ШИРКАТ


Ширкат сўзи араб тилида “شين (ш)”нинг касраси ва “راء (р)”нинг сукуни билан “الشِركَة (аш-ширкат)” ёки “شين (ш)”нинг фатҳаси ва “راء (р)”нинг касараси билан “الشَرِكة (аш-шарикат)” тарзида ўқиш жоиз. Лекин, биринчи сурат машҳурроқдир. Луғатда, аралашиш, шерик бўлиш ва қўшилиш деган маъноларни англатади. Фиқҳий истилоҳда, камида икки киши сармоя ва фойдада бир-бирлари билан шерик бўлишга қарор қилишлари ширкат дейилади.

عَقْد بَيْنَ الْمُتَشَارِكِينَ فِي الْأَصْلِ وَالرِّبْحِ

“Сармоя ва фойдада шерик бўлган икки киши орасидаги битмдир” (Дуррул мухтор)[1].
Ҳанбалия мазҳаби фақиҳларидан аллома ибн Қудома ширкат сўзига шундай таъриф берганлар:
الشركة هي الاجتماع في استحقاق أو تصرف
“Ширкат – ҳақни талаб қилиш ёки тасарруф қилишда (бир кишидан зиёда кишиларни жам бўлиб)шерик бўлишларидир”[2].
Ширкат шариатнинг уч асосий манбаи, яъни Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уммат ижмоси билан собит бўлган.

وَإِنَّ كَثِيرًا مِنَ الْخُلَطَاءِ لَيَبْغِي بَعْضُهُمْ عَلَى بَعْضٍ إِلَّا الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَقَلِيلٌ مَا هُمْ.

“Албатта, кўп шериклар бир-бирларига зулм қилурлар. Магар иймон келтириб, солиҳ амал қилганларгина (қилмаслар). Улар жуда ҳам оз”, деди.” (Сод 24 оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ширкатга тегишли бир неча ҳадислар нақл қилинган:

عَنِ السَّائِبِ بْنِ أَبِى السَّائِبِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّهُ كَانَ شَرِيكُ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم فِى أَوَّلِ الإِسْلاَمِ فِى التِّجَارَةِ فَلَمَّا كَانَ يَوْمُ الْفَتْحِ قَالَ: "مَرْحَبًا بِأَخِى وَشَرِيكِى لاَ تُدَارِى وَلاَ تُمَارِى".

Соиб ибн Абу Соиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“У ислом аввалида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тижоратдаги шериклари эди. Фатҳ куни бўлгач: “Уришиб-жанжаллашмайдиган биродарим, шеригим хуш келибсиз” дедилар” (Байҳақий ривояти).

عَن أبي هُرَيْرَة رَضِيَ اللهُ عَنْهُ رَفعه قَالَ: "إنّ الله تعالى يَقولُ أنا ثالِثُ الشَّرِيكَيْنِ ما لمْ يَخُنْ أحَدُهُما صاحِبَهُ فإذا خانَهُ خَرَجْتُ مِنْ بَيْنِهِما".

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфу ҳолатда ривоят қилинади:
“У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ таоло: “Модомики, иккисидан бири шеригига хиёнат қилмас экан, Мен икки шерикнинг учинчисиман. Агар ун(шериги)га хиёнат қилса, иккиси орасидан чиқаман” деб айтади” (Абу Довуд ривояти).
Ширкат ишларида томонлар бир-бирларининг молларига хиёнат қилмай омонат ва диёнат юзасидан иш кўрсалар, уларга Аллоҳ таолонинг мадади ва кўмаги бўлади. Агар борди-ю, шериклар бир-бирларини алдаб, хиёнат қилсалар, Аллоҳ таолонинг мадади уларнинг орасидан кўтарилиб кетади.
Ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ: “Ширкатнинг баъзи навлари хусусида турли фикрлар мавжуд бўлишига қарамай уммат услуий тарзда ширкатни жоизлигига иттифоқ қилган” деб, таъкидлайди[3].
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бирор илм эгаси ширкатни жоизлигига қарши чиққан эмас” деганлар[4].

________________________________________
[1] Ҳаскафий. Дуррул мухтор. Ж. III. – Б. 333.
[2] Муғний. Ж. V. – Б. 3.
[3] Муғний. Ж. Ж. V. – Б. 3.
[4] Шарҳу муҳаззаб. Ж. XIV. – Б. 63.

ШИРКАТНИНГ ТУРЛАРИ
Ширкат иккига бўлинади:
1. Мулкдаги шериклик – у шариат қонунида мажбурий ширкат ҳисобланади;
2. Келишувлардаги шериклик – у шариат қонунида ихтиёрий ширкат ҳисобланади.
Мулклардаги ширкат - Ширкат қонун-қоидаларига биноан томонлар ўзаро бир-бирлари билан шерикчилик битимини тузмай бирор нарсага эгадорликда шерик бўлиб қолишларига ширкату амлок (мулклардаги шериклик), шериклик дейилади.

فَشِرْكَةُ الْأَمْلَاكِ: الْعَيْنُ يَرِثُهَا رَجُلَانِ أَوْ يَشْتَرِيَانِهَا

“Мулклардаги ширкат – муайян нарса икки кишига мерос бўлиб ўтиши ёки уни икки киши сотиб олишидир” (Ҳидоя).
У ўз навбатида иккига бўлинади:
1. Ихтиёрий ширкат – ширкатга томонларнинг феълларини маълум бир миқдорда дахли бўлиб шерик бўлишлари. Масалан, бир киши икки одамга бирор нарсани ҳадя қилса ёки васият қилса ва у иккиси уни қабул қилиб олсалар ёки икки киши бир нарсани сотиб олсалар, ўзаро мулкда шерик бўладилар;
2. Мажбурий ширкат – ширкатга томонларнинг умуман дахли бўлмай шерик бўлишлари. Масалан, икки кишига бирор нарсани мерос бўлиб қолиши.

