Қазо ва каффорат


САВОЛ: қазо рўзаларни тутаётганлар қандай ният қиладилар?
ЖАВОБ: қазо рўзаларни тутаётганлар субҳи содиқдан аввал ният қилиб олишлари, ниятида қайси рўза, қайси куннинг қазосини тутаётганини таъйин қилиши шарт. Ифторлик чоғида қилинган “эртага ҳам қазо тутаман ёки эртага қазо тутишни ният қилдим” каби ният қилиш ҳам эътиборли. Қазоси кўпайиб кетса ёки кунлари эсида бўлмаса “энг аввал зиммамга вожиб бўлган Рамазоннинг қазосини ёки энг охирги зиммамга вожиб бўлган Рамазоннинг қазосини тутишни ният қилдим” деса кифоя қилади.  Умдатул-Фиқҳ

САВОЛ: каффорот рўзасини тутувчилар қандай ният қиладилар?
ЖАВОБ: каффорот рўзасини тутувчилар субҳи содиқдан аввал ният қилиб олишлари, ниятида қайси каффорот эканини таъйин қилишлари шарт. Ифторлик чоғида қилинган “эртага ҳам каффорот рўзасини тутаман ёки эртага каффорот рўзасини тутишни ният қилдим” каби ният қилиш ҳам эътиборли.  Мисол: “Рамазон рўзасини каффоротини”, ё “Зиҳорнинг каффоротини”, ё “Қасамнинг каффоротини ният қилдим”, дейишлари каби. Умдатул-Фиқҳ
САВОЛ: рўзани бузиб, қазо ва каффоротни вожиб қиладиган амаллар қайсилар?
ЖАВОБ: рўзани қазоси ҳар қандай ҳолатларда вожиб бўлади, лекин қазо билан бирга каффоротни вожиб бўлиши учун рўза қуйидаги ҳолатларга мувофиқ бузилиши даркор:
–    Суратан (томоғидан бирор нарсанинг ўтиши, икки йўлдан бирига яқинлик қилиниши)
Томоғдан бошқа: бурун, қулоқ, аёлнинг олди, эркагу аёлнинг орқасидан дори ёки шу каби нарса ичкарига кирса, қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди. 
Шунингдек олд-орқадан бошқа жойга яқинлик қилиниб, маний тўкилса, қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди.  Агар тўкилмаса қазо ҳам лозим бўлмайди. 
–    Маънан (баданга фойдали озуқа ёки даво бўладиган, у билан лаззат ҳосил бўладиган, инсон таъби емоққа мойил бўладиган нарсаларни томоғидан ўтиши.
Озуқа, даво, таъби емоққа мойил бўлмайдиган (тош, кесак, тиш ковагидаги каби) нарсаларни томоғдан ўтишида қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди. Зеро бунда суратан ейиш топилсада маънан топилмаган ҳисобланади (доимо кесак еб юрувчи эса бундан мустасно);
–    Қасддан (хатодан қилинган эмас)
Таҳорат қилаётганда ё ғусл қилаётганда тўсатдан томоғидан сув ўтиб кетиб қолса, қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди. Рўзадорлиги эсида йўқ бўлиб, еб-ичиб юборса, ёғаётган ёмғир томчиларини ютиб юборса, қазо ҳам, каффорот ҳам вожиб бўлмайди. ;
–    Ўз розилиги билан (мажбурланган ҳолат бундан мустасно)
Ўзгаларнинг мажбурлаши туфайли рўза очилса қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди;
–    Бирор заруратсиз (зарурий ҳолат бундан мустасно)
Агар рўзани очишликка зарурат пайдо бўлса, қаттиқ чанқоқлик, очлик, беморлик каби қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди.;
–    Рўзани бузганидан кейин орқасидан рўзани очиб юборишни мубоҳ қиладиган амал топилмаслиги.
Агар рўзани очишни мубоҳ қиладиган ҳолат содир бўлса, Масалан:қасддан рўзасини очганидан кейин ҳайз ва нифос келиши, чанқоқ, очлик, бемор бўлиши ҳалок қиладиган ёки бирор аъзога талофат еткизадиган даражага етганда рўзасини очиб юборса  қазо лозим бўлиб, каффорот соқит бўлади.    
–    Рўзани бузишдан аввал мусофир ё бемор бўлмаган бўлсин
Агар мусофир ё бемор бўла туриб рўза тутса-ю, кейин рўзасини очиб юборса, қазо лозим бўлади, каффорот вожиб бўлмайди.
–    Рамазон рўзасини адо қилаётганда рўзасини очиб юборса.
Бошқа бирор бир рўзани бузиш билан каффорот вожиб бўлмайди. Гарчи Рамазоннинг қазо рўзаси бўлса ҳам.
–    Субҳи содиқдан аввал ният қилинган рўзани бузилиши.
Агар субҳи содиқдан сўнг ният қилса-ю, кейинчалик очиб юборса, каффорот вожиб бўлмайди.
–    Рўзани очиш бирор шубҳа туфайли бўлган бўлмасин.
Агар қуёш ботди, деб ифторлик қилган бўлса, субҳи содиқ кирмади, деб таомланган бўлса, қазо лозим бўлади, каффорот вожиб бўлмайди.

