ботган-ботмаганлигига боғлиқдир. Тақвимларда ёзилган вақтлар фақатгина пастдаги кишилар учундир. Шунинг учун баланд уйда яшовчилар ёки минора, тоғ каби баланд жойда турганлар пастдаги кишилар билан бир ҳил вақтда оғиз очмайдилар. Балки турган жойларида қуёш ботганига гувоҳ бўлсаларгина оғиз очадилар. Самолётда кетаётганлар ҳам вақт эътиборидан эмас, балки қуёш ботганига қараб оғиз очадилар.

وَمَنْ كَانَ عَلَى مَكَان مُرْتَفِعٍ كَمَنَارَةِ إسْكَنْدَرِيَّةَ لَا يُفْطِرُ مَا لَمْ تَغْرُبْ الشَّمْسُ عِنْدَهُ وَلِأَهْلِ الْبَلْدَةِ الْفِطْرُ إنْ غَرُبَتْ عِنْدَهُمْ قَبْلَهُ وَكَذَا الْعِبْرَةُ فِي الطُّلُوعِ فِي حَقِّ صَلَاةِ الْفَجْرِ أَوْ السُّحُورِ

Искандария минораси каби баланд жойда турувчи қуёшни ботганини кўрмасдан ифторлик қилмайди. Ҳолбуки шаҳар аҳлига ундан олдин қуёш ботганлиги учун ифторлик қилиш жоиз бўлган бўлсада. Бомдод намозини ўқиш ва саҳарлик қилишда субҳи содиқ киришлигидаги эътибор ҳам шунингдекдир. (Роддул муҳтор).

САВОЛ: халқ орасида ўт теккан нарса билан оғиз очиб бўлмайди, деган фикрлар бор. Аслида қандай?
ЖАВОБ: бу нотўғри фикр.

САВОЛ: баъзилар қуёш ботди, деса, бошқалар ботмади, деса. Қуёш ботди, деган сўзни инобатга олиб рўзасини очиб юборган рўзадор қуёш ботмаганлигини билиб қолса каффорот лозим бўладими?
ЖАВОБ: зиммасига қазо лозим бўлади, каффорот эмас.

إذَا شَهِدَ اثْنَانِ أَنَّ الشَّمْسَ غَابَتْ وَشَهِدَ آخَرَانِ أَنَّهَا لَمْ تَغِبْ فَأَفْطَرَ ثُمَّ ظَهَرَ أَنَّهَا لَمْ تَغِبْ فَعَلَيْهِ الْقَضَاءُ دُونَ الْكَفَّارَةِ بِالِاتِّفَاقِ

Икки киши қуёш ботди, деб гувоҳлик берса, бошқа икки киши ботмади, деса сўнгра қуёш ботмагани маълум бўлса, иттифоқий равишда у рўзадорга қазо лозим бўлади, каффорот эмас.  Фатавои Ҳиндия.

САВОЛ: жунуб ҳолатда уйғонган киши саҳарлик вақти тугай деб қолган бўлса биринчи саҳарлик қиладими ёки ғусл қиладими?
ЖАВОБ: саҳарлик вақти оз қолган бўлса оғиз-бурунни яхшилаб чайиб сўнг саҳарлик қилади. Субҳи содиқ кирганидан кейин ғусл қилаверади. Жунуб ҳолатда рўзани бошлаш рўзадорликка путур етказмайди.


8 йил аввал 10087 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Куни ёки туни узун ёки қисқа бўлган юртлардаги рўза
Бундай юртларда, масалан, Тундрага ўхшаш жойларда кун йигирма икки-йигирма уч соатгача давом этади. Ўша ерда яшовчилар ёки ўша ердаги мусофирлар қуёш ботганидан кейингина рўзаларини очишлари мумкин. Мусофирлар давоми...
8 йил аввал 12942 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Мажбурлаб рўзани очдирса
Агар рўза тутган одамга рўзасини очмаса, жонига ёки бирор аъзосига зарар етказилишини айтиб, таҳдид қилинса, рўзасини очиши жоиздир. Лекин агар жонига ёки бирор аъзосига зарар етказилишидан бошқа сабабларни рўкач давоми...
8 йил аввал 7282 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳоизаларнинг рўзаларига оид савол-жавоблар
САВОЛ: аёл киши одат кунларида рўза тутса бўладими?ЖАВОБ: ҳайз ва нифос чоғида рўза тутишлик жоиз эмас, кейинчалик қазосини тутиб беришади. وَمِنْهَا الطَّهَارَةُ عَنْ давоми...
8 йил аввал 23066 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Рамазоннинг ҳилол(ой)ини кўриш ва рўзанинг фазилати
Авваллари ҳам, бугунги кунда ҳам янги ойни кўриш масъаласи уламолар орасида ихтилофли масалалар жумласидандир. Кўпчилик уламоларнинг қараши бундай: бир маконда Рамазон ҳилолини шаръий йўл билан давоми...
8 йил аввал 7668 Ҳамидуллоҳ Беруний
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Рўза ва эътикоф
ибодат нияти билан субҳи содиқдан қуёш боткунгача рўзани ният қилиб еб-ичишдан ва еб-ичишнинг ҳукмида бўлган нарсалардан, яқинлик қилишдан ҳақиқатда ёки ҳукман тийилиб туришга айтилади. давоми...
8 йил аввал 8353 fiqh.uz