Дастлаб, ширкатнинг барча қисмларига тегишли умумий шартларга кўз ташлашимиз лозим. У орқали ширкатга тегишли ҳукмларни осон тушуниш мумкин бўлади. Ширкатнинг баъзи шартлари ширкатнинг барча турларига тегишли бўлади ва яна баъзи шартлари ширкатнинг баъзисига тегишли бўлиб қолганига тегишли бўлмайди. Ширкатнинг барча қисмларига тегишли бўлган умумий шартлар қуйидагилардир:
1. Шерикчилик қилинаётган иш шериклар бири-бошқасидан вакил бўлишликка лойиқ иш бўлсин. Масалан, савдо-сотиқ ва бошқалар. Ов қилиш, ўрмондаги мубоҳ дарахтларни кесиш ёки ниҳолларни юлишда шерикчилик қилиш жоиз эмас. Чунки, бу ўринда шериклар бири бошқасидан вакил бўла олмайди. Масалан, икки киши бири ўтин кесишга бошқаси эса, уни йғиштиришга, учинчиси эса машинасида уни олиб келиб беришга келишсалар ва бозорда сотиб ундан фойда кўришса, дарахт кесувчи кесилган нарсага эга, қолганлар ишчи ҳисобланиб, уларни қилган ишларига яраша ижара ҳаққи берилади;
2. Ҳар бир шерик вакил бўлишликка лойиқ бўлиши. Чунки, ширкатда доимо шерикларнинг бири иккинчиси номидан савдо-сотиқда ва иш юритишда вакил бўлади;
3. Фойданинг миқдори аниқ бўлиши. Масалан, фойданинг бешдан бири, учдан бири, тўртдан бири, ярми ва бошқалар. Агар фойда ноаниқ бўлса ширкат фосид бўлади;
4. Фойда томонлардан ҳар бирига фойизга кўра тайин қилиниши. Масалан, ҳар бир кўрган фойдамизнинг учдан бири сенга, учдан иккиси менга каби. Фойдага муайян миқдорни тайин қилиш билан ширкат фосид бўлади. Масалан, ҳар ойда томонлардан бирига юз минг, иккинчисига икки юзмингни тайин қилиш каби. Лекин, олинган фойдани ўндан бири, учдан бири деб, фойдани тақсим қилиш шартдир.
Ширкату аъмолнинг таърифи юқорида батафсил тарзда баён қилинди. Ширкату аъмолда икки ёки ундан кўп шахс биргаликда иш қилишга ва ундан чиққан фойдани битмда келишилган нисбатга кўра тақсимлашга келишиб оладилар. Ушбу ширкат инон тарзида ҳам, муфоваза тарзида ҳам дуруст бўлади. Агар муфоваза тарзида ширкату аъмол тузилган бўлса, томонлардан ҳар бири кафил бўлишга аҳл бўлишлари лозим бўлади ва бунда олинган фойда тенг тақсим қилиниши шартдир. Ширкату аъмол муфоваза тарзида бўлиши учун “муфоваза” ёки унга маънодош лафзларни битм вақтида ишлатиш шартдир. Ширкату аъмолни инон тарзида тузиш учун инон ёки унга маънодош сўзларни битм вақтида ишлатиш шарт эмас.

Ширкату вужуҳ томонларнинг бир-бирлари билан ўзаро келишишларига қараб, ширкату муфоваза ва инон бўлади. Ширкату вужуҳ муфоваза тарзида тузилса муфоваза ҳукмлари, инон тарзида тузилса инон ҳукмларига татбиқ қилинади. Агар томонлар ширкат битмини тузаётган пайтда ширкат номини айтмай мутлоқ тарзда битм тузсалар, ширкату инон бўлади. Чунки, мутлоқ шерикчилик инонни тақозо қилади. Агар муфоваза ва унга маънодош сўзлар билан шерикчилик тузилса, ширкату муфоваза бўлади. Лекин, ҳанбалилар ширкату вужуҳни инон тарзида тузишга рухсат берганлар. Муфоваза тарзида тузишга эса, рухсат бермаганлар. Чунки, ҳанбалия мазҳабида муфоваза ширкати жоиз эмас.
Ширкату вужуҳда икки ёки ундан кўп сармояси бўлмаган кишилар насияга нарса сотиб олиб, наққа сотадилар ва ундан тушган фойдада томонлар шерик бўладилар. Ширкату вужуҳ муфоваза ёки инон тарзида тузилади. Агар ширкату вужуҳ муфоваза тарзида тузилса, муфоваза шартлари унда топилиши лозим бўлади.
Ширкату вужуҳ умумий тарзда тузилиши ҳам мумкин, масалан қандай нарса сотиб олсак иккаламиз унда шерик бўламиз каби ёки муайян нарсани тайин қилиб қўйиш ҳам мумкин, масалан буғдой ёки гуруч кабилар. Тайин қилинган муайян нарсаларни иккалалари сотиб олиб унда шерикчилик қиладилар.
Агар ширкату вужуҳ инон тарзида бўлса, насияга сотиб олинган нарсанинг учдан бири шериклардан бирига, қолгани иккинчисига бўлиши мумкин. Лекин олинган фойда томонларни зомин(талофатга учраса тўловчи) бўлишига қараб тақсим қилинади, яъни томонлардан бири олинган таварни учдан иккисига зомин бўлса, ўшанга яраша фойда олади. Агар учдан бирига зомин бўлса, улуш ҳам ўшанга яраша бўлади.

Ширкатнинг кундалик ҳаётда энг кўп татбиқ қилинадиган ва тарқалган тури, бу “ширкату инон”дир. Юқорида ўтган ширкатларга нисбатан инон ширкатида турли қулайлик ва енгилликлар мавжуд. Шунинг учун ҳам инон ширкати амалиётда кенг тарқалган. Унда томонларнинг сармояси тенг бўлиши ва фойда шериклар орасида баробар тақсим қилиниши шарт эмас. Агар томонларнинг сармояси тенг бўлса-ю, лекин томонлардан бири иккинчисига нисбатан зиёда фойдани шарт қилса, шарт қилган шерик ширкатда шериги билан иш юритиши талаб этилади.
Инон ширкатида томонлар кафил бўлишга аҳл бўлишлари шарт эмас. Балки, вакил бўлишга аҳл бўлишларининг ўзи кифоя қилади. Шунинг учун савдо-сотиққа ақли етадиган балоғатга етмаган ва ақли пастроқ кишилар ҳам инон ширкатини туза оладилар. Махсус ва умумий тижорат юзасидан инон ширкатини тузиш мумкин. Инонда ширкат муддатини тайин қилиш ҳам, тайин қилмай ширкат тузиш ҳам жоиздир.
Инон ширкатида муддат тайин қилиниши мумкин. Масалан, бугун мен нима сотиб олсам, унда сен ҳам шериксан. Лекин, эртага сотиб олган нарсаларимда шерик эмассан. Балки, уларнинг барчаси ўзим учундир каби.
Инон ширкати мусулмон ва мусулмон бўлмаган кишилар ўртасида ҳам жоиз бўлаверади. Томонлар тарафидан ўртага ташланган сармояни аралаштириб ташлаш шарт эмас.
Инон ширкатида ҳам сармоя, ҳам амал билан шерик бўлиш мумкин ёки томонлар фақат амалда шерик бўлишлари мумкин ёки шерикларнинг биридан амал иккинчисидан сармоя бўлиши ҳам мумкин. Охирги суратда инон ширкати музораба бўлиб қолади.
Фойда ва зиён томонлар орасида тақсим қилинади, яъни фойда билан зиён қуйидаги қоида асосида бўлади:

الرِّبْحُ عَلَى مَا شَرَطَا وَالْوَضِيعَةُ عَلَى قَدْرِ الْمَالَيْنِ

“Фойда томонлар шартлашган нарсага кўра, зарар эса сармоя миқдорига биноандир”. Ушбу қоидага биноан зарар сармояга қараб бўлади. Фойда эса, битм тузаётган вақтдаги келишилган нисбатга кўра тақсим қилинади.