САВОЛ: рўзани каффороти қандай амалга оширилади?
ЖАВОБ:
1.    Бир қул озод қилиш;
2.    Қулга имконияти бўлмаса кетма-кет икки ой рўза тутиш (бир кун қазоси алоҳида);
3.    Бунга ҳам имконияти бўлмаса, олтмиш кишини эрталаб ва кечқурун таомлантириш;

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ - رضى الله عنه - قَالَ جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم-فَقَالَ هَلَكْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ. قَالَ « وَمَا أَهْلَكَكَ ». قَالَ وَقَعْتُ عَلَى امْرَأَتِى فِى رَمَضَانَ. قَالَ « هَلْ تَجِدُ مَا تُعْتِقُ رَقَبَةً ». قَالَ لاَ. قَالَ « فَهَلْ تَسْتَطِيعُ أَنْ تَصُومَ شَهْرَيْنِ مُتَتَابِعَيْنِ ». قَالَ لاَ. قَالَ « فَهَلْ تَجِدُ مَا تُطْعِمُ سِتِّينَ مِسْكِينًا ». قَالَ لاَ - قَالَ - ثُمَّ جَلَسَ فَأُتِىَ النَّبِىُّ -صلى الله عليه وسلم- بِعَرَقٍ فِيهِ تَمْرٌ. فَقَالَ « تَصَدَّقْ بِهَذَا ». قَالَ أَفْقَرَ مِنَّا فَمَا بَيْنَ لاَبَتَيْهَا أَهْلُ بَيْتٍ أَحْوَجُ إِلَيْهِ مِنَّا. فَضَحِكَ النَّبِىُّ -صلى الله عليه وسلم- حَتَّى بَدَتْ أَنْيَابُهُ ثُمَّ قَالَ « اذْهَبْ فَأَطْعِمْهُ أَهْلَكَ

Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
“Ҳалок бўлдим, эй Аллоҳнинг Расули!” – деди.
“Сени нима ҳалок қилди?” – дедилар.
“Рамазонда хотинимнинг устига чиқдим” – деди.
“Қул озод қилишга нарса топа оласанми?” – дедилар.
“Йўқ” – деди.
“Икки ой кетма-кет рўза тута олсанми?” – дедилар.
“Йўқ” – деди.
“Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?” – дедилар.
“Йўқ” – деди.
Сўнгра кутиб ўтирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бир занбил хурмо келтирилди. У зот (ҳалиги одамга):
“Мана буни садақа қилиб юбор” – дедилар.
“Эй Аллоҳнинг Расули, биздан кўра фақирроққами? Аллоҳга қасамки, у (Мадийна)нинг икки четининг орасида биздан кўра муҳтожроқ аҳли байт йўқ” – деди.
Бас Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди. Сўнгра:
“Бор! Уни аҳлинга таом қилиб бер” – дедилар. Муслим ривояти
САВОЛ: зиммасига каффорот лозим бўлган киши икки ой кетма-кет рўза тутмай, олтмишта мискинни таомлантирса ҳам бўлаверадими?
ЖАВОБ: рўза тутишга қодир бўла туриб таомлантириш билан каффорот адо бўлмайди.