Ақд ширкати энг аҳамиятли ва кенг тарқалган ширкат бўлиб, унда томонлар ўзаро келишув асосида бир-бирлари билан ширкат битимини тузадилар

ركن شركة العقود عند الحنفية: الإيجاب والقبول: وهو أن يقول أحد الشريكين للآخر: شاركتك في كذا وكذا، ويقول الآخر: قبلت.

“Ҳанафийлар наздида ақд ширкатининг рукни ийжоб ва қабулдир, яъни икки шерикдан бири сенга шу ва шу нарсаларда шерикман, дейди. Бошқаси: “Қабул қилдим” деб жавоб беради” (ал-Фиқҳул ислом ва адиллатуҳу).
Ақд ширкати учга бўлинади:
1. Ширкату амвол (молларда шерик бўлиш);
2. Ширкату аъмол (амалларда шерик бўлиш);
3. Ширкату вужуҳ (ваъдалашиб шерикчилик қилиш).

وهي ثلاثة أنواع: شركة أموال، وشركة وجوه، وشركة أعمال أو صنايع

“У уч турли бўлади: ширкату амвол, ширкату вужуҳ ва ширкату аъмол ёки саноиъ” (ал-Фиқҳул ислом ва адиллатуҳу).
Ширкати амвол – икки томон ўртага сармоя тикиб, уни айлантириш ва ундан чиққан фойдани келишилган нисбатга кўра тақсимлашга келишиб олишларига молларда шерик бўлиш дейилади. Келишилган нисбатдан мурод шуки, томонлар ширкат ақдини тузаётганда олинган фойда қандай нисбатда тақсим қилишни келишиб оладилар ва ширкат натижасида олинган фойдани ўша нисбатга кўра тақсим қиладилар. Масалан, ярим ёки учдан бир ёки тўртдан бир қилиб ва бошқалар.
Ширкати аъмол – икки ва ундан кўп одам шерикчилик асосида бирор ишни қилишга келишиб олишларига айтилади. Масалан, биз иккимиз кийим тикиш ёки тўқишда шерик бўламиз ва чиққан фойдани тенг тақсим қиламиз, дейишлари ёки бирор ошҳонани ижарага олиб биримиз бир ҳил бошқамиз бошқа бир ҳил таом пишириб сотамиз дейиши каби. Бунда фойдани тенг тақсим қилиш ҳам ёки учдан бири ёки тўртдан бири томонларнинг бирига, қолган учдан иккиси бошқасига қилиб ҳам тақсим қилиш мумкин. Ушбу ширкатни ширкати абдан, тақаббул ва саноиъ деб ҳам номланади.
Ширкати вужуҳ – томонлар маблағ ёки бирор амал билан бир-бирлари билан шерик бўлмайдилар. Балки, ўзаро ваъдалашиб ва обрўларини ўртага қўйиб шерик бўладилар. Масалан, томонлар обрўларини ўртага қўйиб сотувчидан насияга тавар сотиб олиб, наққа сотадилар. Чиққан фойдани эса, келишилган нисбатга кўра ўзаро тақсим қиладилар.

Қуйидаги нарсалар билан ширкат фосид бўлади:
1. Мубоҳ молларда шерикчилик қилиш (ов қилиш, ўтин териш, ўт ўриш кабилар);
2. Уловларини кирага беришда шерикчилик қилиш. Масалан, бир кишининг улови миниш учун, иккинчисининг улови юк ташиш учун бўлса ва томонлар ижарга бериб, ундан тушган фойдада шерикмиз десалар;
3. Бир киши уловини бировга ижарага бериб тушган фойдада шерикмиз дейиши ҳам мумкин эмас.

Инон (عِنان) деб “ع (аъйн)”нинг касраси билан, анон (عَنان)деб “ع (аъйн)”нинг фатҳаси билан ҳам ўқилади. Луғатда “عَنَّ (аънна)” сўзи юз ўгириш ва назарни буриш деган маъноларни англатади.

Истилоҳда:

شركة العنان وهي أن يشترك اثنان في مال لهما على أن يتجرا فيه والربح بينهما.

“Инон ширкати – икки киши (ёки ундан кўпроғи) ўртадаги сармояда тижорат қилиб, ундан чиққан фойдада шерик бўлишларидир” (ал-Фиқҳул ислом ва адиллатуҳу).
Ширкати муфовазада томонлар ширкатга лаёқатли бўлган ўзларининг барча молларини сармоя сифатида ўртага қўйишар эди. Инон ширкатида эса, молнинг муйян қисми билан шерикликни амалга ошириш мумкин, яъни томонлар барча маблағларини сармоя сифатида ўртага ташлашлари шарт эмас. Балки, маблағларининг бир қисми билан шерикчилик қилишлари мумкин. Қолган қисми эса, шеригининг ихтиёри ва имкониятидан ташқарида бўлади, яъни муфоваза ширкатида томонлар бор маблағлари тенг ва шерикчиликка қўйишлари шарт эди, инон ширкатида эса, ундай қилиш шарт эмас. Балки, томонлардан бири бор маблағини ярми билан, иккинчиси учдан бири каби ҳолатда шерик бўлишлари ҳам мумкин ва шерикликка қўйилмаган маблағлари шеригининг тасарруфотидан ташқарида бўлади. Ушбу ширкатни инон деб номланишига бир неча сабаблар келтирилган. Жумладан, баъзилар бир киши сармояга молининг бир қисмини тикиб, қолган молида шерикчилик қилишдан юз ўгиргани учун инон деб аталган, дейдилар.
Инон ширкатида томонлар бир-биридан кам-кўп ёки тенг тарзда ўртага маблағ қўйиб, у билан тижорат қилишиб, тушган фойдани ўртада келишилган нисбатга кўра тақсимлайдилар.