فَيَعْتِقُ أَوَّلًا فَإِنْ لَمْ يَجِدْ صَامَ شَهْرَيْنِ مُتَتَابِعَيْنِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ أَطْعَمَ سِتِّينَ مِسْكِينًا

Каффоротни адо қилишда аввало, бир қул озод қилиш даркор. Уни топа олмаса, икки ой кетма-кет рўза тутиши лозим. Бунга қодир бўлмаса олтмишта мискинни таомлантиши керак.  Роддул Муҳтор.
САВОЛ: Рамазоннинг қазоси ва каффоротини тутаётган киши субҳи содиққача ният қилолмай қолса нима қилади?
ЖАВОБ: Рамазоннинг қазоси ва каффоротини тутаётган киши субҳи содиқ кирмасидан аввал рўза тутишликни ният қилишлари шарт. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса нияти эътиборли бўлмайди. Шунинг учун саҳарликка туролмай қолишидан қўрққан киши қуёш ботганидан кейин эртанги куннинг қазо ва каффоротини тутишни ният қилдим, деса кифоя қилади.  

وَلَوْ قَالَ نَوَيْت أَنْ أَصُومَ غَدًا إنْ شَاءَ اللَّهُ - تَعَالَى - صَحَّتْ نِيَّتُهُ هُوَ الصَّحِيحُ كَذَا فِي الظَّهِيرِيَّةِ

Агар эртага рўза тутаман Инша Аллоҳ, деса нияти дуруст бўлади. Бу гап саҳиҳ қавлдир. Зоҳирийяда ҳам шундай келтирилган. Фатавои Ҳиндия.
САВОЛ: икки ой каффорот рўзасини тутаётган киши ўртада бемор бўлиб қолса нима қилади?
ЖАВОБ: беморлиги туфайли каффорот рўзани охиригача тутолмай қолган киши соғайиб кетгач бошидан бошлаб икки ой рўза тутади.

فَلَوْ أَفْطَرَ وَلَوْ لِعُذْرٍ اسْتَأْنَفَ إلَّا لِعُذْرِ الْحَيْضِ

Каффорот рўзасини тутаётган киши ё аёл қайсидир узр туфайли икки ой ичида бирор кун рўзасини очиб  юборса қайтадан бошлайди. Ҳайз кўриш бундан мустаснодир. Нифос эса мустасно эмас.  Роддул муҳтор.
САВОЛ: қасддан бир неча рўзасини очиб юборган кишига неча марта каффорот лозим бўлади?
ЖАВОБ: Бир Рамазон ойининг бир неча рўзасини қасддан очган кишига битта каффорот кифоя қилади. Бир неча Рамазон ойининг рўзаларини қасддан очган кишига ҳар бир Рамазон ойи учун алоҳида-алоҳида каффорот тўлаши лозим бўлади.

فَإِنَّ مَنْ أَفْطَرَ فِي رَمَضَانَ مِرَارًا إنْ كَانَ فِي يَوْمٍ وَاحِدٍ كَفَتْهُ كَفَّارَةٌ وَاحِدَةٌ بِالْإِجْمَاعِ وَإِنْ كَانَ فِي رَمَضَانَيْنِ لَزِمَهُ لِكُلِّ يَوْمٍ كَفَّارَةٌ بِالْإِجْمَاعِ وَإِنْ لَمْ يُكَفِّرْ لِلْأَوَّلِ فِي الصَّحِيحِ وَإِنْ كَانَ فِي رَمَضَانَ وَاحِدٍ فَأَفْطَرَ فِي يَوْمٍ وَاحِدٍ ثُمَّ فِي يَوْمٍ آخَرَ فَإِنْ كَفَّرَ لِلْأَوَّلِ لَزِمَهُ كَفَّارَةٌ لِلثَّانِي بِالْإِجْمَاعِ وَإِنْ لَمْ يُكَفِّرْ لِلْأَوَّلِ كَفَتْهُ كَفَّارَةُ وَاحِدَةٌ عِنْدَنَا

Бир Рамазон ойининг бир кунида бир неча бор еб юбориб рўзасини қасддан очган киши битта кафоорот тўлаши борасида уламолар иттифоқ қилишган. Агар икки Рамазон ойида шу ишлар содир бўлган бўлса, гарчи кейинги ойнинг каффоротини адо қилаётганда аввалги Рамазоннинг кафоротини адо қилмаган бўлсада, ҳар бир ой учун алоҳида – алоҳида каффорот вожиб бўлади.
Агар бир Рамазон ойининг бир неча кунларида қасддан рўзасини очиб юборган бўлса, биринчисига каффоротини адо қилиб бўлган бўлса икинчисини каффороти лозим бўлиши борасида уламолар иттифоқ қилишган. Агар биринчисига каффорот тўламаган бўлса, у ҳолда бизнинг наздимизда икаласига бир каффорот тўловини бажариши лозим бўлади.  Жавҳаротун Наййироҳ.
САВОЛ: каффорот вожиб бўлишини билмасдан Рамазоннинг рўзасини қасддан бузиб қўйган кишига ҳам каффорот лозим бўладими?
ЖАВОБ: Рамазон рўзасини қасддан бузганга каффорот лозим бўлади. Масалани билмаслиги узр саналмайди. Шунинг учун кетма-кет икки ой рўза тутади. Агар унга қодир бўлмаса, олтмишта мискинни икки маҳал овқатини беради.

وَمَنْ جَامَعَ عَامِدًا فِي أَحَدِ السَّبِيلَيْنِ أَوْ أَكَلَ أَوْ شَرِبَ مَا يُتَغَذَّى بِهِ أَوْ يُتَدَاوَى بِهِ فَعَلَيْهِ الْقَضَاءُ وَالْكَفَّارَةُ  فَيَعْتِقُ أَوَّلًا فَإِنْ لَمْ يَجِدْ صَامَ شَهْرَيْنِ مُتَتَابِعَيْنِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ أَطْعَمَ سِتِّينَ مِسْكِينًا

Ким икки йўлнинг бирига қасддан яқинлик қилса, озуқа ёки даво бўладиган нарсани еб-ичиб қўйса унинг зиммасига қазо ва каффорот лозим бўлади. Унда  аввало бир қул озод қилади. Тополмаса икки ой кетма-кет рўза тутиб беради. Унга ҳам қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйдиради. Жавҳаротун-Наййироҳ, Роддул Муҳтор.
САВОЛ: эр аёлини мажбурлаб яқинлик қилса аёлга ҳам каффорот лозим бўладими?
ЖАВОБ: агар аёл ҳам бошиданоқ ҳохлаб рози бўлса, қазо ҳам каффорот ҳам лозим бўлади. Агар аввалида рози бўлмай, эр яқинликни бошлаб юборганидан кейин рози бўлса қазо лозим бўлиб, каффорот лозим бўлмайди.

وَعَلَى الْمَرْأَةِ مِثْلُ مَا عَلَى الرَّجُلِ إنْ كَانَتْ مُطَاوِعَةً ، وَإِنْ كَانَتْ مُكْرَهَةً فَعَلَيْهَا الْقَضَاءُ دُونَ الْكَفَّارَةِ

Яқинликка рози бўлган аёлга эркак сингари (қазо ва каффорот) лозим бўлади.
Агар эр мажбурлаб яқинлик қилган бўлса унда аёлга каффорот эмас қазо лозим бўлади. Фатавои Ҳиндия.


8 йил аввал 11129 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Куни ёки туни узун ёки қисқа бўлган юртлардаги рўза
Бундай юртларда, масалан, Тундрага ўхшаш жойларда кун йигирма икки-йигирма уч соатгача давом этади. Ўша ерда яшовчилар ёки ўша ердаги мусофирлар қуёш ботганидан кейингина рўзаларини очишлари мумкин. Мусофирлар давоми...
8 йил аввал 12941 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Мажбурлаб рўзани очдирса
Агар рўза тутган одамга рўзасини очмаса, жонига ёки бирор аъзосига зарар етказилишини айтиб, таҳдид қилинса, рўзасини очиши жоиздир. Лекин агар жонига ёки бирор аъзосига зарар етказилишидан бошқа сабабларни рўкач давоми...
8 йил аввал 7278 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳоизаларнинг рўзаларига оид савол-жавоблар
САВОЛ: аёл киши одат кунларида рўза тутса бўладими?ЖАВОБ: ҳайз ва нифос чоғида рўза тутишлик жоиз эмас, кейинчалик қазосини тутиб беришади. وَمِنْهَا الطَّهَارَةُ عَنْ давоми...
8 йил аввал 23066 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Рамазоннинг ҳилол(ой)ини кўриш ва рўзанинг фазилати
Авваллари ҳам, бугунги кунда ҳам янги ойни кўриш масъаласи уламолар орасида ихтилофли масалалар жумласидандир. Кўпчилик уламоларнинг қараши бундай: бир маконда Рамазон ҳилолини шаръий йўл билан давоми...
8 йил аввал 7666 Ҳамидуллоҳ Беруний
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Рўза ва эътикоф
ибодат нияти билан субҳи содиқдан қуёш боткунгача рўзани ният қилиб еб-ичишдан ва еб-ичишнинг ҳукмида бўлган нарсалардан, яқинлик қилишдан ҳақиқатда ёки ҳукман тийилиб туришга айтилади. давоми...
8 йил аввал 8351 fiqh.uz