قَالَ وَأَمَّا شَرِكَةُ الْعِنَانِ فَتَنْعَقِدُ عَلَى الْوَكَالَةِ دُونَ الْكَفَالَةِ، وَهِيَ أَنْ يَشْتَرِكَ اثْنَانِ فِي نَوْعِ بُرٍّ أَوْ طَعَامٍ، أَوْ يَشْتَرِكَانِ فِي عُمُومِ التِّجَارَاتِ وَلَا يَذْكُرَانِ الْكَفَالَةَ.

Қудурий раҳматуллоҳи алайҳ деди: “Инон ширкати кафолатга эмас, ваколатга кўра боғланади. Икки киши буғдойни ёки таомни бир турида шерик бўлмоқликларига ёки кафолатни зикр қилмай умумий тижоратда икки томонни шерик бўлишига айтилади” (Ҳидоя).
Ширкатнинг ушбу турида томонларнинг сармояси, тасарруфи тенг бўлиши ва шериклардан бири тижорат муомалаларини барчасини зиммасига олиши шарт эмас. Ушбу ширкатни жоизлигига барча уммат иттифоқ қилган. Муфоваза тарздаги шерикчилик билан инон тарздаги шерикчилик шериклар сармоя, иш юритиш, дин, бор мол мулкининг миқдорида тенг бўлиш ва бўлмасликда фарқ қилади.

 

Ширкати амвол, ширкату аъмол ва ширкату вужуҳлар икки суратда тузилса бўлади:
1. Муфоваза ширкати;
2. Инон ширкати.

Муфоваза ширкати – муфоваза луғатда тенг, баробар деган маъноларни англатади.
Истилоҳда:

أن يتعاقد اثنان فأكثر على أن يشتركا في عمل بشرط أن يكونا متساويين في رأس مالهما وتصرفهما ودينهما.

“Икки ва ундан кўп киши сармоя, тасарруф ва динда тенг бўлишлари шартига кўра бир амалда шерик бўлишга битм тузишларидир” (ал-Фиқҳул ислом ва адиллатуҳу).
Холид Сайфуллоҳ ўзларининг “Қомусул фиқҳ” асарларида муфоваза ширкатига шундай таъриф берганлар: “Сармоя ва тасарруфда тенг ҳамда тижоратнинг вожиботлари шерикларнинг бирига тегишли бўлса, иккинчисига ҳам тааллуқ топадиган бир кишидан ортиқ кишиларни бир-бирлари билан шерик бўлишларига муфоваза ширкати дейилади”. Ширкатнинг ушбу турида томонлардан бири шеригининг номидан вакил ва кафил бўлади, яъни шериклардан биридан бирортаси қарз бўлса, иккинчиси унинг номидан вакил бўлиб, ўша ҳақни қарздордан талаб қилиши мумкин. Агар томонлардан бирининг зиммасида қарз бўлса, иккинчиси унинг номидан кафил бўлиб, қарзни адо қилиши мумкин.
Ушбу ширкатда томонлар сармоя, фойда, дин, иш юритиш ва зиммадорликда бир-бирлари билан теппа тенг бўлганликлари учун муфоваза ширкати деб номланади. Баъзилар муфовазани “тафвийз” сўзидан олинган деб, ишни бир-бирларига топшириш деган маънони англатади деганлар.

Муфоваза ширкатига биноан икки шерикдан бири бирор нарса сотиб олса, сотиб олинган нарса бошқа шерикка ҳам мулк бўлади. Муфоваза ширкатида савдо-сотиққа тегишли ҳукмлар қуйидагилар:
1. Томонлардан бири хиёри айб, хиёри рўят, хиёри шарт билан бирор нарса сотиб олса, ушбу ихтиёр иккинчи шерикда ҳам бўлади. Агар шериклардан бири оилавий рўзғор ёки ўзига кийим кечак сотиб олса, истиҳсон йўлига кўра иккинчиси унда шерик бўлмайди;
2. Томонлардан бирининг зиммасига тижоратнинг зиммадорлиги, қарз, ғасб, талофат етказиш, кафолат каби бирор нарса вожиб бўлса, шеригининг зиммасига ҳам ўша нарсалар вожиб бўлади ва уларни ундан ҳам талаб қилиш мумкин бўлади;
3. Томонлардан бири бирор кишини ширкатга тегишли ишларда ижарага олиб ишлатса, унинг ижара ҳаққи икки шерик зиммасига бўлади;
4. Шериклардан ҳар бири гаров олишлари ва гаровга нарса қўйишлари мумкин;
5. Томонлардан бирининг зиммасига вожиб бўлган жиноят тўловлари, маҳр ва нафақалар иккинчи шерик зиммасига вожиб бўлмайди.
Агар икки шерикдан бирига ширкати муфоваза қилишга ярайдиган бирор маблағ ҳадя ёки мерос йўли билан ўтса, муфоваза ширкати тугайди. Агар қайси ўринда ширкати муфоваза тугаса, лекин ширкати инон дуруст бўлиши учун бирор моне бўлмаса, муфоваза ширкати инонга айланиб кетади.

Инон ширкатида шериклар сармояни қандай тасарруф қиладилар, деган савол энг муҳим ва аҳамиятли ҳисобланади. Фақиҳлар бу борада батафсил сўз юритганлар. Уларнинг хулосасини қуйида баён қилинади:
1. Шериклар тижорат ишларини юргазишда заруратга қараб ишчи олишлари мумкин;
2. Иш юритувчи бирор кишига сармояни бериб, сен менга текинга ишлаб берасан, яъни сармояни айлантириб, ундан чиққан фойдани менга берасан дейиши мумкин. Буни ибдоъ дейилади;
3. Сармояни бирор кишига омонат тариқасида қўйиши мумкин;
4. Орят(текинга ишлатиб туриш) тарзида ширкат нарсаларини бирор кишига и мумкин;
5. Сармояни бирор кишига музорабага бериши мумкин;
6. Шериклар бирор кишига савдо-сотиқ ишларини топширадилар. У эса томонлар номидан вакил сифатида иш юритади;
7. Шериклар нақд ёки насияга савдо-сотиқ қила оладилар;
8. Шериклар сармояни олиб сафарга чиқишларида ихтилоф қилинган. Лекин, саҳиҳ қавлга биноан сафар қила олади. Чунки, тижоратда сафарга эҳтиёж тушади ва сафардаги зарур бўлган нарсаларни битириш учун албатта сармояга эҳтиёжи бўлади;
9. Тижорат мақсадида қарз оладилар. Лекин, шеригининг изнисиз қарз бера олмайди ва гаровга ҳам нарса қўя олмайди ҳамда бирор нарсани ҳиба қила олмайди. Шунингдек бирор кишига ширкат учун сармоя бера олмайди. Чунки, юқоридаги барча суратларда молга талофат етказиш ва бировни ҳеч қандай эвазсиз молга эгадор қилиб қўйиш мавжуддир. Бу ҳақда Ҳаскафий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:

وَكَذَا كُلُّ مَا كَانَ إتْلَافًا لِلْمَالِ أَوْ كَانَ تَمْلِيكًا لِلْمَالِ بِغَيْرِ عِوَضٍ

“Мол учун талофат етказиш ва ҳеч қандай эвазсиз молга эга қилишнинг ҳар қандай сурати юқоридагилар каби жоиз эмас” (Дуррул мухтор);
Аллома Шомий раҳматуллоҳи алайҳ шундай ёзадилар, шериклар бир-бирларига қандай хоҳласанг ўшандоқ ўз райингга мувофиқ тасарруф қил, деса, бас барча гаров ва бошқа билан ширкат тузиш каби тижорат учун бўладиган муомалалар дуруст бўлади. Лекин, молга талофат етадиган ва эвазсиз бошқаси молга эгалик қиладиган ўринларда шерикларнинг очиқ изни бўлиш зарур. Акс ҳолда жоиз бўлмайди.
Фақиҳлар чиқарган ҳукмлардан шу нарса аниқ бўладики, шерикликдаги ишларни тижоратга таъаллуқли ёки таъаллуқли эмаслигини     аниқлашда урфга қаралади. Агар урфда тижоратга тегишли ишлар бўлса, жоиздир. Аксинча бўлса жоиз бўлмайди. Масалан, харидорни меҳмон қилиш, эвазсиз арзимаган совға-салом бериш ёки ҳозирги куннинг урфига айланиб қолган салқин ичимлик ёки чой беришларда шерикни изни шарт эмас. Демак, тижоратда қайси нарса урфга айланиб, ривож топса, ўша нарсалар тижоратдан ҳисобланади ва уларда шерикни изни шарт қилинмайди.

Савол: Икки киши ўртага тенг пул тикиб, тенг иш юритиб бирининг фойдаси оз, бошқасиники кўп бўлиши мумкинми?
Жавоб: Ҳа, мумкин. Чунки, сармояси тенг, бўлиб биргаликда иш юритсаларда, бири иш юритишда бошқасидан қобилиятлироқ, гоҳида кўпроқ иш бажариши ҳам мумкин.

Савол: Икки киши ўртада шериклик битми тузиб, бири юз минг, иккинчиси икки юз минг тикиб, иккаласи ҳам ишлайдиган бўлса, фойда эса элликка-эллик бўлса, битм тузилгандан кейин томонлардан бири ишлаб, иккинчиси ишламаса, фойда келишувга биноан оладиларми ёки сармояга қарабми?
Жавоб: Келишув вақтида нимага келишган бўлсалар, ўшанга мувофиқ фойда оладилар, яъни тенг оладилар.

Савол: Томонлардан бири кам, иккинчиси кўп пул тикса ва кам дастмоя тиккан кишини ишлаши шарт қилинса ва фойда тенг тақсим қилинса жоиз бўладими?
Жавоб: Жоиз.

Савол: Томонлардан бири шеригига нисбатан кам сармоя тикиб, кўпроқ фойда олиши мумкинми?
Жавоб: Бундай шарт қўйиш жоиз эмас. Бу вақтда пул берувчининг моли иш юритувчининг ҳузурида бизоа ҳисобланади. Ҳар бири сармоясига қараб фойда олади. Зарар эса, ҳамиша сармоя миқдорига кўра бўлади.

Савол: Томонлардан бири иккинчисига юз минг бериб, эллик минги сенга қарз, қолгани мени томонимдан дастмоя деб, иш юритишни қарз олувчи зиммасига юкласа ва фойдани учдан бири сенга, учдан иккиси менга деб ширкат битмини тузиши дуруст бўладими?
Жавоб: Маблағ берувчи бу суратда фойданинг ярмидан кўпини олиши жоиз эмас.

Савол: Икки киши келишиб ўртага сармоя тикишди. Улардан бирининг дастмояси етмиш фоиз, иккинчисининг сармояси ўттиз фоиз. Лекин, ўттиз фоиз дастмояга эга бўлган киши иш юритади. Фойда эса, тенг шерик. Зиён кўрилган суратда зарарни барчаси етмиш фоиз дастмоя тикканнинг зиммасига бўлади дейиш жоизми?
Жавоб: Зиммасига иш юритишни шарт қилган шерик сармояси оз бўлсада сармоясидан кўпроқ фойда олиши дурустдир. Лекин, зарар кўрилганда тикилган сармояга қараб зарар қопланади, яъни етмиш фоиз сармоя тиккан зарарни етмиш фоизини, ўттиз фоиз дастмоя тиккан зиённи ўттиз фоизини қоплайди. Бир кишини зиммасига барча зиённи қоплашни суриб қўйиш жоиз эмас.

أَنَّ الْأَصْلَ فِي الرِّبْحِ أَنْ يَكُونَ عَلَى قَدْرِ الْمَالِ إلَّا إذَا كَانَ لِأَحَدِهِمَا عَمَلٌ ، فَيَصِحُّ أَنْ يَكُونَ رِبْحًا بِمُقَابَلَةِ عَمَلِهِ.

“Фойдадаги асл қоида шуки, фойда молнинг миқдорига қараб бўлади. Лекин, шериклардан бирига иш юритиш шарт қилинса, иш юритганлиги туфайли сармоясидан зиёда фойдани олиши дурустдир” (Раддул муҳтор).

وَالْوَضِيعَةُ أَبَدًا عَلَى قَدْرِ رُءُوسِ أَمْوَالِهِمَا

“Зарар доимо шерикларнинг дастмоясининг миқдорига кўра бўлади” (Фатвои ҳиндия).

Савол: Томонлардан биридан асбоб-ускуналар, бошқаси тарафидан иш юритиш бўлса ва ўзаро ширкат тузишиб, нисбатга кўра фойдани келишиб олсалар, бундай ширкат дуруст бўладими?
Жавоб: Бир киши томонидан анжомлар ва бошқа тарафдан иш юритиш бўлса, бундай ширкат фосид бўлади.

وَلَوْ مِنْ أَحَدِهِمَا أَدَاةُ الْقِصَارَةِ وَالْعَمَلُ مِنْ الْآخَرِ فَسَدَتْ وَالرِّبْحُ لِلْعَامِلِ وَعَلَيْهِ أَجْرُ مِثْلِ الْأَدَاءِ

“Томонлардан бирининг тарафидан кир ювиш анжомлари, бошқаси тарафидан иш юритиш бўлса, бундай ширкат фосид ҳисобланади. Фойданинг барчаси эса, иш юритувчига бўлиб, зиммасига асбоб-анжомдан фойдаланганлигининг ижара ҳаққи лозим бўлади” (Раддул муҳтор).
Бир киши маблағ бериб, шунга асбоб-анжом олиб, иш юрит деса, топилган маблағ, келишувга биноан иккимизнинг ўртамизда, деса жоиз бўлади.
Савол: Томонлардан бири оз, иккинчиси кўп сармоя тикиб, фойда-зиён тенг шерик дейишлари жоизми?
Жавоб: Фойда келишувга кўра бўлади. Зарар эса, тикилган сармояга қараб тақсим қилинади, яъни сармояни қириқ фоизига эгалик қилса, зарарнинг қириқ фоизини зиммасига олади. Гарчи фойдани олтмиш фоизини олса ҳам. Масалан, бир киши қириқ фоиз сармоя тикиб ҳам ширкатни юргазиб, олтмиш фоиз фойда олса, шериги эса олтмиш фоиз сармоя тикиб, ишламаганлиги учун қириқ фоиз фойда олса дуруст бўлади. Лекин, зиён кўрилганда тикилган маблағ нисбатига қараб талофат тақсим қилинади.

Ширкат ҳанафий мазҳаби ва аксарият фақиҳлар наздида лозим бўлмаган муомаладир, яъни қачон икки шерикдан қайси бири ширкатни тугатишни истаса, шеригининг изнисиз тугата олади ва бунда шеригининг изни шарт эмас. Лекин, шеригини бу ҳақда огоҳлантириши шартдир. Моликийлар ширкатни лозимий муомала дейдилар.
Ҳозирги кунда тижорат ишлари кенгайиб, ривож топиб кетди. Агар шерикларга хоҳлаган вақтларида ширкатни бузиш имкони берилса, иккинчи томон зиён кўриб қолади. Шунинг учун ширкат тузаётганда маълум бир вақтгача шерикчилик давом этишини ваъдалашиб олишсалар яхши бўлади ва моликий мазҳабига биноан лозимий шерикчилик бўлиб қолади ва шерикларни розичилигисиз ширкатдан чиқиб кета олмайди. Шу нуқтаи назардан ушбу масалада моликий мазҳаби ҳукмини қабул қилишда ҳеч қандай қабоҳат йўқ.
Шерикларнинг сармоялари бир-бирларига омонат ҳисобланади. Шунга биноан бирор шерик қўлида дастмоя ўз-ўзидан ёки самовий офат сабабли ҳалок бўлса, дастмоя ўз эгаси қўлида ҳалок бўлган ҳисобланади. Лекин, томонлардан бирининг тажовузи ёки битмда кўрсатилган шартларга қарамақарши иш тутиши ёки ғафлати сабабли шеригининг молини ҳалок қилса, тўлаб бериш унинг зиммасига лозим бўлади.

Ширкат иккига бўлинади:
1. Мулкдаги шериклик – у шариат қонунида мажбурий ширкат ҳисобланади;
2. Келишувлардаги шериклик – у шариат қонунида ихтиёрий ширкат ҳисобланади.
Мулклардаги ширкат - Ширкат қонун-қоидаларига биноан томонлар ўзаро бир-бирлари билан шерикчилик битимини тузмай бирор нарсага эгадорликда шерик бўлиб қолишларига ширкату амлок (мулклардаги шериклик),   шериклик дейилади.

فَشِرْكَةُ الْأَمْلَاكِ: الْعَيْنُ يَرِثُهَا رَجُلَانِ أَوْ يَشْتَرِيَانِهَا

“Мулклардаги ширкат – муайян нарса икки кишига мерос бўлиб ўтиши ёки уни икки киши сотиб олишидир” (Ҳидоя).
У ўз навбатида иккига бўлинади:
1. Ихтиёрий ширкат – ширкатга томонларнинг феълларини маълум бир миқдорда дахли бўлиб шерик бўлишлари. Масалан, бир киши икки одамга бирор нарсани ҳадя қилса ёки васият қилса ва у иккиси уни қабул қилиб олсалар ёки икки киши бир нарсани сотиб олсалар, ўзаро мулкда шерик бўладилар;
2. Мажбурий ширкат – ширкатга томонларнинг умуман дахли бўлмай шерик бўлишлари. Масалан, икки кишига бирор нарсани мерос бўлиб қолиши.

Савол: Шериклардан бири ширкатдаги шерикларнинг розилигисиз ширкатдан чиқиб кетса бўладими?
Жавоб: Ширкатда қандай муҳим ҳукм чиқарилса, шерикларнинг барчасини маслаҳати ва розилиги бўлиши зарурдир. Шерикларнинг бирортасини бошқа ширкатдаги шерикларнинг розилигисиз чиқарган қарори инобатга олинмайди.

وَلَا يَسْتَطِيعُ أَحَدُهُمَا الْخُرُوجَ مِنْ الشَّرِكَةِ إلَّا بِمَحْضَرٍ مِنْ صَاحِبِهِ.

“Шериклардан бири ширкатдан шериги ҳозир бўлгандагина ширкатдан чиқиб кета олади” (Раддул муҳтор).

Савол: Ширкатдан чиқишнинг шаръий йўл-йўриғи қанда?
Жавоб: Шериклардан бири ширкатдан чиқиб кетишни, қолганлари қолиб, ширкатни давом эттиришни ирода қилсалар, қуйидаги икки кўриниш асосида йўл тутадилар:
1. Бутун сармояни қийматини бахолашади ва чиқиб кетаётган шерикнинг сармояси билан олган фойдаси қанча эканлиги маълум қилинади. Масалан, Учта шерикдан ҳар бирининг дастмоядаги ҳиссаси юз мингдан бўлса, фойда ҳам учдан бир тарзида тайин қилинган бўлса, бир йилдан буён ўттиз минг фойда кўрилса, бор маблағни учдан бирини ширкатдан чиқиб кетувчига бериб, уни ширкатдан чиқариб юборилади. Бундай ҳолат сармоя билан фойда нақд бўлган ҳолатда бўлади;
2. Агар шерикнинг ҳиссаси дастгоҳ, кўчмас мулк шаклида бўлса, қуйидагича амалга оширилади:
Хом ашё ва кўчмас мулкларнинг қиймати чиқарилиб, ҳиссаси аниқланилади ва бошқа биров уни насибасини сотиб олиб шериклардан бирига айланади ёки шериклар ўзлари сотиб олади ёки бор нарсадан учдан бирини ўзи билан олиб чиқиб кетади. Лекин, ширкатдан чиқиб кетаётган кишининг ҳиссасини арзимаган нархга сотиб олиб, уни сафдан чиқариб ташлаш мумкин эмас.

Савол: Шерикчиликни муайян вақтгача деб белгилаб олиш жоизми?
Жавоб: Шерикчиликни муайян вақт билан белгилаб олиш жоиз.

وَإِنْ وَقَّتَا لِذَلِكَ وَقْتًا بِأَنْ قَالَ مَا اشْتَرَيْت الْيَوْمَ فَهُوَ بَيْنَنَا صَحَّ التَّوْقِيتُ ، فَمَا اشْتَرَاهُ بَعْدَ الْيَوْمِ يَكُونُ لِلْمُشْتَرِي خَاصَّةً ، وَكَذَا لَوْ وَقَّتَ الْمُضَارَبَةَ ؛ لِأَنَّهَا وَالشَّرِكَةَ تَوْكِيلٌ وَالْوَكَالَةُ مِمَّا يَتَوَقَّفُ .

“Агар (ширкатга) вақт тайин қилиб: “Бугун нимаики сотиб олсам иккимизга тегишли” деса, вақт тайин қилиш дуруст бўлади. Тайин қилинган кундан кейин сотиб олган нарсалари харидорнинг ўзига бўлади. Шунингдек, музорабани ҳам маълум бир вақтгача бўлишини тайин қилиш жоиз. Чунки, у ва ширкат вакил қилишдир. Вакиллик эса, тўхтаб турадиган нарсалардандир” (Раддул муҳтор).

Ширкати амволга тегишли хусусий шартлар иккита бўлиб, улар қуйидагилар:
1. Ўртага қўйилган сармоя пул бўлиши. Масалан, тилла, кумуш ва қағоз пуллар каби. Кўчмас мулклар ва кўчар мулклар сармоя бўлишга ярамайди. Шофиий ва моликий мазҳабида ўлчаб-тортиш орқали ёки санаш орқали миқдори маълум бўладиган нарсалар бир-бирига аралашиб кетса, улар билан шерикчилик қилиш жоиз бўлади. Ҳанафий мазҳабида эса жоиз эмас; тўлиқ малумот савол жавобларда келади.Иншааллоҳ
2. Ширкат муомаласида сармоя тайин топган ҳамда мавжуд бўлиши. Чунки, йўқ молга ширкат қилиш жоиз эмас. Агар томонлар шерикчилик битмини тузишаётганда мол мавжуд бўлмаса, лекин битмдан кейин тижоратга киришишларидан илгари сармоя ҳозир қилинса, ширкат дуруст бўлади. Жумҳур фақиҳлар наздида томонлар тарафидан шерикчиликка қўйилган сармояни бир-бирига аралаштириб ташлаш шарт эмас.

فَلَا يَجُوزُ لِأَحَدِهِمَا أَنْ يَتَصَرَّفَ فِي نَصِيبِ الْآخَرِ إلَّا بِإِذْنِهِ، وَكُلٌّ مِنْهُمَا فِي نَصِيبِ صَاحِبِهِ كَالْأَجْنَبِيِّ وَهَذِهِ الشِّرْكَةُ تَتَحَقَّقُ فِي غَيْرِ الْمَذْكُورِ فِي الْكِتَابِ كَمَا إذَا اتَّهَبَ رَجُلَانِ عَيْنًا أَوْ مَلَكَاهَا بِالِاسْتِيلَاءِ أَوْ اخْتَلَطَ مَالُهُمَا مِنْ غَيْرِ صُنْعِ أَحَدِهِمَا أَوْ بِخَلْطِهِمَا خَلْطًا يَمْنَعُ التَّمْيِيزَ رَأْسًا أَوْ إلَّا بِحَرَجٍ، وَيَجُوزُ بَيْعُ أَحَدِهِمَا نَصِيبَهُ مِنْ شَرِيكِهِ فِي جَمِيعِ الصُّوَرِ وَمِنْ غَيْرِ شَرِيكِهِ بِغَيْرِ إذْنِهِ إلَّا فِي صُورَةِ الْخَلْطِ وَالِاخْتِلَاطِ فَإِنَّهُ لَا يَجُوزُ إلَّا بِإِذْنِهِ، وَقَدْ بَيَّنَّا الْفَرْقَ فِي كِفَايَةِ الْمُنْتَهَى.

“У иккиси(ширкату амлок қилувчилар)дан бирортаси бошқасининг улушини шеригининг изнисиз тасарруф қила олмайди ва иккаласи шеригини насибасида бегона киши каби бўладилар. Китобда зикр қилинмаган ҳолатлардан бошқа ўринларда ҳам ушбу ширкат рўёбга чиқади. Масалан, икки кишига муайян нарса ҳадя қилиниши ёки икки киши унга истийло йўли билан эгалик қилишлари ёки икки кишининг моли томонлардан бирортасининг феълисиз аралашиб кетиши ёки бошма-бош ажратиб олиш мумкин бўлмаган нарсаларни иккаласи аралаштириб юборишлари (масалан буғдойни буғдойга) ёки машаққат ила ажратиб олиш мумкин бўлиши (арпани буғдойга аралашиб кетиши каби). Юқоридаги барча суратларда шеригининг изнисиз иккисидан бири шеригига ва шеригидан бошқага ўз улушини сотиши жоиз бўлади. Лекин, аралаштириб юборилган ва аралашиб кетган суратлар бундан мустаснодир. Чунки, бу суратларда шеригини изнисиз ўз улишини сотиши жоиз эмас. Фарқни “Кифоятул мунтаҳо”да баён қилиб ўтганмиз” (Ҳидоя).

وحكم هذه الشركة هو أن كل واحد من الشريكين كأنه أجنبي في نصيب صاحبه، فلا يجوز له التصرف فيه بغير إذنه، إذ لا ولاية لأحدهما في نصيب الآخر.

“Ушбу ширкатнинг ҳукми – икки шерикдан ҳар бири шеригинг насибасида бегона каби бўлиб, унинг изнисиз ун(шеригининг насибаси)да тасарруф қила оламайди. Чунки, шеригининг улушида иккисидан бирортасиниям ҳаққи йўқ” .

Агар ширкати аъмол муфоваза тарзида тузилса, юқорида ўтган муфоваза шартларига риоя қилиш талаб этилади. Агар ширкату аъмол инон тарзида тузилган бўлса, томонлардан ҳар бири вакил бўлишга аҳл бўлишлари шарт қилинади ва шу билан бирга олинган фойда тенг тақсим қилиниши шарт эмас. Балки, келишилган нисбатга кўра тақсим қилинади. Зиён эса, фойда нисбатига кўра шериклар орасида тақсим қилинади. Агар бирор нарса йўқолиб қолса, шериклар бирлашиб уни ўз жойига қўйиб қўядилар. Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтадиларки, шериклардан бири касал ёки сафарга кетган бўлса, иккинчиси шерикчиликни юргазиб турса, ўшандай ҳолатда ҳам келишилган нисбатга кўра фойда тақсим қилинади. Агар шериклардан бири шеригини ёки бошқа бирортасини дастгоҳини ижарага олиб турса, унинг ижара ҳаққи ижарага олган шерикнинг зиммасига бўлади. Ширкат битми тузилаётганда қанча муддат давомида шерик бўлишларини белгилаб қўйиш шарт эмас. Томонлардан ҳар бири бошқа шериги номидан буюртма ва иш қабул қила олади. Чунки, ширкату аъмолдаги шериклар бир-бирлари ҳаққида вакил ҳисобланадилар.
Ширкату аъмолда икки томон бир хил касб қилиши ҳам ёки алоҳида-алоҳида касб қилишлари ҳам мумкин. Масалан, бири тикувчи бўлса, бошқаси кир ювучи ёки бири бичувчи бўлса, бошқаси тикувчи. Ширкату аъмолда томонлар бошқа-бошқа жойларда ишлашлари мумкин ёки томонлардан бири дастгоҳ билан, иккинчиси жой билан таъминлаши ҳам мумкин. Бунда фойда келишилган нисбатга кўра тақсим қилинади.

Муфовазага тегишли шартлар олтита бўлиб, улар қуйидагилар:
1. Томонлар кафил ва вакилликка лойиқ, яъни ҳур, болиғ, оқил бўлишлари.
2. Томонлар тарафидан қўйилган сармоя бир-бирига миқдорда баробар ва қийматда эса тенг бўлиши;
3. Шерикларнинг   ширкатга қўйилган сармоядан ташқари умуман ширкатга яроқли моли бўлмаслиги, яъни муфоваза ширкати қилинганидан кейин томонлардан бирига ширкатга яроқли бирор мол ҳадя ёки мерос тариқасида ўтса, қилинган муфоваза ширкати инон ширкатига айланиб кетади;
4. Фойда томонлардан ҳар бирига тенг тақсим қилиниши, яъни бирига учдан бир, бошқасига эса учдан иккиси қилиб тақсим қилиш жоиз эмас;
5. Ширкат тижоратнинг барча турида дуруст бўлиши, яъни шериклардан бири бирор нарса сотиб олса, у бошқа шерикка ҳам мулк бўла олиши. Чунки, шериклардан бири хамр сотиб олса, мусулмон учун хамр мулк бўлмайди. Шунинг учун мусулмон хамр мулк бўладиганлар билан муфоваза ширкатини тузмаслиги лозим бўлади. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ наздида мусулмон билан аҳли китоб орасида ширкат дуруст бўлади. Лекин, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида мусулмон билан аҳли китоб орасида муфоваза ширкатини тузиш дуруст эмас;
6. Муфоваза ширкати дуруст бўлиши учун муфоваза ёки унга маънодош сўзлар билан битм тузилиши шартдир. Масалан, сен билан муфоваза ширкатини туздик каби.

1. Муфоваза ширкатида юқорида айтиб ўтилганидек, сармоялар тенг бўлиши шарт бўлганидек, фойда ҳам зиён ҳам тенг бўлади;
2. Инонд ширкатида фойда келишилган нисбатга кўра томонлардан бирига оз бошқасига кўп бўлиши мумкин. Зиён эса, доимо сармояга қараб бўлади. Кўп сармоя тиккан одам келишилган нисбатда оз фойда олсада, зиёнга келганда сармоясини миқдорига қараб зарар кўради. Агар инон ширкатини тузаётганда томонлар фойда ва зиён тенг шерик деб келишилган бўлсада, фойда келишувга биноан зиён эса, сармояга қараб бўлади. Сармояси кўп томон кўпроқ зиён, оз томон эса озроқ зиён кўради;
3. Ширкату аъмолда фойда ва зиён келишувга биноан бўлади;
4. Ширкату вужуҳда фойда келишилган нисбатга кўра, зиён эса насияга олинган молга талофат етганда қанчасини тўлашни томонлар зиммасига олса, ўшанча миқдорда бўлади.

Ширкат қуйидаги ҳолатларда ўз-ўзидан тугайди:
1. Шериклардан бирини вафот этиб қолиши;
2. Ширкатни икки томондан бири бекор қилиши;
3. Томонлардан бири муртад (наъузу биллаҳ) бўлиб, дорул ҳарбга кўчиб кетиши;
4. Шериклардан бирини мажнун бўлиб қолиши;
5. Муфоваза ширкатида томонлардан бирининг сармояси кўпайиб кетиши билан.
Ушбу ҳолатларда вафот этган, мажнун бўлган, муртад бўлган киши ҳаққида ширкат тугайди. Бошқа шериклар эса, ўз ширкатларида давом этадилар. Лекин, меросхўр ёки валий ширкатни давом эттиришни истаса, муомалани қайтадан тузади.
6. Ширкат бошланишидан илгари томонлардан бирини моли ҳалок бўлса, ширкат бекор бўлади


5 йил аввал 5876 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Иш юритганлиги учун ойлик тайин қилиш
 Савол: Тўрт киши ўртага сармоя тикиб, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган бир сеҳни сотиб олишда ва шериклардан бирини унга бошлиқ этиб тайинлаб, унга фойдадаги улушидан ташқари ойлик маош ҳам белгилаб давоми...
8 йил аввал 2656 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
МУФОВАЗА суратидаги ШИРКАТ
Ширкати амвол, ширкату аъмол ва ширкату вужуҳлар икки суратда тузилса бўлади:1. Муфоваза ширкати;2. Инон ширкати. Муфоваза ширкати – муфоваза луғатда тенг, баробар деган маъноларни англатади. давоми...
5 йил аввал 2417 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Фойда кўрилганда ҳам кўрилмаганда ҳам фойдани шарт қилиш
Савол: Фойда кўрилганда йигирма фоиз, фойда кўрилмаган суратда беш фоиз фойда беришга сармоя тикса, жоиз бўладими?Жавоб: Сармоя тиккувчига ҳар қандай суратда ҳам беш фоиз фойда берилинади, фойда кўрилган суратда давоми...
8 йил аввал 2812 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ширкат ва музораба
Ширкат сўзи араб тилида “شين (ш)”нинг касраси ва “راء (р)”нинг сукуни билан “الشِركَة (аш-ширкат)” ёки “شين (ш)”нинг фатҳаси ва “راء (р)”нинг касараси билан “الشَرِكة давоми...
5 йил аввал 16970 fiqh.uz